+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

30 Май 2018

Китоб - йўлимизни ёритгувчи нур

Вилоятимизда 24-25 май кунлари "Китоб байрами" тадбирлари юқори савияда бўлиб ўтди

Вилоятимизда "Китобхонлик маданиятини юксалтириш - буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир" шиори остида "Китоб байрами" тадбирлари  бўлиб ўтди.

Китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги тутган ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, буюк аждодларимиз хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини ошириш бўйича адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал ривожланган ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кенг тарғиб этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, З. М. Бобур номли вилоят ахборот кутубхона маркази ва бошқа  қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур байрам тадбирларида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, ҳарбий хизматчилар, китобхонлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғидаги байрам очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда юртдошлари-мизнинг маънавиятини, дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихимиз, миллий қадриятларимизни улуғлаш, аҳолининг китобхонлик даражасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 Андижон вилояти "Китобсавдо" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги савдо ташкилотлари ҳамда "Шарқ зиёкори" масъулияти чекланган жамияти вилоят филиали, айниқса, 650 мингдан зиёд босма ва электрон кўринишдаги китоб фондига эга З. М. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона шунингдек, туман, шаҳар ахборот-ресурс марказлари томонидан ташкил этилган китоблар ярмаркаларида 10 мингдан зиёд китоблар намойиш этилди. 

Кўргазмаларда ахборот-ресурс марказларининг маҳаллалар, таълим муассасалари, оилалар билан ишлаш борасидаги фаолиятлари акс эттирилган фотокўргазмалар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

- Китоб байрами ярмаркасида 400 зиёд номдаги адабий-бадиий китобларимиз билан иштирок этяпмиз, - дейди Марҳамат тумани ахборот-ресурс маркази раҳбари Зарифахон Зикряева. - Мақсадимиз, юртдошларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини ошириш, маънавиятини юксалтиришга кўмаклашишдир.

Шунингдек, тадбирда вилоятдаги академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг  китоблар, ёш шоир, ёзувчи ва мусаввирларнинг ижодий ишлари кўргазмалари барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларнинг китобхонлар билан учрашуви, андижонлик ижодкорларнинг нашр этилган янги китоблари тақдимоти ўтказилди.

- Китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, - дейди тадбир иштирокчиси, Андижон тумани мактабгача таълим бўлими мутахассиси Ҳалима Нормирзаева. - Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат ўз ўрнини топа олади, балки, унинг  фаол аъзосига айланади.

Китоб байрами доирасида вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, ҳарбий қисмларда "Китоб менинг дўстим" акцияси, "Китоб ва маънавият", "Китоб мутолааси менинг севимли машғулотим" мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирлар, "Энг фаол китобхон", "Энг фаол ва истеъдодли ёш ижодкор", "Энг фаол китобхон оила", "Энг яхши хонадон кутубхонаси" танловлари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида мумтоз адабиёт вакиллари ижоди бўйича "Fазалхонлик" танлови, лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида "З.М. Бобур" ҳамда  "Абдулҳамид Чўлпон" ижоди, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Заҳириддин Муҳаммад Бобур" ижодига бағишланган иншолар танлови ўтказилди.

- Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг адабиётга бўлган эътиборини, аҳоли ўртасида маънавий озуқа манбаи, йўлларимизни ёритгувчи нур - китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишни, мутолаа маданиятини оширишдан иборат, - дейди вилоят матбуот ва ахборот   бошқармаси бошлиғи Абдуғулом Султонов. - Шу билан бирга, фуқароларимизнинг китобхонлик даражасини янада юксалтириш кўзда тутилган.

 Вилоятдаги қатор корхона ва ташкилотлар, сиёсий партиялар томонидан кутубхоналарга, таълим муассасалари, Мурувват ва Меҳрибонлик уйларига китоблар совға қилинди.

Катта тантана билан ўтган китоб ва адабиёт байрамида вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги ҳамда таълим муассасалари қошидаги бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган дастурлар, театр   артистларининг китоб тарғиботига оид саҳна кўринишлари барчага хуш кайфият улашди.

  Андижондаги китоб байрами тадбирлари аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ва кенг тарғиб қилишга, уларнинг китобга, адабиётга бўлган муҳаббатини янада оширишга хизмат қилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ