+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

30 Май 2019

Пилла - етти хазинанинг бири

«пилла - 2019»

Шу кунларда вилоятимизда пилла йиғим-терими қизғин паллага кирган. Пиллакорларимиз жорий йилда юксак марраларни кўзлаб меҳнат қилмоқда. Жойларда пиллакорларимиз ҳар қути ипак қуртидан ўрта ҳисобда 55-65 килограммдан "кумуш тола" йиғиб олмоқда.

Избоскан туманидаги Обод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаррамхон Йўлдашева 30 йилдирки, ипак қурти парвариши билан шуғулланиб келади. Қишлоқда ўсиб, болалигидан меҳнатда суяги қотган Муҳаррамхон ая етти мўъжизадан бири ҳисобланган ипак қурти боқиш, пилла етиштиришнинг ҳадисини олган. Аввал онасидан, сўнг қайнонасидан пилладан юқори ҳосил олиш сирларини обдон ўрганган. Келин бўлиб тушган хонадонида ҳам ҳар йили ипак қурти боқилар, бир ойлик машаққатли меҳнат унинг роҳатини кўрганда бутунлай ёддан кўтариларди.

- Маҳалламизда Арофатхон Ибрагимова деган агроном бўларди, - дея эслайди Муҳаррамхон ая. - Шу аёл пиллачиликнинг моҳир мутахассиси эди. "Қуртни сийрак боқ, кўп барг солаверма, бир текисда барг солиб қўйиб, далангга кетавер. Уч соатда бир айланиб кел, баргни теккис еб бўлса, ундан кейин барг солгин", дерди. Ипак қурти парваришлаш сир-асрорларини кўпроқ Арофатхон опадан ўрганганман. Худога шукр, етиштирган пиллаларим сара, пучаги йўқ, тоза ва сифатли, оиламиз ҳар йили режани ортиғи билан бажариб келади.

"Қуш уясида кўрганини қилади", деганларидек, Муҳаррамхон аянинг уч ўғли ҳам деҳқончиликнинг бошини тутди. Кичик ўғли ташкил этган "Агрозамин" фермер хўжалигида бугунги кунда пахта, ғалла ҳамда пилла етиштирилади. Фермер хўжалиги ипак қурти озуқаси учун тут кўчатларини ҳам ўзлари экиб кўпайтирганлар. 

Маҳаллада Муҳаррамхон ая сингари моҳир пиллакорлар кўп. Иноятхон Ҳакимова ҳам 35 йилдан бери ипак қуртидан мўл ҳосил пилла етиштириб келади. У  ушбу мавсумда ҳам пиллакор, ҳам пилла етиштирувчиларга бригадир сифатида фаолият юритмоқда. 

- Ипак қурти жуда нозик бўлади, - дейди Иноятхон ая. - Парвариш давомида уни жуда эҳтиётлаймиз, қурт боқилаётган хонага ҳар кимни ҳам киритавермаймиз. Ҳаво совуқ бўлса, печка ёқиб иситамиз. Исиб кетса эшик-деразаларни очиб, шамоллатамиз. Вақтида озуқасини бериб, ухлатамиз. Шунақа азиз қилиб боққанимиз учун ҳам пилла хонадонимизга барака киритади. Пилла - етти хазинанинг биридир.

Ҳар иккала пиллакорлар ҳам ипак қуртидан ҳар йили ўртача 60-70 килограммдан пилла топшириб, режани ортиғи билан бажариб келади.

- Ҳудудимизда  9 нафар фермер хўжалиги фаолият кўрсатади. Улардан 2 нафари пиллачиликка ихтисослашган, - дейди "Обод" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассисси Шоирахон Қоратоева. - Биргина Чўмбоғиш массивида 178 қути ипак қурти парваришланди. Шундан 64 қутиси бизнинг маҳалла ҳиссасига тўғри келади. Айни кунларда пиллакорларимиз ҳосилни йиғиб-териб олмоқда. Шу кунгача маҳалламиз пиллакорлари томонидан 9150 килограмм  кумуш тола териб топширилди. Насиб этса, белгиланган режани ортиғи билан бажариб, туманимиз пилла хирмонининг юксалишига  муносиб ҳисса қўшамиз.

Кластер корхона томонидан пиллакорларга мавсум бошида етиштириладиган ҳосилнинг 15 фоиз пули олдиндан берилгани, бир ойлик машаққатли меҳнат бир йил иш стажига ўтиши пиллакорларни руҳлантириб, мўл ва сифатли пилла етиштиришга ундамоқда. 

Муаззам ИБРОҲИМОВА