+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЯХШИЛИК ЯХШИ

Ҳаёт - ибрат мактаби

Дунёда яхшилик бор экан, диёнат, инсоф яшайверади. Инсон умри давомида кимгадир эзгулик соғинса, унинг қийин кунларида ёрдам қўлини узатса, дардига малҳам, ташвишига шерик бўла олса, демак, у бекор яшамабди. Қилган яхши амаллари билан одамлар дилида абадий қолади, ўзидан яхши ном қолдира олади.

Имонли инсон қўлидан келганча одамларга яхшилик қилади. Тили ва иши билан бировга зиён етказмайди. Билмайин бирор хатога йўл қўйса, уни дарҳол тўғрилашга интилади.

Яқин бир танишим бор. Унинг юзидаги нур, кўзидаги меҳр яхши ишлари билан яна-да зиё сочади. Дилоромхонни таниганлар унинг сахийлигига, оқибатлилигига, инсоний фазилатларига ҳавас билан қарайдилар. Дўсту яқинларидан, ҳатто бегоналардан ҳам энг оғир вазиятларда ёрдамини аямайди.

Камхаржроқ дугонамиз тўй қилди. Қиз узатишнинг ўзи бўлмайди. Ҳамма ота-она ҳам эл қилганини қилгиси келади. Фарзандининг ўксинишини истамайди. Дугонам ҳам етиниб-етинмай сарполарни қилишга уринарди. Бироқ қизнинг бир камини тўлдиргунча, яна бир кам-кўсти кўринарди. Мебелгаку хали ортинганича йўқ. Дугонам қизига уларни тўйдан кейин олиб беришларини, ҳозирча имкониятлари етарли эмаслигини тушунтиришга уринар, бўлажак келинчак эса тушунишни истамасди. Бу кўнгилхираликка олиб келарди.

Шундай қийин бир даврда Дилоромхон билан суҳбатлашиб қолдим. У дугонамизнинг қандай камлари борлиги ҳақида билишни истади. Тўй харажатлари аста-секинлик билан бўлаётгани, бироқ мебель тўғрисида муаммо чиқаётганини айтдим. Дилоромхон ўйланиб турди-да, ётоқхона мебелларини тўёна қилишини айтди. Бироқ буни у қилганини ҳеч ким билмаслигини истади. Сабабини сўрадим.

- Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, дейилади ҳадисларда. Мен буни одамлар билиши учун қилмоқчи эмасман. Фақатгина ёрдамга муҳтож бўлган одамга чин кўнгилдан ёрдам бермоқчиман. Эртага уларнинг манзилини бериб, тўёна дея икки энлик хат ёзиб, бозордан тўғри уйларига жўнатаман. Сиздан илтимос, бу ҳақда ҳеч кимга айтманг. Эҳсон айтиб қилинса, ўз қадрини йўқотади, - деди Дилоромхон. Мен рози бўлдим.

Дугонамиз тўйдан кейин ҳам анча вақтгача яхши бир одамнинг жуда оғир вазиятда ёрдам бергани, фақат ўзини таништирмагани, ундан бир умр миннатдор экани ҳақида гапириб юрди, уни дуо қилишдан чарчамади.

Дарҳақиқат, орамизда мана шундай олиҳиммат инсонларнинг борлиги ҳаёт синовларини енгишимизга кўмак беради. Яхшилик барибир яхши эканини ёдда тутишимизга ундайди.

Оқибатхон МАДАМИНЖОН қизи,

Булоқбоши тумани.