+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Меҳр риштаси

Ҳикоя

Қизчаларим, қизчаларим,

Олтин юлдузчаларим,

Тиллари чучук-чучук,

Бир-биридан кичик-кичик.

 

Ҳар гал кун қорайгач, дала юмушларидан ҳориб қайтган дадасини қарши олиш учун югургилаб пешвоз чиққан қизалоқларини Мўминжон ака эркалаб, ўзи тўқиган сўзларни айтиб, бағрига босади, пешона, юз-кўзларидан ўпади. Оила бекаси Озода ая ота-болаларнинг дийдорлашувини завқланиб кузатади.

Дилфуза, Феруза, Наргиза...бирин-кетин улғайишди, мактабга қатнашди. Йиллар ўтиб, мактабни аъло баҳоларга битиргач, кетма-кет олий ўқув юртлари талабалари ҳам бўлдилар.

Кунлар ўтиб, қизларга совчилар кела бошлади. Бирини кузатсалар, бошқаси  кириб келарди. Кўп ўтмай, навбати билан қизларни яхши жойларга узатиб, эгаларига топширдилар. Чаққон, ўқимишли, оқила қизларнинг бахтлари кулди. Яхши жойларга  келин бўлишди. Энди қизлари вақтига қараб, ота уйига бирров келар, иш, турмуш ташвишларидан  гапириб, дарров жўнаб қоладиган бўлдилар.

Бир сафар кичик қизи Наргиза ота-онасидан хабар олиш учун кириб келганида, қизларининг ташрифини байрамдек кутиб оладиган онасини ғамгин ҳолда  кўриб, ҳайрон бўлди.

- Оғирлашмай юрибсанми? - ой-куни яқин Наргизадан ҳол сўради Озода ая.

- Яхшиман, ая, хавотир олманг, тинчликми, жуда хомушсиз?

 Озода ая ҳушёр қизидан сир яширолмасди.

- Бир нимадан сиқиляпсизми? - бетоқатланиб сўради Наргиза.

- Опанг, Дилфузадан хавотирдаман, - ахийри ёрилди она. - Беш йилдан буён тирноққа зор.

Опалари билан кўришганда, Дилфузанинг очилиб, ёзилиб ўтиролмаслик сабаби  айнан шу фарзандсизлик эканини Наргиза ҳам сезарди.

- Яқинда бир гап эшитдим,-давом этди Озода ая. - Қайнонаси агар булар болали бўлишмаса, Анваржонни бошқа уйлайман, деган эмиш. Опангнинг уйи бузиладиган чоғи, - ая кўз ёшларини бармоқлари билан сидирди. Онасининг эзилганига тоқат қилолмай  ўтирган Наргиза ўйланиб қолди. Ўзича, опасига қандай ёрдам бериш чорасини излади. "Бечора онам, қиз ўстириб, яйраб ўтириш ўрнига..."

- Дўхтирларга  кўринишётувди  шекилли...

- Нафи бўлмаяпти...

 Узоқ жим қолишди. Наргиза бирдан хаёлида айланаётган фикрини айтишга жазм қилди.

- Бир нарса айтсам, койимайсизми?

- Олдин айт-чи?

- Шу...Кўзим ёригач, боламни опамга берсам. Бизни ўғлимиз бор.

- Эсинг жойидами? Уйингдагилар нима дейди? Эринг бунга кўнадими?

- Олдиларидан ўтаман, тушунтираман.

Озода ая бу кутилмаган таклифни тасаввурига сиғдиролмай, бир зум бўшашиб туриб қолди. Тўғри, ўзаро келишиб, шундай йўл тутаётганлар бор, бу ҳақда эшитган. Бироқ шу сабабли Наргизанинг турмуши бузилиб кетмасайди! Унинг қарори уйидагиларга маъқул бўлмаслиги мумкин!

-      Майли, тушунтир, агар қарши бўлишса, оёқ тираб туриб олма, рўзғоринг дарз кетмасин, опангнинг ҳам пешонасига ёзгани бўлар...

... Одилжон Наргизани индамай эшитди. Бундан ота-она- Шарофат ая ҳам, Эгамберди ота ҳам хабар топди.

- Агар рози бўлсанглар, опамга ёрдам бермоқчиман,- Наргиза уларга қарорини тушунтиргач, қўшиб қўйди. Ҳеч кимдан садо чиқавермагач, Эгамберди ота қатъий, аммо кескин гапирди.

- Келин, шу қарорга келган бўлсанг, тўғри ўйлабсан, ҳеч кимни кўз очиб кўрган рўзғоридан айирмасин. Сен савоб ишга қўл уряпсан.

Шарофат ая ҳам отанинг фикрини маъқуллар экан, "хола ҳам она қатори", деб қўйди. Наргиза қайнона-қайнотаси уни тушунганидан беҳад суюнди. Энди у бу ҳақда албатта опасига етказиши керак.

Поччаси, унинг ота-онаси нима дер экан.

... Яхшики, опасининг қайнота-қайнонаси: - майли, ўша фарзанддан кейин ўзи ҳам фарзанд кўрса ажабмас, - дея рози бўлишибди.  

...Наргиза қиз кўрди. Туғруқхонадан чиққан куни у мунчоқдек жажжи чақалоғини уни ҳаяжонланиб кутиб турган Дилфуза опасига тутқазди.

-      Мени ҳаётга қайтардинг, синглим,- Дилфузанинг ёш тўла кўзлари Наргизага  миннатдор боқар, чақалоқни бағрига босиб, уни ҳидлар, қўл, юзларига секин юзларини тегизиб қўярди. Кўпдан бери орзиқиб кутилган шодлик, қувонч чақалоқ билан бирга Дилфузанинг хонадонини обод қилганди...

... Орадан йиллар ўтди. Бу орада Наргиза яна бир ўғил, бир қиз кўрди. Дилфуза ҳам ҳам ўғилли бўлди. Ҳар сафар байрам, ҳайит кунлари ота уйига йиғилганларида  болаликлари ўтган хонадон файзга тўлади. Катта-кичик болажонларнинг шодон  қийқириғи, ўйинлари ҳовлига сиғмайди. Шунда, кексайиб қолган Мўминжон ота атрофига набираларини йиғиб олади-да, бир вақтлар қизалоқларига айтган эркаловчи оҳангдаги сўзларини ўзгартириб, хониш қилади:

Набираларим, набираларим,

Олмос кўз қароғларим,

Тиллари чучук-чучук,

Бир-биридан кичик-кичик...

Умида  ЭГАМБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.