+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Юр, ланка тепамиз!

(Болаликни соғиниб)

Бир куни 11 ёшли жияним Одилжонга "Бор, томдаги қўйнинг пўстагидан кесиб туш!" деб буюрдим.

-Уни нима қиласиз?-сўради у қизиқиб.

-Нима қилардим, ланка ясайман, тепамиз!

-Вой, хола, сиз ҳам ланка ўйнашни биласизми?

-Аввал ясайлик, кейин кўрасан билишимни!

Ланка ўйинини билсангиз керак-а?! Қўй ёки эчки пўстагидан бир парча  қирқиб, остига танга ёпиштирилади. Бизнинг болалигимизда шишанинг қопқоғи (шишка)ни маҳкамлардик.

Хуллас, жияним иккимиз қора терга ботгунча ланка тепдик. Лекин рости, мазза қилдим. Биринчидан, оёғимдаги оғриқлар йўқолди, иккинчидан, дилимдаги ғуборлар тарқаб кетди. Учинчидан, соғинган болалигим хуморини босгандай эдим.

"Жамила" деган ўйинимиз бўларди. Нимага шундай номланишини билмайман. Аммо, бу бизнинг энг севимли ўйинларимиздан бири эди. Япалоқ тошларни устма-уст териб, уч-тўрт метр наридан тўп билан урамиз ва қочиб қоламиз. Рақиб гуруҳ аъзолари эса тошларни қайта тиклашимизга ҳалақит бериши керак. Эҳ-ҳе, бунақа ўйинларимиз жуда кўп бўлган экан эсласам. "Лопта", "Эшак минди", "Кўз бойлаш", "Ўртада қуён", "Бойланди-бойланди", "Оқ теракми-кўк терак", "Бекинмачоқ", "Черта", "Тўптош", "Арғамчи", "Арқон тортиш" ва ҳоказо...

Ҳар куни ишдан қайтаётиб кўчамиздаги болаларнинг ўйинларини кузатаман. Ва қизиғи, улар бу ўйинларнинг биронтасини ҳам ўйнашмайди.

- Нимага "Лопта" ўйнамайсизлар? - деб сўрайман қўшнимнинг қизидан.

- У қанақа ўйин? - саволга савол билан жавоб беради у.

- Билмайсанларми? Унда "тўптош"чи, уни биларсизлар?

- Биламиз. Ўртоқларим унашмайди-да.

- Нимага?

- Э-э, билмадим!

Қадимда ўйинларнинг турлари жуда кўп бўлган. "Ўзбек халқ удумлари" китобида "Отўйин", "Ҳаммомпиш", "Қушимбоши", "Чиллак", "Варрак", "Ёнғоқ ўйини", "Қурматаёқ" каби болалар ўйинлари ҳақида таъриф бериб ўтилган. Қадимий болалар ўйинлари қайси шакл, мавзу йўналишига эга бўлмасин, лой-тупроқ биланми, ёғоч-у чўп биланми, ипу арқон биланми, болани ҳаётга, турмуш икир-чикирларига, рўзғор ишларига тайёрлашда ўзига хос ҳунар мактабини ўтаган.

Хўш, ҳозирги болалар қандай ўйинларни ўйнашаяпти? Қадим ота-боболаримиздан мерос миллий ўйинларимиздан лоақал биронтасини билишадими?

Шу савол билан кўчада ўйнаётган бир тўп болаларга мурожаат этдим.

- Футбол ўйнаймиз, велосипедда пойга ўйнаймиз, отишмачоқ ўйнаймиз. Плестейшн... - деб жавоб беришди болалар чувиллашиб.

Мен санаб берган ўйинлардан биронтасини ўйнамасликлари, ҳатто айримлари ҳақида умуман билмасликларини айтишди. Компьютер ўйинларини бирма-бир санаб беришганида эса очиғи, лол қолдим.

Тан олиш керак, компьютер ўйинлари эндигина урфга кира бошлаганда, оналарнинг бир ташвиши камайгандек бўлганди. Негаки, болаларининг ўйинда жароҳат олиш эҳтимоли пасайган, кийим-бошига гард юқмаган. Тағин ўйинлар махсус жойларда ўтади, кўчадаги шовқин-сурон безовта қилмайди. Аммо вақт ўтиб шуни тушуниб етдикки, ўша компьютер ўйинлари болаларимизни жисмоний жароҳатлардан суғурталагани билан руҳий ва ақлий зарар етказар экан.

Шу боис бугун компьютер ўйинлари қаршисида соатлаб ўтириб, ҳам саломатлиги, ҳам вақтини беҳуда сарфлаётган айрим болаларнинг заҳил юзи, нимжонгина қўлларига қараб миллий ўйинларимизнинг афзаллигига яна бир бор тан берамиз.

Доимий ўсишда, ривожланишда бўлган ёш тана янги ниҳолдек эгилувчан ва ниҳоятда таъсирчан бўлиши ҳаммага маълум. Шундай экан, болалар компьютер ёки телевизор олдида бир кунда қанча вақт ўтиришлари мумкин, деган савол эсли-ҳушли ота-онанинг дилидан ўтмаслиги мумкин эмас. Боланинг компьютерда неча ёшда, неча соат ва қандай тартибда ўйнашига рухсат этган маъқул? У неча соат ухлаши керак? Фарзандининг соғлиғи ва келажаги ҳақида қайғурадиган ҳар бир ота-она бу масалада психологлар ва врачларнинг фикр ва муносабатлари қандай эканини сўраб билиши ва шунга амал қилиши лозим. Аммо афсуски, назаримизда кўп ота-оналар ўзларида бунга эҳтиёж сезмайдилар. Компьютер олдида кўп ўтириш боланинг кўзи, қулоғи, мияси ва бошқа аъзоларига салбий таъсир кўрсатаётганига эътибор бермайдилар.

Негадир ота-оналар фарзандларининг қандай ўйинларни ўйнаши билан кам қизиқадилар. Ушбу мақолани ўқиётган азиз газетхон, мақолани ўқиб бўлгач, ўғлингиз ёки қизингиздан сўраб кўринг! Улар ҳар куни ўртоқлари билан қандай ўйинларни ўйнайди? Ёки сўраб кўрингчи, фарзандингиз сизнинг болалигингиздаги ўйинларни билармикин? Ҳозирги болалар мен юқорида санаб ўтган ўйинларнинг кўпини билмаслигига мен кафил. Чунки, йиллар ўтиб бундай ўйинлар борлигини ҳатто ўзимиз ҳам унутганмиз.

Ўйинлар қадимдан ёш авлоднинг ақлий, ахлоқий, меҳнат тарбиясида катта аҳамият касб этиб келган. Чунки, бола учун ўйин ҳаётий эҳтиёждир. Катталар ўртасида: "Сен менга дўстинг кимлигини айт, мен сенга сенинг кимлигингни айтиб бераман", деган гап бор. Бу ҳикматни болаларга нисбатан қўллайдиган бўлсак, "Сен менга қандай ўйин ўйнашингни айт, мен сенинг ким бўлиб етишишингни айтиб бераман!" дея ўзгартириш мумкин.

Болалигимда қўшнимизнинг дарвозаси ёнида бир туп тол дарахти бўларди. Ҳар баҳор келганда албатта ўша дарахт новдаларидан сочпопук тақардик. Узун-узун новдаларни олишда эса бизга акаларимиз ёрдамлашарди. Ўша даврларни соғиниб эслайман. Бир гал ота-онамни кўргани борганда ўша толнинг кесилиб кетганини кўриб юрагим увишди. Болаликни қўмсамайдиган одам бу ёруғ дунёда топилмаса керак. Аммо бугунги болалар эртага болалигини эслаганда фақат компьютер экрани-ю, "уруш-уруш" ўйинларини эслашадими? Уларнинг болалик хотиралари шу қадар саёз ва қисқа бўлишини ўйласам, ота-оналарга ҳайқиргим келади:

-Бу ёзганларимни журналист мулоҳазаси деб эмас, хотиралари бой, беғубор давр ўйинларини соғинган ва бугуннинг ўғил-қизларига ўша ўйинларни илинган онанинг кечинмалари деб қабул қилинг! Болангизнинг ўртоқлари билан ўйнайдиган беғубор ва фойдали ўйинлари бўлсин. Бундай ўйинларни у билмаса, сиз ўргатинг! Вақти келиб фарзандингиз сизга раҳмат айтади. Чунки, бугунги бола-эртанги куннинг ижодкор яратувчисидир. Ўйин бу - ижод, ўйин бу ҳаётдир!

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи