+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 08 Март 2018
    "Тўмарис" - энг фаол иштирокчи
    Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуасида Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланиб вилоят жисмоний тарбий ва спорт бошқармаси ҳамда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси билан…
  • 08 Март 2018
    Зулфияхоним - вафо тимсоли
    Ҳар йили баҳорнинг илк куни матонатли аёл, меҳрибон устоз, серқирра ижодкор, нафақат ижоди, балки бутун ҳаёти, фаолияти билан ўзбек аёлининг тимсолига айланган Зулфияхоним таваллуди кенг…
  • 08 Март 2018
    Юксак мукофот муборак!
    Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мамлакатимиз Президенти қарорига асосан юртимизнинг энг иқтидорли қизларидан бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланганлар…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


ТАРИХИЙ ОБИДА ВА ЁДГОРЛИКЛАР - ХАЛҚИМИЗНИНГ БЕБАҲО МУЛКИ

(16 - сон) 18 апрель - Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни

Қадим тарихга эга мамлакатимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади.

Юртимиздаги кўхна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда. Қолаверса, улар инсоният тамаддунининг ажралмас қисми сифатида улкан тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Шу боис ҳам уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Андижонда ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

- Бугунги кунда вилоятимизда маҳаллий ва республика аҳамиятига эга 371 та тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, - дейди маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси Андижон вилоят бўлими етакчи мутахассиси Дилшодбек Юсупов. - Улардан 114 таси археологик, 66 таси меъморий ёдгорликлар, 117 таси маҳобатли санъат ёдгорликлари-ҳайкаллар бўлиб, қолган 74 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир.

Уларнинг ҳар бири муайян бир давр, маскан, улуғ шахслар ҳақида маълумотлар олиш имконини беради ёки юртимизнинг бетакрор табиатини кўрсатувчи гўша сифатида ҳар қандай кишида катта таассурот қолдиради.

Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб, махсус дастур асосида вилоятимиздаги ана шу тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида тузилган тарихий-маданий экспертиза комиссияси томонидан туман ва шаҳарлардаги маданий мерос объектлари деб эътироф этилган ёдгорликлар тўла ўрганиб чиқилди. Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Шунингдек, археологлар, тарихчи олимлар томонидан Марҳаматдаги Мингтепа, Избоскандаги Элатан, Жалақудуқдаги Далварзинтепа ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Айни кунда Мингтепада Ўзбекистон-Хитой қўшма илмий экспедицияси томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Андижон шаҳридаги "Мирпўс-тин ота", Жалақудуқ туманидаги "Қутайба Ибн Муслим", Балиқчи туманидаги "Тузлуқ момо", "Учбулоқ", Андижон туманидаги "Меҳмони Валий", Пахтаобод туманидаги "Ховускон ота", Хўжаобод туманидаги "Имом ота", Булоқбоши туманидаги "Ширмонбулоқ" сингари қатор  зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, зиёратчи ва дам олувчилар учун қулайликлар яратилди.

Кейинги йилларда 50 дан зиёд тарихий ёдгорликлар ва зиёратгоҳларнинг кадастр ҳужжатлари, 50 дан ортиқ объектнинг паспорти тайёрланди. 

Тарихий манбалар, олимлар, мутахассисларнинг хулосалари, илмий-тадқиқот ишлари натижаларига асосланган ҳолда  Мингтепа қалъаси ҳамда Жалақудуқ туманидаги Далварзинтепа ёдгорликларини ЮНЕСКО ташкилоти рўйхатига киритиш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.                 .

Мингтепа қалъаси қадимий Даван давлатининг пойтахти - Эрши шаҳрининг харобалари эканлиги тарихдан маълум. Олимларнинг аниқлашича, ўз даврида қалъанинг шаҳар ичи қисми 38 гектар, шаҳар ташқариси эса 230 гектар майдонни эгаллаган. Эрши ҳукумдорининг махсус саройлари жойлашган Алитепа, Жунғортепа, Қоровултепа сингари ўндан ортиқ тепаликлар харобалари ҳозирда ҳам сақланган.

Дарҳақиқат, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи бу каби археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир.

Тарихий обида ва маданий ёдгорликлар юртдошларимиз қалбида муқаддас она заминга муҳаббат, ўтмишга даҳлдорлик ҳиссини, фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириши, қолаверса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, маданий мерос ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ