+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

«ЖАМОЛИНГ ВАСФИ...»

Бир Fазал шарҳи

Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен...

Гўзал ва жозибадор мисралар билан бошланувчи ушбу ғазал муаллифи, буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур эканлиги барчага аён. Бу ғазал шайдоларининг қалбидан чуқур ўрин олган назм дурдоналаридан биридир.

Беш юз йилдан ортиқ вақтдан буён ўз таровати ва нафосатини йўқотмаган бу ғазал севимли ёр жамоли ва висолини бир кўришга ошуфтаю орзуманд бўлган ошиқ қалбидаги беғубор ва нафис туйғуларни ифода қилади.

Киндик қони тўкилган мўътабар юрт Андижондан тақдир тақозоси билан анча олисларда, ўзга маконларда яшаган Бобур жанггу жадаллардан, эл-улус ғалаёнларидан толиққан руҳига дам бермак важидан беихтиёр сокин ва узоқ хаёлга толади. Она юрти ёдига тушиб, унинг ўтмиш соғинчи қалбини ўртайди. Назаримда, ана шу соғинч унинг қўлига қалам      тутади:

Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен,

Не кун бўлғай висолингга мене дилхаста етгаймен.

Ўз юрти ва халқидан айро тушиб, ўзга ерларда макон тутган ошиқ шоир ўз ёрининг (мумтоз адабиётда ой, қуёш, гул образлари кўчма маънода ёр тимсолида берилади) гўзал жамолини соғинади, унинг таъриф ва тавсифини неча элу неча элатлардан эшитиб, қалби янада соғинч ва изтироб туйғусига тўлади. Бир замонлар хаёлини ўғирлаб, қалбига ишқ дардини солган севимли ёрини кўришни орзу қилади. "Қачон ул тотли кун келгайки, ҳижрон азобларидан қутилиб, висоли шавқига ошно бўлиб, оташин ишқинг билан хасталанган юрагим давою таскин топса", дея армон билан сўзлайди шоир. Fазал яна давом этади:

Тараҳҳум юзидин юзингни кўрмоққа буюрғайсен,

Хуш улким, оразингни кўргаймен, сўзинг эшитгаймен.

Ёр васлига интизор, йўлига мунтазир бўлган ошиқ ҳамиша ёридан раҳм-шафқат, висолига ваъда, ваъдага эса вафо кутади. Шу боис, ёрнинг ифорли қора сочларидек мусаллал - занжир силсиласига узилмас бир халқа бўлиб уланган байт мазмуни қуйидаги маъноларни англатиб турибди.

Гўзал маҳбубани, лоақал раҳм-шафқат важидан, яъни юзингни бир кўришликни менга лойиқ кўрганингда эди, мен ўзимни беҳад комрон, бахтли ҳисоблардим. Чунки гул оразингни кўриб, сеҳрли овозингни эшитиш менга ғурур ва чексиз шодлик бағишлайди. Бобур бу байтда тажнис санъатини қўллаб, "юз" сўзини икки хил маънода ишлатади. Fазалнинг навбатдаги байти шундай давом этади:

Итингдурмен, сочинг занжирини бўйнимга маҳкам қил,

Ки водийи фироқинг ичра қўрқаменки, йитгаймен.

Ошиқ ёр висолига етиш учун унинг барча қийноқ ва синовларига бардош беришга тайёр туради. Ошиқ камтар ва ҳокисор. Ёр васли йўлида, ҳатто, унинг ити бўлишдан ҳам ор қилмайди. Қандай бўлса ҳам ёрга етишиб, ёнида бирга бўлишни орзу қилади.

Йўқ, бу ерда Бобур ўзини итга ўхшатаётгани йўқ. Ёрга бўлган вафою садоқатини ит образи орқали ифода қилишга уринади. Дарҳақиқат, шундай. Мен сенинг итингман, сочинг занжири билан бўйнимдан маҳкам боғлаб ол, акс ҳолда мен фироқинг ичида йўқолиб қолишим мумкин. Мен шундан қўрқаман, дейди шоир. Бобур мен сенга бир умр вафодор, содиқ дўстман, демоқчи бўлади.

Тараҳҳум қилмасанг, ё, боқмай истиғно била ўтсанг,

Тазарруъ қилғаймен, ё йиғлагаймен, ўзга нетгаймен.

Агар маъшуқа вафодор ёр ҳолатига ачинмаса, ундан раҳм-шафқатни дариғ тутса, унда ошиқ аҳволи оғир кечиши аниқ. Шунинг учун дейди: агар менга раҳм-шафқат қилишни ўзингга эп кўрмасанг ёки таманно билан мени кўрсанг ҳам кўрмаганга олиб, бепарво ўтиб кетсанг, мен нима ҳам қилар эдим. У ҳолда сенга илтижо қилиб ёлворар эдим ёки ўксиниб йиғлар эдим, бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмайди.

Ана энди ғазалнинг сўнгги байтига эътибор қилинг:

Муяссар бўлмаса бошимни қўймоқлик аёғига,

Бошимни олиб, эй Бобур, аёқ етганча кетгаймен.

дейди шоир ўзига ўзи.

Бу байтни шарҳлашга хожат йўқ. Чунки бу байт изоҳталаб сўзлардан холи, содда ва тушунарли ёзилган. Уни ўқувчи осонгина тушуниши, мазмунини ўзича ҳис қилиши мумкин.

Fазалда вафо вафосизликка, садоқат садоқатсизликка, меҳр-шафқат шафқатсизликка қарама-қарши қўйилган. Бу қарама-қарши образлар (ошиқ ва ёр) қиёфаси юксак маҳорат билан тасвирланган. Бобур ғазалининг сўнгги байтида тазод(контраст) санъатини қўллаб (бош-оёқ) фироқ ва   шафқатсизлик азоб-уқубатларини бошидан кечириб, пок инсоний ишқ оташида тобланган ошиқ руҳий кечинмаларини тўлароқ очишга муваффақ бўлган.

Ёр ва диёридан айрилиб фироқ азобини чеккан шоир қалбининг изтиробларини акс эттирувчи бу ғазал беш асрни ҳатлаб, бизгача етиб келиб, юракларни ларзага солган экан, яна неча-неча асрлар оша авлодлар қалбини забт этишга ва худди бугунгидек ошиқ юракларга чўғ ташлашига, севилиб ўқилишига шубҳамиз йўқ.

Нусрат АБДУСАЛОМ,

 

шоир.