+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТЎЙ ВА МАРОСИМЛАРИМИЗ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА МОС БЎЛСИН

Бугуннинг гапи

Аёлнинг бахти - энг аввало оилада. Оиласи тинч, фарзандлари бахтли, соғлом бўлсагина, аёл ўзини бахтли ҳис этади, жамият ва давлат равнақи йўлидаги ишларда фаол қатнаша олади.

Ўзбек аёллари жуда меҳнаткаш, фидокор. Фарзандларининг бахти, орзу ҳаваси учун яшайди, меҳнат қилади. Топганларини уларнинг яхши кунларига атайди. Тўй қилиб, топган-тутганини эл билан баҳам кўради. Тўй учун йиллаб йиғинади. Бу - яхши анъана. Аммо, кейинги йилларда бу йиғинни ҳаддан ошириш, кимўзарга айлантириш авж олган эди. Оилаларда эр-хотин баҳамжиҳат меҳнат қилиб, даромад топиб, меҳнатининг роҳатини кўриб яшаш ўрнига, орзу-ҳавас, исрофгарчиликларнинг қулига айланиб бораётган эдилар.

Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори айнан ана шу масаладаги муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур ҳужжатда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади.

Шаҳримизнинг минглаб сайёҳлар ташриф буюрувчи туристик зоналигини ҳисобга олсак, Хонобод аҳолиси нафақат турмуш тарзи, юксак маданияти, балки, урф-одат, анъана ва маросимларининг гўзаллиги, ихчамлиги билан ҳам сайёҳларни лол қолдириши, ибрат намунаси бўлмоғи лозим.

Дабдабали тўй қилаётганлар мол-давлатини кўз-кўз қилиши, бойлигини бехуда сарфлаши керак эмас. Менимча, у каби инсонлар маблағининг бир қисмини хайр-эҳсон қилишга, меҳр-мурувват кўрсатишга, бева-бечораларга ёрдам беришга сарфласа, улуғ савобга эга бўлади. Эҳтиёжмандларнинг турар жойларини обод қилиш, йўллар, кўприклар қуриш, сармояни ишлаб чиқаришга      сарфлаб, янги иш ўринларини яратиш, шу тариқа халқ ўртасида  обрў-эътибор орттириш ҳам мумкин. Аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотлар давомида биз ана шу жиҳатларга эътиборни қаратиб, халқимизнинг бу борадаги савиясини оширишга, виждонини уйғотишга ҳаракат қилаяпмиз.

Айрим ҳолларда мана шу тўйлар ва уларга сарфланадиган харажатлар сабаб қуда-андалар ўртасида юз бераётган келишмовчиликлар ёш оилаларнинг пароканда бўлишига олиб келаяпти. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тўй-маъракаларни ихчам, камхарж ўтишини таъминлаш, исрофгарчиликнинг салбий оқибатлари юзасидан аҳоли ўртасида тизимли равишда тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз.

Шаҳримизда 14 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Айни кунларда қўмитамиз қошидаги тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни мувофиқлаштириш ҳудудий комиссияси, "Нуроний" жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, ички ишлар, "Оила" илмий-амалий   тадқиқот маркази, Ёшлар иттифоқи шаҳар бўлимлари, диний уламолар ҳамкорлигида маҳаллаларда жамоатчилик назоратини ўрнатдик. Маросимларни ихчам, миллий қадрият ва анъаналарни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича давра суҳбатлари,  мулоқотлар ташкил этмоқдамиз, хотин-қизларга тўйлар, маърака ва маросимларни камхарж қилиб ўтказишни, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисоди ва оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали тушунтирмоқдамиз.

Шаҳримизнинг барча маҳаллаларида ана шундай учрашувлар, аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказдик. Маҳалла мутахассислари, фаоллари, намунали оилалар вакиллари, кайвони онахону оқсоқоллар иштирокида ҳар бир хонадонга кириб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ("ота кўрди", "сеп ёйди", "кўрмана", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш", "пул сочиш" ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўймаслик,  бўйича фуқароларга тавсиялар берилмоқда.

Шу ўринда муҳим бир нарсани таъкидлаб ўтишни истардим. Низом қабул қилингандан сўнг ижтимоий тармоқларда муҳокамалар кўпайди. Кимдир буни     маъқулласа, тирноқ остидан кир қидирган, бу хайрли ташаббусни инсонлар шахсий ҳаётига аралашиш дея баҳолаган, салбий муносабат билдирган кишилар ҳам кўп бўлди. Мақсадимиз - фуқароларимизнинг оилавий ҳаётига беўрин аралашиш, шахсиятига дахл қилиш эмас, аксинча, халқимизни пешона тери билан топган даромадини беҳуда совурмасдан, мақсадли, тўкис ва фаровон яшашларига ёрдам бериш. Албатта, бу ўз-ўзидан, бир кунда амалга оширса бўладиган ишлар эмас. Олдимизда узун ва машаққатли йўл турибди. Биз ана шу йўлдан қатъий борамиз, халқимиз фаровонлигини юксалтириш учун астойдил меҳнат қиламиз.

 

Мухтасархон ҲОШИМОВА,

Хонобод шаҳар

ҳокими ўринбосари,

 

хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Қишлоқ аёллари билан мулоқот

15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни

Ушбу сана муносабати билан вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят "Аграр соҳа аёллари" уюшмаси ҳамда Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасида Қўмита фаоллари, уюшма аъзолари, шунингдек, университет профессор-ўқитувчиларидан иборат аёллар гуруҳи Асака тумани Саидобод маҳалласидаги Қундузхон Турсунова раҳбарлик қилаётган "Элёрбек келажаги" балиқчилик фермер хўжалигида бўлиб, хўжалик фаолияти билан яқиндан танишдилар.

 Айни кунда фермер хўжалигида 2,5 гектар майдондаги ҳовузларда 10 минг донадан ортиқ амур, толстолоб, оқбалиқ, оқ амур, сазан сингари  балиқлар боқилмоқда. 

Ташриф доирасида фермер хўжалигини ривожлантириш, бу борада илғор ва инновацион усуллардан фойдаланишни йўлга қўйиш, маҳсулот етиштириш ҳажми ва сифатини ошириш, бозорларимизни экологик тоза балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш, илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича фикр ва тавсиялар берилди.

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган аёллар, онахонлар билан қишлоқ аёлларининг нуфузини ошириш, турмуш шароитларини яхшилаш мавзусида суҳбат ўтказилди. Қишлоқ аёлларининг бу борадаги фикрлари ўрганилди.

 

Нафисахон МАМАЖОНОВА,

вилоят "Аграр соҳа аёллари" уюшмаси раиси.

Махпузахон  ЮСУПОВА,

 

қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.

Беғубор меҳрингдан олам яшнасин

Одам Ато суйган, муниса аёл,

Шаббода юзларинг аста силасин.

Қалбингдаги пок, гўзал орзулар,

Фақат бахт-иқболингдан сўзласин.

 

Момо Ҳаводан мерос муниса аёл,

Меҳрли кўзларинг яширган не дард?

Азим дарё-тоғлар эртаги сенми?

Ё ҳаётнинг маъноси абадул-абад.

 

Оллоҳнинг инъоми - муниса аёл,

Биламан сеҳрли сўзларинг сирин.

Юз, кўзларинг - нигоҳларингда,

Бутун олам дарди, сири яширин.

 

Энг покиза хилқат, муниса аёл,

Сени Яратганнинг ўзи қўлласин.

Сен-ла обод дунё, гўзалдир ҳаёт,

Беғубор меҳрингдан олам яшнасин.

Абдурашид ЭРГАШЕВ,

 

Асака тумани.

ЎҚУВЧИЛАР ФАОЛЛИГИ ОРТМОҚДА

Андижон шаҳридаги 8- умумтаълим мактабида  Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида тадбир бўлиб ўтди.

Айни кунда минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган мазкур таълим даргоҳида  ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, касб-ҳунарга йўналтириш, китоб ўқишга қизиқиш ва мутолаа маданиятини юксалтириш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мактабда фан, спорт ва ижодий тўгараклар фаолияти жонлантирилди. Мусиқа фани ўқитувчиси Моҳимбону Қосимова ўқувчиларга рақс сирларини ўргатмоқда, Ферузахон Умарова эса тикув цехи очиб, ўқувчиларга ушбу ҳунарни эгаллашларига ёрдам бериб, уларнинг меҳнат кўникмалари ҳамда тадбиркорликка бўлган қизиқишларини оширмоқда.

Кутубхона мудири Одинахон Ҳайдарованинг фаол китобхон ўқувчилар билан биргаликда тайёрлаган адабий тадбири барчага манзур бўлди. 

- Ўқувчиларимиз пухта билим эгаллаш билан бирга, ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини   намоён этишда фаоллик кўрсатмоқдалар, - дейди мактаб директори Инобатхон Ибрагимова. - Айниқса, беш ташаббус доирасида ўтказилган тадбирда ана шу фаоллик яққол намоён бўлди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров тадбирда иштирок этиб, ўқувчиларни аъло баҳоларга ўқишга, янада фаол бўлишга чақирди. Мактабнинг аълочи ўқувчиларидан бири Робияхон Абдухолиқовага планшет совға қилди.

Ўқувчилар томонидан санъат, ижод ва қўл меҳнати йўналишларида намойиш этилган ижодий ишлар, тайёрланган  буюмлар кўргазмаси қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

 

Зиёдахон ТЎХТАНАЗАРОВА

Избоскан туманида иккита янги боғча фойдаланишга топширилди

Избоскан туманининг Наврўзобод ҳамда Мирзо Улуғбек маҳаллаларидаги мактабгача таълим ташкилотлари капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Айни кунда Избоскан туманида фаолият кўрсатаётган 47 та давлат, 7 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 18 та уй-боғчада 10 минг нафардан зиёд болажонлар тарбияланмоқда. Умуман, туманда боғча ёшидаги 50 фоиз бола мактабгача таълим ташкилотларига жалб этилган.

 Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги-янги муассасаларни ташкил этиш ва болалар қамровини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

 Мазкур қарор ижроси доирасида Наврўзобод маҳалласидаги 125 ўринли 50- ҳамда Мирзо Улуғбек маҳалласидаги 125 ўринли 5-мактабгача таълим ташкилотлари инвестиция дастури асосида капитал таъмирланиб, бутунлай янгича қиёфа касб этди.

Ҳар икки боғчанинг қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишларига қарийб 3,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Натижада ўзига хос кўринишга эга боғчаларда таълим-тарбия жараёнига илғор дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан билимдон ва баркамол этиб тарбиялаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди.

Раънохон ҚАМБАРОВА,

 

Избоскан тумани мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари.

Ҳикмат излаганга, ҳикматдир дунё...

Яхшликнинг чегараси булмайди. кимки яхшлик қилса, унинг мартабаси ортиб бораверади.

* * *

Мусибат инсонга ирода билан келади.

* * *

Фитна, фисқу-фасод инсонни аросатда қолдиради.

*  *  *

Агар инсонларнинг ўртасида меҳр-оқибат қўтарилса, ёмонликлар кўпаяди, одамларнинг яхшликлар улашишга қудрати етмай қолади.

* * *

Нафс билан кураш олиб бормас экансан, нафс сени бадном этади.  Нафсни енга олмаслик ироданинг сустлигидандир.

* * *

Номақбул ишларни ўзига эп кўрган инсон тўғри йўлдан адашади.

Хушнудбек СОЛИЕВ тайёрлади.

 

Марҳамат тумани.

УСТОЗЛАР - КАСАБА УЮШМАЛАР ЭЪЗОЗИДА

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган "Устозлар - касаба уюшмалар эъзозида" республика танловининг вилоят босқичи якунига етди. Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган танлов талабларига кўра, номзодлар умумтаълим мактабларида 20 йиллик педагогик, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида эса камида 10 йиллик иш стажига эга бўлишлари лозим эди. Танловнинг Андижон шаҳар босқичида кўп йиллар ёш авлодга сабоқ бериш баробарида касаба уюшма етакчилигига бир неча бор сайланиб, ходимлар ишончини қозониб келаётган 16 нафар ўқитувчилар иштирок этди.

Тақдим этилган ҳужжатлар ҳайъат томонидан кўриб чиқилиб, соҳа ривожига ҳисса қўшаётган барча иштирокчилар Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси шаҳар кенгашининг совғалари билан тақдирландилар.

10-умумтаълим мактабининг касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти раиси Зулфия Содиқова 1-ўринга сазовор бўлди.

Моҳир педагог танловнинг вилоят босқичида ҳам муносиб иштирок этди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, истеъдод ва салоҳияти, сўзамол ва изланувчанлиги, педагогик маҳорати ва масъулияти  туфайли Зулфия Содиқова "Устозлар - касаба уюшмалар эъзозида" республика танловининг вилоят босқичи ғолиби деб топилди ва мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

Насиба ТЎРАҚУЛОВА,

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси

 

Андижон шаҳар кенгаши раиси.

АНДИЖОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ВОЛЕЙБОЛЧИ ҚИЗЛАРИ ЎЗБЕКИСТОН СУПЕРКУБОГИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Андижон давлат университети волейболчи қизлари Ўзбекистон суперкубогини қўлга киритди

Жорий йил 18-21 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида волейбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги учун баҳс бўлиб ўтди. Унда Андижон давлат университети ҳамда Нукус давлат педагогика университети талаба қизлари  ғолиблик учун курашдилар.

Маълумки, волейбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги 2018 йилда таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистон кубоги ва Ўзбекистон чемпионати  олий лигаси ғолиблари ўзаро ўйинларида ютган жамоага берилади.

Анъанага кўра, Ўзбекистон суперкубоги учун учрашувлар икки ўйиндан иборат бўлиб, биринчи ўйинда 3:2 ҳисобида АДУ вакилалари ғолиб бўлган эди. Иккинчи куни ўтказилган ўйинда эса қорақалпоғистонлик волейболчи қизлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ҳисоблар тенг келиб қолганлиги сабабли ғолибни аниқлаш мақсадида ўтказилган учинчи ўйинда вилоятимиз волейболчи қизлари 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистон суперкубогини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, волейбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги 2018 йилда таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистон кубоги ва Ўзбекистон олий лигаси ғолибларининг ўзаро ўйинларида ютган жамоага берилади.

 

Шаробиддин

ХОШИМЖОНОВ,

 

АДУ матбуот котиби.

МУАТТАР ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДА БРОНЗА МЕДАЛИГА САЗОВОР БЎЛДИ

Таиланднинг Паттайя шаҳрида ўтказилаётган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг аёллар мусобақасида 55 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз Муаттар Набиева ҳам иштирок этди.

Мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси М. Набиева даст кўтариш машқи бўйича 96 килограмм тошни ўзига бўйсундира олди. Эътиборлиси, бу натижа унга якунда бронза медалини тақдим этди.

Афсуски, силтаб кўтариш машқи юртдошимиз учун кўнгилдагидек якунланмади ва Набиева бу йўналишда 113 килограмм натижа қайд этди. Икки кураш бўйича андижонлик спортчимизнинг қайд этган кўрсаткичи 209 килограммга етди ва умумий кўрсаткич бўйича бу олтинчи натижа бўлди. Чемпионатда биринчи ва иккинчи ўринлар хитойлик спортчилар Циюн Лиао (227 кг.), Жанцион Чжан (222 кг.)га, учинчи ўрин филиппинлик Хидилин Диаз (214 кг.)га насиб этди. 

Таъкидлаш жоизки, Муаттар қўлга киритган медаль оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қизлар томонидан қўлга киритгин дастлабки медаль сифатида тарихда қолмоқда.

Муаттар Набиева ушбу иштироки орқали Токио Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарига ҳам эга бўлди.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

 

жамоатчи мухбир.

МЕҲРИМНИ БЕРАЙ, ОНАЖОН!

ТАЗАРРУ

Зулмат қоплаган хувиллаган аллақандай жойда йигирмадан ортиқ эшик бор эди. Бундай қоронғи жойларда ёлғиз юргани Икромнинг юраги дош бермади. У жон-жаҳди билан йиғлаганича дадасини чақирарди. Шу вақт эшикларнинг ичкари томонидан нур тарала бошлади. Унинг қўрқуви босилиб, қалб чироғи ёна бошлагач, охиста биринчи эшикни очди:

Бир аёл бешикдаги боласига термулганича алла айтарди. Йўқ! Бу оддий алла эмас, балки онанинг қалбидан отилиб чиқаётган, оналик муҳаббати эди.

Икром иккинчисини очди:

Яна ўша аёл... тандирдан иссиқ нонларини узди-да улғайган, билим даргоҳига шошилаётган ўғлининг сумкасига кичик кулча солди ва пешонасидан ўпиб қўйди.

Хаёллар оламига сайр қилаётган Икром ўзини қўлга олди ва учинчи эшикни очди:

Ҳуши ўзида йўқ бир киши камари билан ўн бир - ўн икки ёшли болани калтаклаётганида яна ўша муштипар аёл бола устига ўзини отди. Оқибатда калтаклар зарби унга ўтди. Икромнинг кўзларида ёш қалқди. Кўз ёшлари аранг тўхтаб, кейинги эшикни охиста очди:

Икром ғазаб билан бир нималар дер, бечора аёл эса тинмай йиғларди. У ортига қарамай қайгадир кетди. Мунис онанинг илтижолари ҳам уни қайтаролмади. Эшикни ёпган Икром  фарёд урди:

- Онажон! Онажоним, меҳрибоним! Мени кечиринг ундай бўлишини хоҳламагандим. Мен учун жонингизни жабборга бериб ишладингиз, кеча-ю кундуз тиним билмадингиз. Мен сиз учун нима қилдим? Ахир, сизга лойиқ фарзанд бўлолмадимку! Наҳотки шунчалар нодон бўлган бўлсам? Онажон, кечиринг, илтимос!

Шу вақт қоронғулик орасидан у томон оппоқ кийимда бир киши кела бошлади. "Отажон, отажон", деб талпинди Икром. У киши эса Икромнинг бошини меҳр билан силаганча деди:

- Хафа бўлма, ўғлим.   Ортингга қайт. Онангни ёнида бўл, у сени кутмоқда. Асло ранжитма фариштангни, ўғлим. Мен беролмаган бахтни сен бер, ҳаётини шодликка тўлдир...

У киши ғойиб бўлганида ҳаддан ташқари кўп ароқ ичган Икром хаёлини жамлади, отаси вафот этганлигини ўйлади...

Ётган жойи қоронғу, ён атрофида ўт-ўланлар, уст-боши лой, ҳўл. Бошини чангаллаган Икром кўзларини чирт юмди "Бу туш экан", деди-ю ўрнидан турди. Хаёлида ўтган воқеалар унга қаттиқ таъсир қилганди, беихтиёр пичирлади: "Онажон, энди сизни ранжитмайман, ўйлаганингиздек фарзанд бўламан, фақат менга яна бир имкон берсангиз бўлди. Энди сиз учун бор меҳримни бераман, онажон", дея кўзларидан дув-дув ёш оқарди.

 

 

Сабоҳат МАХСУДОВА