+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

29 Сен 2018

Қайнона одилона иш тутса, келин ҳам яхши тарбия топади

Ибратли оилаларимиз

Катта ҳовли. Уй саҳнида анвойи гуллар барқ уриб очилиб ётибди. Қарийб 25 сотих келадиган томорқа олма, анжир, шафтоли, гилос, хурмо сингари турли-туман мевали дарахтлар билан тўла. Уларнинг остида помидор, карам, булғор қалампиридан тортиб кўкатларгача экилган. Ҳовлидан райҳон иси анқийди...

Бўз туманидаги "Нурафшон" маҳалласида жойлашган Умидахон опа ва Равшанбек ака Бобохўжаевлар хонадони ҳамиша мана шундай саранжом-саришта, ёғ тушса ялагудай. Кичик келин Ойдиной саҳар туриб ҳаммаёқни чиннидай тозалаб қўяди. Онасиникига борадиган бўлса, биронта ҳам иш қолдирмайди, бир кун олдин ҳаммаёқни ўзи айтмоқчи "генералний уборка" қилади. 

Ушбу оила тумандаги ибратли хонадонлардан ҳисобланади. Оила бошлиғи Равшанбек Бобохўжаев туман сув хўжалиги бошқармаси ходими. Фаолиятини бригадирликдан бошлаган мутахассис узоқ йиллар тумандаги турли массивларда раислик қилди. Умидахон опа билан бир ёстиққа бош қўйганига ҳам 25 йил бўляпти. Турмушлари давомида 4 фарзандни тарбиялаб вояга етказдилар, уйлаб-жойладилар. Қизлари Мухлиса ҳамшира, икки фарзанди бор, ўзидан тиниб-тинчиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда. Ўғиллари Сардорбек, Дониёрбек, Давронбек, келинлари Шохсанам, Гулида ҳам турли соҳаларда меҳнат қилишади.

Айниқса, кенжа ўғил Давронбек анча ишбилармон чиқди, деҳқончиликда суяги қотди, мол-қўй боқади, изланади, интилади. Энг муҳими, ҳалол меҳнати билан оиласи даромади кўпайишига ёрдамлашади.

- Биз оилада 14 фарзанд бўлганмиз, 10 ўғил ва 4 қиз, - эслайди Умидахон опа. - Катта оилада ўсиб-улғайиш инсонга кўп нарса бераркан. Меҳр-оқибат, ҳамдардлик, ҳурмат-эътибор. Кўпчилик орасида яшаб ўргансанг, ёлғизликдан қўрқасан, инсоннинг қадрига етадиган бўласан. Келинларим, набираларим бир кун уйда бўлмаса худди йилдай туюлади. Бир ойда бир онасиникига кетишса, келгунларига қадар кўзим эшикда бўлади. Отам раҳматли келинларимизни "бировнинг азиз фарзанди, уйимни очиб ўтирадиганларим, сенлар эса бегонасан" дерди. Ҳозир у киши нақадар ҳақ бўлганини тушуниб етаяпман. Ўзингиз ўйланг, хонадондаги барча юмушларни бажарса, ош-овқатингиз иссиғида, вақтида ҳозир бўлса, набиралар туғиб бериб бағрингизни тўлдирса, жонингиз парчаси-ўғлингизнинг хизматини қилиб парваришласа, оқ ювиб-оқ тараб, ишга кузатса... Энг муҳими шу-ку. Нима учун келинларимни яхши кўрмаслигим керак?

Умидахон опа Бобохўжаевлар оиласига келин бўлиб тушганида 17 ёшда бўлганини, қайнонаси ўз қизидай кўриб барча юмушларни ўргатганини эслайди. Қайнонасининг "болам, иш дегани тугамайди, бир пас дам олинг, одам-одамга ғанимат" деб ёнига чақириб, она боладай гаплашиб ўтирганларини қўмсайди.

- Қайнонам 6 келиннинг барчасига сабр-тоқат билан оила тутумларини эринмасдан ўргатган. Унинг тарбияси, ўгитларини олиб кам бўлмадик. Ҳозир ўзимиз ҳам қайнонамиз. Қайнонадан ёлчигандим, худога шукр, келинларим ҳам яхши чиқди. Мен ҳам уларга қайнонадай эмас, онадай бўлишга ҳаракат қиламан, - дейди Умидахон опа.

"Қарс икки қўлдан чиқади", дейдилар. Оилада жанжал, можаро келиб чиқса ҳар доим ҳам бир киши айбдор бўлавермайди. Тинч-тотув ҳаёт кечиришни истамайдиган қайнонанинг ўзи йўқ. Қайнонага ёқишни хоҳламайдиган келин ҳам бўлмаса керак. Ҳар кимнинг ёмон томонлари билан бирга, яхши жиҳатлари ҳам бор. Муҳими, оилада бир-бирини тушуниш, бир-бирига ён босиш, камчиликларга кўз юмиб, фазилат ахтариш.

- Айрим тез пароканда бўлаётган оилаларимизда содир бўлаётган жанжал-тўполонларнинг аксарияти қайнона-келин можароларидан келиб чиқмоқда, - давом этади Умидахон опа. - Қайнона ва келинларимиз бир-бирларига нисбатан бағрикенг, сабрли бўлсалар, ўша оилада албатта тотувлик бўлади. Меҳр ва эътибор эса ҳар қандай муаммонинг ечими ҳисобланади. Ўзга хонадонга яхши ниятлар билан кириб борган ҳар бир келинчак оиланинг қонун-қоидалари, ўзига хос анъаналарини, албатта, қайнонасидан ўрганади. Агар оилавий муносабатларда қайнона одилона иш тутса, келин ҳам шундай тарбия топади.

- Умидахон опа маҳалламиздаги энг ибратли қайноналардан, - дейди "Нурафшон" МФЙ котиби Нилуфар Абдуллаева. - Аввал ибратли келин эди, энди ибратли қайнона бўлди. Келинларини тушунади, ҳадеб ёзғирмайди. Келинлари ҳам ўзларини билиб иш қилади. Тарбияли, рўзғорнинг пасту баландини тушунадиган. Хонадонга ҳамма ҳавас қилади. Ўғиллар -  баҳамжиҳат, меҳнаткаш. Қўни-қўшни, маҳалла кўй орасида обрў-эътибор топганлар. Бу оила "Ибратли оила" кўрик-танловининг туман босқичида ғолиблар қаторидан жой олди. Шунинг учун хонадон дарвозаси пештоқига "Ибратли оила" деган ёзувни осиб қўйганмиз.

Мустаҳкам жамият пойдевори бу оиладир. Энг биринчи қадам ҳам оиладан бошланади, энг буюк орзулар ҳам оилада туғилади. Аммо, бунинг учун оилалар тинч, бахтли ва соғлом бўлиши керак. Оиласида соғлом муҳит, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ҳукмрон бўлган   фарзандларгина бахтли, жамиятга керакли инсон бўла олади.

"Фарзандларим, набираларим бахтли ва албатта жамиятга керакли шахс бўлишини истайман. Бу менинг шиоримдир", - дейди Умидахон Бобохўжаева.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА,

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ