+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Меҳр - тарбиянинг боши

Ота-оналарга тавсия

Мева таъмини дарахт уруғининг сифати, уруғ қадалган ернинг табиати белгилаб берганидек, фарзанд тарбиясида ҳам у камолга етаётган муҳитнинг аҳамияти катта. Аксарият ҳолларда оддий аммо жуда зарур омилларга эътибор бермай, катта хатога йўл қўямиз.

 

Бола меҳрга муҳтож бўлмасин

Меҳр-муҳаббат сув ва ҳаводай инсонга ниҳоятда зарур эҳтиёждир. Меҳрга муҳтожлик очлик ва ташналикдан кўра кўпроқ азият беради кишига. Биз яшаётган ахборот-технологиялар асрида бир-биримиздан узоқлашиб, инсоннинг инсонга эҳтиёжи йўқлигига кўниб бораверсак-да, меҳрсизлик бадалини қиммат тўлаб, "меҳр-оқибат" ҳақида баралла гапиришни ўргандик. Афсуски, меҳрсизлик кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда, тарбиясиз болаларни кўпайтирмоқда...

 

Бемеҳрликнинг оқибати - оғир

Мутахассислар назорати остида бўлган етимхонада гўдаклар ўлими раҳбариятни ҳайратлантирди. Озода хоналарда, тансиқ егуликлар канда бўлмаган ҳолатда яшаган болалар, хароба кулбаларда, оч-ташна яшаётган болаларга қараганда кўп касал бўлиб, бу хасталиклар охир-оқибатда ўлим билан тугаган.  Аҳволни ўрганишга киришган психолог етимхонада ҳар бир тарбиячи-энага назоратида 15 бола бўлганига гувоҳ бўлади. Энагалар болаларни овқатлантириб, тагликларини алмаштиришдан ортмас экан. Табиийки болакайларни қучоқлаб, бағрига босиб суйиб-эркалаш учун вақт тополмайдилар.

Психолог болаларни тўрт гуруҳга бўлади: биринчи гуруҳда ҳар энагага уч, иккинчи гуруҳга 6, учинчи гуруҳга 9 ва тўртинчи гуруҳга 12 бола тўғри келади.

Энагалар овқатлантириш ва тагликларни алмаштиришдан ортган вақтларини гўдакларни қучиб, эркалаб-суйиш билан ўтказадилар. Бу тажриба бир неча йил давом этади. Натижа эса шунга мос тарзда энг кўп эркалаб-суйилган гуруҳ болалари орасида энг кам, аҳён-аҳёнда эркаланган тўртинчи гуруҳ болалари орасида эса энг кўп касаллик ва ўлим ҳолатлари кузатилади.

Ота-онасининг меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб яшаган болада касалликларга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Болани ҳеч бир сўз демай ўпиб-суйсангиз ҳам, у сиз томонингиздан яхши кўрилишини ҳис қилади. Меҳрингизни билдиришингиз билан болажонингизга руҳан ва жисмонан соғлом бўлиш имкониятини туҳфа этасиз.

 

Фарзандларингизнинг кўзларига боқинг!

Меҳр-муҳаббатнинг инсон руҳияти ва вужудига таъсири янги тадқиқотлар натижасида исботланган ҳақиқат эмас. Инсоният яралибдики, меҳр-шафқат, муҳаббат ва эътибордан куч олиб яшайди.

Рим императори Фредрих II бир гуруҳ болалар устида тадқиқот ўтказиш мақсадида, уларни яхши овқатлантириш аммо мутлақо суймаслик, улар билан гаплашмаслик ва табассум қилмаслик ҳақида амр берди. Болаларни парвариш қилаётган энагалар уларга император буйруғида кўрсатилганидек муносабатда бўлишади.

Тажриба муваффақиятсиз тугади: гўдакларнинг ҳаммаси вафот этди. Энагаларнинг жисми ва хизмати болаларнинг катта бўлишига етарли бўлмади. Меҳр тафтининг йўқлиги фақат руҳиятга зарба бериш билан чекланмай, гўдакларни яшаш неъматидан ҳам маҳрум қилди.

Телевизор қаршисида  футбол ёки сериал томошасига берилиб вақт ўтказаётган ота-она фарзандларини нималардан маҳрум қилаётганини билармикан? Яшаши учун зарур бўлган сув ва ҳавони дилбандингиздан қизғонишга ҳақингиз йўқ! Уларга кўзингизнинг оқу қораси сифатида қарашингиз етмайди. Болаларингизнинг кўзларига боқинг, қорачиқларига термулинг!..   

   Мавлоно Жалолиддин Румий дейдилар: "Севгисиз киши қанотсиз қуш кабидир". Севги инсонни инсон қилган, ҳирсу ҳасад, кибр ва худбинликдан халос қиладиган ягона малҳамдир. Оналик - фақатгина фарзандни дунёга келтириш эмас, болани меҳр-муҳаббат билан    улғайтириш демак. Оталик - боланинг чўнтагини пулга тўлдириш, едириб-ичиришу, моддий эҳтиёжларини қондириш эмас, унга зарур одоб-аҳлоқни ўргатиш, тарбия беришдир. Меҳр-муҳаббат шундай улкан кучки, фақат фарзандингизни даволабгина қолмай ўзингизга ҳам роҳат-фароғат беради.

 "Ширин сўз билан илон инидан чиқади" деган нақлда ҳам муҳаббат кучи ифодаланган. Меҳр - дунёдаги энг катта куч ва энг катта қурол. Фарзандингизни руҳан ва жисмонан кучли қилиб ўстиришни истасангиз, дорихоналардан ҳар хил витаминларни излаб юрманг. Уни муҳаббат билан парвариш қилинг, меҳрингизни ҳис қилдиринг, мақсадингизга эришасиз.

 

Ёлғизлик - даҳшат

Тасаввур қилинг, ҳеч ким сизга яхшилик истамайди. Қувончу шодлигингиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бор-йўғингизга ҳеч ким парво қилмайди... Жуда аччиқ изтиробми? Кўзларингизни юминг ва ҳеч ким сизни яхши кўрмаслиги ҳақида ўйланг.  Энг даҳшатли ёлғизлик мана шу аслида! "Болаларимни ёмон кўрмайман-ку!" дея эътирозга шошилманг! Фарзандингизни севасиз, бунга ҳеч шубҳам йўқ! Аммо тўғри тушунинг, вақтингизни телевизор қаршисида ёки компьютер ёхуд мобиль телефонингиздан интернетга тикилиб ўтказсангиз болангиз меҳрингизни қайдан ҳис қилсин? Бир ўқувчим менга:

- Устоз, бу дунёда мени ҳеч ким яхши кўрмайди, - деди. Унга ота-онасининг меҳр-муҳаббатига шубҳа қилмаслигини айтдим. Ундан эса:

- Ота-онам менга ҳеч қачон эътиборли бўлмаган, бундан кейин ҳам шундай бўлиши аниқ,- деган аламли жавобни эшитдим.     

Дунёда бемеҳр яшашга биз катталарнинг кучимиз етмайди. Болажонлар жажжи елкаси, мурғак қалби бу оғир юкни қандай кўтарсин? Ҳаётдан "Сени яхши кўраман!" деган сўз ўчирилганлигини тасаввур қилиб кўринг. Орқада қолган харобага қарашга юрак дош бермайди! Меҳр-муҳаббатсиз, севгисиз ҳаёт инсонни даҳшатга соладиган қўрқинчли ҳаётдир. 

Кўча-кўйда одамларга зарар етказаётган болалар нега бунчалик разилликка бордилар? Биргина қўл телефони ёки бир неча юз минг сўм пул учун инсонни пичоқлашдан тап тортмаган ёшлар қандай қилиб бундай ваҳший бўлиб қолдилар? Аниқ-ки, ундай болалар меҳр кўрмаган, керак даражада ота-она тарбиясини олмаган. Меҳр кўрмаган меҳр бермайди! Бу табиатнинг ўзгармас қонунидир. 

"Болаларимизни ҳеч нарсадан кам қилмадик!" дея эътирозга шошилманг. Кўнгли меҳрсизлик гирдобида бўғилган инсоннинг қорни тўқ, усти бут бўлиши нимани ҳам ўзгартирарди?

"Муҳаббатнинг биринчи вазифаси - тинглаш" дейди файласуф Паул Тиллич. Шу боис ҳам фарзандларимизни тинглайлик, уларнинг қалбига қулоқ тутайлик, меҳр берайлик. Зеро, тарбиянинг боши меҳрдир.

Малоҳат ИБАЙДУЛЛАЕВА,

 

Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.