+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

01 Март 2018

"МЕНГА ФАҚАТ МУҲАББАТ КУЧ БЕРАДИ..."

Таниқли олима Мария Кюрининг ушбу сўзларида кўпчиликда ҳавас ва ҳайрат уйғота оладиган тақдир эгаси бўлган аёл умрининг мазмун-моҳияти мужассам.

Жаҳонга машҳур олима, илм-фан фидойиси Мария Кюри ҳаёти давомида нималарни кўрмади дейсиз?

Йил кетидан йил ўтаверди, у ўз кўнгил гавҳарини, кўнгил нурини асраб-авайлади. У аёл номининг шаъну шавкатини сақлаб қолди. У машҳур кимёгар ва физик, икки бора Нобель мукофотининг совриндори сифатида тарих зарварақларидан жой эгаллаган машҳуралардан бири. У жамият, фан тараққиёти учун хизмат қилган олима, шахсий ҳаётида муҳаббат, оилавий бахт, она сифатида ҳам толеи кулган аёл.

БОЛАЛИК ДАВРЛАРИ

1867 йилнинг кеч кузида Варшавадаги Склодовскийлар оиласида учинчи қиз фарзанд дунёга келди. Унга Мария деб исм бердилар. Отаси физика-математика ўқитувчиси, онаси эса бадавлат оила қизлари таълим оладиган хотин-қизлар пансионатининг раҳбари бўлган. Мария болалигида ғам-ташвишни билмай ўсди. Тўғри-да, аҳил ва иноқ зиёли оила даврасида, севимли ота-она бағрида, моддий томондан тўкис хонадонда қандай ҳам ташвиш бўлсин. Бироқ...

Ҳаёт аталмиш умр китоби гоҳ шодон, гоҳо қайғули саҳифалардан иборат. Тақдирда не бўлса инсон кўниб яшашга мажбур. Склодовскийлар оиласи бошига қаттиқ синовлар тушди. Оила бекаси оғир касалликка чалинди, ота эса ишдан ҳайдалиб, ишхона томонидан берилган квартирадан қувиб чиқарилди. Устига-устак оила соҳиби бор маблағини тиккан корхона касод бўлиши бу хонадонни оғир аҳволга солиб қўйди. Бекаму кўст оила жиддий муаммолар гирдобига тушиб қолади. Отаси репетиторлик орқали топаётган арзимаган пуллари қориндан ошмайди. Келгусидаги тақдир зарбаси янада оғирроқ келди улар учун. Мариянинг опаси Зося қўққисдан вафот этади. Орадан икки йил ўтар-ўтмас онаси ҳам бу дунёни тарк этади.

Барча кўргуликларга қарамай Мария гимназиянинг энг фаол ўқувчилари қаторида бўлди ва 1883 йили уни олтин медаль билан битирди. Лекин ўткир зеҳни ва кучли билими ҳам унинг университетга киришига асос бўлолмади. Негаки, у пайтларда Россия империясида (Польша унинг таркибида бўлган) хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларининг эшиклари ёпиқ эди-да. Бироқ, Мария бу каби тўсиқларга жимгина кўникиб кетадиган ёшлардан эмасди. У мустақил билим олиш учун бор куч-қувватини сарфлади, ўнлаб китобларни мутолаа қилишдан чарчамади.

 

ОЙНИНГ ОРҚА ТОМОНИ...

Мариянинг катта опаси ҳам билим олишга интилувчан, ти-ришқоқ эди. Опа-сингиллар Сорбоннада ўқишни орзу қилишарди, минг афсуски бу ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ахир оиласининг моддий аҳволи ўзларига маълум. Лекин зукко қизлар бунинг ҳам чорасини топишди. Уларнинг режасига кўра Бронислава Парижга борадиган, Мария эса опасининг Францияда олий маълумот олишида пул билан таъминлаб туриш учун уй тарбиячи-ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган бўлди. Бронислава ўқишни тугатгач, синглисини қўллаб-қувватлашга келишишди. Ҳа, инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши, орзу-мақсадлари сари интилишда дадил олға босиши кераклиги оддий ҳақиқат. Қиз бола боши билан бундай таваккалчиликдан чўчимаган билимга чанқоқ опа-сингиллар ҳам бу ҳикматни англаб етгандилар. Улар ҳаётда тўғри йўлни топишда адашмадилар. Бронислава Сорбонна тиббиёт институтига ўқишга кирди. Мария эса аввалига бир адвокатнинг фарзандларига,    кейинчалик қишлоқ ёшларига сабоқ бера бошлади. Ишлаб топган пулини Париждаги талаба опасига жўнатиб турди. Энг муҳими, Мария пул топаман деб ўқиш - ўрганиш, ўз устида ишлаш, билим ва маҳоратини оширишдан тўхтаб қолмади.

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Энди олийгоҳда ўқимоқ гали Марияга келди. Опаси шифокорлик касбини эгаллаб, Францияда турмушга чиқади. 1894 йили Мария 24 ёшида Сорбонна университети талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлади. Бу сафар Бронислава синглисининг ўқишига кўмаклашишни ўз зиммасига олади.

Опаси ва поччасига ортиқча юк бўлмаслик, қолаверса, илм билан тинчгина шуғулланиш мақсадида Мария Парижнинг Латин мавзесидаги арзон квартиралардан бирини ижарага олиб яшашни лозим топди. Озиқ-овқат масаласи ҳаминқадар, бир неча бор очликдан силласи қуриб, ҳушини йўқотган ҳолатлар ҳам бўлган.

Мария университетнинг энг олди талабаси сифатида иқтидорини намоён эта олди. Шу сабабли университетда ўқиш давомида унга илмий текшириш ишлари олиб боришга рухсат берилди. Физика ва математика бўйича бирданига икки дипломли Марияни университетнинг ўзида ўқитувчи қилиб олиб қолишди. Сорбоннанинг илк аёл ўқитувчиси сифатида тарихда қолиш ҳам Мария Склодовскаяга насиб этганди. Ёш олиманинг ҳаётида ҳам Сорбонна университетининг аҳамияти катта бўлгани, шубҳасиз. Айнан шу ерда у ўзининг бўлажак умр йўлдоши, ҳам маслакдоши Пьер Кюри билан танишади. Бир-бирига кўнгил қўйган икки истеъдод соҳибларини 1895 йили никоҳ ришталари боғлади.

Тўйдан кейин ёш оила мўъжазгина квартирада яшай бошладилар. Уйлари ҳашаматли бўлмаса-да, улар ўзларини бахтли ҳисоблардилар. 1897 йили катта қизи Ирэн билан бирга бу хонадонга қувонч кириб келди, гўё. 1904 йили Мария иккинчи қизалоғини дунёга келтиради. Унга Ева деб исм қўйишди. Бутун ҳаётини фанга бағишлаган бу оилада бола тарбияси ҳам эътибордан четда қолмади. Фарзанд тарбияси ва илмий кашфиётларни уйғунлаштира олган меҳрибон ота-онага ўша даврларда кўпчилик ҳавас билан қарарди. Фанга бўлган иштиёқлари билан елкаларидаги ота-оналик масъулиятини тўкис адо этгандилар. Келажакда Ирэн Жолио-Кюри ҳам онаси каби Нобель мукофоти лауреати, Ева эса журналист ҳамда онасининг ҳаётига бағишланган биографик асар муаллифи бўлганлиги фикримиз далили, албатта.

 

ИХТИРОЛАР, АЙРИЛИҚ, ЮТУҚЛАР…

1902 йил. Сокин тун. Атроф туннинг зулмат пардаси билан ўралган. Бутун борлиқ уйқуда. Фақат Кюрилар хонадонининг чироғи ўчмаган. Улар ҳали-ҳамон кимёвий моддалар таркибини ўрганиш билан машғул. Бош кўтармай ишлаётган оилавий олимлар намуна сифатида ажратиб олган модда парчаси ажиб товланганини сезиб қолишди. Бу модданинг таҳлили шуни кўрсатардики, спектрда ўша пайтгача номаълум элементнинг нурланиш чизиғи бор эди. Фанга янгилик бўлган бу элементни эр-хотин радий деб номлашди. Кейинроқ эса улар яна битта кашфиётни фанга тақдим этдилар. Бу элемент Мариянинг она ватани Польша шарафига полоний дея номланди.

1903 йили Мария, умр йўлдоши Пьер Кюри ва француз олими Анри Беккерел билан бирга физика бўйича "Ҳамкорликда радиация ҳодисасини илмий текшириш ишларидаги буюк хизматлари учун" Нобель мукофотига сазовор бўлди. 1906 йили Мариянинг турмуш ўртоғи вафот этади. 39 ёшида бева қолган тадқиқотчи аёл радий юзасидан бошланган оилавий изланишни ўзи давом эттиради. 1910 йили Андре Дебьер билан биргаликда соф металли радийни ажратиб олишга муваффақ бўлди. Шу тариқа 12 йиллик изланишлар ўз самарасини кўрсатди. Радий мустақил кимёвий элемент эканлиги исботланди. У 1911 йили эса кимё фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Мария Кюри иккинча марта Нобель мукофоти лауреати бўлди. Ҳозирги кунга қадар Склодовская-Кюри икки бора Нобель мукофотига сазовор бўлган ягона аёл ҳисобланади.

Бундан ташқари, Мария Склодовская Франция, Италия миллий академиялари, Лондон қироллик жамияти, Франклин институти каби нуфузли муассасаларининг қатор медаллари билан тақдирланган. У 85  бутунжаҳон илм-фан жамиятларининг, хусусан, Француз тиббиёт академияси аъзоси, 20 турдаги илмий даражалар соҳибаси бўлган.

Бу аёлни ҳаёт қийинчиликлари, севимли ёридан айрилиқ азоблари қаддини ҳам, қадрини ҳам синдиролмади. Вафо ва садоқатда беназир аёл Мария Склодовская-Кюри 1934 йили вафот этади. Унинг ортидан яхши ном ва улкан илмий мерос қолди.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА