+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

22 Авг 2019

Маҳалла - муқаддас маскан

Мутахассислар фаолиятидан

Хизмат юзасидан Олтинкўл туманидаги Ўрта маҳалла фуқаролар йиғинига боргандим. Айни тушлик вақти. Идорада бир аёл қоғозларга кўмилиб ўтирибди. Аёл мени хушмуомалалик билан кутиб олди: "Шерикларим тушликка чиқиб кетишди, ишим кўплигидан вақтимни қизғандим, шу ерда бир пиёла чой ичамиз, шерик бўлинг" дея чой узатди, қўярда-қўймай қўлимга чалпак тутқазди. Жуда сўзамол, киришимли аёл экан.

Мени танимаса-да, эски қадрдонлардай ҳол-аҳвол сўрашиб, у ёқ-бу ёқдан гапириб ўтирди. "Идорага кирган ҳар қандай одам сир босмай, бемалол гаплашади. Мутахассис бўлса шундай бўлсада...", дея кўнгилладим. Худди ўйлаганимдек, Турғуной опа маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси экан.

- Маҳаллага ишга ўтгунимга қадар коллежда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотининг раиси бўлиб ишлаганман, - дейди Турғуной Эргашева. - Қизлар тарбияси, уларни турмушга тайёрлаш, касбу ҳунарга жалб этиш, саломатликларини мустаҳкамлаш, турли кўнгилсиз ҳолатлар, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла билан узвий ҳамкорликда ишлар эдик. Хотин-қизлар билан ишлаш борасида бирмунча тажриба тўпладим. Ҳарқалай мен танимаган оила, айниқса, қиз қолмади қишлоқда, - дейди кулиб Турғуной опа.

Гапимиз-гапимизга қовушди. Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, берилаётган имкониятлар, уларнинг ютуқлари,  муаммолари, қизлар одоби, тарбияси ва айниқса, ажримлар, тўлиқсиз оилада тарбия топаётган болалар ҳақида узоқ суҳбатлашдик.

- Газетангиз саҳифаларини мунтазам кузатиб бораман, - дейди Турғуной опа. - Менга кишини мулоҳаза, мушоҳадага чорловчи, тарбиявий аҳамиятга эга мақолаларингиз кўпроқ ёқади. Матбуот ахборот берибгина қолмай, эзгуликка чорловчи, тарбия воситаси бўлиб ҳам хизмат қилиши лозим, деб ўйлайман. Айниқса, бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда ёшларни турли ёт ғоялар, ахборот хуружларидан ҳам эҳтиёт қилмоғимиз керак.

Турғуной Эргашева фаолияти давомида кўпроқ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар оилаларига, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта ва ноқонуний никоҳларга йўл қўймаслик, ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишини айтиб ўтди. Турмуш қуриш ёшидаги қизлар билан мунтазам иш олиб бориш, доимий мулоқотлар ўтказиб, уларни касбу ҳунарга йўналтириш, турмушга тайёрлаш мустаҳкам оила қурилишида замин яратишини таъкидлади.

- Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг "Қиз деган ном - чиройли муқова! Унинг ичида қиздан ҳам чиройли мазмун бўлиши, ёки аксинча, мутлақо мазмун бўлмаслиги ҳам мумкин", деган гаплари бор, - дея давом этади мутахассис. - Шундай экан, қизлар тарбиясига бор эътиборимизни қаратишимиз лозим. Маънавиятли, эсли, одобли, сабрли қизнинг қурган оиласи мустаҳкам, ўзи суюкли бўлади.

Ўрта маҳалла фуқаролар йиғинида 4655 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни оилавий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда мутахассис Турғуной Эргашеванинг муносиб ҳиссаси бор.

- Йил бошидан буён 30 дан зиёд ажрим ёқасидаги оила тикланди. Ота уйига аразлаб келиб олган қизларимизни, ёки аразлаб онасиникига кетган келинларни дарров яраштиришга уринамиз. Ҳеч қаерда ўқимайдиган, ишламайдиган қизларни қизиқтириб, "Қизларжон"клубига аъзо қилганмиз. Китобхонликка, турли тўгаракларга жалб этиш    орқали фаоллигини оширамиз, бандлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада раисимиз, маҳалла фаоллари, отинойи, дастурхончи, имом-хатиб, кўчабошилар - барчамиз баҳамжиҳат иш олиб бормоқдамиз, - дейди мутахассис.

Маҳаллада тадбиркорлик фаолиятини юритиб, янги иш ўринлари очиш истагида бўлган аёллар қўллаб-қувватланмоқда, уларга банкдан кредит маблағлари олишда кўмаклашилмоқда. Яқинда фуқаро Дилором Убайдуллаева   80 млн. сўм кредит маблағи ҳисобига тикувчилик ва нон цехи очди. Ирода Турсунова эса паррандачилик ва балиқ хўжалиги ташкил этди.

Маҳалла - муқаддас маскан. Унинг қувончи ҳам, ташвиши ҳам ўзимизники. Маҳалламиз тинч ва обод бўлса, ҳаётимизга файзу барака инади. Жамиятимиздаги меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик мустаҳкамланади.

Муаззам ИБРОҲИМОВА