+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЧЎПОННИНГ ҲИКОЯСИ ЁКИ МЕҲРНИНГ СУРАТИ

Бўлган воқеа

Бу воқеага анча йиллар бўлди. Лекин ҳанузгача ёдимдан чиқаролмайман. 1998 йилнинг ёз ойларида фарғоналик дўстларимиз бизни Фарғона вилоятида жойлашган Ҳайдаркон тоғ тизмаларига дам олишга таклиф этишди. Биз шанба куни тушликдан сўнг керакли анжомлар, озиқ-овқат захирасини олиб, иккита автомашинада саккиз киши тоққа қараб йўл олдик.

Йўл узоқ бўлмаса-да, тиклиги сабабли машиналарни "ҳовуридан" тушириб, тўхтаб-тўхтаб, белгиланган манзилга етиб бордик.

Тун. Борлиқ қоронғулик қўйнида. Ён атрофда ҳеч нарса кўринмасада, тоғдан тушаётган жилға овози, турфа гиёҳларнинг хушбўй ҳиди табиатнинг гўзаллиги ҳақида тасаввурга эга бўлишимизга етарли эди.  Енгилгина кечки овқатдан сўнг, кимдир автомашинада, кимдир ирмоқ бўйида, олиб келинган кўрпачаларни тўшаб уйқуга кетди.

Тонг отди. Тоғ манзараси эрта тонгда биз тасаввур қилгандан ўн чандон гўзалроқ эканлигига амин бўлдик. Айниқса, ғарб томондаги баҳайбат тоғнинг ўрта қисми оппоқ булут билан ўралган, юқори қисми эса қор билан қопланган, тоғ этагида қўй-қўзи-ю, моллар ўтлаб юрар эди. Булутлар худди қўл чўзсанг етгудек яқин туюларди.

Мезбонлардан бири бир чақирим юқорида жойлашган чўпон ўтовидан янги қаймоқ, қатиқ олиб келишга ҳам улгурибди. Нонуштадан сўнг йўл нотекис бўлганлиги учун машинани шу ерда қолдириб, ўтов томонга қараб йўл олдик. Чўпоннинг ити ҳуриб, келганимиздан хабар берди. Бизга пешвоз чиққан чўпон ўтовга чойга таклиф қилди.

Суҳбат давомида унинг ҳар йили юз, икки юз бош қорамолларни шу жойга олиб келишини, бу юмушда унга онаси, турмуш ўртоғи ёрдам беришини, мол боқиб олган хизмат ҳақидан ташқари, соғин сигирлар сути, қатиғи, қаймоғидан даромад кўришини билиб олдик.

- Ўзим Шаҳрихондаги билим юртида ўқиганман. Андижон, Фарғона  ва Наманган вилоятларида груҳдош дўстларим кўп, -  дея сўзини давом эттирди  Қурбон ака. - Шаҳрихон чойхоналарида еган ошимнинг таъмини бошқа бирон жойда туйганим йўқ, - эътироф этди мезбон.

Мен ўзимни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдим.

- Бирор кор-ҳол бўлиб, моллардан биронтаси нобуд бўлса, эгасига товон пули тўлайсизми?

- Ҳа, албатта, бу ерларда моллар касал бўлмайди. Фақат тоғдан "учиши" мумкин. "Учган" молнинг терисини эгасига кўрсатмагунимча товон пулидан қутулмайман.

- Молларингизни бирортаси шу ерда туғса, бузоғи кимники бўлади?

- Албатта молнинг эгасиники бўлади-да. Кўз тегмасин, ҳамқишлоқларим сахий. Сигирнинг сути, қаймоғини нима қилаяпман, қанча даромад топаяпман, ишлари бўлмайди.

- Ҳар куни бир хил иш, бир хил ҳаётдан зерикмайсизми? Бу ерда эсда қоларли воқеалар ҳам бўладими?

Шу пайт чўпон худди бир қизиқ воқеа эсига тушгандек, бир нуқтага узоқ термулиб қолди. Мен ҳам унинг гапиришини кутдим.

- Бу воқеа адашмасам, тўрт йил аввал бўлди. Молларнинг бири бўғоз, бир-икки ҳафта ичида туғиши керак эди. Мен ундан хавотир олиб, иложи борича ўтовдан узоқлашмасликка ҳаракат қилардим. Аксига олиб, ўша куни молни йўқотиб қўйдим. Орадан беш кун ўтгач, сигир ирғишлаб юрган бузоғини етаклаб келиб қолди.

Мен сигир ва "меҳмон" бузоқчани кўришга қизиқиб, яқинлашдим. Ўртамизда юз метрдан яқинроқ масофа бор эди. Бузоқча бир нимадан чўчигандай ортига бурилди-ю, ўзини тоғ арчалари орасига урди. Уни топиш мақсадида қилган икки соатлик меҳнатим зое кетди. Сигирни ўтовга яқин жойга олиб келиб, қозиққа боғлаб қўйдим. Кун бўйи кутишимга қарамай бузоқча онаси ёнига келмади. Мен дурбин ёрдамида қараб, уни арчазорлар орасида бизга қараб турганини кўрдим. Тағин очликдан ўлиб қолмасин, деб онасини бўшатиб юбордим.

Кунлар ўтган сари бузоқни ушлаш умиди аста-секин сўна бошлади. Вақтлар ўтган сари "тоғлик бузоқ" катта бўла бошлади. Аммо бизга бош бермади.

Кузнинг изғирин шамоллари эса бошлагач, биз ўтовни йиғиштириб, юкларимизни от ва эшакларга ортиб, йўлга тушдик. Молларни ҳайдаб келаяпману, кўзим ортимда. Бузоқ бизни тахминан олти километрча масофага уч юз, тўрт юз метр орқада кузатиб келди. Кейин ортига бурилди-ю, шаҳд билан юқорига чопиб кетди.

Подани ҳайдаб қишлоққа келгач, бўлиб ўтган воқеани сигирнинг эгасига сўзлаб бердим. У қизиқиб тинглагач: "нима ҳам қилардик, насиб қилмабди-да", - деб қўйди.

Ўша йили қиш қаттиқ келди. Тоғдаги бўрилар емиш излаб, ҳатто қишлоқ хонадонлардаги қўйларни бўғизлаб кета бошлади. Мен тоғда қолиб кетган бузоқчани ўйлардим.

Ўлмаган қул баҳорга ҳам етиб келдик. Яна молларни ҳайдаб яйловга қайтдик.

Бир куни қизиқ бўлди. Ташқи кўринишидан кийикни эслатувчи бир бузоқ ўтлаб юрган молларни бир-бир ҳидлар, моллар эса бегонасираб ундан ўзларини олиб қочиб, безовталанарди. Мен шошилгача дурбинни олиб, унга қарадим.

Ҳа, бу ўша бизга тутқич бермаган "тоғлик бузоқча" эди. У ҳидлай-ҳидлай охири онасини топди. Она-бола узоқ ҳидлашиб туришди. Шу-шу "тоғлик бузоқ" онаси ёнида ўтлай бошлади. Узоқдан шарпамни сезиши билан яна кўздан ғойиб бўларди.

Орадан йигирма кунча ўтиб, қишлоққа келдим. Сигир эгасининг хонадонига бориб, унга бузоқча пайдо бўлиб қолганини айтдим. Сўзимни тинглагач, у мен билан тоққа боришга отланди.

Ўтовга келгач, дурбинни олдикда, "тоғлик бузоқ" ни кўришга ошиқдик.

Бузоқни кузатар экан, ҳамроҳим: "Қурбон ака, яхши семирибди, бу мол икки юз килога яқин гўшт қилади", - деди    қувончдан кўзи чақнаб. Ичимда нимадир шиғ этди.

Кечга яқин унинг таклифи билан сигирни ўтовдан тўрт юз метр узоқликдаги ялангликка боғладик. Шамолга қарама-қарши томонга юриб катта ҳарсанг тош ортидан ўзимизга жой ҳозирладик.

- Балки келаси йили отарсиз. Гўшти ҳам кўпроқ бўларди, - дедим. У кўнмади. Шу пайт бузоқни тоғдан тушмаслигини ич-ичимдан хоҳлардим.

Орадан уч соат ўтгач, боғланган сигир тоғ томонга қараб, думини асабий силкита бошлади. Бу билан у ўзига қараб келаётган бузоққа "болам, келма, сени фалокат кутмоқда", демоқчидек эди.

Арчазор ичидан чиқиб келган бузоқ онасини орқасидан эргаштирмоқчи бўлиб, ўн қадамча юрди. Аммо онаси уни орқасидан боролмас, боғловда эди. Бузоқ яна ортига қайтди. Қўққисдан отилган ўқдан ҳатто сукунат ҳам чўчигандай бўлди.

"Қурбон ака, тегди!" Бу ҳамроҳимнинг ғолибона овози эди. Бузоқ чуқур-чуқур нафас олар, бошини кўтара олмай, кўзларини олайтирганча бизга қарашга ҳаракат қиларди. Ниҳоят, ҳамроҳим пичоқ билан бузоқни ҳалоллади...

 Эртаси куни тонгда у бизга "тоғлик бузоқ"нинг калла-почалари, бир неча килограмм гўшт қолдириб, қишлоққа тушиб кетди.

Ҳамроҳим қувончдан, мен эса карахт бўлиб қолганимдан сигир арқонини ечиш хаёлдан кўтарилибди. Сигир томонга йўл олдим. Арқонни ечаяпману, гўё унинг боласини ўзим отиб ўлдиргандек, кўзларимни олиб қочардим. Сигирнинг елкасини силаб, унсиз узр сўрадим. Шохидан ечган арқонни елкамга ташлаб, ортимга ҳам қарамай, ўтов томон тушиб кетдим.

Орадан уч кун ўтди. Сигир ўрнидан жилмас, ўт емас, сув ҳам ичмасди. Ҳаттоки ётмасди. Бир жойда турганча ёнига борган одам ёки молларга эътибор ҳам бермасди.

Ўтовдан чиққан ўғлимга мол эгасини зудлик билан чақириб келишини тайинлаб, қишлоққа жўнатдим. Ўша куниёқ молнинг эгаси ўтовга етиб келди. Касал молни қишлоққа ҳайдаб кетмоқчи бўлди. Лекин сигир унинг ҳайдашига ҳам, қамчи босишига ҳам эътибор бермасди. Фақат ҳар замонда майсалар устида қотиб қолган боласининг қон доғларини ҳидлар ва ожизгина маърарди. Кечга бориб, сигир жон таслим қилди. Унинг кўзлари катта-катта очиқ, баланд тоғлар томонга қараб кимнидир, ниманидир кутаётгандек қотиб қолган эди.

 

Дилшодбек ҚОДИРОВ,

 

Бўз тумани.