+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Апр 2018

АЁЛНИНГ БАХТИ - ОИЛА БАХТИ

Мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, оилалар мустаҳкамлигини, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмас. Чунки, оилаларимиз қанчалик тинч ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз барқарор, юртимиз тараққиёт йўлидан дадил одимлаб боради.

Мазкур йўналишда Олтинкўл туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.  Айни кунда туманимизда 4781 оила мавжуд, уларнинг қарийб 30 фоизини ёш оилалар ташкил этади.

Туман хотин-қизлар қўмитаси  "Аёллар маслаҳат маркази", "Маҳалла" жамоат фонди ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳалла ва оилалардаги ижтимоий маънавий муҳитни ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича иш олиб бораётган секторлар доирасида барча оилалар ўрганиб чиқилди, оилалар вакиллари билан суҳбат ва мулоқотлар ўтказилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида қўмитамизга 50 нафар аёл оилавий муаммолар юзасидан мурожаат қилган. Мурожаатлар ўрганилиб, уларнинг 23 таси ижобий ҳал этилди.  Шунингдек, 25 нафар хотин-қизларимизга ўз тадбиркорлигини бошлашлари учун банклардан кредит олишларига ёрдам кўрсатилди.

Фаолиятимизда опа-сингилларимизнинг саломатлигини сақлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпмиз.   Президентимизнинг жорий йил 2 февралидаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ишларимизда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Йилнинг ўтган уч ой давомида туманимизда 23 ажримнинг олди олинди, ажрашиш арафасида турган шунча оила тикланди, ўша оилаларга бахт, қувонч қайтди. Бунда маҳаллаларидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси аъзолари, бошланғич ташкилотларимиз етакчиларининг хизматлари катта.

Умуман, туманда ажрим билан боғлиқ ҳолатлар, оилалардаги низо ва жанжаллар таҳлил қилинганда, уларнинг кўпчилиги арзимаган сабаблар туфайли юзага келаётганлиги аён бўлмоқда. Жумладан, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчилик, ёш оила соҳиблари, айниқса, ёш келиннинг уқувсизлиги, оилавий ҳаётга ҳали тайёр эмаслиги, саломатлигида нуқсонлар борлиги турли кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда.  Ўтган йили чекка маҳаллада яшовчи бир танишим эндигина ўн саккизга кирган қизини турмушга бераётганлигини, бўлажак  куёв эса йигирма ёшда эканлигини айтиб, тўй бошлаётганлигини билдирганида, мен қизи ҳали ёшлигини, оилавий ҳаётга тайёр эмаслигини, қолаверса, куёв бўлмиш йигит ҳам ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган эканлигини айтиб, уларнинг никоҳини бирор йил ортга суриш лозимлигини маслаҳат бердим. Лекин кўп ўтмай тўй бўлиб ўтди.

Орадан уч-тўрт ой ўтиб келин тез-тез хасталанадиган бўлди. Бу албатта, қайнонага ёқмади. Куёв хотинини даволатишга эътибор қаратмади. Яна бир муддат ўтиб, қиз ота уйига келиб даволанди. Орада қудалар ўртасида анча гап-сўзлар бўлиб ўтибди. Шу тариқа икки оила ўртасига совуқлик тушди, ёш оиланинг бахтли ҳаёти дарз кетди. Бундай бўлмаслиги мумкин эдими, деган савол туғилади? Албатта, мумкин эди. Агар ўз пайтида ота-она қизлари ҳали оилавий ҳаётга тайёр эмаслигини,  мана шундай ҳолат юзага келиши мумкинлигини англаганида эди, суюкли қизларининг ҳаёти бунчалик қийинчилик билан ўтмас эди.

Шу ўринда ота-оналар, айниқса, оналар  қизларининг   соғлигига уларнинг ҳали ёш бўлган пайтдан алоҳида эътибор қаратишлари зарурлигини унутмасликлари керак.

Юртимиз аёллари ҳақида сўзлаганда, "Соғлом она -      соғлом бола" иборасини кўп тилга оламиз. Шу маънода туманимиз хотин-қизларининг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг зтган даври мобайнида 1400 нафардан ортиқ туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида турли касалликлар аниқланган опа-сингилларимиз соғломлаштиришга жалб этилди. Биргина ўтган ҳафта - Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан ташкил этилган "Саломатлик сайли"да юзлаб хотин-қизларимизнинг саломатлиги кўрикдан ўтказилди.

Саломатликнинг энг муҳим гарови - соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилишдир. Аммо минг афсуски, кўплаб аёлларимиз ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмайди, ўз вақтида овқатланишга, хонадонларида тозалик ва покизаликка у қадар риоя қилмайди. Бу эса турли  хасталиклар келиб чиқишига кенг йўл очиб беради.

 Туманда тўй ва маъракаларни ихчам, камчиқим, ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш, шунингдек, аёллар жиноятчилиги, одам савдоси, диний   экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиш сингари иллатларнинг олдини олиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам ижобий натижаларга эришяпмиз. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагидан аёллар жиноятчилиги ўтган йилга нисбатан камайди, доимий ва мавсумий ишлар  билан 200 дан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

 Хотин-қизларга  ҳуқуқий, психологик, тиббий, маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган "Аёллар маслаҳат маркази"миз фаолияти ҳам самарали бўлмоқда. Марказда "Психолог", "Ҳуқуқшунос" уюшмалари, "Иқтидорли қизлар" тўгараги фаолият кўрсатмоқда. 

Оилаларда тинчлик-хотиржамлик, соғлом маънавий муҳитни барқарорлаштириш,     соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Чунки юқорида таъкидлаганимдек, оила тинч бўлса, энг аввало, аёлларимиз бахтли яшайди, жамиятимиз гуллаб-яшнайди.

 

Муқаддасхон СУЛТОНОВА,

 

Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.