+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Қайнона бувимнинг мактублари

Турмуш чорраҳаларида

"Сен - менинг оламимдаги ягонам, меҳри юрагимга жо бўлган, атрофга фақат менинг кўзларим билан боқадиган,   уйимнинг фариштаси, жонимнинг жон риштаси! Танишганимизга беш йил бўлган бўлса, сени жуда кўп хафа қилдим. Сен эса мени бирор марта бўлса ҳам ранжитганинг йўқ. Аксинча, доимо менинг кўнглимни олишга ҳаракат қилдинг. Бу оламда сендайин меҳрибон топилмаса керак. Ўзи аслида Сен деган сўзнинг ўзи нотўғри, Сиз ҳар доим энг яхшисига лойиқсиз!"...

Хатнинг охирида "Ҳурмат билан: турмуш ўртоғингиз Аҳмадали" деб ёзилган.

Эшик четига қистирилган бу мактубни ўқиб, ҳаяжондан юрагим гупиллаб кетди. Наҳотки?..

Хатни ўпиб, маҳкам қучоғимга босдим-да, жавон тепасига қўйдим, энди буни йиллар давомида асраб-авайлайман, деб ўзимга-ўзим сўз бердим.

Шу куни турмуш ўртоғимнинг ишдан келишини сабрсизлик билан кутдим. Ҳовлиларга сув сепдим, райҳонларга сув урдим, кичик ариқ четига бир тарвузни думалатиб қўйдим. Қозонга аччиққина мастава ташлаб, ҳовлидаги сўрига жой тайёрладим. 

Эримнинг ёши саксонга бориб қолган бувиси бор. Қулоқлари оғир, кўзлари ҳам хира тортган, оёқлари оғрийди, пилтанглаб зўрға юради. Бувижонга бир коса мастава узатдимда:

 - Иссиққина ичиб оларсиз, ҳадеб мени чақириб овора қилаверманг, ўзим келаман! -  деб тайинладим.

Эримни кутиб олиш учун ўзимга оро бериб, ойна олдида узоқ қолиб кетдим. Бир вақт ҳовлига чиқсам, не кўз билан кўрайки хожам сўрида оёқларини чўзиб олиб ухлаб ётибди. Аста билдирмай ёнига бордим-да, қулоқлари олдига келиб, "пах" деганимни биламан, эрим ёстиқни олиб бошимга тушириб қолса бўладими. Жаҳлини кўрмабсиз, кўзлари ғазабдан ўт бўлиб ёнди, менга бақира кетди:

- Аҳмоқ хотин, қачон ақлинг киради сени, товуқмия, йўқол, кўзимга кўринма!

Нимага шунча тайёргарлик кўрдим, "беш йил деганда эримга инсоф кирибди", деб ўйлабман, эрталабки мактубни ўқиб адашибман, менимча у хатни туш кўраётиб, уйқусираб ёзган бўлса керак.

Товуқларга дардимни айтиб, сўрида йиғлаб ўтирсам, ҳовли четидаги ҳужрадан бувижоннинг овози келди:

- Келин, ҳой келин, келинжонууууу!!!

"Борей, мен сенга хизматкорманми? Бақирсанг бақириб ўлиб кет, жонга тегди шу кампир ҳам, ўлса ўла қолмади, мен ҳам уйга кириб кетаман, зора овози эшитилмас".

Шу кириб кетганча ухлаб қолибман, тонгда уйғониб қарасам, эрим ўринда эмас, ҳовлига чиқсам йўқ,  қизиқ, ишга кетди десам, ҳали анча вақтли. Ҳужра ёнидан ўтарканман, деразадан ичкарига қарадим. Эрим бувисининг ёнида ётибди. Жаҳлим чиқди, ойнани очиб бақириб бердим.

- Нима, ётоғингиздан илон чиққанми, бу ерда ётасиз, туринг, соат саккиз бўлди, ишга ҳам кечга қолдингиз, индамасам, бу ерда ғафлат босиб кечгача ухлайверасиз шекилли.

Эрим чўчиб уйғониб, деди:

- Бақирма, овозинг ўчгур, бувимни уйғотиб юборасан.

Эрим нонушта ҳам қилмай ишга кетди. Мен қатиқ олиш учун қўшни маҳаллага кетдим. Қайтиб келганимда, эшикка яна хат қистирилган. Олиб ўқидим, эримдан, чиройли жумлалар ёзиб, кечирим сўрабди, хат сўнггида мени жуда яхши кўришини айтибди. Қувониб кетдим. Мана, бўларкан-ку, ширин сўзлар билан инсоннинг кўнглини олса ҳам. Ва яна уй ишларига шўнғиб кетдим.

Кечга томон эрим келди, аммо, ширин сўздан асар ҳам йўқ, қовоғини уйиб олган, овқат емади, ҳеч нарса бўлмагандек уйга кириб, ухлаб олди.

Кунлар шу тариқа ўта бошлади, ҳар куни тонгда эшикка қистирилган мактуб турган бўлади. Аммо, кечқурун яна шу аҳвол. 

Шубҳалана бошладим, қизиқ, мактубни ўзи ким ёзяпти экан? Аммо, эримга ҳеч нарса демадим. Пойлашга қарор қилдим.

Эртасига ҳар кунги вақтда эрим ишга кетди, чамаси ўн дақиқалардан сўнг, мен ҳам банка кўтариб, гўёки қатиқ олиш учун "кетдим". Аммо, ортимга қайтиб, қўшни томонга тиралган ўтинлар орқасига ўтиб кузата бошладим.

Шу пайт...Кўзларимга ишонмайман, наҳотки?..

Бир қўлида ҳасса билан, зўр-базўр эмаклаб, эшик кесакисига хат қистирмоқчи бўлаётган одам - эримнинг саксон яшар бувиси эди. 

Хашаклар орасида ўтириб, кўзларимга ёш келди. Бувижоним аслида меҳридарё инсон экан, шу вақтгача уларнинг   меҳрларини ҳис қилмабман, қадрига етмабман. Бечора, зерикиб чақирса, малол олибман. У бўлса бизнинг бахтимизни,  уйимизнинг уй бўлишини ўйлаган экан.

Ўша куни ҳужрада қолдим. Эрим келганида бувижоним мени "онасиникига кетди" деди. Эримнинг жаҳли чиқиб:

- Сизни бир ўзингизни ташлаб-а? Овқат ҳам қилиб бермагандир ҳали, шошманг, ҳозир ёнингизга кираман, овқат олиб келай кўчадан, бирга еймиз, - деди.

- Шошилма, болам! - деди бувижоним ва набирасини ёнига ўтқазиб насиҳатини бошлади:

- Келин барака топсин, ҳар кунгидек менга уч маҳал иссиқ овқат қилиб берди, ўзи едириб, сўнг кетидан оёқларимни уқалаб, мен билан анчагача гаплашиб ўтирди, кўнглимни кўтарди, яхшиям шу келин бор, бўлмаса мен анча қийналиб қолардим, болам. Муносабатларинг совуқлашганига қўярда-қўймай, онасиникига жўнатиб юбордим. Унақа қўпол, қилдан қийиқ ахтарадиган бўлма, эркак киши кенг феъл бўлгани яхши. Хотин киши жаврайди, мукаммал хотинни етти иқлимни ахтариб ҳам тополмайсан.   Хотинингни сев, айбларига кўз юм, кечиримли бўл, муроса қил! Шундагина у ҳам сенга ён босади. Келин ҳам Оллоҳнинг омонати болам, меҳр берсанг, меҳр қайтади. Сенлар аҳил яшаб, бахтли бўлсаларинг, мен гўримда тинч ётаман болам, шуни унутма!  Ҳа айтганча, энди кечаси ёнимга чиқиб олишни бас қил. Мен ёлғиз эмасман, раҳматли бувангнинг руҳи ҳамиша мен билан.

Эртасига бувим менга сабзини тўғраб, гуручни тозалаб берди, гурунглашиб ўтириб ошга уннадик. Эрим ишдан келишига ош дамлаб, чиройли либосларимни кийиб олдим.

- Уйингдагилар яхши эканми, яхши бориб келдингми?, - деди хўжайиним ишдан қайтиб ҳеч нарса бўлмагандек.

Юзига қарасам, кулиб турибди. Менга кўзлари ёниб қараяпти. Бу бувижоннинг мақтовларидан бўлса керак, деб ўйладим.

Ҳазил-ҳузул билан кечки овқатни биргалашиб тановул қилдик. Ҳа, бахт деб аталган манзил шу бўлса керак. Ва бу бизнинг доимий манзилимизга айланди.

Биз бу манзилгача узоқ юрдик, турмуш ўртоғим, бувижоним менинг ёмон одатларимга сабр қилдилар, мен яхши уй бекаси, меҳрибон келин, суюкли ёр бўлишга аҳд қилдим. Бу илоҳий масканда бир умр бахтли ҳаёт кечирамиз.

Дарвоқе, кейинчалик билдим, қайнона бувим нафақат менга эримнинг номидан хат ёзган, балки, эримга ҳам менинг номимдан кечирим сўраб нома ёзган, "бир умрли суюкли ёрингиз, вафодор чўрингиз бўлиб қолувчи М." дея мактубни якунлаган экан.

 

Муҳайё ФАРҲОД қизи