+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

МИРКОМИЛБОЙНИНГ ОНАСИ КИМ БЎЛГАН?

Манбашунослик

Бадиий адабиётлар орасида ўтмишда яшаб, ном қозонган шахсларнинг ҳаёти ва  фаолияти баён этилган тарихий романлар алоҳида ўрин тутади. Айниқса, ўзбек ёзувчилари томонидан яратилган Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимизнинг Ватанимиз тарихида тутган ўрни ва аҳамияти очиб берилган тарихий асарлар китобхонларда катта қизиқиш уйғотади. Андижонлик шоир ва ёзувчи, драматург Олимжон Холдорнинг қаламига мансуб "Миркомилбой" тарихий-биографик романи ҳам ана шундай асарлар жумласидандир.

Ушбу асар мустақиллик йилларида икки марта чоп этилган бўлиб, дастлаб "Миркомилбой" воқеий романи сифатида 1998 йилда Тошкентда "Ёзувчи" нашриётида, сўнгра эса муаллифнинг III жилдлик сайланма асарлари тўпламида 2002 йилдаТошкентда "Шарқ" нашриётида қайтадан босиб чиқарилди.

Унда XIX асрнинг иккинчиярми - XX асрнинг биринчи чорагида Андижонда яшаб ўтган Миркомилбой Мирмўминбоевнинг серқирра ва зиддиятли ҳаёти ҳикоя қилинади. Асарда баён этилишича, Миркомилбойнинг отаси Мирмўминбой, бобоси Мирнодирбой бўлиб, аждодлари Андижон шаҳрида яшаб ўтишган. Шунингдек, унинг Мирҳолиқ, Мирҳошим, Мирмақсуд, Мирраҳим исмли ўғиллари ҳамда Зуҳрахон, Адолатхон, Хосиятхон ва Иноятхон исмли қизлари бўлган.

Роман муаллифи ўз асарида, Миркомилбойнинг никоҳида Тўпахон, Энабиби, Ойимнисо ва Тожихон исмли хотинлари бўлганлигини ҳам қайд этган. Бироқ асарнинг 1998 ва 2002 йиллардаги ҳар иккала нашрни таққослаганда, Миркомилбойнинг онаси ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Миллий архивида сақланаётган фондлардаги материаллар орасида, Туркистон ўлкасида чор  мустамлакачилиги даври тарихига оид ҳужжатлар ҳам кенг ўрин эгаллайди. Хусусан, шу пайтда ўлкада чор ҳукумати томонидан ташкил этилган муассасалар орасида нотариал идоралари ҳам фаолият юритган. Ўзбекистон Республикаси Миллий архивининг 637-фондида, Андижон уезди ҳудудида 1907-1915 йиллар мобайнида фаолият кўрсатган нотариус Александр Алексеевич Бровцин томонидан юритилган иш ҳужжатлари сақланади. Мазкур фонднинг 1-рўйхатидаги 113-сонли йиғмажилд Миркомилбой Мирмўминбоевнинг васиятномаси деб номланади. Нотариус томонидан Андижон шаҳрида 1908 йил 9 ноябрь куни рус тилида битилган ушбу қўлёзма ҳужжатни тузишда уч нафар рус миллатидаги фуқаролар холис сифатида иштирок этишган. Нотариал тартибда расмийлаштирилган мазкур васиятноманинг мазмуни қуйидагича: "Мен қуйида имзо чекувчи, Андижон шаҳрида яшовчи Миркомил Мирмўминбоев, вафот этган тақдиримда қуйидагиларни: қонун бўйича менга тегишли бўлган барча кўчма ва кўчмас мулклар, шахсий маблағим ва фоизли қоғозлар ҳамда қарз олиш-бериш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлар, қаерда ва қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, туққан онам Энабиби Буваматбоевага, биринчи хотиним Ойимнисо Ҳамрақулбоевага, иккинчи хотиним Тўпахон Мирвоҳидқориевага, ўғилларим Мирҳошим, Мирмақсуд, Мирраҳим, Мирюсупга, қизларим Хосият, Адолат, Зуҳра, Иноятга, шунингдек, мен берган ушбу васиятнома тузилганидан кейин, юқорида кўрсатилган иккита хотинимдан туғиладиган фарзандларимга тўла эгалик ҳуқуқини бир хил, баравар тақсимланишини, фармойиш қиламан. Васиятномани тузилишида иштирок этган катта ўғлим Мирхолиққа эса васият қилинган    мулкларим бўйича даъво қилишдан қариндошларимни четлатишини топшираман". Васиятнома битилган ҳужжатнинг остига Миркомил Мирмўминбоевнинг ўзи араб имлосидаги имзосини қўйган.

Васиятнома битилган архив ҳужжатида келтирилган маълумотларни, Олимжон Холдорнинг "Миркомилбой" асаридаги маълумотлар билан манбашунослик нуқтаи назаридан таққослаб солиштирилганда, Миркомилбойнинг фарзандлари тўғрисидаги далиллар мос келганини таъкидлаш лозим бўлади. Ушбу ҳолат эса, роман муаллифини ҳақиқатда архив ҳужжатларидан ҳам фойдаланганини тасдиқлайди. Асарнинг муаллифи Миркомилбойнинг никоҳида тўрт нафар хотини бўлгани, иккинчи хотинининг исми Энабиби эканини баён этган. Бироқ юқорида қайд этилган архив ҳужжатида Энабиби исмли аёл Миркомилбойни туққан онаси эканлиги, никоҳида эса Ойимнисо ва Тўпахон исмли хотинлари бўлгани баён этилган.

Ушбу мақолада илк марта илмий муомалага киритилган мазкур архив ҳужжатидаги маълумотлар асосида, Миркомилбойни туққан онасининг исми шарифи Энабиби Буваматбоева экани исботланди. Худди шунингдек, ушбу ҳужжат орқали, Миркомилбойнинг Мирюсуп исмли бешинчи фарзанди ҳам бўлгани аниқланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Энабиби Буваматбоева асар қаҳрамонининг онасини эканлиги тарихий ҳужжатлар асосида тасдиқланди.

 

Авазбек МИРЗАЕВ,

Андижон давлат университети "Жаҳон тарихи" кафедраси катта ўқитувчиси,

тарих фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори.