+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

11 Окт 2018

КЕЛИНЛАРНИНГ ОИЛАВИЙ ҲАЁТГА ТАЙЁР ЭМАСЛИГИ

Мутахассислар фаолиятидан 

ёш оилаларни парокандаликка олиб келаяпти,

- дейди маҳалла мутахассиси Одилахон Эрқулова

Шаҳрихон тумани Сузоқ маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Одилахон Эрқулова зиёли оилада туғилиб ўсган, мактабда фақат аъло баҳоларга ўқиган.  У болалигидан дадаси каби муаллим бўлиб, мурғак қалбларга таълим-тарбия беришни, элга, жамиятга фойдали инсон бўлиб яшашни орзу қиларди. Лекин оилавий шароит туфайли ўқиб, олий маълумотли бўла олмади.

Аъло баҳоларга ўқигани, мушоҳадали, ёзув-чизувни яхши билгани учун ҳам у келин бўлиб тушган маҳалла идорасида узоқ йиллар котиба бўлиб ишлади.    

Маҳалла ишида кўзи пишди, тажрибаси ортди. 2007 йилда Сузоқ маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчилигига сайланди. Самарали фаолият юритди, маҳалладошлари ҳурмат-эътиборини қозонди.

 Президентимизнинг жорий йил 2 февралидаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишловчи мутахассис лавозими жорий этилиб, ушбу вазифага асосан олий маълумотлилар қабул қилинишини билганида Одила опа ўқимагани, олий маълумот ололмагани учун ўксинди. "Маҳаллага ўрганиб қолганман, ишлай олмасам-да, барибир маҳалла ишига ёрдамлашиб тураман", деб ўйлади ва ўзини четга олди. Аммо, катта ҳаётий тажрибаси, фидойилигини яхши билган маҳалла аҳли уни маҳалла мутахассислигига лойиқ топдилар.

Маҳаллада, айниқса, оилаларда юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар, кўнгилсизликларнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишда мутахассиснинг роли катта. Шу боис ҳам у 3375 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Сузоқ маҳалласи аҳлидан маслаҳати, ёрдамини аямайди, бирини опа, бирини сингилдай кўриб, улар билан дилдан суҳбатлашади, имкон қадар уларга кўмаклашишга ҳаракат қилади. Маҳалладошлари эса бу аёлдаги камтарлик, самимийлик, ишига фидойиликни қадрлашади.

Одилахон Эрқулова маҳалла аҳлини қийнаётган муаммоларни, камчиликларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратади. Оилалардаги низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, вояга етмаганлар билан мунтазам равишда тарбиявий ишлар олиб боришни йўлга қўйган. Айниқса, ўтказиладиган тўй-тўркинлар, маърака-маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча олди-бердиларни камайтиришда дастурхончилар Эргашхон Fозиева, Жамилахон Йўлдашева, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаоллари Равшанхон Қодирова, Қорияхон Жалолова, отинойи Улфатхон Душановалар Одила опага ҳамиша маслакдош.

Турмуш қуриш арафасидаги қизлар, ҳомиладор аёллар саломатлигини назорат қилишда қишлоқ оилавий поликлиникаси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, маҳалладаги ҳунармандлар билан "Устоз-шогирд" анъанаси асосида битирувчилар, хотин-қизлар      бандлигини таъминлашдаги фаолияти яхши самаралар бермоқда.

Маҳалла ҳудудидаги 24-умумтаълим мактабида эрта турмушнинг олдини олиш, қизларни турмушга тайёрлаш,   бахтли ва мустаҳкам оила сирларига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари тез-тез ўтказиб турилади. "Сабрли келин - суюкли келин", "Турмушга тайёрмисан қизгина?", "Эрта турмушнинг олдини олиш", "Қайнонам - онам, келиним - болам!" каби қатор тадбирлар, давра суҳбатларига маҳалладаги кўпни кўрган, ибратли умр йўлларини босиб ўтган нуронийлар, шифокорлар, ўқитувчилар таклиф этилиб, мустақил ҳаёт остонасида турган ёшларга сабоқ бермоқдалар.   

- Фаолиятимда мени қийнайдиган асосий муаммолардан бири - ёш оилалардаги турли келишмовчиликлардир, - дейди мутахассис. - Аксарият ҳолларда ёш келинларнинг тил уқмаслиги, ўзбошимчалиги, ҳаққини суриштириши, бесабрлиги, бир сўз билан айтганда, оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги ёш оилаларни парокандаликка олиб келаяпти. Сабр-тоқат - келинга энг яхши фазилат, деб биламан мен. Ҳеч нарса бирданига бўлиб қолмайди. Яхши ҳаёт ҳам аста-секин, меҳнат ва қаноатнинг орқасидан келади. Ҳар бир оилада бир-бирига мослашиш, ўтиш даври бўлади. Шу даврдан ўтиб олган жуфтларгина бирга яшаб кетиб, қўша қарийдилар. Бугун биз ана шу ақидани ёшлар онгига чуқур сингдиришимиз керак.

Одилахон Эрқулованинг кексалар, маҳалла фаоллари билан бир ёқадан бош чиқариб, фаолият олиб бориши натижасида ушбу маҳалла тумандаги намунали гўшалардан бирига айланди. Ҳудудда жорий йилнинг ўтган даврида 10 га яқин  ажримнинг олди олинди, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилмади. Ҳудудни ободонлаштириш, кам таъминланган оилалар, ёлғиз яшовчи кексалар ҳолидан хабар олиш, моддий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам унинг ишлари эътирофга муносиб.

Оиласи тинч аёл жамиятда ҳам ҳурматга сазовор бўлади. Шу маънода Одилахон Эрқулованинг ҳам оиласи тинч, маҳалладаги энг намунали оилалардан биридир. Турмуш ўртоғи Абдуҳалим ака фермер хўжалигида тракторчи. Улар аҳил турмуш кечириб, фарзандларини ҳалол ризқ-рўз билан вояга етказдилар. Бугун улар 5 нафар фарзанди, 15 нафар набираси билан бахтнинг чинакам қўрғонини барпо эта олдилар. Шу боис ҳам айни кунда фарзандлари, маҳалладошлари ардоғида пиру бадавлат бўлиб ҳаёт кечирмоқдалар.

 

Муборак ТОИРОВА,

 

жамоатчи мухбир.