+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

СОFИНЧ

(3- сон) ҳикоя

Оппоқ "Каптива" қишлоқ йўлида силкина-силкина борарди. Ниҳоят, у икки четига тут экилган кўчага бурилди. Кўчада ўйнаб юрган болалар улкан машинага ҳайрат ва қизиқсиниш билан қараб турарди. Олмос Баҳромович каттакон темир дарвоза олдига етганида сигнал берди ва машинани тўхтатди. Ичкаридан эллик беш ёшлар чамасидаги аёл ва унинг ортидан болакай олдинма-орқа меҳмонга пешвоз чиқишди.

- Келинг, ака, хуш келибсиз, қани, ичкарига, - деди Сожида опа. Олмос Баҳромовичнинг одати шунақа: қишлоққа қачон келса, энг аввало,  якка-ю ёлғиз синглисининг ҳовлисига тушади. Унинг набиралари, яқинлари билан ҳол-аҳвол сўрашиб, кейин ўзи туғилиб-ўсган хонадонга йўл солади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Синглисининг яқиндагина олган келини - Моҳинур дарров меҳмонга дастурхон ёзиб, янги узилган нонларни келтирди. Тавозеъ билан чой узатди.

Олмос Баҳромович ўзини енгил ҳис қилди. Синглисининг набираси - бийронгина Аброр билан у ёқ - бу ёқдан гаплашган бўлди. Боланинг гапларидан "ҳийлагина" зукколигини сезди. Математикадан туман фан олимпиадасида ғолиб бўлибди. "Булар биздан кўра зўр бўлади", хаёллади ўзича. Олмос Баҳромович ҳовлига чиқди. Узоқларда бошини қор қоплаган тоғларга назар ташлади. Болалиги қолган бу кўчаларни у беш қўлдек билади. Болалигида ҳам у мана шу тоғларга узоқ-узоқ тикилар, онасига саволлар берар, неча   минглаб чақирим наридаги бу тоғларга гўё бир югуриб етиб олиши мумкиндек туюларди. Сал нарида ўзи туғилиб ўсган ҳовли, у ерда ҳозир кекса онаси бор.

Ўша болаликда осмонга боққан Олмосбекка фалак ҳам яқиндек туюларди.

- Ака, нега туриб олдингиз, овқат бўляпти, - деди ошхонадан чиққан синглиси.

- Раҳмат, овқат қочмас, бувимнинг олдига борай, - меҳмон кетишга тараддудланди - Қайтишда яна бир кираман...

- Бир-икки кун турарсиз, - деди синглиси.

- Ҳа, таътил олдим, - деди Олмос Баҳромович кўча эшикка йўналаркан. У   синглисига атаб олган совғаларини Аброрга тутқазди-да, хайрлашиб, машинани ўт олдирди.

Олмос Баҳромович ўзи туғилиб ўсган уйига кирганида онаси қўшниникига чиққан экан, дарров қайтиб чиқди. Она-бола узоқ дийдорлашишди. Олмос Баҳромович болалигидан энг азиз бўлган  онасининг иссиқ тафтини яна бир бор туйди. Бир соатлар чамаси онаси билан суҳбатлашгач, яёв кўчага чиқди. Тўппа-тўғри Даврон Чиноқнинг чойхонасига юрди. Қиш бўлишига қарамай, бу ерда одам гавжум, хоналар деярли банд эди. Қишлоқнинг кўпни кўрганларидан бири - Абдулазиз ака билан кўришиб, йўқотганини топгандек суюнди. Бир умр ҳисобчилик билан шуғулланган бу ҳалол ва чўрткесар одам отасининг дўсти эди.

- Домла, бу гал узоқиб кетдингиз-ку, - деди Абдулазиз ака.

- Ҳа, энди, иш кўп-да, - деди Олмос Баҳромович мужмалроқ қилиб.

- Иш тугармиди домла, - деди суҳбатдоши. - Ишни биздан аввалгилар ҳам тугатолмаган, биз ҳам тугатолмаймиз, биздан кейингиларга ҳам етиб-ортади, - деди у.

- Жамланиб қопсизлар-да, - деди Олмос ака гапнинг нишабини бошқа тарафга буриб.

- Ойда бир эски жўралар тўпланиб турамиз, - изоҳ берди Абдулазиз ака.

Олмос Баҳромович ҳамсуҳбатига ҳавас билан тикилди. Ахир, ўзи мана, неча ойки, пойтахтдаги жўралари билан бундоқ ёзилиб ўтиролгани йўқ. Сабаби, институтда иш кўп. Ишни топшираман-да, оёқни узатиб мундоқ одамга ўхшаб ётаман, деб эди, қаёқда! Ректор сиз бизга кераксиз, деб аризасига қўл қўймади. Шу-шу бўлди-ю, Олмос Баҳромович яна ишга шўнғиб кетди. Талабаларга маъруза ўқиш, магистрлар билан ишлаш, институтнинг ва кафедранинг ички йиғинлари, тадбирлар чилвир сингари уни аввалгидан ҳам маҳкамроқ боғлаб олгандек. Бир тарафи, ичида айримлар аллақачон пенсияга чиққан бўлса, дамини олса бўлмасмикан, деб маломат қилишидан хавотирланади. Ахир беш қўл баробар эмас-да! Аммо, начора! Манавиларнинг йўриғи бўлак - аллақачон ишни топшириб, ростмона нафақахўрга айланган. Олмос Баҳромович мана шу таътилни сабрсизлик билан кутди. Ниҳоят, қон босимининг сал кўтарилганига ҳам қарамай, она қишлоғига йўл олди. Ўтган олти ой муддат ичида бир неча ҳамқишлоғи бандаликни бажо келтирибди.

"Яқиндагина номига ёққан қор эриб битган, қишнинг ўртаси бўлишига қарамасдан, ҳаво мўътадил эди.

Олмос Баҳромович болалиги ўтган кўчадан бир-бир босиб, қабристон тарафга бурилди. Отаси ва бошқа яқинлари ҳаққига дуо ўқиди. Сўнг, унда-бунда панжара ўрнатилган баланд-паст жойлар оралаб, уйига элтувчи йўлга чиқди. Ажаб, шунча йиллар ўтибди-ю, бу манзаралар ҳали ҳам ўзгармабди - ўша йўллар, ўша дала-ю кенгликлар, суви хайқириб оқувчи ўша Хонариқ - бари-бари аввалгидек. Фақат, одамларнинг уйлари аввалгидек эмас. Бу ерларда ҳам Олмос Баҳромович болалигида кўрган, томи текис, баҳорда баъзиларининг устида лолақизғалдоқлар униб чиқувчи уйлар ўрнида кўркам, шинам уйлар қад ростлаган. Эшиги ғичирлаб очиладиган магазин ўрнига икки қаватли супермаркет қурилибди. Ҳамқишлоқларининг юзида шодлик ифодаси. Кўпларининг тагида замонавий уловлар...

Бу одамлар унинг юрагига яқин. Шу қадар яқинки, буни сўз билан ифодалашга унинг қурби етмайди. Ахир улар Олмос Баҳромовичнинг болалигига, яхши-ёмон кунларига гувоҳ бўлишган. Бир маросим ўтказса, белини боғлаб тик туришган. Ўз навбатида Олмос ҳам оёғи олти, қўли етти бўлиб, уларнинг тўй-маракасида хизмат қилган. Кейинроқ бола онасидан оқ фотиҳа олди-ю, Тошкентга йўл олди. Ўқиди. Изланди. Иқтисод фанидан илмий иш қилди. Институт зиналаридан чопқиллаб чиқиб-тушганларини у яхши эслайди. Устозлари унинг ҳаракатчанлигини кўриб, шу ерда олиб қолишди. Хуллас, оддий бир қишлоқ боласи бориб-бориб иқтисод фанлари доктори Олмос Баҳромович бўлди... бироқ, одам улғайгани сари унинг ташвишлари ҳам улғаявераркан. Бу олимнинг шахсий фалсафаси эмас. Бироқ, ҳар нима бўлганида ҳам у бирор лаҳза ўзи униб-ўсган мана шу қишлоқ сеҳридан, оҳанрабосидан айро тушган эмас. Имкон топди дегунча, қишлоққа ошиқади. У ёқда фарзандлар, набиралар... Олмос Баҳромович гоҳида уларни ҳам эргаштириб келади. Қишлоқ шундай кунларда янада обод бўлиб кетади унинг кўзига. Кекса онаси атрофида уймалашган фарзандлар, набираларни кўриб, унинг ўзи ҳам гўё болага айланиб қолади. Бироқ, бир-икки кун ичида бу "байрам" ниҳоя топади - ё ишхонадан, ё дўстлардан бири қўнғироқ қилади-да, фалон иш чиқиб қолди, дейди. Қарабсизки, олим яна йўлда. Яна эски ташвишлар, йиғилишлар, маърузалар... Йўқ, буларнинг ҳам ўзига яраша гашти бор, ахир кўзига қараб турган шогирдлар, ҳамкасблари, соҳага оид яратган дарсликлари Олмос Баҳромович умрининг мағзи-мазмуни, ортингда қани ўйла-чи бир он, нима қолди, деган саволга берадиган жавобларидир. Ахир инсон учун ўзгаларга   асқотишидек олий бахт борми бу дунёда!

У ёлғизоёқ йўлдан бораркан, шуларни ўйлаб борарди. Умуман, у ҳозир мана шу қишлоққа тўқсон икки эмас, бир минг бир юз тўқсон икки томири билан боғланганини ҳис қилди. Ортда қолаётган кенгликлар, йўллар, кўчалар - бари-бари унга қадрдон эди.

"Ёш ҳам олтмишдан ўтди, - ўйлади у. - Хотинининг энди бас, дамингизни олинг, деб куйинганига анча бўлди. У ҳам бир нарсани билмаса, гапирмайди. Мана, кўз тегмасин, бир-биридан яхши шогирдларим бор. Йилдан-йилга зукко, кадрлар етишиб чиқяпти. Улар биз бошлаган ишларни албатта охирига етказишади. Шу гал борсам, барига қўл силтайман-да, нафақага чиқиб, шу ерга - мени Олмос Баҳромович қилган табаррук манзилга кўчиб келаман..."

Қўл телефонининг жиринглаши унинг хаёлини бўлди. Олса - ректор экан. Қайдалигини сўради.

- Қишлоқда эдим, - деди Олмос Баҳромович.

- Устоз, эртагаёқ етиб келинг, чет эллик ҳамкасбларимиз тажриба алмашгани келишяпти, баҳонада иқтисодий соҳа истиқболларига оид илмий анжуман ҳам белгиладик. Ўзингиз бошида турмасангиз бўлмайди...

Ана, мулла Олмос, бу ёғи неча пулдан тушди? - гап қотди у ўз-ўзига.

Олмос Баҳромович уйига келди-да, онаси билан апил-тапил хайрлашди. Она ҳайрон эди. У вазиятни тушунтирди. Ахир, орадаги масофа шуни тақозо қиларди. Олим бир ҳафтами-бир ойми, бир йилми - барибир қишлоққа буткул қайтиш мақсад-муроди билан "Каптива"сини ўт олдирди-да, кўчада ўйнаб юрган болаларга яна бир карра ҳайрат улашиб, жўнаб кетди...

 

Икромжон АСЛИЙ.