+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ХОР ҚИЛГАННИНГ ЗОРИ

ҳикоя

Гулдек оила бузилди. Биргина гап туфайли. Нима эмиш, Гулчеҳранинг аммаваччаси бузуқи экан. Шунинг учун қайнотаси Алим ака шарт кесди-қўйди: "менинг зотим бузилмайди, болам яхши кўрсаям ишим йўқ!"

Бечора Гулчеҳра мунчоқдек ўғлини бағрига босиб уйига   қайтди.

- Барибир сизни дейман, дадам сал аччиғидан тушсин, - Равшанбек шундай дея, уни юпатди.

- Бошқасига уйлаб қўйса-чи?, - кўзида ёш билан сўради Гулчеҳра.

- Қочиб кетаман!, - кескин жавоб берди эри. - Мен хоҳласам уйлайдими?

Уйида онаси хунибийрон йиғлайди:

- Ўтиб-тошиб узоқдаги қариндош учун менинг қизим жавобгар бўладими? Гап ташиганнинг уйи куйсин, илойим.

Дадасининг боши хам. Негаки, элга номи чиққан қиз унга жияндек гап. Опасининг невараси. Сал ўйноқироқ эди, "ўқишга кетдим", деб, биров билан кетиб қолган экан.Уч ой деганда ота-онаси бир ёқлардан топиб келган. Кейин ўзидан ўн ёш катта бир одамга бериб юборган.

Алам қиладигани, айбдор аллақачон тиниб-тинчиб кетгану, зарби Гулчеҳранинг чекига тушди.

- Шунинг учун айтадилар, билган-кўрганнинг боласини ол, деб. Нечтаси қизини илиниб, ўзлари оғиз солишувди-я, - юраги тош қайнота келинни ҳайдаб солиб ҳам тинчимай, жаврарди. - Кенжамга "яхши кўрганини олиб бераман", деб лафз қилиб қўйганим учун, болангга шунча узоқдан қиз олибман-а?! Топганларим кўчада қолди.

- Дадаси-ей, қаердаги ғийбатчининг гапига кириб ширингина оилани буздингиз-а, - Муқаддас ая ичи оғриб жаврайди. - Болангизнинг рангги сарғайиб кетди бир пасда, уволига қолмасак гўргайди.

-  Ўламан-куяман, деб оила қуриб, ажрашган сон мингта. Шуни биттаси-да! - Алим ака барибир бўш келмайди. - Зато келажагига яхши, зоти тоза ердан қуда тутинамиз.

- Тавба-тавба! Атрофга бир қаранг, ҳар куни битта гап эшитасиз, "фалончининг қизи оқ бўпти, пистончиники кўк бўпти", деб. Уларни ҳеч ким чеккага чиқариб қўймаяпти, - бўғилади Муқаддас ая. - Сиз бўлса ҳув наридаги қариндоши учун келинингизни ҳайдадингиз. Яхшиям қизимиз йўқ, бу ноҳақлигингиз учун Худойим ўзимизни жазолайди.

- Ўчир унингни! Агар менинг гапимни икки қилиб келинингни излаб борадиган бўлсанг, жавобинг ўзинг билан, - Алим ака бутунлай тўнини тескари кийиб олди.

Бечора Муқаддас ая икки ўт орасида қолди. Бир томонда сал кам қирқ йиллик рўзғорининг эгаси - эри, иккинчи томонда ўғли билан келини.

- Ўша гап ташиб келганни ўлдираман! - Равшанбек ғазабдан еру кўкка сиғмасди. - Агар хотиним билан яшашга қўймаса, уйдан чиқиб кетаман, айтинг дадамга!

- Асло унақа дема, болам! Шу ёшга етганимда куйдириб-ўлдирма! Хотин, бола топилади, ота топилмайди, - Муқаддас ая ночорликдан эзилиб йиғлайди, - дадангнинг қарғишини олмагин!

Икки ака ҳам ҳайрон. Дадасининг бунчалик ғазабга минганига дуч келмаганлари учун муаммони қандай ечишни билмай гаранг.

- Дадам гапини оладиган биронта одамни топиш керак, - тўнғичи Рустамжон маслаҳат солди. - Акс ҳолда иш расво бўлади.

- Ҳаргиз унақа қила кўрма! "Оиланинг гапини кўчага олиб чиқдингми", деб сениям обориб-обкелади, - безиллади Муқаддас ая.

- Усиз ҳам кўчага гапимиз чиқиб бўлди, - хуноб бўлиб бақирди ўртанчаси Рашиджон. - Ўртада боласи бўлмаса ҳам майли эди. Гўдакда нима айб?!

Хуллас, бир-бирига кўнгил бериб турмуш қурган икки ёш икки ёқда сарсон қолди. Бу кўргиликдан ҳали ўзларига келиб улгурмай, Алим ака тараддудга тушиб қолди.

- Тез сандиғингни ковлаб, латта-путталарингни тайёрла! Носир ошнамнинг жияни бор экан, қўл-оёғи чаққон, тиллари ширингина. Бориб кўриб келдим, таг-тугли улар. Равшанга унаштирамиз.

- Жон дадаси, бунчалик тезлик қилманг, болангиз барибир уйлангани унамайди, - Муқаддас ая эрига ялинди, - шуларни ноумид қилманг!

- Бекорларни айтибсан, мен ваъдалашиб келдим, агар гапим иккита бўлса, болангга қўшиб сениям ҳайдайман уйдан. Ундан кўра Равшаннинг гапини ол!

Эрининг бу гаплари ҳукмдай янгради. Дадасининг ҳар қандай жазосига тайёр турган Равшанбек онасини икки ўт орасида қолганига чидай олмади:

- Майли, мени оқ қилсин, уйдан ҳайдасин, лекин сизни нега қийнайди? - деди йиғлагудек бўлиб. - Энди нима қиламан? Гулчеҳрага қандай тушунтираман?

Тушунтиришга ҳожат қолмади, оғзи билан юрадиганлар даррров етказди бу хабарни. Гулчеҳра эсдан оғар даражада дод солди. Шўрлик ота-она катта бошини кичик қилиб, қуда эшигига бош уриб келди:

- Жон қуда, раҳмингиз келсин! Икки гулни айирманг. Гўдагига раҳмингиз келсин!

Алим акани шайтон йўлдан ургани аниқ эди. Шунча кўз ёш, шунча нола уни юмшатиш ўрнига, баттар ғазаблантирди:

- Зоти айниганлар билан боғланган риштани узиб бўлдим! Худоёрхони келсаям, барибир бирга яшатмайман!

Ҳеч кимнинг гапини олмади у. Ҳамма бир тарафу, бир ўзи бир тараф бўлиб енгди.

- Битта йўли қолди, - Рустамжон укаси билан келинини бир жойга чақириб маслаҳат берди, - Равшан, дадамнинг гапига кириб, уйланасан!

Гулчеҳра ловуллаб кетди:

- Ака, нима деяпсиз? Равшан акам уйланса, иложсиз у аёлга боғланиб қолади. Агар... Болали бўлиб қолса-чи?

- Қизишма, ҳали уйланганим йўқ-ку! - Равшанбек уни елкасидан қучди, - Дадам бувимни эговламаганда, бу масалани муҳокама қилиб ўтирмасдим. Мабодо... Уйланган тақдиримдаям у...  дадам учунгина келин, мен учун ҳеч ким... бўлади.

- Менинг таклифим шундай! Сен дадам айтган қизга уйланасан, лекин Гулчеҳра билан ҳам алоқангни узмаслигингни шарт қилиб қўясан! Қаердан биласан, балки у қиз билан охиригача бирга яшай олмассан! - Рустамжон маъноли гапирди.

- Дадам бунга ҳам унамаса-чи? - иккиланди Равшанбек.

- Буёғини менга қўйиб бер! - Рустамжон қатъийлик билан укасини тинчлантирди.

Алим ака инсофга келди чоғи, Рустамжоннинг маслаҳатига кўнди. Лекин, қуда томон айниб қолди:

- Бунақаси кетмайди! Биз қизимизни бахтсиз қилишни истамаймиз. Биринчи оиласига бориб-келиб юриб, топишиб кетишса, қизимизнинг уволига қоламиз, - дейишибди.

- Худога шукр-ей, ақлли одамлар экан. - Гулчеҳранинг ота-онаси қайта-қайта шукр келтирдилар.

Алим ака аламидан роса сўкинди. Ҳатто, уйдагилар билан гаплашмай қўйди.

Ана шу кайфиятда томга чиқиб, тушаётиб шотидан сирғалиб кетиб, ерга чалпак бўлиб тушди.

Келинсиз қолиб ўзи нон ёпаётган Муқаддас ая аввалига буни кўрмади. Нон тўла саватни кўтариб келаётганида, ерда узала тушиб ётган Алим аканинг бош томонидаги қонни кўриб, азбаройи қўрққанидан ҳушидан кетди. Бир зумда ўғилу келинлар етиб келишди. Алим аканинг аҳволи анча оғир эди. Бел умуртқаси лат еган, мияси чайқалган.

Ҳушига келган Муқаддас аянинг эса қон босими ошиб кетганди.

- Сен аямга қара, мен дадамга, - Рустамжон Равшанга      тайинлади, - келинлар овқатимиздан хабар олиб туришади. Сен эса, - Рашиджонга деди, - духтирлар айтган дориларни топиб келиб турасан!

- Гулчеҳрани олиб келсак, яхшийди, ҳарқалай ҳамшира, - деди Рашиджон ботинмайроқ.

- Қара-я, эсдан чиқибди. Бор, тез хотинингни олиб кел!

Равшанбек қанот бойлаб учиб кетди, Гулчеҳра ҳам тезгина биргалашиб касалхонага келди.

Аввалига қайнонасига, у тузалиб ўрнидан тургач, қайнотасига ўзи қаради. Юракдан парвариш қилди.

Алим ака қачон кўзини очса, бир ёнида Равшанбек, бир ёнида Гулчеҳра "тузукмисиз дадажон", деб ҳол-аҳвол сўрайди.

- Шу баҳонада болаларимнинг оиласи тикланиб қолса, ажаб эмас, - йиғлаб суюнди Муқаддас ая.

- Бувижон, кўргиликдан хафа эмасмисиз?, - атай сўрайди  Рустамжон.

- Дадангнинг кўзини худойим шу йўл билан очди, болам! Агар Гулчеҳра уйда бўлса, мен нон ёпармидим, Равшан аразлаб юрмаса, даданг томга чиқармиди? Бу азобни ўзига-ўзи сотиб олди. Қара, хор қилган келинига зор бўлиб ётибди, - Муқаддас ая ҳақиқатни очиқ тан олди.

- Буни тушуниб етдимикан дадам?, - Равшанбек хавотир билан сўрайди.

- Ўлибди-я, шунча ишлардан кейин ҳам Гулчеҳрани ҳайдаса!

Бу хавотир улардагина эмас, Равшанбек билан Гулчеҳрада ҳам бор эди. Чунки, ҳали ҳам фикридан қайтмагани учунми, ё жони оғриётганиданми, Алим ака келини шунча парвона бўлсада, қовоғини очмади, бир оғиз гапирмади.

- Ишқилиб, тузалганидан кейин яна "кет", деб қолмасада?! - Гулчеҳра ҳар куни бу гапни албатта такрорлайди.

- Яхши ният қил-е, - Равшанбек ичидан зил кетса-да, хотинини ноумид бўлмасликка чақирди.

Ва ниҳоят, бир ойдан ошганда, Алим акага уйга рухсат беришди. Ҳамма хурсанд. Бир машинага кўч-кўрон, бир машинага Алим ака ва Муқаддас ая ўтирди.

Гулчеҳра эса нима қилишни билмасдан, уларни кузатганича, касалхона остонасида мунғайиб турарди.

- Сиз...сен нега турибсан? - Бирдан Алим ака уни сенсираб қолса бўладими, - Чиқ машинага, уйга кетдик.

Гулчеҳра йиғлаб юбораёзди, ака-укалар эса севиниб бир-бирларига боқди.

- Сен... - Алим ака Равшанбекка буюрди, - неварамни олиб орқамиздан бор!

Ҳамма енгил нафас олди.

 

Меҳри НУР