+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ВАҚТ ҚИЙМАТИ

(25- сон) Жаҳон адабиётидан намуналар

О.  ГЕНРИ, Америка адиби.

Ота одатдагидай ишдан кеч қайтди. Ҳорғин, ҳафсаласиз, гавдасини аранг судраб остона хатлади. Бўсағада уни мижжа қоқмай кўзлари тўрт бўлиб, интиқ кутаётган беш яшар ўғли қаршилади.

-      Салом, дада! - деди у қувончдан кўзлари порлаб.

-      Салом, бўталоғим, ҳалиям ухламадингми?

- Йўқ. - дея жавоб берди бола ва   сабрсизлик билан сўради. - Дада, майлими сизга савол берсам?

- Майли. Қани эшитайликчи,   оромингни ўғирлаб, алламаҳалгача сени йўлимга интизор қилдирган қандай савол бўлди у?

- Бир соатда қанча пул топасиз? - кўзларини пирпиратиб болаларга хос содда самимият ила сўради болакай.

Беш яшар боланинг фавқулотда берилган антиқа саволи отани хайрон қолдирди ва жаҳлини чиқарди.

- Бемаҳалда бошқа бўлмағур савол ўйлаб тополмадингми? Қолаверса, бу сенинг ишинг эмас, зумраша.

- Дада, илтимос, мен шунчаки билмоқчи эдим, айта қолинг, бир соатда қанча пул топасиз? - оёқ тираб туриб олди болакай.

       Боланинг ҳукми пошшонинг ҳукмидан устун эмасми, ота қараса, жавоб бермаса бўлмайдиган, жовдираб тикилаётган покиза кўзлар билан нигоҳи бақамти келганидан кўнгли ийди ва:

- Бир соатда 20 доллар ишлайман қўзим, - дея жавоб қилди у боласининг бошини силаб.

- Яшасин! - қичқириб юборди кичкинтой. - Дада, менга 10 доллар қарз бериб тура оласизми?

Буниси ҳаммасидан ўтиб тушди ва дарғазаб отанинг сабр-косаси тўлиб, ортиқ жаҳлини яширолмади:

- Ие, тағин яна нима ўйлаб топдинг. Қаердаги кераксиз ўйинчоқларни сотиб олишинг учун дадам 10 доллар беради, деб ўйласанг чучварани хом санабсан. Қани ҳозироқ жойингга бориб ёт ва охирги пайтларда қанчалар худбин бола бўлиб ўсаётганинг ҳақида ўйла! Мен ҳар кун бетиним меҳнат қиламан ва жоним халқумимга келиб аранг уйга қайтаман. Сенинг хархашаларинг ва инжиқликларингни кўтаришга тобим йўқ!

Мўлтираб турган кўзларга ёш қалқиди. Болакай индамай ортига ўгирилди. Чарчаган ота дам олгани ўрнига чўзилди, бироқ ҳар қанча хориган, жисмонан эзилган бўлмасин ҳадеганда кўзларига уйқу инай демасди. Асаблари дош бермай, боласига бақиргани учун кўнгли бузилди. "Тун ярмигача ухламай, топган саволини қаранг. Қизиқ, 10 доллар унга нега керак бўлиб қолдийкин?". Шу йўсинда орадан бир соат ўтди. Ота у ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, лекин кўзлари юмилмади. Бу туришда саҳаргача ухлолмаслигини англаб, ўрнидан турди. Ҳовуридан тушган ота сокин ўй сурар экан: "Чиндан ҳам болам шу 10 долларга муҳтож бўлса, мен жигаргўшамнинг гапини эшитмай туриб, кутганини ҳам рўйхотир қилмай уришиб бердим", дея кўнгли хижил бўлди.

У ўғлининг хонаси томон йўналди. Эшикни секингина очиб:

- Ухлаяпсанми, болажоним? - деб сўради.

-      Йўқ, уйғоқман, дада.

- Сенга нисбатан ноҳақлик қилганимни тушундим. Шунинг учун бўлса керакки, мижжа қоқмадим. Мендан ранжимадингми? Баъзан катталар ҳам хато қиладилар. Мана сенга 10 доллар, энди эски гиналарни унутамиз.

Бола пулни қўлига ҳам олмай, ёстиғининг остидан бир даста ғижимланган пулларни чиқарди. Ўғлининг ҳаракатларини сукут сақлаб кузатиб турган ота ҳайратда эди.

- Шунча пулинг бор экан, мендан тағин 10 доллар сўраганинг нимаси, бўталоғим?

- Пулим борликка бор эди-ку-я, аммо етмасди-да! Мана... 20 доллар бўлди. Дада, энди менга бир соат вақт ажратинг!

 

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси.

 

Пак Ин СУК,  корейс адиби.

Дадам берган гул

Якшанба кунлари дадам сигир ёки чўчқа етаклаб бозорга йўл олади.

- Бугун эртароқ келинг, илтимос. Фақат ароқ ичманг, - ойим ҳар доим дадам кетишидан олдин шундай илтимос қилади, бироқ дадам бу гапларни эшитмагандек ўз билганича иш тутади.

- Эрта келишим кераклигини ўзим ҳам биламан, кўп гапирасан-да, - дейди дадам норози оҳангда.

Ҳар доим ахвол шу. Ойимнинг гаплари беҳуда кетади. Дадам бозордан қайтишда чайқала-чайқала қўшиқ хиргойи қилиб келади. Онам бечора... ярим тунгача сават тўқиб дадамни кутиб ўтирадиган онам... оёқда зўрға юриб келган дадамнинг қўлида қора халта бўлади. Дадам қўпол бўлса-да, менга у-бу нарса кўтариб келиши у кишининг одатига айланиб қолган. Халта ичида эзилиб кетган хурмо, бурдаланиб ётган ширинликлар, совиб қолган нон ҳамма егуликлар билан аралашиб ётарди. Ўша вақтда сигирни сотган пулдан қанча қолганини билмасдим-у, онамнинг норози қиёфасини ҳеч эсимдан чиқара олмайман.

Кунлар шундай ўтаверди, отамнинг сочларига қиров қўнди, мен эса турмушга чиқиб, бир уйнинг бекасига айландим. Фарзандларини улғайтириш учун жони оғриса-да, даволанишга вақт топа олмаган онам ётиб қолдилар. Онамнинг бетоблиги боис ҳатто лағмон қайнатишни билмайдиган дадам умуман ўзгариб қолдилар. Доим борсам, ошхона чиннидай ялтираб турарди, егуликнинг тур-туридан топса бўларди. Ишониш қийин бўлса-да, дадам ҳеч ўзига ўхшамасди. Бир неча йил олдин қишлоққа - уйимизга келгандим. Онамни кўриш учун хонага киришим билан стол устида вазага солиб қўйилган бир дона атиргулга кўзим тушди.

- Ойи, атиргул қаердан келди? Жуда чиройли экан, - дедим ундан кўзимни узмай.

- Ҳа, даданг томоша қилиб,  завқланиб ўтирасан, дея олиб келганди, - деди онам кўзларида ўзгача меҳр порлаб.

Яна бир неча ойдан сўнг борсам, ҳамон ўша атиргул стол устида турарди. Ойим бу қовжираб қолган атиргулдан кўз узмай ўтирарди.

 - Ойи, қуриб қолган атиргулни асраб ўтирибсизми, ташлаб юборинг, - дедим атиргулга қўл чўзиб. Ойим бўлса, гулга меҳр билан қараб шундай деди:

-      Бу ахир, дадангнинг юраги-ку, уни қандай ташлаб юбораман.

Бир муддат қалбимда хаяжон турди. Дадам ёшлигида қалбда асраб келган муҳаббатини онамга энди қариб қолганда ўз ишлари ва мана шу гул орқали намоён этаётган эди. Дадам ва ойимнинг қайноқ меҳрининг нишонаси бўлмиш мана шу бир дона қуриб қолган атиргул кўзимга гўзаллик ва муҳаббат тимсоли бўлиб кўринди. Беихтиёр кўзимда ёш қалқди-ю, лабимга табассум югурди.

 

Малохат FАФФОРОВА

 

таржимаси.