+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

21 Март 2019

Маҳалладошларимнинг қувончи менинг қувончимдир,

- дейди мутахассис Шоирахон Қоратоева.

Шоирахон опани излаб Избоскан туманидаги "Обод" маҳалла фуқаролар йиғинига борганимда, катта тайёргарлик устидан чиқдим. Маҳалла кўчалари, ҳудуддаги 16-умумтаълим мактаби атрофлари ёғ тушса ялагудай супуриб-сидирилган, сувлар сепилган. Дарахтлар оқланиб, кўчаларга гул кўчатлари ўтқазилган. Маҳалла идораси атрофи юз-кўзларида қувонч балқиб турган ёшу кекса билан тўла. Кимлардир стол-стул ташиган, кимлардир қозон-ўчоқ, самовар ўрнатиш билан овора. "Бугун маҳалламизда Наврўз. Ҳадемай санъаткорлар ҳам келиб қолади", дейди стул ташиб юрган йигитлардан бири.

Шоирахон опани 16-умумтаълим мактабида ўтказилаётган байрам тадбиридан топдим. Мутахассис бу йилги Наврўз ҳар қачонгидан ўзгача, ёдда қоларли, таассуротларга бой ўтиши учун март ойи бошидан тайёргарлик бошлангани, байрамга ҳомий ва мутасадди ташкилотларнинг бош-қош бўлаётгани, тайёргарлик жараёнида маҳалла аҳли баҳамжиҳат ишлагани, айниқса, болажонларнинг қувончи, ёши улуғларнинг дуоси кучига куч, ғайратига ғайрат қўшаётганини тўлқинланиб гапирди.

- Маҳалла фуқаролар йиғинида 3400 нафардан зиёд  аҳоли истиқомат қилади, - дейди мутахассис. - Шундан қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалламиз аҳли, айниқса аёлларимиз жуда меҳнаткаш, ҳунарли, бекорчи аёлларни учратмайсиз. Ҳатто уй бекалари ҳам иш билан банд бўлгиси, оз-моз пул топиб, оиласи даромадига даромад қўшишга ҳаракат қилади. Туман марказидаги "Антекс" тўқимачилик корхонасида ўнлаб хотин-қизларимиз меҳнат қилади. Тадбиркорлик билан шуғулланиб, рўзғорини бутлаётган, камига маҳалла одамларини иш билан таъминлаётган аёлларимиз ҳам талайгина. Масалан, тадбиркор Ойгул Тожиддиновани олайлик. У ўз ҳунари, интилиши орқасидан кўп нарсага эришди. Тикувчилик цехи ташкил қилиб, маҳалла хотин-қизларидан 30 нафарини иш билан таъминлади. Ойгулнинг меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, яқинда у Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Интилувчан, иқтидорли ёшларимиз ҳам кўп. Шулардан бири Дилҳавас Қодирова рассомчилик, дизайнерлик билан шуғулланиб келади. 2018 йилда Дилҳавас Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мукофоти танловининг  «Йлнинг энг яхши ёш ижодкори" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Унинг ютуғи, қувончидан жуда хурсанд бўлдим. Қувонмай бўладими?! Ахир маҳалладошларимнинг қувончи менинг ҳам қувончим.

Шоирахон Қоратоева маҳалла фуқаролар йиғинига ишга келгунига қадар, мактабда ишлади. Салкам 30 йиллик педагогик тажрибаси уни муомала-муносабат, киши руҳиятини англаш, қалбига йўл топа олиш борасида тоблади. 2009 йилда йиғинга ишга келган мутахассиснинг табиати, самимийлиги, одамлар дардини эшита олиш фазилати маҳалла аҳлига маъқул бўлди. Уни хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисликка муносиб номзод деб билдилар.

Шундан буён мутахассис маҳалланинг тўй-маросим, йиғин ва маъракаларида бош-қош бўлиб ишлаб келмоқда. У маҳалладаги ёшу қарининг қалбига бирдек йўл топа олди. Соддадил қишлоқ одамларида ўтаётган кунга шукроналик, ҳалол меҳнати орқасидан топган ош-нонини тинчлик-хотиржамликда, ўзаро баҳам кўриб яшаш туйғуси ҳукмрон. Оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фаровонлигини оширишда маслаҳатчи маҳалладаги тажрибали нуронийлар ҳамда жамоатчилик тузилмалари ёрдамига таянади.  "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси аъзолари, имом хатиб ва отинойи, профилактика инспектори ҳамкорлиги самарасида ажрим ёқасидаги оилалар тикланиб, можароларга барҳам берилмоқда.

Қишлоқда кекса ва ногиронлар ҳолидан хабар олиб туриш, уларга ёрдам кўрсатиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш анъанага айланган. Бу ишларда маҳалла ёшларига Шоирахон Қоратоева  бош-қош бўлади.

- Баҳор байрамлари арафасида ҳудудимиздаги 3 нафар якка-ёлғиз кексалар, 27 нафар ногиронлар ҳолидан хабар олиб, совға-саломлар улашдик, - дейди Шоирахон опа. - Мана бугун Наврўзда маросимга келолмайдиган, кекса ва дардманд кишилар хонадонига ҳам байрам руҳини олиб кириш, уларни йўқлаб, кўнгилларини кўтаришни ният қилганмиз. Онахонларимиз сумалак солишган, эҳсон оши ҳамма учун. Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга улашайликки, ҳеч ким меҳр ва эътиборимиздан четда қолиб кетмасин.

Маҳаллани ўз уйи, одамларини эса оила аъзоларидек кўриб, уларнинг қувончу ташвишига шерик бўлиб яшаётган мутахассис опанинг келгуси ишларида омадлар тилаб қоламиз.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

жамоатчи мухбир.