+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ШИРИНЛИК

(45-сон, 2016 й.ҳикоя

Парвин НУРАЛИЕВА, Озарбайжон адибаси.

Узундан-узоқ савдо қилишни ёқтирмайман. Лекин кийим-кечак дўконларини яхши кўраман. Маошимни олар-олмас оёғимни қўлимга олиб, шаҳар савдо марказларига чопаман. Аммо, афсуски, маошим жуда кам. Кошкийди, ҳеч қаерда ишламасаму, ҳар кун маош олсам, қандай ажойиб иш бўларди. Бир ой ишлатишади, аммо фақат бир кун маош беришади. Шунақаям адолатсизлик бўладими? Берган маошлари бўлса, икки кўйлак олар-олмас тугайди-қўяди. Қишлоққа ҳам пул юбора олмайман.

Аслида ойлигимдан онамга заррача фойда йўқ. Нима қилай, хали ёш қиз бўлсам... Турмушга чиқишни, кезишни, бежирим кийинишни истайман. Энг зўр ресторанларнинг лаззатли таомларини бошқаларга қараганда кўпроқ тановул қиламан, дугоналарим менга ҳасад қилишади. Чунки қанча есам-да, асло семирмайман, хипчабелман. Барча ейишга қўрқадиган ширинликларни бўлса, отамнинг сўзи билан айтганда, "бўғзимга келгунча" ейман. Сессия вақтида имтиҳонларга тайёрланар эканман, университетнинг муздай совуқ ўқув залида ўтириб, "Анорганик кимё" китоби саҳифаларини варақларканман, ширинликларни тановул қилиш йўли билан бироз исинмоқчи бўлишнинг нимаси ёмон?

Хонадошларим ширинликни ёқтиришмайди. Шунинг учун ширинликни фақат ўзим сотиб оламан ва хонадаги стол устига қўйиб қўяман. Ширинлик неча кунлаб шу ерда кутиб ётади, лекин уни ейдиган одамнинг ўзи йўқ. Стол устидаги ширинликнинг ҳаммасини ўзим паққос тушираман. Ҳаа... Мана ширинликлар сотиладиган дўкон... Бу дўконни жуда яхши кўраман. Дўконнинг пешонасига "Шамс" деган сўз рангли  ҳарфлар билан қирмизи матога шунақа чиройли ёзилганки, ёзувни кўрган кишининг вақти  чоғ бўлади. Менга жуда чиройли исм қўйишган. "Ироданинг номи қўйилган дўконми? Бизнинг қишлоғимизда Иброҳим амакининг тахта дўконига ўхшайди..." Ҳа, энди буёғини қўяверинг...

Бу дўкондаги сотувчи жуда ғалати йигит... Қўл дегани шунчалик ҳам узун бўладими?! Кафтлари кетмондай келади! Гўё оёқларини билакларига улаб қўйишгандай! Ё худо, қўл дегани шунчалик ҳам катта бўладими? Ўзи бўлса, кесакдай ғирт ҳиссиз... Қачон шу дўконга кирсам, мингта саволга кўмади. Худди шу чоққача мени ҳеч кўрмаган, гўё танимайди. Мен бўлсам, ширинликларни тотиб кўрмай харид қилолмайман.

... Э, Худо, шу тут майизини бунчалик яхши кўрмасам?! Ҳмм... Бу саватдаги тут майизи бўлса, жуда ширин экан... Бундан олишим керак. Айтай, 200 грамм тортсин. Сотувчи ёнимга келди:

-      Марҳамат, ойимқиз. Сизга ёрдам берсам бўладими?

-      Сиз ҳозир мана шу тут майизидан 200 грамм тортинг, бошқаларини тотиб кўргач, айтаман.

Кошки, бу дўконда ишласайдим... Муштарийларга мана бу сотувчига ўхшаб ҳечам халақит бермасдим. Хоҳлаган нарсасининг мазасини тотиб кўрган, ёқтирганларини олишган бўларди.

Эшик очилди, шекилли. Ораликдаги баланд жавонлардан у ер кўринмайди-да. Афтидан янги муштарий келди... Яхши бўлди ҳеч бўлмаса, манави сотувчи ёнимдан кетар, бунақа бездирувчи саволлари билан янги келган хотиннинг бошини қотирар.

Ичига бодом солинган ранг-баранг шоколадларни кўрсам, ўлиб қоламан. Буларни кўп еганим учун онамнинг жаҳли чиқади, шундан сўнг болалик чоғлари ҳақида гапира кетади. Бундай чоғларда йиғловорай дейман. Онам: "Ширинлик  анқонинг уруғи эди, - дейди, - шаҳарга борганлар гоҳо печенье келтиришарди, билганимиз шу эди, холос. Бу ширинликлардан олиб, қишлоққа юборсаммикан? Йўқ, йўқ, яхшиси, ўзим олиб бораман. Аммо йўлда ярмини еб қўйишим турган гап. Демак, бироз кўпроқ олишим керак...

... Бу хотин Мунаввар       аммамга шунчалик ўхшар эканки... Худди ўшандай бўйи паст ва семиз... Лекин бу аёл ўзини кўпам олдирмаган. Ўзига яхши қараши кўриниб турибди, боз устига кўзлари ҳам чақнайди. Аммо калта сочи унга ҳечам ярашмабди.

... Ие, бу нимаси? Биринчи марта кўриб турибман. Болалигимизда чечаклардан ўрган гулчамбарларимизга ўхшайди. Бу ҳиссиз сотувчи, кошки, бирон нарсани билса?!.. Балки, бу хотин билар, ундан сўраб кўрай-чи...

-      Хоним афанди, кечирасиз, бу нима экан, биласизми?

-      Эвелик, қизим. Буни паловга солишади. Қандай мазали бўлишини бир билсанг эди? Ё ҳеч еб кўрмаганмисан?

-      Йўқ, биз томонларда паловга бу нарсани солишмайди. Аммо мазасини тотиб кўришни жуда хоҳлаяпман...

-      Бунинг ҳеч қийин жойи йўқ. Ҳозир сенга ҳаммасини айтиб бераман. Бундан ол, уйга бориб ўзингга палов пишир. Энди диққат билан қулоқ сол, аввалига ёрмани оласан...

... Бу аёл оддий бир таом бўлган паловнинг қандай пиширилишини шунақа келиштириб тушунтиряптики, оғзингдан сувинг оқади. Адабиёт муаллимларимиз ҳам бунчалик чиройли сўзлай олмайдилар. бу хотин адабиёт муаллимамиз бўлганида борми, дарсда телефонимни чиқариб, мактуб ёзиш билан машғул бўлмаган бўлардим...

-      Қизим, ҳозироқ уйга бориб, иш бошлашинг лозим. Бу иш анча вақт олади. Овқатинг оқшомга борибгина пишади. Акс ҳолда улгурмайсан. Сен ҳар ҳолда талабасан, кўпам вақтинг бўлмаса керак.

... Бу қандай яхши аёл-а. Қанчалик сабр-тоқат билан менга ҳаммасини тушунтириб бераётир... Ҳолбуки, холамдан бир нарсани сўрасам, дарҳол жеркиб ташлайди... Сўнгра: "Сени ўғлимга олиб бераман", дейди. Икки дунёда рози бўлмайман! Чунки у уйига келин эмас, хизматкор олмоқчи...

- Бу ерда дўкон қачон очилди? Ширинликдан тортиб, мева-сабзовотгача бор экан. Уйимга ҳам жуда яқин. Мен бозорга борардим. Энди барча керак нарсаларимни ҳар куни шу ердан оламан. Бу занжабилми ёки долчин?

Аёл гўё бу ўғлон ҳамма нарсани биладигандек савол     беряпти...

- Хоним афанди, қани менга беринг-чи, бир кўрай! Бу менимча, занжабил бўлса керак...

- Ҳа, мен ҳам шундай деб ўйловдим. Қизим, сен ҳам ол бундан. Жуда фойдали. Ҳар куни эрталаб бир қошиқ асалга аралаштириб егин. Юзингга, сочларингга жуда яхши!

Э, Худойим-эй, бу хотин қанчалик кўп нарсани билар экан... Қайнона дегани шундай бўлиши керак... Ажабо, бўйдоқ ўғли бормикан? Устига устак ўзи ҳам шу ерда яшар экан! Балки у ҳам мени ёқтириб қолгандир?! Бўлмаса, нега мени бу қадар яқин олади?

- Кўп яшанг, хоним афанди, оламан. Бувим эрталаблари пиширадиган сутли ошга занжабил қўшарди. Занжабил ва долчинни болалигимдан бери яхши кўраман.

- Ҳа, мен ҳам ўғлимга ҳар куни тонгда бу дориворларни қўшиб, олхўрили шўрва пишириб берардим...

...Ҳмм, демак, ўғли бор экан! Маълум бўлдики, ўғлини пўпалаб ўстирган. Ажабо, ўғли отасига ўхшармикан ёки онасига? Бунақа аёлнинг ўғли ҳам келишган бўлиши керак, албатта. Бунақа меҳрибон, устимда ўлиб қоладиган қайнонам бўлса борми, дугоналарим ҳасаддан ёрилиб ўлишади...

Эҳ, бунчалик тентак бўлмасам. Ўзимни бироз ақлли, чаққон, билимдон кўрсатишим керак...

- Кечирасиз, менинг вақтим йўқ, бориб дарс тайёрлашим керак. Бунинг устига овқат пиширишим даркор... Марҳамат қилиб, оладиган нарсаларимни  ўраб бера оласизми?

-      Марҳамат, ойимқиз.

Бу йигитнинг сохта табассумлари асабимга тегади. Ўзича муштарийларга хушмуомала, назокатли кўринмоқчи... Ҳай, майли... ўзимни одобли кўрсатишим лозим. Ҳа, шундай уйига одобсиз келин келтиришни ким ҳам истайди? Бунинг устига шаҳарнинг қоқ марказида...

-      Агар сизга қийин бўлмаса, бодомли шоколоддан ҳам ярим кило тортинг. Асалли пистадан ҳам 300 грамм... Эрон ҳалвосидан ҳам бироз беринг... Сўнг, ҳммм...

-      Жон қизим, менимча, шунчаси етар! Сен бу ёшингда шунчалик қувватли ширинликлар еяверсанг, семириб кетасан. Ундан кейин ҳеч ким сенга уйланишни хоҳламай қўяди... Буларни олдинг, шу етади. Бу гапларни сени деб айтяпман. Энди уйингга бор, буларни еб, дарсингни тайёрла...

Ана сенга керак бўлса, бу аёл бунчалик замонавий экан! Онам айтгандай: "Бўз деганим ипак чиқди". Мен ҳам ҳар куни бир баҳона топиб бу ерга келаман. Бир куни, албатта, ўғли билан бирга келади. Мени ўғлига кўрсатиши керак...энди бироз тош босадиган гаплардан гапирай. Бўлмаса, у мени калтафаҳм, гўл қизлардан деб ўйлайди.

- Тўғри айтяпсиз, хоним афанди. Мен ҳам шу фикрдаман. Аммо буларни фақат ўзим емайман, олганларимнинг кўпини қишлоққа, онамга юбораман.

- Сен жуда ақлли қизга ўхшайсан. Ҳамиша шундай бўлгин.

... Бундай назокатли аёлнинг ўғли ҳам, албатта, савияси баланд, жуда маданиятли бўлиши керак. Ҳозирча эртароқ, кейинги учрашувимизда ўғлидан гап бошлайман. Ҳозир гапирсам, турмушга чиқиш учун ўлиб-тирилаётган экан, деб ўйлайди. Эндиги асосий масала - бу аёлнинг меҳрини қозониш ва хотирасида гўзал қиз бўлиб қолиш... Харид қилган нарсаларимнинг пулини тўлаб, бу ердан чиқишим керак. Аммо, тўғрисини айтганда, ўша ичи ёнғоқли хурмони олмаганим учун куйиб кетяпман...

-      Қизим, эҳтиёт бўлиб кет. Ҳозирги ёшлар орқа-ўнгига қарамай, машина чоптиришади...

Яна бироз қолсам, бу аёл мени роса мамнун қилади. Ҳатто онам менга бунчалик эътибор қилмайди. Холам-чи? Бу ҳақда гапирмаса ҳам бўлади... сотувчи бола ҳам ангра-йиб қолди. Ишонаманки, у ҳам умрида бунақа аёлни кўрмаган.

... О-оҳ... Нақадар каллаварам, қўпол қизман ўзи! Аёлга кўмаклашишни таклиф қилмабман. Энди орқамдан: "Тарбиясиз қиз экан", дейди. Тўрваларини ташишга ёрдам қилишим керак эди. Ким билади уйи нечанчи қаватда? Хали кўпам узоқлашганим йўқ... Ажабо, аёл халиям ўша дўкондамикан? Албатта, ўша ерда бўлса керак...

Эҳ... Бу дўконларнинг эшиги ҳар гал асабимни ўйнатади. Ичкарига очиладими, ташқаригами, билиб бўлмайди. Бу ер дўкон эмас, лабиринт! Ўртадаги баланд жавонлар одамни яхшигина шошириб қўяди. Оллоҳга шукрки, аёл хали кетмаган экан. Бу ҳиссиз йигитга яна бир нарсаларни англатяпти, шекилли.

- ... Ҳозирги қизларнинг тутуриғи йўқ. Замонамиз қизлари енгилтак бўлиб кетган. Бизнинг замонимизда ҳаммаси бошқача эди, бизлар ҳечам буларга ўхшамасдик. Бошимизни кўтариб, бир йигитнинг юзига қарашга уялардик... Сен бироз олдинги қиз нарса танламоқчи бўлди, деб ўйлайсанми? Йўқ... Унақа эмас... У қиз сендай келишган йигитни кўрдию, эсини йўқотди. Кўрмадингми? Сал бўлмаса, оғзидан суви оқаёзди... Гўё ширинлик танлаётганмиш, ўл-а! Ахир сендай йигитни қаердан ҳам топарди... Бу ёш қизлар сендай ёқимтой йигитнинг қадрини, қийматини билмайдилар... Эҳ! Бу дўконни ҳозиргача нега билмаган эканман... Бундан кейин...

 

Озарбайжон тилидан Бобохон ШАРИФ таржимаси.