+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ФАРЗАНДИНГИЗГА ЭНАГА ЁЛЛАМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ,

(29-сон) Ота-оналарга тавсия

унинг қайси жиҳатларига эътибор қаратишингиз керак?

Оилавий ҳаётнинг энг олий мазмун ва мақсади - фарзанд тарбиясидир. Тарбия орқали бола келажакда    мустақил яшашга ўрганади. Лекин баъзи ота-оналар фарзандларига тарбия бериш эмас, балки иқтисодий жиҳатдан бекаму кўст таъминлаб қўйишни биринчи ўринга қўйишмоқда. Болани дунёга келтириш, у ҳақда қайғуриш, эркалаш, парвариш қилиш билан бир қаторда, тўғри тарбиялаш, ўқитиш, комил инсон бўлиб етишишига ҳаракат қилиш ота-она зиммасидаги бурч ва масъулиятдир.

Айрим ёш ота-оналар ўз имкониятларидан унумли фойдаланишни, ҳаётда нимагадир эришиш учун ҳаракат қилишни истайдилар. Фарзанд туғилиб, орадан унча кўп вақт ўтмасдан она ишга қайтиб, пул топишни ўйлаб қолади. Бу ҳолатда чақалоққа энага ёллаш ота-она учун муносиб чора бўлиб туюлади. Аслида ҳам бола тарбиясини энагага ишониш тўғрими? Энага чақалоқни ўз онасидай парвариш қила оладими? Бугун ота-оналар энагага қандай талаблар қўймоқда? Қуйида ана шулар хусусида фикр-мулоҳаза юритамиз.

Шу ўринда қуйидаги мулоҳазаларни келтирб ўтишни жоиз топдик: "Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади" 

("Ҳикматлар гулдастаси" китобидан).

 Мутахассис нима дейди? 

Махфузахон Алимова, психолог: - Мутахассислар эмизикли болани энага тарбиясига беришни тавсия қилмайдилар. Уларнинг фикрича, бола 1,5- 2 ёшга киргунича ота-онаси ва яқинлари билан бўлгани маъқул. Агар бир ёшгача бўлган болага энага ёллаш зарурати туғилиб қолса, у ҳолда энага албатта, тиббий маълумотга эга шахс бўлиши мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, унинг бу ишдаги малакасига ҳам эътибор қаратиш лозим. Чунки ана шу даврда боланинг иммун системаси энди  ривожланаётган бўлади. Гўдакнинг ҳар томонлама соғлом ўсиши ва парваришида энаганинг тиббий билимлари асқотади. Шунингдек, энага маълум даражада психологик билимга ҳам эга бўлиши керак, чунки уч ёшгача бўлган боланинг руҳияти ана шу даврда шакллана бошлайди. Энагаликка муайян ҳаёт тажрибасига эга 35-45 ёшдаги аёлларни танлаш мақсадга мувофиқ. Бу ёшдаги аёллар ўз фарзандларини катта қилишга улгурган ва ўз бошидан ўтказган тажрибасини сизнинг фарзандингиз парваришида ҳам қўллай олади. 

Энага танлашда унинг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш зарур? 

*Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш малакасига эга бўлишига;

*Агар бола бирор сабаб туфайли жароҳат олса, қандай тадбир қўллаш ёки ҳаракат қилишни билиши кераклигига;

*Агар бола овқатланишдан ёки ухлашдан бош тортса қандай йўл тутишни билишига;

*Бола парваришида қай даражада амалий тажрибага эга эканлигига.

Энага болани ақлий ривожлантириш, овқатлантириш, гигиеник парвариш қилиш малака ва хусусиятига эга бўлиши лозим.  Яхши энага фарзандингизнинг руҳиятини англай билади. Кўпчилик энагалар ўзлари билан турли хил қизиқарли, расмли     китоблар тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ўйинчоқлар олиб келишади. Албатта, оилада боланинг ўз ўйинчоқлари бўлиши табиий, лекин тажрибали энагалар боланинг янгиликдан хурсанд бўлишини яхши биладилар.

3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларга педагогик маълумотга эга бўлган энага танлаш лозим. 3 ёшдан бошлаб болалар ўзларини ўраб турган оламни англай, сўз ва ибораларни такрорлаб, катталарга тақлид қила бошлайди. Шу даврда энага бола билан кўпроқ вақт ўтказса, бола унга тақлид қилади. Айнан шу даврда болага уни қизиқтирган барча нарсаларни тушунтириб бера оладиган одам керак бўлади. Аммо бу жараён тўғри йўлга қўйилиши лозим. 6 ёшдан ошган болага эса педагогик билимга ва малакага эга бўлган мураббий ёллаш ўринлидир. Кўпчилик ота-оналар фарзандларидаги яширин қобилият ва истеъдодини юзага чиқаришда мураббийларга мурожаат қиладилар. Кўпинча хорижий тил ва болалар руҳиятини биладиган мураббийларга эҳтиёж катта бўлади. Бу ёшда болага ўзини қизиқтирган саволларга мантиқан тўғри жавоб бера оладиган мураббий керак. Янада муҳим томони болага ўша мураббий билан вақт ўтказиш қизиқарли бўлиши лозим. 

Хулоса

 Юқорида таъкидланганидек, аввало, ҳар бир фарзанд ота-онасининг ўзига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб ўсгани маъқул. Агар истисно ҳолатларда энага ёллашга мажбур бўлсангиз, юқоридаги тавсия ва маслаҳатлар сизга асқотади деган умиддамиз.

 

Умида АДИЗОВА тайёрлади.