+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Янв 2019

ҲЕЧ БИР АЁЛ МУАММОЛАР ГИРДОБИГА ТУШИБ ҚОЛМАСИН

Аёл борки, оила бахтли, миллат бардавом. Аёл бор экан, жамиятда тинчлик-тотувлик, саранжом-саришталик, меҳр-оқибат ва саховат бор. Шу боис ҳам юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётдаги ўрни ва нуфузини ошириш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

 

Бу борада Андижон шаҳрида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида опа-сингилларимизни ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини сақлаш,  уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш,   оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунда шаҳримизда истиқомат қилаётган 215 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли йўналишлардаги имконият ва салоҳиятларини юзага чиқариш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аёллар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Якунланган 2018 йилда шаҳримизда оғир турмуш шароитида яшаётган 594 нафар хотин-қиздан 457 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 53 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминланди, 6 нафарига намунали лойиҳалар асосида барпо этилган 2 сотихли уй-жойлардан ажратилди. Бундан ташқари, ўта қийин шароитда яшаётган ҳамда ишлаш истагида бўлган хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилди.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида 1745 оилага, шунингдек,  янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш, мавжудлари фаолиятини кенгайтириш учун 6300 нафар хотин-қизга 16 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилганлиги натижасида кўплаб қиз-аёлларимиз доимий иш билан таъминланди. Бу албатта, уларнинг рўзғори бут, турмуш шароитлари яхшиланишига ёрдам бермоқда.

 Биз фаолиятимизда оилаларни   мустаҳкамлаш, оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларга кўмак бериш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хусусан, "Тахтакўприк", "Тўққизариқ"  маҳаллалари ҳудудида жойлашган оилавий ётоқхона ҳамда ногиронлар уйида яшовчи оилалар бекалари билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга имкон қадар кўмак берилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги "Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Андижон индустриал-педагогика коллежи ётоқхонасида "Аёллар ижтимоий мослашув маркази" ташкил этдик. Марказ зарур барча жиҳозлар билан таъминланган, бу ерга жойлаштириладиган аёлларнинг яшаши учун шарт-шароитлар яратилган.

Оғир ҳаётий вазиятга, руҳий депрессия ҳолатига тушиб қолган хотин-қизларга кўмаклашиш, уларни нормал ҳаётга қайтариш, қалбларида ҳаётга муҳаббат, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказда аёлларга ижтимоий-психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Марказ иш бошлагандан буён мурожаат қилган 42 нафар хотин-қизнинг 39 нафарига тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. Ажрим ёқасига келиб қолган 3 та оила яраштирилди, яна 3 оила эса уй-жой билан таъминланди.

Шаҳримиздаги маҳаллалардан бирида яшовчи Моҳирахон исмли аёл (исми ўзгартирилган) беш йил аввал турмуш ўртоғининг қаршилигига қарамай тўрт ва олти ёшли фарзандларини кекса онасига ташлаб Туркия давлатига ишлагани кетган эди. У борган жойида одам савдоси қурбонига айланиб, уйига пул юбориш у ёқда турсин, ҳатто, уйидагилар билан алоқа ҳам қила олмади. Орадан бир йил ўтар-ўтмас кекса онаси оламдан ўтди. Укаси, келинлари Моҳиранинг фарзандларини сиғдирмасдан дадасига олиб бориб бердилар.

Ота қийинчилик билан тўрт йил фарзандларини ёлғиз ўзи боқди, тарбиялади. Бошидан не-не савдоларни ўтказиб уйига қайтган Моҳирани турмуш ўртоғи, эсини таниб қолган фарзандлари хонадонига киритмади, уч сотихли ҳовли-жойни талашиб, бир-бири билан         кунора жанжаллашаётган ака-укаси яшаётган ота уйига ҳам сиғмади. Нима қилишини билмай, борар жойи йўқ Моҳира жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлди. Оғир аҳволда қолган аёлнинг тақдиридан хабар топган қўмитамиз унинг қўлидан тутди. У "Аёллар ижтимоий мослашув маркази"га жойлаштирилди, зарур кўмак кўрсатилиб, ишга жойлаштирилди. Эндиликда унинг қалбида яхши кунларга бўлган умид учқунлари яна пайдо бўлди. Аста-секин ҳаётини изга туширмоқда. Шу ўринда Моҳиранинг ҳаёти опа-сингилларимизга ибрат бўлишини, қуруқ ваъдаларга ишониб, оиласини пароканда қилиб ўзга юртларга кетиб қолмасликларини, ҳар бир ишни кўп билан кенгашиб, мулоҳаза юритиб бошлашларини жуда-жуда истар эдим.

  Муқаддас китобларимизда "Бир кўнгилни обод қилмоқ улкан савоб", дея кўп бора таъкидланади. Қолаверса, бу каби хайрли ишлар қанчалар савоб эканлигини барчамиз яхши биламиз. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган ижтимоий мослашув марказида тақдир тақозоси билан Моҳира сингари ўта қийин аҳволга тушиб қолган кўплаб опа-сингилларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Мамлакатимизда ҳеч бир фуқаро, хусусан, хотин-қиз эътибордан четда эмас. Ниятимиз ҳеч бир аёл муаммолар гирдобига тушиб қолмасин, ҳаётидан рози бўлиб, бахтли яшасин. Ана шунга эришиш учун қўмитамиз фаоллари, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, маҳаллаларнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда иижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича мутахассислари, отинойилар, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида зарур барча ишларни амалга оширамиз.

 

Равшаной ЖЎРАБОЕВА,

 

Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси.