+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДАГИ МЎЪЖИЗА

(1- сон) ҳикоя

Сайёра Қодиржоннинг қўлларини кафтлари орасига олиб, нафаси билан иситиб ўтирарди…

- Сенга айтгандим-ку, қор ўйнама, шамоллаб қоласан, деб! Нега доим гапимни икки қилаверасан?

- Кечиринг, аяжон, бошқа ундай қимийман!  Саккиз ёшдан ошган бўлса-да, ҳалигача тенгдошлари сингари гапира олмайдиган, талаффузда қийналадиган Қодиржон аясидан кўзларини олиб қочди.   Кейин нимадир эсига тушдими, бироз ўксиниш билан онасига юзланди:

- Ая, бугун мактабга боймийманми?

- Йўқ, устозингга ўзим айтиб қўяман.

Сайёра ўғлини кўрпага ўраб, тушлик тайёрлаш учун ошхонага чиқиб кетди. Бу орада опаси Сарвиноз мактабдан қайтди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, ойиси йўқлигига ишонч ҳосил қилгач,сочларига қўшиб майдалаб ўрилган зарларни апил-тапил еча бошлади.

- Кейдийзми, опа?  Сарвиноз укасининг ўраниб ётганини кўриб, ёнига ўтирди, эгилиб, пешонасини ушлаб кўрди.

- Зай опкейдийзми?

- Жим, аям билмасин! Қорбобо ҳаммамизга совға берди. Арча атрофида мазза қилиб ўйнадик… ҳайрат ва иштиёқ билан таассуротларини сўзлаб бераётган Сарвиноз онасини кўриб, жимиб қолди.

Икки йилдан буён бу уйда ҳеч ким Янги йилни байрам сифатида тилга олмайди. Чунки уч йил аввал айнан шу кунда Сарвиноз ва Қодиржоннинг дадаси Нодирбек Қорбобо кийимида уйга келаётиб, автоҳалокатга учраган, бевақт ҳаётдан кўз юмган. Шундан буён Сайёра нафақат Янги йилни, балки барча байрамларни ёмон кўриб қолган.

Бу уйда "байрам" сўзи қайта айтилмайдиган бўлган.

- Ая, бугун мактабга бояй. Тузайиб қойдим. Сайёра Сарвинознинг ҳам, Қодиржоннинг ҳам ҳамма гапларини эшитди. Аммо ўзини эшитмаганга олди.

- Болалар, тушлик тайёр, ўтириб овқатланиб олинглар. Дастурхон бошида биров чурқ этиб оғиз очмади. Сайёра ўйга чўмиб қолди. Қилаётган иши тўғримикин? Нодир акаси байрам куни вафот этган бўлса, болаларнинг айби нима? Ўша куни у Қодиржонга мактабга боришга рухсат бермади. Кечга бориб боланинг иситмаси баттар кўтарилди. Сайёра опа ноилож нариги кўчада турадиган укаси Давронга қўнғироқ қилди:

- Даврон, Қодиржоннинг иситмаси тушмаяпти, "Тез ёрдам"  етиб келгунча бизникига кела оласанми?

Даврон етиб келгач, орадан бироз вақт ўтиб, "Тез ёрдам" машинасида шифокорлар келиб, Қодиржонга керакли муолажа қилишди. Бола ухлаб қолди. Сайёра уйга қайтишга чоғланган Давронга "ёрилди":

- Даврон, болалар икки йилдан буён байрам нималигини билмай келишади. Агар иложи бўлса, Янги йил куни бизникига Қорбобо олиб келгин, деди.

Онаси бу йил болаларга Янги йил байрамини нишонлашга рухсат берди. Уйда арча безалган, турли-туман таомлар тайёрланган. Қодиржон Маугли мультфильмидаги айиқ, Сарвиноз эса қора йўлбарс либосини кийиб олган. Аммо… Қорбободан дарак бўлавермади.  Сайёра укасига бир неча марта қўнғироқ қилиб, тушолмади. Соат ўн икки бўлишига саноқли дақиқалар қолганда эшик тақиллади.

- Қорбобо келди! - Сарвинознинг шодон овози эшитилди. Ҳамма хурсанд, Қорбобо улар билан мазза қилиб ўйнади, совғалар берди, болалар унга шеърлар айтиб беришди.

Соат ўн икки бўлгач, ташқарида бирма-бир мушаклар порлай бошлади. Ҳаммалари томоша қилгани чиқишди. Сайёра Даврон унга қўнғироқ қилгани ҳақида уяли телефонига келган хабарни ўқиб, укасининг рақамини терди.

- Янги йилинг муборак бўлсин, Даврон!

- Раҳмат, опа, ўзингизга ҳам қутлуғ бўлсин! Болалар ухлаб қолишдими?

- Сен жўнатган Қорбобо билан мушакларни томоша      қилишяпти. Раҳмат сенга! Анчадан буён уларни бунчалик хурсанд кўрмагандим!

-    Опа, мен Қорбобо жўнатганим йўқ.

Сайёра ҳайратдан жимиб қолди.

- Мана бу шишали ўйинчоққа қараб ҳар бирингиз биттадан тилагингизни айтсангиз, у албатта, амалга ошади!   Ташқаридан кириб келган Қорбобо савол назари билан қадалган Сайёранинг нигоҳларидан кўзларини олиб қочди.

- Янги йил муборак бўлсин, Сайёр…

Унинг сўзлари худди Нодир акасини эслатиб юборди. Бундай бўлиши мумкин эмас...

Сайёра Қорбобонинг қўлидан шишали ўйинчоқни тортиб олди:

   - Мен… Ўғлимни тенгдошларидек равон гапиришини истайман!

- Мен бу тилакни бажаришга ҳаракат қиламан. Энди кетадиган вақтим бўлди…дея Қорбобо  болаларни қучиб, эркалаб хайрлашди.

- Кетманг! - Сайёра Қорбобонинг қўлларидан тутди. Лекин Қорбобо шошиб ташқарига чиқиб, кўздан ғойиб бўлди.

Сайёра кўнглига ширин туйғуларни солган Қорбобонинг кимлигини билолмай бир неча лаҳза қотиб қолди ва Қодиржоннинг кутилмаган ҳайқириғидан ўзига келди:

- Урре, бизникига ҳам Қорбобо келди-и!

Яратганнинг инояти билан  мўъжиза юз берди, қулоқларига ишонмади. Ўғли равон гапирарди. Сайёра хурсандликдан қизи ва ўғлини бағрига босганча унсиз йиғлар эди.

 

 

Ш. ЭШМИРЗАЕВА.