+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ДУНЁДА ҚАНЧА СЎЗЛАШУВ ТИЛИ БОР

(38-сон) Билиб қўйган яхши

Элликка яқин тил мукаммал шаклланган

Дунё халқлари хилма-хил тилларда гаплашишади. Таъкидлаш керакки, жаҳонда қанча сўзлашув тили бор, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Бу борада иш олиб борувчи олимлар томонидан турли даврларда маълумотлар эълон қилиб келинган. Лекин эълон қилинган рақам ва маълумотлар бир-бирига доимо мос тушавермаган. Чунки у ёки бу тилни ҳамма жойда ҳам бирдек тан олавермайдилар. Натижада ўша тилни рўйхатга киритмай қўйиш ҳоллари учраб туради.

Ер юзида ҳаммаси бўлиб тахминан 5600 дан зиёд тил ва шева бўлиб, ҳозиргача улардан 500 га яқини ўрганилган холос. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эга.

Айни кунда дунё бўйича инсонлар мулоқот қилаётган 1400 тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Тилшунослар томонидан дунё тилларидан фақат элликка яқини оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланган, деб ҳисобланади. Мана шу тиллар орасида ўзбек тили ҳам бор.

Шундай ҳудудлар борки, у ерларда одамлар жуда кўп тилда мулоқот қиладилар. Масалан, Осиёнинг Ҳимолай ҳудудида 160 хил тил бор. Африканинг Нигер дарёси ҳавзасида 280 дан ортиқ тилда сўзлашувчи қабила ва халқлар яшайди. Янги Гвинея оролларидаги Папуа давлатида жами 3 миллион нафардан ортиқ аҳоли 1010 хилдаги тил ва шевада сўзлашади. Яна бир қизиқ жиҳат, Хитойда инглиз тилида сўзлашувчилар сони Америка Қўшма Штатларидагидан кўпроқ.

Тилларнинг қай даражада ривожланганлиги ва тарқалиши кўп жиҳатдан  давлатларнинг ҳудуди ва аҳолисининг кўп-озлигига ҳам боғлиқдир. 2007 йил январь ойида эълон қилинган статистикага кўра, ҳудуди бўйича дунёда энг катта давлатлар  Россия, Канада, АҚШ, Хитой, Бразилия, Австралия, Ҳиндистон, Аргентина, Қозоғистон ва Судан ҳисобланади.  Аҳолиси сони жиҳатдан биринчи ўнликка  кирувчи давлатлар эса Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Индонезия, Бразилия, Покистон, Бангладеш, Россия ва Япония давлатларидир.

Олимларнинг илмий тахминларга кўра, 2057 йилга борганда Хитой Халқ Республикаси аҳолиси дунё аҳлининг ярмини ташкил этади.

 

Энг бой тиллар

Дунёдаги сўз бойлиги жиҳатдан энг бадавлат тиллар бу - араб ва инглиз тиллари бўлиб, инглиз тилида 2,5 миллиондан ортиқ, араб тилида эса 3,5 миллиондан зиёд сўз мавжуд. Шу ўринда она тилимиз - Ўзбек тили ҳам дунёдаги бой тиллар қаторига киради. Ўзбек тилида тахминан 1,5 миллиондан ортиқ сўз мавжуд.

Тилшунослик фанидан маълумки, қайси тилда "синоним" - "маънодош" сўзлар кўп бўлса, ўша тил энг бой тил ҳисобланади. Шунингдек, қайси тилда "омоним" - "шаклдош" сўзлар кўп учраса, демак ўша тил камбағал тиллар сирасига киради. Масалан, шимолий қутбда яшайдиган эскимос қабиласига мансуб миллат тилида "қор" сўзининг йигирма хил синоними мавжуд бўлса, араб тилида "чўл" сўзининг юздан ортиқ варианти бор. Синоним сўзлар араб тилида энг кўп учрайди.

 

Энг камбағал тиллар

Африканинг Гвинея давлатидаги маҳаллий Таки тилида бор йўғи 340 та сўз бор холос.

Янги Гвинеяда 4 миллион нафар аҳоли истиқомат қилса-да, улар 800 тилда гаплашадилар. Ушбу тилларнинг бирортасида ҳам 100 минг нафардан ортиқ киши мулоқот қилмайди.  Дунёдаги энг кам одам гаплашадиган тил бу - бикя тилидир. Бу тил фақатгина Африка қитъасининг Камерун ва Нигерия давлатлари ўртасидаги қишлоқда яшайдиган қабилага тегишли.

Латвияда эса шундай тил борки, уни 200 киши тушунади. Бу - ливон тилидир.

Оун ғарбий септик тилида ҳозирча 380 нафардан,  алфендио шарқий септик тилида эса 630 нафардан ортиқ киши мулоқот қилади. Лилау ва сеймит тилларида бугунги кунда 500 нафарга яқин киши сўзлашади. Кандас тилида ҳам Янги Ирландияда яшовчи 500 нафарга яқин инсон сўзлашади.

Енг кам учрайдиган тиллардан бири Ҳиндистондаги марати тилидир. Бу тилда фақат Махараштра штатида яшовчилар гаплашади. Орисса штатида эса ория тили русум бўлган. Телугу тилида Андхра Прадеш штатидагилар, тамил тилида Тамил Надуда штатидаги кам сонли аҳоли ўзаро мулоқотда бўлади.

Таиланда асосий тил тай лаҳжаси бўлса-да, аҳолининг кўп қисми турли шеваларда суҳбатлашади. Тилшунослар уларнинг ичида лао, каммуанг ва пактай тилларини мустақил, деб ҳисоблайдилар.

 

Ўлик тиллар

Жаҳонда истеъмолдан чиқиб кетган ҳамда бутунлай йўқолиб кетган тиллар ниҳоятда кўп. Тилшунослар уларни иккига бўлиб ўрганадилар, яъни ёзма нутққа эга бўлган "ўлик" тиллар ҳамда фақат оғзаки шаклда фойдаланилган "ўлик" тиллар.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, фақат оғзаки тарзда фойдаланилган ҳозирда бутунлай йўқолиб кетган тилларнинг ҳисоб-китоби деярли йўқ. Ҳам ёзма, ҳам оғзаки нутқ шаклига эга, бироқ ҳозир йўқ бўлиб кетган қадимий тиллар эса талайгина. Тилшунослик фанида бу тиллар "ўлик тиллар" деб аталади. Ўлик тилларнинг иккитаси фан оламида анча    машҳур ҳисобланади. Улардан бири Ҳиндистондаги қадимий санскрит тили бўлса, иккинчиси лотин тили ҳисобланади.

Олимлар томонидан энг кўп тарқалган "Ўлик тиллар" сифатида қадимий хитой ва инглиз тиллари эътироф этилади. Чунки давримиз кишиларининг ана шу икки тилда битилган тарихий асарларда муҳрланган сўзларни тушунишлари жуда қийин. Кўҳна хитой тилидаги манбалар хусусида ҳам шундай фикрлар айтиш мумкин.

 

Энг кенг тарқалган тил

Кўпчилик энг кўп тарқалган тил хитой тили деб ўйлайди. Тўғри, ер куррасидаги энг кўп аҳоли яшайдиган Хитой давлатда 1,5 миллиарддан ортиқ одам мана шу тилида гаплашади. Лекин хитой тили дунё бўйлаб испан тиличалик кенг тарқалмаган. Испан тили дунёда энг кенг тарқалган тил ҳисобланади. Ушбу тилнинг бу қадар оммалашиб кетишига аввало, испанлар сайёҳ ҳамда мустамлакачи сифатида жуда кўп жойларга бориб, ўша жойларда муқим яшаб қолганликлари сабаб бўлган. Яна шу нарса ҳам қизиқки, Америка Қўшма Штатларининг 50 штатидан 23 тасида испан тили давлат тили ҳисобланса, 21 тасида инглиз тили асосий тил, қолган штатларда эса француз тили ҳукмронлик мавқеига эга.

 

Мусажон БОБОЖОНОВ.