+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БЕВАНИНГ ҚАРFИШИ

Турмуш чорраҳаларида

Нодиранинг турмуш ўртоғи  оғир хасталикдан вафот этди. Турмуш ўртоғининг  вафотидан сўнг, жувон  икки нафар фарзанди билан  тўрт сотихлик ҳовлида ёлғиз, ҳувиллаб қолди. Рўзғор ташвишлари унинг зиммасига тушганди.

Рўзғор ўз оти билан "ғор", ғорни эса тўлдириб бўлмайди.

"Бирон жойга кириб, ишлашим керак", - ўйлади Нодира. 

Кўнгилдагидек иш тополмагач, ўзларига яқин жойдаги бозорчага чиқиб, савдо қилмоқчи бўлди. Акаси қаршилик билдириб, "бизникига юр, сени ўзим боқаман", деганди, Нодира рози бўлмади.

Хуллас, жувон бозорчада ул-бул сота бошлади. Мева-чева, сабзавотлар кунда кетадиган харидоргир маҳсулот, шу сабаб Нодиранинг қўли анча-мунча пул кўра бошлади. Фарзандлари ҳам бозорча яқин бўлганлиги учун онасининг ёнига келиб-кетиб туришарди.

Баъзан, бу ерда тўс-тўполон бўлиб кетарди. Уришқоқ, бозорда кўзи пишган, тирикчилик ташвиши, рўзғорнинг ғамида эркакшодага айланиб бўлган аёллар гоҳ жой, гоҳ харидор талашиб, сал нарсага шанғиллаб кетардилар. Ҳақиқий ҳаётни энди кўраётганди Нодира. Эркакларнинг ҳам яхши-ёмонлари бор эди. Айниқса, ёши олтмишлардан ўтган, ўлгудай майдагап, инжиқ Холдорбойни кўпчилик хуш кўрмасди. У Нодиранинг ёнидаги растада савдо қилар эди.

Холдорбой тоға жуда зиқна, уришқоқ, бунинг устига судхўр одам эди. Одамларга фоизга пул бериб, даромад қиларди, бозорга мева-чева олиб келиб, тарозидан уриб сотар эди. Бунинг устига кунда "ичиб олиб" атрофдаги шерикларига кун бермасди.

Бир куни эрта тонгдан маст аҳволда бозорга келган Холдорбой тоға кечга қадар    мижғовланиб, у ёқдан-бу ёққа юрди, эзмаланиб, барчанинг энсасини қотирди. У ҳеч ким эътибор бермаётганидан жаҳлланиб, "ҳунар" чиқара бошлади:

- Ҳой одамлар, пул йўқолди, пул!

Атрофдагилар бирин-кетин йиғила бошлади. Қанақа пул?, кимники?, Қанча эди?, дея савол бера бошлашди.

Холдорвой тоға қизариб кетган афтини буриштириб, деди:

-  Мен мана бу томонга, стол устига юз минг сўм пул қўйгандим,  деб, Нодира томонга ишора қилди.

Нодира қўрқиб кетди. У кўкатфурушлардан Холдорбой тоғанинг шунақа одати ҳам борлиги ҳақида эшитганди.

Сотувчилар Холдорбой тоғани феълини билсалар-да кўнгил учун суриштира бошладилар. У эса безрайиб:

- Мен биламан ким олганини, - деди Нодирага ишора қилиб, - сиз олгансиз, тўғрими, ҳар куни рўзғорга қийналаяпман деб, нолиганингиз-нолиган, кеча ҳам ўғлимнинг оёғига туфли олишим керак, деб юргандингиз. Яхшиликча қайтариб беринг, бўлмаса шармандангизни чиқараман! - деб қолди.  

Нодира титраган қўллари билан уч ёшли ўғли Умиджоннинг бошини силаркан, кўзларида ёш билан деди:

- Тўғри, пулга муҳтожман, топган пулларимни рўзғорга аранг етказаяпман, лекин пулингизни мен олганим йўқ, худо ҳаққи, қорним оч қолган тақдирда ҳам, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайман, намоз ўқийман мен, Аллоҳдан қўрқаман, туҳмат қилманг, ака!

Одамлар ҳам Нодиранинг гапини маъқуллаб, унинг бундай аёл эмаслиги, болаларини бир ўзи  тарбия қилса-да, ҳалоллик, тўғрилик билан боқаётгани, ожиза аёлга туҳмат қилиш гуноҳлигини айтсаларда, Холдорвой гапида маҳкам туриб олди.

"Сен одамларнинг кўзига бечора бўлиб кўриниб, уларни ҳам алдаяпсан, барибир пулларимни сен олгансан, ҳа, эркакларга кўз сузсам, ёнимни оладида, дегансан", дея бақириб, Нодиранинг дилини оғритди.

Бева аёл йиғлаганча боласининг қўлидан тутиб, бозорчадан чиқиб кетди. Унинг орқасидан кимдир ачиниш билан, кимдир нафрат билан қарар экан, Холдорбой ғолиб жангчидай илжаяр, "ўғри, шаллақи" деб ғудранарди.

Ёмон гап қанотли бўлади, дейдилар. Арзимаган гап-сўз бир зумда бозордаги расталар аро тарқалди. Нодира бир пасда ўғрига чиқди.

Аслида Холдорбойнинг ҳеч қандай пули йўқолмаган, Нодиранинг бозори чаққон бўлиб бораётгани унга ёқмаган эди.

Шу-шу Нодира бозорчада бошқа кўринмади. Поликлиникада ишлайдиган тоғаси уни ўз соҳаси бўйича, шошилинч ёрдам касалхонасига ишга жойлаб қўйган эмиш.

Кунларнинг бирида,  касалхонага оғир беморни олиб келишди, унинг боши ёрилган, бир қўли ҳам синган эди. Суриштирув ишларини олиб борган терговчининг гапларига қараганда, беморни бир тўда безорилар дўппослаган ва пулларини олиб жуфтакни ростлаган.  Бу иш тунда, бозорда содир бўлган, шунинг учун безориларнинг на юзини, на изини ҳеч ким кўрмаган, одамлардан сўрашганда эса: "зўр иш бўлибди, насибасига ярашасини олибди бу судхўр, яхшироқ дўппослаш керак эди", дейишибди. Ўша куни бемор маст аҳволда бўлган экан.

Нодиранинг бу гаплардан хабари йўқ, беморга ёрдам кўрсатиш учун палатага кирди. Каравотда эса кўзлари кўкарган, бир қўли синган, бутун афти қонга беланган Холдорвой тоға ётарди.

 Оқибатхон

МАДАМИНЖОН қизи,

 

Булоқбоши тумани.