+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БОБОМНИНГ ҲИКОЯСИ

Сабоқ

     Болалигимиз - подшоҳлигимиз, - деймиз. Ана шу даврдаги бахтли ҳаётимизни энг аввало, ота-онамиз, оила аъзоларимиз таъминлаб беради. Қолаверса, юртимизда, маҳалламизда шаклланган қадим анъаналар, давлатимиз қонунлари билан эркатой ҳаётимиз янада чиройли бўлган.

Болалигимда бобом билан бўлган бир суҳбатни кўп эслайман. Мен бобомнинг тўнғич ўғилининг энг катта биринчи ўғил фарзанди бўлганман. Беш сингил, уч уканинг акаси эдим. Болалигим мазмунли, бахтиёр ўтган десам, асло муболаға бўлмайди. Дадам давлат ишларида ишлаганлиги сабаб саҳар ишга кетар, қуёш ботганда уйга қайтардилар. Биз - фарзандларнинг тарбияси билан, асосан, ҳеч қаерда ишламайдиган онажонимиз шуғулланарди. Бирортамиз ножўя иш қилиб қўйсак: "Даданг билса, ундай бўлади, даданг эшитса бундай бўлади, энди дадангдан таъзирингни ейсан",- деган дағ-дағалар билан дадамиздан қўрқитиб, бизни тартибга чақирарди.

Ҳамамиз қандайдир уй юмушлари билан шуғулланардик, дарс қилиш билан машғул бўлардик. Дадамиз жиддий кўринишли, камгап инсон эди, аммо бизни эркалатиб, кўтарсалар, биз болалар яйраб кетар эдик. Уйимизда дутор чалиб, қўшиқ ҳам хиргойи қиларди. Онамизга талабчан бўлган, болалари олдида онамизга кулиб гапирганини ёки ҳазиллашганини эслай олмайман. Бугунги кунда ўйлаб кўрсам, дадамиз бирортамизни бирор марта урмаган, сўкмаган, ҳатто, бирортамизга бирор марта бақирмаган ҳам эканлар. Энг ёмон гапи "падарингга лаънат олиб бермоқчимисан" деб хафа бўлганлигини, норозилигини билдирар, қовоқларини солиб жиддий тусга кириб олар эдилар.

Онамизга бу қўл келар, тарбиявий ишлар маромида бажариларди. Шунинг учун бўлса керак, барибир биз дадамиздан қўрқар эдик.  Бугунги кунда биз барча фарзандлар олий маълумотли, яхши касб-ҳунар эгалари бўлиб етишдик. Онамиз дадамизни ўта ҳурмат қилар, у кишига бўйинсунган ва ҳайрихоҳ бўлганлар, дадамизга нисбатан ўзларини мамнун тутардилар. Мен уларнинг муносабатларини зимдан кузатар эканман, улар ўртасида биз билмаган ҳамда тушунмаган илоҳий муҳаббат бор, деб ўйлардим. Албатта, ўн бир жонни боқиш, ўзининг ота-онасию, аймоқларини рози қилиш ёлғиз дадам учун ҳам осон бўлмаган бўлса керак.

Кунлардан бир куни бобом менинг қўлимдан етаклаб юрар экан:

-Қори болам, энди катта йигит бўлиб қолдингиз. Бу йил, худо хоҳласа, мактабга ҳам борасиз, ростми,-дедилар.

Мен суҳбат жиддий бўлишлигини ҳис қилдим. Бобомнинг қувонч тўла ва қандайдир сирли кўзларига қараб бошим билан тасдиқ маъносини билдирдим ҳамда ўзимни улғайган ўспириндек  тутишга ҳаракат қилдим.

- Бобо, мен ҳам катта йигит бўлиб қолдим. Ахир уч нафар сингилларнинг акасиман-ку, - дедим.

Қордек оппоқ соқоллик, юзидан нур ёғилиб кулимсираб турган бобом менга қандайдир ишонч билан қараб, суҳбатни давом эттирди.

- Мен ҳам оилада энг катта фарзанд бўлганман. Дадамларнинг биринчи фарзанди - ўғил бола бўлиб туғилганман. Дадам ҳам бобомларнинг биринчи фарзанди - ўғил бола бўлиб туғилган. Менинг бобом ҳам ўз дадасининг биринчи фарзанди - ўғил бола бўлиб туғилган. Бобомнинг дадалари ҳам ўз дадаларининг биринчи фарзанди - ўғил бола бўлиб туғилганлар экан. Сизнинг дадангиз ҳам менинг оиламдаги биринчи фарзандим -  бўлиб туғилганлар. Мана Сиз ҳам дадангизнинг оиласидаги биринчи фарзанди - ўғил бола бўлиб туғилгансиз. Бундай сирли воқелик бизнинг оиламиз шажараси тарихидаги ҳикматли ҳолат ҳисобланади. Авлодларимиз тарихида қиз болалар ўғил болалардан кўпроқ туғилган. Дадангизнинг ҳам бугунги кунда бир нафар ўғли, яъни Сиз ва уч нафар қизи бор, насиб қилса, Аллоҳ яна фарзандлар ато этгай. Ҳикмат шундан иборатки, Яратганга шукроналар бўлсинким, авлодларимизда биринчи фарзанд ўғил бола бўлиб туғилаверган-да. Менга ёш болалигимда Қуръони Каримдан сабоқ берган бобом насиҳат қилганлар ва бу омонатни келгусида авлодларга етказишимни вазифа қилганлар. Бобомнинг ҳам, отамнинг ҳам насиҳатлари шундай бўлган:

- Бу дунёга инсон бўлиб келишнинг ўзи Аллоҳнинг илмидан, биз учун буюк неъмат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Яратганга шукроналик ва ҳамду санолар айтиб яшаш керак. Зинодан эмас, никоҳдан туғилганимиз ҳам биз учун тенгсиз бахт. Биз инсонларни Аллоҳ танамизни покиза қилиб яратган ва вужудимизга тоза руҳни омонат қилган. Биз бандаларнинг ҳаётимиз мазмуни омонатга ҳиёнат қилмасликдан иборатдир, яъни танамизни ва руҳимизни покиза сақлаб, умргузаронлик қилиб, танамизни ҳам, руҳимизни ҳам Эгамизга покиза ҳолда топширмоқликдир.

Шайтоннинг васвасасидан сақланинг ва нафсингизни жиловлаб олинг. Касбу кор билан тирикчилик қилинг ва бировнинг ҳаққига ҳиёнат қилманг.  Бунинг учун ҳалол ва харомни ажратиб олишингиз, нопок ишлардан ўзингизни сақлашингиз керак. Йигит кишинининг энг биринчи вазифаси ота-онанинг, айниқса, онанинг хизматини адо қилиб, уларни рози қилишдир, ака-ука, опа-сингилларга ғамхўр ва меҳрибон бўлишдир. Худо хоҳласа, униб-ўсиб вояга ҳам етасиз. Сизни уйлаб ҳам қўямиз, оилали ҳам бўласиз. Оилада, никоҳда эр-хотиннинг муносабати муҳаббат дейилади. Бу муҳаббатни Аллоҳ икки ёшнинг розиликларини эшитгандан сўнг Ўзи ҳам рози бўлиб никоҳ сабаб уларга туҳфа қилади. Муҳаббат Аллоҳдандир. Бизга муҳаббат берган Аллоҳнинг барча кўрсатмаларини муҳаббат билан бажармоқ даркор. Никоҳ ҳам имтиҳон ҳисобланади. Қиз бола учун бу бокиралик, ор-номус имтиҳонидир. Йигит киши учун эса бу виждон имтиҳонидир. Бу куннинг сир-асрори Аллоҳга ва йигитга ойнадек маълумдир. Куёв бола ҳам никоҳга бокир, тоза руҳ ва тана покизалиги билан кириб келиши керак. Нафсни, шаҳватни бошқара олган йигитлар оилада бахтли-саодатли яшайдилар. Мана шу хислат бизнинг оила авлодларимизнинг тарихидаги ҳикмат ҳисобланади. Агар шу анъанага муносиб яшасангиз, сизнинг ҳам биринчи фарзандингиз, худо хоҳласа, ўғил бола бўлиб туғилади. Албатта, сиз ҳам, худо хоҳласа, анъаналаримизга амал қиласиз ҳамда келгуси ворисларимизга васиятларимизни сўзма-сўз етказасиз, деган умид билан дуолар қиламиз. Шоядки, насл-насабимиз қиёматгача покиза тана ва  тоза руҳда етиб борса.

Бобом яна кўп фикрларни билдирдилар. Ана шу кунларда мен учун бу вазифаларни бажариш осондек туюлган эди. Бугунги кунда шу нарсага амин бўлдимки, бунга эришиш учун шайтон билан умрбод курашиш ва ғолиб келиш керак экан. Қандай машаққат! Бобом мени бир умр кузатиб тургандек яшадим. Лекин натижаси бахтли ҳиссиёт ва икки дунё саодатидир. Яна шу нарсага амин бўлдимки, оилали бўлиш, қиз ёки ўғил фарзанд кўриш фақат Аллоҳдан экан. Авлодимизнинг ҳикмати бўлган покиза яшаш ва биринчи фарзанд ўғил бола туғилиши, Аллоҳдан бўлса ҳам, шу билан бирга бу оддий тасодиф бўлган.

Боболаримизнинг насл-насабларини тўғри йўлга бошлашга, ўзига хос    тарбиялашга    қўлланилган йўл-йўриқлари бўлган экан.

Парвардигори оламга шукроналик бўлсинки, биринчи фарзандим ўғил бола бўлиб туғилди, биринчи фарзандимнинг биринчи фарзанди ҳам,  набирам ўғил бола бўлиб туғилди. Имтиҳонлардан аъло баҳоларда ўтгандек бўлдик. Болам ўз вақтида бобосидан васиятни қабул қилиб олган эди. Набирам куни-кеча олти ёшга тўлди. Бобо ва набира - иккимизнинг ўртамизда жиддий суҳбат бўлиб ўтди. Боламнинг боласига оғир вазифалар бериб қўймадиммикан, деган фикрлар ҳам ўтди кўнглимдан.

Шиддатли ва тезкор бугунги ҳаётимизда маккор шайтоннинг  ожиз бандалар устидан ҳукмронлиги ортиб бораётгандай туюлади менга. Шундай бўлса ҳам, умидларимиз катта. Ахир инсон ақл-идрокли, кучу қудратли бўлиб, Оллоҳнинг ер юзидаги халифаси қилиб яратилган-ку! Набирамга шулар ҳақида гапирар, қандайдир ишонч ва меҳр билан қарар эканман, бобомнинг сўзлари ёдимдан ўтди. "Шоядки, насл-насабимиз қиёматгача покиза тана ва тоза руҳда етиб борса."

Муҳаммадамин АХУНОВ,    

Республика "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзоси.