+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ХУШ КЕЛДИНГ, НАВРЎЗ!

Атрофда баҳор... Янгиланиш, ёшариш фасли кезади. Ариқлар лабида ханда отган майсалар табиатга салом бергандай шаббодада енгил тебранади. Замин яшилликдан шод. Дарахтлар куртакларида қулоч ёзган кўкламий гўзаллик атрофга ажиб тароват              таратади.

Сочларига гулчамбарлар таққан қизларнинг юзида кулгу, лабларида табассум. Ошиқона нигоҳлардан маст кўнгиллари баҳор латофатидан миннатдор. Кичкинтойлар учириб ўйнаётган варраклар мусаффо осмонни маҳв этгудек гўё.

Ана, лолақизғалдоқларга бурканган адир, дала, қирларда ўзгача гўзаллик. Тоғ эркаси бўлган лоланинг анвойи чаманига айланган замин назокатдан, ёшаришдан энтикади. Бир қучоқ лолани бағрига босган қизнинг яноқлари изҳори дилдан лов-лов ёнади. Баҳор ташрифи юрагини-да орзиқтиради.

Табиатни бағрига олган  Наврўзи оламнинг бўйи келади атрофдан. Дошқозонларни тўлдирган сумалак, баҳорий таомлар - кўк чучвара, кўк мантининг иштаҳани қитиқловчи иси ҳовлини тутади.

Юртга келган айём муборак! Заминни қучган, бахти кулган диёрни эркалаган Наврўзи олам, хуш келдинг!..

Гулчеҳра МУЛЛАЖОНОВА,

Андижон шаҳридаги 20-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ИСТЕЪДОДЛИ ЗУЛФИРА...

 

Гулларга кон - хушбўй райҳон

Ифорлари тўлган кенг ҳовли.

Жаннат ҳиди уфуриб турган

Тандирлари доим оловли.

 

Меҳр тўла, файзли қўшайвон

Ҳар меҳмонга очар қучоғин.

Тангрим, фақат ўчирма асло

Бу ҳовлининг чўғли ўчоғин.

 

Икки устун - мустаҳкам қўрғон,

Руҳи  эрур - меҳр ила тан.

Полапони чуғурлаб юрган

Бу мўъжаз уй  аталур Ватан.

Зулфира Нўъмонова мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ ўзининг юқоридаги каби чиройли шеърлари билан кўпчиликнинг эътиборини қозона олган истеъдодли қишлоқ ёшларидан бири эди. Йиллар ўтди, ёш истеъдод соҳибасининг ижоди йилдан-йилга бўй кўрсатиб борди.

 Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимиз фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган қизлар орасида Андижоннинг Пахтаобод туманида туғилиб ўсган, ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат университети   4-босқич талабаси бўлган Зулфира Нўъмонова ҳам бор.

Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда ўтказилаётган қатор кўрик-танловлар, санъат, спорт  фестиваллари эса ёш истеъдод соҳибларининг камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Зулфия номидаги давлат мукофоти танлови маданият, санъат, фан, таълим, спорт ва адабиёт йўналишларида юзлаб иқтидор соҳибаларини кашф этмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида Андижон вилоятидан ҳам 24 нафар қиз ана шу юксак мукофотга сазовор бўлди.

Жорий йилда адабиёт йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлган Зулфира Нўъмонова ҳам юртимизнинг изланувчан, ташаббускор, фидойи ёшларидан, қолаверса, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат университетининг энг фаол ва ижодкор талабаларидан бири. Юқорида таъкидланганидек, у мактабда ўқиб юрган даврларидаёқ ўзининг табиат гўзалликлари, она юрт ҳақида чиройли шеърлари, қичик ҳикоя, лавҳа ва қатралари билан матбуот нашрларида фаол иштирк этиб, устозлар эътирофига сазовор бўлган. Қатор ижодий танловларда, фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди. Айниқса, унинг адабиётга ихлоси баланд, болалигиданоқ мурғак қалбига ижодга бўлган муҳаббатни жойлаб улгурган. Ундаги истеъдод йиллар давомида ўсиб, тобланиб борди.

2015 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси "Ижод" жамоат фонди томонидан "Биринчи китобим" лойиҳаси асосида "Осмоннинг фанори" номли илк тўплами 20 минг нусхада нашр этилди. Ушбу китобда ёш ижодкор ўзининг қалб кечинмаларини гўзал ташбеҳлар, самимий сатрлар орқали ўзига хос тарзда тасвирлаган.  

Зулфира нафақат мамлакатимизда, балки Россия,  Қозоғистон давлатларида ўтказилган ёш тилшунос ва адабиётшуносларнинг илмий анжуманлари ҳамда ёшлар форумларида ҳам фаол иштирок этиб келади. Ҳозирда у педагогика фанлари доктори, профессор Рўза Ниёзметова раҳбарлигида "Болалар адабиётини ўқитишда инновацион технологиялардан фойдаланиш" мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқда. Шу билан бирга, юртимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолият билан шуғулланувчи "Зулфияхоним издошлари" хайрия фонди лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

- Мен юртимнинг энг бахтли қизларидан бириман, - дейди Зулфира Нўъмонова. - Чунки интилишларим, мўъжаз ижодим юксак баҳоланиб, Зулфия номидаги давлат мукофотига муносиб топилганлигимдан беҳад бахтиёрман. Эътироф ва юксак мукофот учун мен ва мен каби юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаётган, улкан ғамхўрликлар кўрсатаётган  юртбошимиздан чексиз миннатдорман. Келажакда ўз ижодим, меҳнатим билан она Ватанимиз равнақи учун хизмат қиладиган фидойи инсон бўлишга сўз бераман.

Зулфиранинг дилидаги самимий ниятлари албатта, ижобат бўлади. Чунки унда ғайрат, шижоат, интилиш бор, қалбида эса она Ватанга муҳаббат, садоқат, эртанги кунга ишонч ва умид туйғулари жўш урмоқда.

 

Сожида САИДОВА

Ҳар тунинг қадр ўлубон,ҳар кунинг ўлсин Наврўз

Юртимизда баҳорнинг ташрифи, аввало, табиат қўйнидан бошланади. Табиат қўйнида ажиб бир ҳалимлик уйғонади. Еллар эсиб, борлиқ абри найсонлар суйидан баҳра олади. Чучмомалар, майсалар бўй кўрсатиб, дов-дарахтларга яшиллик ина бошлайди.

Даштларга, яйловларга, далаларга файз киради, боғлар яшилланади, саҳролар, тоғларда кўклам нафаси кеза бошлайди. Баҳор юртимизга ана шундай уйғоқликни, яшаришни, гўзалликни олиб киради.

Бугун табиат бағридаги     уйғониш одамлар қалбига ҳам кўчмоқда. Оилаларда, маҳаллаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тозалаш, орасталик ишлари олиб борилмоқда. Бу каби хайрли ишлар юртдаги ободлик кўнгиллардан бошланишини кўрсатади. Бугунги баҳорий ўзгаришлар фақат табиат бағрида, одамлар қалбидагина эмас, балки юртимиз ижтимоий ҳаётидаги яратувчилик, янгиланиш ва бунёдкорликларга ҳамоҳанг эканлиги кўзга ташланади.

Баҳор юртимизда тантаналар, байрамлар, шодиёналар фасли сифатида эътироф этилади. Баҳорнинг энг нуфузли байрами, шубҳасиз, Наврўздир. Шарқ халқлари томонидан янги йил сифатида улуғланадиган Наврўзи олам мамлакатимиздаги энг қадрли байрамлардан биридир. Ҳамалнинг биринчи куни, баҳорий тенгкунлик деб аталадиган Наврўзни халқимиз неча минг йиллардан буён улуғ шодиёна билан нишонлаб келган. Улуғ муаррих Абу Бакр Муҳаммад ан-Наршахий "Бухоро тарихи" асарида Варахша қалъаси ҳақида сўз юритганда бундай деб ёзади:

"Бу ерда ҳар ўн беш кунда бир кун бозор бўлади, йилнинг охирида эса одамлар йигирма кун бозор қилиб, йигирма биринчи куни Наврўз - янги йил байрамини ўтказадилар. Буни "Наврўз" - "Деҳқонлар наврўзи" дейдилар. Бухоро деҳқонлари (йил кунлари) ҳисобини ўша кундан бошлайдилар ва бунга эътибор берадилар".

Юқоридаги маълумотлар Наврўзнинг қадимийлигини, унинг туб негизи юртимиз тарихи билан боғлиқлигини кўрсатади. Не-не босқинлар ва тақиқлар ҳам уни халқимиз қалбидан ўчира олмаган. Шу сабабли ҳам бу байрам биз учун табиатнинг уйғониши, саховати, қадриятларимиз, урф-одатларимизни ифодаловчи байрам сифатида яшаб келмоқда.

Наврўзни халқимиз қадимдан фақат янги кун, янги йил шодиёнаси сифатида нишонлаш билан чекланиб қолмаган. Бу кун ҳаётнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорликлар учун янги даврнинг бошланиши деб қаралган. Шу сабабли улуғ аждодларимиз янги кун, янги йилнинг қандай кириб келиши, қай тарзда бошланишига қараб йил давомида деҳқончилик, чорвачилик, тижорат, умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларида содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳақида маълум хулосаларини ёзиб қолдирганлар. Шу асосда "Солнома", "Наврўзнома",   "Меърожнома" каби асарлар яратилган.

Бу йилги баҳор ва Наврўз ўлкамизга қут-барака, тўкин-сочинлик, омонлик, тинчлик, фарахбахш ҳаёт олиб келсин. Улуғ айём арафасида қалбларимизда Алишер Навоийнинг гўзал байти такрорланади:

Зулфу рухсор ила коминга мени еткурсанг,

Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсин Наврўз.

 

Зумрадхон ЖАҲОНОВА,

педагог,

Марҳамат тумани.

"Тоғ лоласи" - шеърият ихлосмандларига туҳфа

Янги китоб

Донохон Ибрагимова Андижон шаҳрида таваллуд топган. Кўп йиллар фабрикада ишчи бўлиб меҳнат қилган бўлса-да, у адабиётга, шеъриятга ошуфталик билан яшади.

Бир неча йилдан буён шоир Нусрат Абдусалом раҳбарлигидаги "Ёғду" тўгарагининг фаол аъзоларидан бири сифатида ижод қилиб келади. Шеъриятга қизиқиши, кўп ўқиб, ўрганиши боис қисқа вақт ичида каттагина ижодий тажриба тўплади. Чиройли, мазмунли шеърлар ёзиб, ижодкорлар эътирофига сазовор бўлди.

Ўтган ҳафта "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖ босмахонасида унинг "Тоғ лоласи" деб номланган илк шеърий тўплами нашрдан чиқди. Ҳаваскор шоиранинг содда, самимий мисраларда тасвирланган кўнгил кечинмалари, ҳаётий қарашлари, айниқса,  меҳр-оқибат, инсонийлик, она Ватан ҳақидаги шеърлари ўқувчи қалбини забт этади.

Мухтасар айтганда, "Ёғду" ижод мактаби кашф этган Донохон Ибрагимованинг шеърий туҳфаси шеърият ихлосмандларига албатта, манзур бўлади. Биз эса шоиранинг келгусидаги ишлари ва ижодида омадлар тилаб қоламиз.

 

"Иқбол" газетаси  таҳририяти.

ҲАЁТ АНИҚЛИКНИ СЕВАДИ

Педагог фикри

Математик қоидалар инсон ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу фаннинг ўқувчилар фикр доирасини кенгайиши, тез фикрлаши, зеҳнини чархлаш, билим савиясини янада мустаҳкамлашдаги роли ниҳоятда катта.

 

Шунинг учун мен математика дарсларида илғор педагогик технологиялар, ўқитишнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланишга, ўқувчиларни фанга қизиқтиришга алоҳида эътибор қаратаман. 

Айниқса, 8-синфларда "Сонли тенгсизликни даражага кўтариш"  мавзусида ўтилган очиқ дарсларда замонавий ахборот коммуникация технологиялари, мультимедиали слайдлардан фойдаланиш, шунингдек,      расмли бошқотирма, "Чархпалак",  деб номланган ўйинлар ижобий натижа бериш билан бирга, ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишини кучайтиришга ёрдам беради.

Дарслардан бўш пайтларда ўтиладиган тўгарак машғулотларида эса ўқувчиларнинг иқтидорини ўстиришга, уларда ментал арифметикага бўлган қизиқишини ошириш бўйича алоҳида ишлар олиб бориш ҳам яхши самара беради. Маълумки, ментал арифметика курслари ўқувчиларни калькуляторсиз тез ҳисоблашга ўргатади. Айни кунда ўқувчилар ўртасида ментал арифметикага бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.   Машғулотларни "Флешкада рақамлар", "Дубл", "Ақлли қўл ва оёқлар", "Гиламча" ва "Фистер"  каби ўйинлардан фойдаланган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Бу борадаги ишлар юқоридаги тартиб ва тавсиялар асосида ташкил этилса, қисқа муддатда ўқувчиларнинг тафаккури, фикрлаш доираси яхши ривожланиши, ақлий қобилиятлари кенгайишини кузатиш мумкин.

Ҳаёт аниқ ҳисоб-китобга асосланса, ўзимиз кутган ҳар қандай натижага эриша оламиз. Бунинг учун математика фанини пухта билиш лозим. Ушбу оддий ҳақиқатни энг аввало, ёшларимиз тушуниб етиши, дилдан англашлари зарур. Бу борада биз педагоглар уларга яқиндан ёрдам беришимиз керак.

Моҳидилхон НАБИЕВА,

Асака туманидаги

22-умумтаълим

 

мактаби математика фани ўқитувчиси.

Хонадонингизда чироқ ўчмасин десангиз....

Мутахассис минбари

Сир эмаски, баъзида электр энергияси таъминотидаги узилишлар асабларимизни таранглаштиради. Айниқса, светнинг айнан нонушта, кечки овқат вақтида ёки фарзандларимиз дарс тайёрлайдиган пайтда ўчиши ҳар қандай кишида таъминотчи корхонага нисбатан эътироз келтириб чиқаради.

Бунинг албатта, объектив ва субъектив сабаблари бор. Биринчидан, барча истеъмолчилар айнан ана шу вақтда деярли бирданига электр жиҳозлари (ёритгичлар, телевизор, электр печлар, чой қайнатгичлар, сув иситгичлар ва х.к)дан фойдаланади. Бу энерготизимнинг зўриқиб ишлашига ҳамда электр энергияси етишмовчилигини юзага келтиради. Таъкидлаш керакки, бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, электр энергияси ишлаб чиқарувчи янги қувватлар қурилмоқда, эскилари модернизация қилинмоқда, электр тармоқлари таъмирланмоқда.

Иккинчидан, истеъмолчилар электр энергиясини тежамасдан, самарасиз фойдаланиши электр таъминотидаги муаммони янада кучайтиради. Бу борадаги муаммони ҳал этиш учун истеъмолчилар ёритгичларнинг керагида фойдаланиш, чой учун фақат зарур миқдордаги сувни қайнатиш, зарур ҳолдагина сув иситиш, электр жиҳозларни қаровсиз қолдирмаслик, шу билан бирга, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга кўйишга алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Замонавий электр энергия ишлаб чиқариш технологиялари ривожланиб бораётганидан келиб чиқиб, муқобил энергия манбалари имкониятларидан кенгроқ фойдаланишни тақозо этади. Жумладан; Қуёш сув иситгичлари, биогаз курилмалари, қуёш панеллари, шамол генераторлари, кичик сув генераторлари, ҳатто хонадондаги ичимлик сув қувурларига ўрнатиш мумкин бўлган кичик генераторлар шулар жумласидандир.

Ушбу муқобил манбалар ҳозирда барча савдо шохобчаларида сотилмоқда, нархи ҳам у қадар юқори эмас. Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш орқали хонадонингизни  электр энергияси билан исталган     пайтда таъминлай оласиз. Буни ҳозирга қадар вилоятимизда муқобил энергия воситаларидан фойдаланаётган 59 та хонадон ва 65 та корхона, ташкилот ва муассаса мисолида яққол кўриш мумкин. 

Азиз юртдошлар! Энг аввало, электр энергиясидан оқилона фойдаланишга, қолаверса, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратайлик. Шундагина электр таъминотида турли муаммолар юзага келмайди.

 

Маъмиржон

МИРЗАКАРИМОВ,

"Ўзэнергоинспекция" Андижон ҳудудий бўлими бош мутахассиси. 

МАҚСАДИМ - МАШҲУР ДИЗАЙНЕР БЎЛИШ

Иқтидорли ёшларимиз

Одинахон Эргашева иқтидорли, умидли ёш дизайнерлардан. У Андижон туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 11-синфида ўқийди.  Ёш бўлишига қарамай, Одинахон дизайнерлик соҳасида қатор ютуқларга эришиб улгурди.

Тикиш-бичиш ишларига бўлган иштиёқ Одинахонга онаси Ҳаётхон опадан ўтган. У болалик пайтидаёқ Ҳаётхон опани саволга тутишдан чарчамас, ортган матолардан қўғирчоқларига кўйлакчалар тикар, онаси бичиб бергунча ўткир нигоҳларини бир сонияга узмасдан кузатарди. Одинахон юқори     синфга ўтганда ўзича мустақил кўйлаклар тика бошлади. Янги-янги урфларни ўйлаб топишга ҳаракат  қиларди у. Антиқа либослар эскизини чизар, уларга монанд рангларни топиб бўярди. Буни кўрган Ҳаётхон опа қизида дизайнерликка қизиқиш ва қобилият борлигини пайқади. Ўз вақтида мактабда очилган "Моҳир қўллар" тўгарагига берди. Кундан - кунга "қўли келиб" бораётган Одинахон энди ўз устида тинимсиз ишлай бошлади. Мактаб дарсларини ҳам ортда қолдирмас, уй вазифаларини ўз вақтида бажарар, тўгаракда берилган топшириқларнида уддасидан чиқарди.

Тинимсиз меҳнати, изланишлари самараси ўлароқ, "Нафосат - 2018" кўрик-танловининг вилоят босқичида "Энг ёш дизайнер" номинацияси  бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Мазкур танлов Одинахонга келажак йўлларини ёритувчи бир маёқ бўлди.  2019 йилда Республика тадбиркор аёллар ассоциацияси ташаббуси билан Қирғизистон Республикасининг Жалалобод вилоятида ўтказилган йирик  анжуманда иштирок этиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.Ўтган йилнинг   октябрь ойида бўлиб ўтган "Open Andijan" халқаро бизнес форумида ўзи яратган миллий ва шарқона либослари билан иштирок этиб, эътирофларга сазовор бўлди.

- Устозларим кўмагида дизайнерликнинг сир-асрорларини пухта ўрганишга ҳаракат қиляпман, - дейди ёш дизайнер О. Эргашева. - Мақсадим, ушбу соҳанинг етук мутахассиси,   машҳур дизайнер бўлиш, одамларга наф келтириш, юртим ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.

Ёш бўлишига қарамай, изланишдан, ўз устида ишлаб, янгиликлар яратишдан  чарчамайдиган Одинахон кўп ютуқларга эришди. Ишонамизки, ана шу натижалар келгусида у эришадиган ютуқларга дебоча бўлади.

Озодахон ОЛИМОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор!

Юз билан юзлашганлар

Шаҳрихон туманининг Яккатут маҳалласида ўзининг 103 баҳорини қарши олаётган пиру бадавлат онахон Садбархон Ҳайдарова яшайди. Маҳалла аҳли онахонни йўқлаб, дуоларини олишга интилади. Айниқса, Наврўз арафасида баҳорий таом - сумалак илиниб, унга насиба олиб келишади. Онахон уни йўқлаб келганларни алқайди, дуо қилади. Умрининг гўзал онлари, ҳаётидаги унутилмас хотиралар ҳақида гапириб          беради.

Садбархон момо болалик, ёшлик даврларини хотирлар экан, асли қўқонлик бўлгани, иккинчи жаҳон уруши йиллари оиласи билан Шаҳрихонга кўчиб келгани, қаҳатчилик йилларидан қандай ўтиб олганларини гапириб беради. Шундай фаровон кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар келтиради.

- Ёшлик чоғларим далада меҳнат билан ўтди, - сўзлай бошлайди момо. - Одамлар бир бурда нон учун уйидаги бор-будини сотганини, қаро кечгача меҳнат қилиб ичганимиз ёвғону, еганимиз зоғора нон бўлганини яхши эслайман. Қандай шукр келтирмаслик мумкин? Дастурхонимиз тўкин, еганимиз палов, юртимизда тинчлик ҳукмрон бўлса. Бундай кунлар шукронаси учун ҳар қанча ишласанг, борингни берсанг арзийди. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.

1947 йилда Садбархон онаси билан тўқайзордан деҳқончилик қилиш мақсадида ер олади. Ерни тозалаб, пахта экишади. Момонинг хотирлашича, ўша йиллар бу жойларда ёлғиз юриш мумкин эмас эди. Нега деганда ёввойи ҳайвонлар жуда кўп бўлиб, одамларга ҳамла қиларди. Она-бола даланинг баландроқ жойига чайла қуриб, кечаси билан гулхан ёқиб чиқишар, шу билан ўзларини бўрилардан ҳимоя қилишарди. Улар астойдил меҳнат қилиб пахтадан мўл ҳосил яратишади.

Кейинчалик меҳнаткаш бу қиз ҳақида турли газета ва журналларда мақолалар, очерклар чоп этилади. Тиниб-тинчимаган қиз ишлаш жараёнида ўқиш пайида ҳам бўлади. 1962 йили у Наманган пахтачилик техникумини битириб, жамоа хўжалиги идорасига ишга киради.    Дастлаб котиб, кадрлар бўлими бошлиғи, касаба уюшма қўмитаси раиси вазифаларида фаолият кўрсатади. Ўша йилларда хотин-қизларнинг техника бошқариши урфга айланади. Садбархон ҳам машинада пахта териб, довруғ қозонади.

Садбархон Ҳайдарова доимо халқ ғами билан яшади. Туманнинг фаол аёлларидан бири сифатида ўз қишлоғидаги кўплаб муаммоларни ечишга интилди. Унинг саъй-ҳаракати билан маҳаллага тоза ичимлик суви олиб келинди, 600 ўринли мактаб қурилди, кўчалар ободонлаштирилди, автобус қатнови йўлга қўйилди.Унинг бошчилигида ташкил этилган фольклор ансамбли ўз вақтида нафақат туман, балки, вилоят, мамлакат миқёсидаги кўплаб тадбирларда иштирок этди.

Ҳаётга чанқоқ, санъатга ошуфта, меҳнаткаш онахон - Садбархон Ҳайдарова бугун ҳам тетик ва бардам. Турмуш ўртоғи Эргашбой ота билан 2 қизни тарбиялаб вояга етказган эди. Бугун онахоннинг атрофида 6 набира, ўндан ортиқ  чевара - эваралар, маҳалла кўйи парвона. Момо эса ёшларга бугунги дориломон, фаровон кунлар қадрига етиш лозимлигини уқтиради.

- Уч йил бўлди, - дейди момо. - Янги тишларим ўсиб чиқа бошлаганини сездим. Айтишларича, одамда бир аср яшагандан сўнг янги тишлар чиқа бошларкан. Мана кўринг болам, рост экан, ҳақиқий мўъжизада бу!

Бахтимизга Садбархон момодай дилкаш, хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган онахонларимиз соғ ва омон бўлсин.

 

Озодбек

 

ШАРОБИДДИНОВ

МЕҲНАТИМ, ИЖОДИМ БИЛАН ҚАДР ТОПДИМ

Аёл бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратадиган улуғ зотдир. У ҳаётнинг гултожи, авлодлар давомчиси. Аёл ҳақида қанчалар илиқ, энг юракка яқин сўзларни айтмайлик, барибир унинг таърифини тўлақонли тасвирлаб бера олмаймиз.

Бугун юртимизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини    таъминлаш, оиладаги нуфузини кўтариш, муаммоларини бартараф этиш, умуман, опа-сингилларимизга эътибор ва ғамхўрлик борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, юрт равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда фидойилик билан меҳнат қилаётган аёлларимиз сафи тобора ортиб бормоқда. Кўплаб аёлларимиз самарали меҳнатларига муносиб рағбат олмоқда.  Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ана шундай опа-сингилларимиздан бир гуруҳи Президентимиз фармони билан қатор орден, медаль ва бошқа мукофотлар билан тақдирланди.

Балиқчи тумани ҳокимлигининг "Fалаба" газетаси муҳаррири Шаҳзодахон Каримова ҳам "Мўътабар аёл" давлат мукофоти билан тақдирланганлиги барчамизни қувонтиради.

Шаҳзодахон Каримова вилоятимизнинг фаол ижодкор аёлларидан бири. Асли касби ўқитувчи бўлса-да, у бир неча йиллардан буён туман газетасига раҳбарлик қилиб келади. Туман ижтимоий ҳаётидаги фаоллиги, қолаверса, нафақат туман, балки вилоят, республика матбуот нашрларидаги долзарб мавзулардаги мақолалари, публицистик чиқишлари билан кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. Ижодий ишлари билан кўплаб танловларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олган. Жумладан, у 2008 йилда "Йилнинг энг фаол журналисти", 2018 йилда "Энг улуғ, энг азиз" танловининг республика босқичларида фахрли 2-ўринга сазовор бўлган. Шу билан бирга, кўплаб фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

- Ижод соҳасини танлаганимдан, ижодкор эканлигимдан асло афсусланмайман, - дейди Ш. Каримова. - Бу иш ҳаётда ҳамиша мени фаол бўлишга ундади. Меҳнатларим, ижодим билан эл-юрт ўртасида ҳурмат, қадр топдим.  

Изланишдан чарчамайдиган, ташаббускор, серқирра ижодкорнинг фаолияти ибратга муносиб. У туманда ташкил этилган маънавий-маърифий ишлар бўйича   тарғибот гуруҳи раҳбари сифатида оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш,   бандлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси борасидаги тарғибот ишларида ҳамиша фаол қатнашиб келади. Кўплаб ижодкор ёшларнинг меҳрибон устозидир.

Ш. Каримова нафақат давлат, жамият ишидаги фаоллиги, балки ибратли оиланинг соҳибаси сифатида ҳам ҳурмат - эътибор топа олган. Турмуш ўртоғи билан икки ўғилни эл-юрт ишига камарбаста инсонлар қилиб тарбиялади, келинлар олиб, уларни  уй-жойли қилди. Ҳозирда у уч набиранинг севимли бувижонисидир.

Меҳнатидан, ҳаётидан бахт топиб, фарзандлар камолидан куч олиб яшаётган Шаҳзодахон Каримовага "Мўътабар аёл" мукофоти муборак бўлсин, деймиз. Унинг келгусидаги ишларида, ижодида омадлар тилаб қоламиз.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

АЁЛ КИШИНИНГ ҚАДАМИ ТЕККАН САҲРО БЎСТОНГА АЙЛАНАДИ

Оддий қишлоқ оиласида вояга етган Маҳфузахон ёшлигидан меҳнат билан ўсди. Ерга меҳр унга ота-онасидан ўтган. У мактаб, сўнг техникумни тамомлагач, халқ хўжалигининг  турли соҳаларида меҳнат қилди, тажриба орттирди. 2006 йилдан эса фемер хўжалиги ташкил этиб, мустақил иш бошлади.

Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб юксак марраларга эришаётган опа-сингилларимиз жуда кўп. Асака туманидаги "Кужгон олтин даласи" фермер хўжалиги раҳбари Маҳфузахон Аҳмедова ҳам кўплаб ютуқларга эришаётган замондошларимиздан бири. У раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги 2006 йилда ташкил этилган. Дастлабки йилларда хўжаликда фақат пахта ва ғалла етиштирилган. Кейинчалик хўжалик кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилди. Бугунги кунга келиб хўжаликда ғалла етиштириш, чорвачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик йўналишларида иш олиб борилади. Айниқса, боғдорчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

- Деҳқон учун ердан қадрли ва бебаҳо неъмат йўқ, - дейди фермер Маҳфузахон Аҳмедова. - Унинг калити эса ҳақиқий ер эгасининг қўлида. Шу      маънода ер соҳиби шундай бўлиши керакки, ундан ўзи ҳам, жамият ҳам манфаат кўрсин.

 Ҳозирда хўжалигимиз 65 гектар ер майдонда деҳқончилик қилади. Шундан 15 гектарида интенсив боғ барпо этилган. Боғдан юқори ҳосил олишга эришяпмиз. Ўтган йили 30 тонна олмани музлатгичда сақлаб, қиш ойларида харидорларга етказиб бердик.

Фермер жорий йилда 21,4 гектар майдонда интенсив гилос боғи яратиш ҳаракатида. Халқ банкининг Асака туман бўлимидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиш учун ҳужжатлар тақдим этган. Кредит масаласи хал бўлса, Испания давлатидан гилоснинг пакана бўйли  серҳосил кўчатларини олиб келиб экишга ҳозирлик кўрилмоқда.

 Хўжаликда 30 нафардан ортиқ киши меҳнат қилади. Улар ҳам  меҳнатларига яраша даромад олмоқда.Манфаатдорлик яхши бўлганидан сўнг, ишлар самараси, шижоат ҳам шунга яраша юқори бўлади.

Ўтган йили Маҳфузахон Аҳмедова "Ишбилармон аёл" кўрик-танловининг вилоят   босқичида ғолиб чиқиб, республика босқичида муваффақиятли иштирок этди.  Қирғизистонда бўлиб ўтган "Ўзбек оналари - тинчлик элчиси" номли кўргазмада 1 даражали диплом билан тақдирланди. Жорий йилда бўлиб ўтган сайловларда эса сайловчилар ишончини қозониб, халқ депутатлари туман кенгашига депутат этиб сайланди. 

- Президентимиз халқимизга кенг имкониятлар эшигини очиб берди, - дейди фермер. - Айниқса, «тадбиркорлик қиламан, янги иш ўринлари яратаман» деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Уни ҳамма, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда.

 Жорий йилда Кужган, Қайрағочариқ маҳаллаларида 50 ўринли уй боғчалар ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бу билан туманимизнинг чекка маҳаллаларида болаларнинг мактабгача таълимга қамрови ортади, қолаверса, қирққа яқин янги иш ўринлари        яратилади.

Халқимизда: "Аёл кишининг қадами теккан саҳро бўстонга, қўли теккан тикон гулга айланади" деган ибратли гап бежиз айтилмаган. Зеро, фарзандлар тарбияси, оила, рўзғор ташвишларидан ортиб, ишбилармонлик ила меҳнат қилаётган аёлларимиз ўз рўзғорига барака, ҳаётимизга кўрк бўлмоқда.

- Фермер бўлиб, тадбиркорлик қилиб кам бўлмадим, - дея сўзини давом эттиради қаҳрамонимиз. - Эл - юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Оилам тинч, топаётган даромадим ёмон эмас. Энг асосийси одамларга, юртимга фойдам тегяпти. Фарзандларим кўрки, камолидан куч оламан, қувонаман. Аёл киши, айниқса, ўзбек аёли учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

 

Фахриддин

 

 ИБАЙДУЛЛАЕВ