+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Фев 2019

ВИЛОЯТ СЕССИЯСИ

Оилани мустаҳкамлаш, аёл шаъни ва қадр-қимматини

асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг, айниқса,

масъул шахсларнинг муҳим бурчидир

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 42- сессиясида оилани, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Сессияни Халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов олиб борди.

Селектор тарзда, танқидий, таҳлилий руҳда ўтган сессия ишида туман, шаҳарлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар, хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашлари депутатлари, таълим муассасалари директорлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги Яраштириш   комиссиялари, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни    мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, имом-хатиблар, отинойилар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари юзасидан Парламентга Мурожаатномасида жорий -  "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун амалга ошириш зарур бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан,  хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бундан  ташқари, Президентимизнинг     2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида ҳам оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, улар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида муҳим вазифалар белгиланган.

Президентимиз фармони ва Мурожаатида белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятда оилани, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди.  Жумладан, "Менинг маҳалламда бирорта ҳам оилавий ажрим бўлмаслиги керак!", "Биз оилавий ажримларга қаршимиз" шиори остида "Оилаларни мустаҳкамлаш" ойлиги тадбирлари ўтказилди. Ҳафтанинг чоршанбаси "Оилаларни мустаҳкамлаш куни" деб белгиланди, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаолияти кенгайтирилди, оилавий муаммоларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, оилага жамоатчилик таъсирини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ва тизимли ишлар олиб борилди.

Натижада, 3429 та ажрим ёқасига келиб қолган оиланинг 3171 таси яраштирилди, ноқонуний никоҳ билан яшаётган 4249 та оиланинг 3035 таси никоҳи қонуний расмийлаштирилди, 1249 та қайд этилмаган туғилганлик, ўлим, никоҳ ҳолатлари аниқланиб, белгиланган тартиблар асосида ҳужжатлаштирилди.

Лекин, амалга оширилаётган ана шу ишларга қарамасдан вилоятда оилавий ажримлар сони ортиб кетганлиги, оилалар билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага келганлиги танқид остига олинди.

Айни кунда 3 миллион нафардан ортиқ вилоят аҳолиси 786 минг 941 оила таркибида истиқомат қилади. Ҳар йили вилоятда 30 мингдан ортиқ янги оилалар барпо бўлмоқда. Биргина 2018 йилда 30 минг 344 та никоҳ қайд этилган. Бироқ 4 минг 149 та оила қонуний ажрашиб кетди. Яъни, ажримлар 2017 йилга нисбатан 23,8 фоизга ортган. 

Оилавий ажримлар Шаҳрихон, Андижон, Жалақудуқ, Избоскан, Олтинкўл ва Қўрғонтепа туманларида юқори эканлиги қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, ажримларга асосан фарзандсизлик, оилавий келишмовчилик, узоқ вақт бирга яшамаслик, иқтисодий етишмовчиликлар, қонуний никоҳни бекор қилмасдан,  бош-қа оила қуриш сабаб бўлган. 

Ажрашиб кетган оилаларнинг салмоқли қисмини ёш оилалар ташкил этади. Ёш оила бошлиқлари аксарият ҳолатларда оилани мустақил бошқариш, фикрлаш, даромад топиш салоҳиятига эга, келинларнинг эса оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги кўриниб қолмоқда. Бундан ташқари, ёш оила ҳаётига қайнона, қайнота ва оиланинг    бошқа аъзолари аралашуви туфайли ҳам кўплаб ажрашишлар қайд этилган.

Мисол учун, Қорасув        шаҳрида яшовчи Фурқат Қодиров беш маротаба уйланган. Биринчи хотинидан 3 нафар, иккинчи ва тўртинчи хотиндан 1 нафардан, жами 5 нафар фарзанди бор. Ҳозирда унинг 4 нафар фарзанди отасиз улғаймоқда Бунга сабаб, унинг онаси Шаҳноза Йўлчиева келинлари билан муроса қилмайди, қайноналик бурчи, масъулиятини ҳис этмайди. Сессияда оилаларни бузилишига сабабчи бўлаётган бу каби учинчи     шахсларга нисбатан жамоатчилик таъсир чораларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўғил бола тарбиясига эътиборсизлик, ёшликдан меҳнатга эмас, енгил ҳаётга ўргатиб қўйиш оқибатида уларнинг аксарияти оилани бошқаришда уқувсиз эркакка айланган. Ота-онасининг бойлигидан сармаст бўлиб, уйлангандан сўнг ҳам айш-ишратда юришликни давом эттиришлари ёки ота-онанинг давлати қўлдан кетса, ўзи ичкиликка, гиёҳвандликка берилиб, маблағ топа олмай, аёлидан тинимсиз маблағ талаб қиладиганлари ҳам бугун сизу бизнинг орамизда яшамоқда. Бундай ҳолатлар кўпроқ раҳбарлик лавозимларида ишлаган ёки ўзлари ёшликда кўрган қийинчиликларни фарзандлари кўрмасликлари, улар роҳат-фароғатда яшаши учун "жонини фидо қилган" ота-оналар оилаларида учрамоқда. Андижон шаҳрида 2018 йилда ажрашган оилаларнинг 10 таси айнан ана шундай оилалар ҳиссасига тўғри келган.

Оилавий ажримдан энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда. Оилада келишмовчиликлар юзага келса, эр аёлни фарзандлари билан ота-онасининг уйига ҳайдаб юбормоқда. Оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига минг афсуски, эътибор қаратмаяпти. Янада ачинарлиси эса, у кўп вақт ўтмай, шаръий никоҳ билан бошқа аёлга уйланиб олмоқда.

Ҳали ўртадаги қонуний никоҳи бекор бўлмасдан, айрим ота-оналар сарсон қолаётган норасида набираларини, уларга ҳаётини  бахшида этган келинини ўйламасдан, ўғлини яна уйлашга шошмоқда. Энг ёмони, бундай ишларга масъул вазифаларда ишлаётган кишиларнинг бош бўлганлигини нима деб изоҳлаш мумкин? Мисол учун: Улуғнор туманидаги Бобур маҳалласида яшовчи Зухриддин Ўсаров икки маротаба уйланган. Ҳар биридан бир нафардан фарзанди бор. Унинг онаси оилани мустаҳкамлаш борасидаги давлатимиз сиёсатини аҳоли ўртасида тарғиб қилиши, барчага ибрат бўлиши керак бўлган Бобур номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнорахон Ўсаровадир. Минг афсуски, у бундай ишларнинг олдини олиш ўрнига, ўғлини шаръий никоҳ билан иккинчи бор уйланишига ўзи бош-қош бўлган.

Сессияда 2018 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича вилоят судларига оилавий ажрим масаласида 7 минг нафардан ортиқ фуқаро ариза билан мурожаат қилганлиги айтиб ўтилди. Аризаларнинг 5403 таси кўриб чиқилиб, 2972 таси қаноатлантирилган. Фуқаролик ишлари бўйича судларга қилинган мурожаатларнинг ўзи "Ҳар битта маҳалладан камида 8-10 тадан оила ажрим учун ариза берган", деган хулосага келиш учун асос бўлади. Хусусан, Хўжаобод туманида 37 маҳалла бўлгани ҳолда 377 нафар фуқаро ажрашиш учун судга мурожаат қилган. Бу ҳар бир маҳалладан ўртача 10,2 кишининг оиласида муаммолар бўлганлигини кўрсатади.

Таҳлилларга кўра, турмуши бузилган аёлларнинг 50 фоиздан ортиғи ўрта ҳол ёки кам таъминланган, яшаш шароити оғир оилалар фарзандлари. Қизнинг ажрашиб, ота уйига келиши ўша оиладаги муаммоларни янада кўпайтирмоқда. Қолаверса, ажрашган аёл фарзандларини боқиш, уй-жой қилиш илинжида хорижий давлатларга ишлагани кетмоқда ёки енгил-елпи, ноқонуний йўллар билан пул топишга ҳаракат қилмоқда. Бу албатта, одам савдоси, аёллар иштирокидаги жиноятларнинг ортишига, фарзандлар тарбиясига, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитасига оиладаги муаммоларнинг ечимида ёрдам сўраб келаётган аёллар сони минг нафардан ортиб кетган. Улардан 45-50 фоизи бир неча йил турмуш ўртоғининг хонадонида яшаган, лекин на ўзи, на фарзандлари ана шу хонадон рўйхатига киритилмаган. Оилада зиддиятлар келиб чиққанда, аёлнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишида муаммолар юзага келмоқда. Сессияда ана шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада маҳаллалардаги профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари масъулиятини ошириш, улар ўз вазифасига панжа ортидан қарамасдан, виждонан ёндашишлари зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, таълим муассасаларида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш, таълим муассасалари психологлари масъулияти ва фаолияти самарадорлигини янада ошириш, айниқса, муаммоли оилалар  фарзандлари билан ишлаш борасидаги ишларни кучайтириш муҳимлиги, бироқ айни кунда таълим муассасаларидаги психологларнинг 75 фоизи номутахассис эканлиги бу борадаги ишларни талаб даражасида йўлга қўйишга имкон бермаётганлиги алоҳида қайд этилди. 

Сессияда оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилавий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, аёллар бандлигини таъминлашда ҳокимлар, сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги Яраштириш комиссияси, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, имом-хатиблар, отинойилар, ички ишлар профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқи, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари, умуман, кенг жамоатчилик масъулиятини ошириш, бу борада аниқ, тизимли ишларни амалга ошириш, давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур йўналишда тарғибот ишларини кучайтириш, эрта никоҳлар, оилавий можаролар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан туриб, шаръий никоҳ билан бошқа оила қуриб олаётган, ана шу ҳолатни била туриб, унга шаръий никоҳ ўқиётган имомларга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарурлиги айтиб ўтилди.

Сессияда вилоят ҳокими оила масаласи, аёлларга бўлган муносабат бу - орият иши эканлиги, ноқонуний никоҳлар, оилавий ажрим туфайли жабрланаётган аёллар бизнинг опамиз, синглимиз, яқин инсонимиз, фарзандимиз, миллатимиз ғурури ва ори, оилани мустаҳкамлаш, аёл шаъни ва қадр-қимматини асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг, айниқса, масъул шахсларнинг энг муҳим бурчи эканлигини алоҳида таъкидлади.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ