+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚАЛАМПИРМУНЧОҚ

(Ҳикоя)

Ойниса қўшни ҳовлига кириб келганида, Зарифа бошидаги оппоқ дурранинг икки учи билан юзини қуёш нурларидан тўсганча шудгорда берилиб ишлаётган эди.

-      Ассалому алайкум, Зарифа опа! - деди Ойниса    томорқасидаги сабзиларни ягана қилаётган  қўшниси билан кўришар экан.

-      Келинг, Ойнисахон, - деди Зарифа  очиқ юз билан кутиб оларкан.

Жувон қорачадан келган бўлса-да, қирра бурни, камалакдай қошлари, доимо кулиб турувчи тим қора, шаҳло кўзлари  ҳинд гўзалларини эслатарди.

- Дарчадан қарасам, астойдил меҳнат қиляпсиз. Fайратим жўшиб, ёрдамга чиқдим.

- Сизни овора қилиб қўймайман-ми?

- Овораси бормикан. Ошларимиз серсабзи бўларкан-да, - деди кулиб Ойниса.

У қўшниси кўрсатгандай ягана қилар, шаҳарлик бўлгани учунми, бу меҳнат унга завқ бағишларди. Ширин бир ифор унинг бурнига урилди. Атрофга қаради. Узун енгларини шимариб, чаққон ҳаракат қилаётган Зарифанинг ёқасидаги қалампирмунчоққа кўзи тушди. Бир пайтлар бундай мунчоқни энасининг ёқасида кўрган эди. Хотиралар жунбушга келиб Зарифага деди:

- Зарифа опа, ёқангиздаги қалампирмунчоқни кўриб болалигим ёдимга тушди. Энамнинг ҳам қалампирмунчоғи бўлар эди. Ҳар гал бизни бағрига олганида шундай ширин ифор таралар эди.

- Ҳа, тўғри айтасиз. Илгари оналаримиз сохталикдан кўра табиийликни хуш кўрар эдилар. Бу қалампирмунчоқ онамдан қолган ёдгорлик, - дея оғир хўрсинди Зарифа.

- Онангиз оламдан ўтганларми?

- Ҳа. У пайтлар мен ва синглим жуда ёш эдик. Болалигимиз ғурбат билан ўтган.

Икки аёл ғайрат билан ишлаш давомида қизғин суҳбатга берилиб кетдилар. Зарифа қалампирмунчоқ баҳона болалик йилларини эслади.     

Ўшанда ёзнинг иссиқ кунлари эди. Беш ёшлар чамаси Зарифа кўчадан ўйнаб уйга кирди. Ичкаридан отаси Санжарнинг бақир-чақириғи, онаси Ҳамиданинг йиғлаётган овози эшитилди. Бундай жанжаллардан зада бўлган жажжи юрак ҳовли саҳнида туриб қолди. Онаси:

-      Бизга раҳмингиз келсин, ташлаб кетманг, - дея ялиниб-ёлворарди.

Отаси эса:

-      Сенда ҳеч қачон кўнглим бўлмаган. Ҳатто ўғил туғишни ҳам билмайсан, - деганча  ташқарига чиқди ва қизига кўзи тушди.

Зарифа  "дада", - дея чўчибгина унга ёпишди. Санжар совуққина қизининг юзидан ўпиб қўйди. Сўнг русчалаб бир нималар деганча, кўчага отилди. 

Кун ора бўладиган бундай нохушликлардан безиллаб қолган қизалоқ онасининг пинжига суқилди. Жажжи қўлчалари билан тўзиб кетган сочларини силаб, юзидан ўпди.

Ҳамида уни бағрига босар экан:

- Бунча ҳам пешонам шўр бўлмаса?!, - деди-да ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Бақир-чақирдан чўчиб уйғонган бешикдаги синглиси очиққан шекилли, лаблари тамшанди. Бешик белбоғига маҳкам боғланган қўл ва оёқларини бўшатишга ҳаракат қилди. Кучи етмагач, бошини у ёқдан-бу ёққа уриб ижирғанди.  

Шу кундан бошлаб Зарифанинг бутун кўнгли ярим бўлди. Орадан учқур отдай кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Аммо, отасидан дарак йўқ эди. Эшик "тирқ" этса онаси шўрлик югуриб чиқар, отасини бир кун эшик қоқиб кириб келишига умид боғлар эди. Тоғалари келинойиларидан, холалари поччаларидан яшириб, хабар олиб турдилар. Аммо, "еб ётишга тоғ ҳам туриш бермайди" деганларидай, онаси иш қидира бошлади. Синглиси тарбияланаётган боғча мудираси диёнатли аёл экан, уларнинг қийналганини кўриб, онасини фаррош қилиб ишга олди. Кундузлари ишлар, кечалари тун ярмигача дўппи тикиб, рўзғор тебратар эди. Бу орада Зарифа ҳам мактаб ёшига етиб, ўқий бошлади. Онаси узун тунлар Чўлпоннинг шеърига айтилган  қўшиқни хазин овозда хиргойи қилар, шоир гўё бу қўшиқни онасига атаб ёзгандай эди:

Кетдингму мангуга ташлаб,

Қолдимму қайғуларим-ла.

Ҳижроннинг куйини бошлаб,

Йиғловчи чолғуларим-ла?

Кетдингму сен мени ташлаб,

Қолдимму қайғуни бошлаб.

Зарифа онасига сездирмай, кўрпага бошини ўраб, "пиқ-пиқ" йиғлар, дадасининг кўнглига йўл тополмаган онасига раҳми келарди. 

Ёз кунларида ҳовли саҳнига ўрнатилган сўрида онаси билан узоқ суҳбат қуриб ўтирар эдилар. Онаси бағрида ётган синглисига юлдуз тўла осмондаги тўлин  ойни кўрсатиб:

- Оймомо,  менга ширин кулча ташла, дегин! - дер эди.

Зарифа ҳам эркаланиб, секингина онасининг ён томонидан суқилиб кириб, илиқ кўксига бошини қўяр эди. Бурмали кўйлагининг ёқасига қадалган тўғноғичдаги қалампирмунчоқ юзларига тушиб, ўзидан ажиб бир бўй таратарди. Гарчанд отаси бўлмаса-да, онасининг иссиқ бағрида ўзини бахтиёр ҳис қиларди у.

Шундай тунларнинг бирида ҳовлига чиққан онаси қайтиб кирмади. Ҳушёр ётган Зарифа ортидан чиқди. Не кўз билан кўрсинки, онаси ҳовлида чўзилиб ётарди. У бор овози билан дод солиб қўшниларни ёрдамга чақирди.  Қўшнилар "Тез ёрдам" чақирдилар. Афсус, Зарифанинг онаси Оллоҳга омонатини топшириб бўлган эди.

Онасининг ўлими ёш Зарифани қайғуга ботирди. Қизалоқларни тоғаси Баҳром бағрига олди. Икки ўғли ва бир қизи ёнига яна икки фарзанд қўшилди. Хотини Назиранинг ичидан қиринди ўтиб турган бўлса-да, эл-улусдан уялиб, индаёлмади. Аслида-ку, қўлидан иш келиб қолган қизалоқлар унга тайёр дастёр эди.

Назира бу сағираларга фарзандлари қатори меҳр бера олмади. Зарифа синглиси билан тинимсиз меҳнат қилса-да, ҳамиша миннат ошини ичар эди.

Бир куни Зарифа синглиси билан жиянларини ўйнатиб ўтирган эди. Қариндошларининг тўйига кетган Назира дарвозадан катта тугун билан кириб келди.

"Ая, нима олиб келдингиз?"- дея фарзандлари тугунни ўраб олдилар. Назира тугундаги ширинликларни уларга улашди. Бир четда  мунғайиб турган опа-сингилга икки дона конфет узатаркан, Зарифанинг кўйлагига қадалган тўғноғичга кўзи тушди.

- Алмисоқдан қолган бу матоҳни қайдан топиб олдинг?,- дея ёқасидаги қалампирмунчоққа ёпишди.

- Бермайман, аямнинг қалампирмунчоғи бу, - дея Зарифа келинойисини куч билан  итариб юборди.

Бунга чидай олмаган Назира: - Ҳали қараб тур, сени  тоғангга урдирмасам, юрган эканман, - деди ғазаб билан.

Назира  айтганини қилди. Кечга яқин эрига Зарифадан шикоят қилди:

- Етим қўзи асрасанг, оғзи-бурнинг мой этар, етим бола асрасанг оғзи-бурнинг қон этар, деб бежиз айтишмаган экан, - дея ёлғондакам кўз ёш тўкди. Воқеанинг асл моҳиятига етишга шошқалоқлик қилган тоғаси:

- Ҳали, келинойингга қўл кўтарадиган бўлиб қолдингми? - деди-да, ундан жавоб ҳам кутмасдан жиянининг юзига тарсаки туширди.

Бу зарбадан Зарифанинг кўзларидан ўт чақнаб кетди. Шу куни у пайт пойлаб синглисини етаклаганча тоғасиникидан чиқиб кетди. Шўрлик етимлар бора оладиган биргина жой - қабристон эди. Хотира кунлари тоғаси  онасининг қабрига олиб келарди. Ҳартугул ёдида қолган экан. Опа-сингил онасининг совуқ қабрини қучоқлаб, узоқ йиғладилар.

 Отаси, онаси борлар - атиргул тагида ўйнар,

 Отаси, онаси йўқлар - қабрнинг бошида йиғлар.

Ҳеч қайси фарзанд ота-онасидан эрта жудо бўлмасин. Етимларнинг кўзидан тўкилган аччиқ ёшдан майсалар титраб кетди. Оҳу- фиғонидан гўё булутлар ҳам йиғлаётгандай, ёмғир бир-икки томчилаб ўтди. Қайрағочлар шохидаги қушлар сайрашдан тўхтади. Кечга яқин йиғлайвериб кўзлари қизариб, қовоқлари шишиб кетган опа-сингил шу атрофда яшовчи Холида аммасининг уйига кириб келдилар. Уларни бу аҳволда кўрган аммаси ваҳимага тушди.

-      Нима бўлди? Тинчликми? Нега йиғладиларинг?, - деди Холида жиянларини бир-бир бағрига босаркан.

Зарифа аммасига бўлиб ўтган воқеани айтиб бермоқчи бўлди. Бироқ, келинойисининг важоҳати кўз олдига келди-да, индамай қўя қолди. Фақатгина маҳзунлик билан: - Аямни соғиндик!, - деди кўзлари жиққа ёшга тўлиб.

Аммаси  уларни яхши кутиб олди, меҳмон қилди. Уч кун ўтгач, Зарифани бир четга чақирди. "Поччанг зиқна одам. Сизлар келган кундан бери уйда тинчлик йўқ, тоғангнинг уйига кетинглар", демоқчи бўлди-ю, аммо айтолмади.

"Биз ҳам жўжабирдай жонмиз. Меҳмон бўлиб келсаларинг, ҳамиша уйимиз очиқ. Аммо, ихтиёр менда эмас. Шунинг учун сизларни уйимда ортиқ олиб қололмайман", дея  жиянларини Санжарнинг ҳовлисига олиб борди. Улар билан хайрлашар экан, кўзларига  ёш олди.

Шу  кеча Зарифанинг кўзларига уйқу келмади. Онасининг зебигардонини очди. Унда бир жуфт тилла зирак ва қалампирмунчоқ осилган тўғноғич турарди. У қалампирмунчоқни қўлига олди. Тўйиб-тўйиб ҳидлади. Энди ундан онасининг бўйи келарди. Ўксиб-ўксиб йиғлади.

- Яхши ҳамки, жиянларим қайтиб келдилар. Агар акси бўлганда, сен ҳам бу уйда бир кун турмас эдинг. Улар менинг опамдан қолган ёдгорларим. Етимлар бўзласа, кўкда фаришталар ҳам йиғларкан. Уволидан қўрқмайсанми? - дея Санжар  хотинига танбеҳ берар эди.

Бирин-кетин опа-сингилларнинг бўйи етиб, совчилар кела бошлади. Бу орада Назирага ҳам инсоф кирган эди. Эри билан қўша жон бўлиб,    сеп-сидирға қилдилар. Оқ фотиҳа бериб, эгаларига топширдилар. Зарифа катта бўлгани учун онасидан қолган тилла зиракни унга бердилар. Зарифа рози бўлмади.

- Синглим олсин, она меҳрига мендан кўра кам тўйди, - дея зиракни синглисига ҳадя этди.

Орадан неча йиллар ўтди. Қанча кўйлаклари эскириб йиртилди. Аммо, қалампирмунчоқ она меҳрига тўймаган кемтик юрагига далда бўлаётгандай ҳамон у билан.

Зарифанинг ҳикояси сўнггига етгач, Ойниса кўз ёшларини арта-арта ҳовлисига қайтди. Кеча қилган иши эсига тушиб, ичи ёнарди.

Кеча эрталаб ҳовли юзини супураётиб, ерда ётган қалампирмунчоққа кўзи тушганди. Қайнонаси бомдод намози ўқиш учун таҳорат олаётиб, тушириб қўйган экан. Ойниса беписандлик қилди. Супуриб чиқиндилар билан бирга хандаққа ташлаб юборди. Қайнонаси сўраганида, ҳеч тап тортмасдан "билмасам", - деди.  "Шунга шунчами?"- дегандай лабини ҳам  буриб қўйди. Ҳозир эса ўз хатосини тушунди. Қайнонаси ёлғизликда беш фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказганини келин бўлиб келмасдан аввал онасидан эшитган эди.

"Отам йўқлигини сездирмай катта қилдилар. Емай едирдилар, киймай кийдирдилар, онамни ранжитманг", - дея илк никоҳ кечаси эри ҳам насиҳат қилганди. Қалампирмунчоқда қайнонасининг хотиралари яшириниб ётганини англаб етди. Секин-аста чуқурга тушди. Чиқиндилар орасидан қалампирмунчоқни ахтара кетди. Куннинг қизиган палласи бўлгани учун таралаётган бадбўй ҳидга ҳам писанд қилмади. Ваниҳоят, топди. Гўё, олмос топиб олгандай севиниб кетди. Гўдакни чўмилтиргандай авайлаб ювди. Қуриши учун офтоб юзига қўйди. Қалампирмунчоқдан ҳамон ширин бир бўй таралиб турарди.

 

Ёқутхон ОБИДОВА