+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Эътибордан кўнглим тоғ бўлди

Шукроналик

Бугун давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат, амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга, одамларнинг қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, юртдошларимизнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Халқ манфаатини ўйлаб, халқни рози қилиш мақсадида олиб борилаётган бу каби ишлар шубҳасиз, барчамизни мамнун этади. Хатто, чекка-чекка ҳудудларда яшаётган фуқаролар ҳам амалда ана шу хайрли ишлар самарасини кўрмоқда. Қолаверса, буни шахсан мен ўз ҳаётим мисолида гувоҳи бўлдим.

Мен Олтинкўл тумани Маслахат қишлоғида яшайман. Тақдир тақазоси билан икки нафар фарзандимни ёлғиз тарбия-лаб, вояга етказяпман. Фарзандимнинг бири туғма ногирон. Тақдиримда шу ёзилган экан, меҳнатларим, яхши одамлар кўмагида турли қийничиликларни енгиб ўтяпман. Ўғилларим билан уй-жойга муҳтож эдим. Ёлғиз ўзим, уларни боқиш, тирикчилик ташвишлари билан алоҳида уй-жой қилишни фақат орзу қилардим.

Яратганга шукрлар бўлсин, Юртбошимизнинг одилона сиёсати, мен каби муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилган қарорлари туфайли шу йил мен ҳам бир гуруҳ юртдошларимиз қатори намунали, шинам ва арзон уй-жой соҳибаси бўлдим. Энди бошқа хонадонларда фарзандларим билан қийналиб юрмайман, бошпанам бор, фарзандларим бағримда, севган касбим, атрофимда яхши инсонлар бор. Аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Энг аввало, мен каби инсонларга кўрсатилаётган эътибор учун юртбошимизга, ҳокимларимизга чексиз миннатдорчилик билдираман. Мана шу эътибор ва эъзозга муносиб бўлишга, ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилиб,    фарзандларимни эл-юрт ишига камарбаста, ватанпарвар ва фидойи бўлиб камол топишлари учун астойдил ҳаракат қиламан.

Гулхумор АБДУЛЛАЕВА,

 

Олтинкўл туманидаги 21- умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.

Беш ташаббус - беш имконият

Марҳамат туманидаги 5-умумтаълим мактабида "Беш ташаббус - беш имконият" шиори остида фестиваль ўтказилди. Тадбирни 1- «А» синф ўқувчилари  "Ўзбекистон ёшлари" қўшиғи билан бошлаб бердилар.

Тадбирда мамлакатимизда ёш авлодни маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус Марҳамат туманида ҳам кенг тарғиб қилинаётганлиги қайд этилди.

Биринчи ташаббус доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш мақсадида расмлар танлови ўтказилди. Ўқувчилар она Ватан, табиат, дўстлик, миллий анъаналар руҳи акс этган расмлар чизиб, ўз иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этдилар. Иккинчи ташаббус бўйича ёшлар марафони, турли спорт мусобақалари ташкиллаштирилди. Юқори синф ўқувчилари ўртасида "Ахборот технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш" мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилиши замирида эса учинчи ташаббус кўзда тутилган мақсад мужассамдир.

Бундан ташқари, китоб ярмаркаси, янги китоблар кўргазмаси, ёш китобхонлар ўртасида "Энг яхши китобхон" танлови ўтказилди. Билимдон ўқувчилар ўртасида ўтказилган викторина саволлари, қизлар ўртасида ўтказилган соч ўриш мусобақаси, миллий лапар ва ўланлар ижроси фестиваль меҳмонларида катта таассурот қолдирди.

Бешинчи ташаббус - Хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, уларнинг тадбиркорлик бўйича билим ва кўникмасини ошириш мақсадида ташкил қилинган, ўқувчи қизларнинг қўл меҳнатлари билан ясалган буюмлари, ҳунармандчилик намуналари барчага манзур бўлди.

Тадбир якунида 5-умумтаълим мактаби директори Махфузахон Тошматова фестиваль доирасида ўтказилган тадбирларнинг ғолиб ва фаол иштирокчиларини фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирди.

 

Юлдузхон ТОШТАНОВА,

 

мазкур мактаб ўқитувчиси.

Беш ташаббус - беш имконият

Марҳамат туманидаги 5-умумтаълим мактабида "Беш ташаббус - беш имконият" шиори остида фестиваль ўтказилди. Тадбирни 1- «А» синф ўқувчилари  "Ўзбекистон ёшлари" қўшиғи билан бошлаб бердилар.

Тадбирда мамлакатимизда ёш авлодни маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус Марҳамат туманида ҳам кенг тарғиб қилинаётганлиги қайд этилди.

Биринчи ташаббус доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш мақсадида расмлар танлови ўтказилди. Ўқувчилар она Ватан, табиат, дўстлик, миллий анъаналар руҳи акс этган расмлар чизиб, ўз иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этдилар. Иккинчи ташаббус бўйича ёшлар марафони, турли спорт мусобақалари ташкиллаштирилди. Юқори синф ўқувчилари ўртасида "Ахборот технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш" мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилиши замирида эса учинчи ташаббус кўзда тутилган мақсад мужассамдир.

Бундан ташқари, китоб ярмаркаси, янги китоблар кўргазмаси, ёш китобхонлар ўртасида "Энг яхши китобхон" танлови ўтказилди. Билимдон ўқувчилар ўртасида ўтказилган викторина саволлари, қизлар ўртасида ўтказилган соч ўриш мусобақаси, миллий лапар ва ўланлар ижроси фестиваль меҳмонларида катта таассурот қолдирди.

Бешинчи ташаббус - Хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, уларнинг тадбиркорлик бўйича билим ва кўникмасини ошириш мақсадида ташкил қилинган, ўқувчи қизларнинг қўл меҳнатлари билан ясалган буюмлари, ҳунармандчилик намуналари барчага манзур бўлди.

Тадбир якунида 5-умумтаълим мактаби директори Махфузахон Тошматова фестиваль доирасида ўтказилган тадбирларнинг ғолиб ва фаол иштирокчиларини фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирди.

 

Юлдузхон ТОШТАНОВА,

 

мазкур мактаб ўқитувчиси.

Хўжаободнинг мўътабар аёли

Орамиздаги аёллар

Ҳамма даврларда ҳам эл хизматига камарбаста бўлиб, юрт равнақи учун фидойи инсонлар жамиятнинг бойлиги ҳисобланган. Хўжаободлик  Дилбархон опа Қирғизова ҳам, жамиятнинг ана шундай илғор, тиниб-тинчимас фаол ва ташаббускор аёлларидан.

Дилбархон опа қарийб 30 йил туман молия бўлимида меҳнат қилди. Хўжабоднинг иқтисодий ривожида опанинг ҳам муносиб улушлари бор, албатта.

Нафақага чиққач, 1998 йилда опани ўзи яшаётган Бобур маҳалла фуқаролар йиғинига ишга таклиф қилишди. Шу-шу Дилбархон опа маҳалланинг куюнчак фаолларидан бирига айланди. Тўй-тўркин, марака ва маросимларда элнинг олдида турди, ҳашарларга бош қўшди. Саҳий ва олийжаноблиги, ташаббускорлиги, кишилар дардини эшита олиши уни янада одамларга яқинлаштирди. Маҳалла аҳли опани раис сифатида кўришни хоҳлади. 2017 йилдан Дилбархон Қирғизова Бобур МФЙ раиси сифатида фаолият бошлади.

-      Ҳар куни эрталаб ишга отланарканман, маҳалладаги 701 та оиланинг тинчлиги, осойишталиги ҳақида ўйлайман, - дейди Дилбархон опа, - негаки битта оиланинг тинчи бузилса, бутун маҳалла нотинч бўлади. Шунинг учун, ўзига хос ҳаёт тарзи, муаммолари бўлган ҳар бир оилани яқиндан ўрганишга, имкони борича моддий-маънавий ёрдам беришга интиламан. Фуқароларимиз ўзлари учун муносиб ҳаёт тарзини яратишга ҳаракат қилаётган экан, уларни қўллаб-қувватлаш, амалий ёрдам беришимиз керак.

Дилбархон опанинг айтишича, маҳаллада бекорчи одамнинг ўзи йўқ,  50 дан зиёд маҳалла фуқароси банкдан кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.  Аксарият хотин-қизлар маҳалла ҳудудидаги "Само", "Турон" каби ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қиладилар. Ўз хонадонларида ана шундай цехлар ташкил қилганлар ҳам анчагина. Энг муҳими, маҳаллада маънавий муҳит соғлом, ўзаро муносабатлар яхши, маҳалла аҳли баҳамжиҳат, иноқ. Аёллар Дилбархон опадан ёрдам, маслаҳат сўраб келишади, ҳар бир ишда унинг фикри билан ўртоқлашишга ҳаракат қилишади.

Юрт келажагига бел боғлаб, ҳамиша шай туриш, одамларнинг корига ярашга интилиш, мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшашга ўрганган кўнгил бефарқ, фақат ўз қобиғига ўралиб яшашга кўнмайди. Ўтаётган ҳар бир кунда ўзига хос из қолдиришга, яратиш, яшнатиш ишларида фаол бўлишга ундайди.

Дилбархон опа билан  суҳбатлашарканман, ҳазрат Алишер Навоийнинг "Маҳбуб-ул-қулуб" асарида ёзганлари ёдимга тушади. "Яхши хотин оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан. Ҳуснли бўлса - кўнгил ёзиғи, ҳушумли бўлса жон озиғидир". 

Навоий бобомизнинг ушбу гўзал битиклари худди Дилбар опага аталгандай гўё. Негаки, Дилбар опа исми жисмига монанд дилбар аёл. У яхши аёл сифатида ўзи яшаётган оиланинг давлати, яхши бека ва она сифатида умр йўлдоши, фарзандлари, набираларининг бахтидир. Самимий хушмуомаласи эса ҳар қандай суҳбатдошга жон озиғидир.

Мамлакатимиз раҳбарининг фармонига кўра, жорий йил вилоятдаги бир гуруҳ аёллар қатори Дилбархон Қирғизова ҳам "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу унинг эл-юртга қилган хизматлари, аёллик, оналик каби беназир фазилатларига берилган муносиб баҳо бўлди.

Хўжаободнинг  мўътабар аёли  дея эътироф этилган Дилбархон опа юқорида айтганимиздек, ўз оиласининг давлати, умр йўлдоши Ашурали ака, тадбиркор ўғиллари Хайрулло ва Лутфилло, қизи Шаҳнозанинг ҳамда ўндан ортиқ набираларининг бахтидир.

Илоҳим, ана шу бахтлари бутун бўлсин. Вақтлар келиб опанинг набиралари ҳам бувисининг изларига издош бўлиб, ўз меҳнатлари билан жамиятимизнинг фаол инсонлариги айланишса, ажаб эмас.

 

Раҳимахон

 

Абдураҳмонова

Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!

Сайловолди тарFиботи

Жорий йил декабрь ойида мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловлар бўлиб ўтади.  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам сайловолди жараёнларида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этмоқда.

O'zLiDeP Андижон вилоят ҳамда туман, шаҳар кенгашлари томонидан бу борада қатор сайловолди тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, партиянинг вилоят ва Булоқбоши туман кенгашлари ҳамкорлигида Булоқбоши тумани маданият ва истироҳат боғида "Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!" шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тарғибот тадбирида партия фаоллари билан биргаликда тумандаги 37 та маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, ёшлар, партиямиз хайрихоҳлари, шунингдек, тадбир доирасидаги ҳамкорларимиз - туман маданият маркази, "Нуроний"  ҳамда "Ёшлар келажагимиз" жамғармалари туман бўлимлари, тумандаги 14-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловлар бутунлай янгича муҳит, янгича хуқуқий шароитда ўтиши, ушбу сиёсий жараёнга партия томонидан пухта тайёргарлик кўрилаётганлиги таъкидланди. Партиянинг сайловолди Дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.

- Тарғибот тадбирининг асосий мақсади, O'zLiDePнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни,        мавқеи, илгари сураётган ғоя ва мақсадларини сайловчилар ҳамда аҳолининг кенг қатламига етказишдан иборат, - дейди O'zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Элёрбек Ниёзов. - Бу албатта, энг аввало, партиямиз нуфузини оширишга, бўлажак сайловларда номзодларимизнинг кўп овоз олишларигада муҳим аҳамият касб этади.  

Таъкидлаш керакки, "Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!" шиори остидаги мазкур тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилди. Тумандаги 14-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳамда туман маданият маркази  санъаткорлари томонидан намойиш этилган маданий дастур тадбирни юқори кўтаринкилик билан ўтишига ёрдам берди. Айниқса, туман маданият маркази қошида ташкил этилган "Миллионер" қувноқлар ва зукколар жамоасининг чиқиши барчага хуш кайфият улашди.

Шунингдек, тадбир давомида O'zLiDeP Булоқбоши туман Кенгаши томонидан ташкиллаштирилган "O'zLiDeP омадли лотереяси" иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Жами 50 дан зиёд турли эсдалик совғалар бахтли рақам эгаларига топширилди.

Ҳамма ёқда сайловга оид чақириқлар, партиямиз шиорлари ёзилган паннолар, O`zLiDeP рамзи туширилган байроқлар, либослар майдонга байрамона руҳ бағишлади.

Бўлажак сайловларда сайловчилар ишончини қозониш кўп жиҳатдан партиянинг амалий ишларига боғлиқ. Кейинги йилларда партиямиздан сайланган депутатлар аҳоли хонадонларида юриб, одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ҳал этиш, халқимизнинг бугунидан рози бўлиб, эртанги кунига ишонч билан яшашларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларда фаол иштирок этмоқда. Ҳеч шубҳа йўқки, бундан кейин ҳам партиямиз ана шу улуғ мақсадлар йўлидан дадил одимлайверади. Бир сўз билан айтганда, O'zLiDeP - ўз ғоя ва мақсадларини халқимиз билан бирга амалга оширади.

Мафтуна ЖАЛОЛДИНОВА,

 

O'zLiDeP вилоят кенгаши матбуот котиби.

Тўй-маъракаларни ихчам, ортиқча олди-бердиларсиз ўтишига отинойи масъул бўлиши керак

Бизнинг суҳбат

Отинойи - илм, одоб-аҳлоқ, маънавият тарғиботчиси. У ўзининг диний, дунёвий билими, олиб бораётган хайрли ва эзгу амаллари билан юртдошларимиз ўртасида яхшилик уруғларини сочаётган жамиятимизнинг энг илғор вакилларидан биридир. Бугунги кунда маҳаллаларимизда маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси, аҳоли, айниқса, қиз-аёлларимиз маънавиятини юксалтириш, уларнинг фаоллигини оширишда отинойиларнинг алоҳида хизматлари бор.

Вилоятимизда иш олиб бораётган отинойилар фаолияти, уларнинг жамиятдаги ўрни ва роли хусусида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Андижон вилоят вакиллиги, вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар ишлари бўйича ёрдамчиси, вилоят бош отинойиси Шоирахон Қосимова билан суҳбатда бўлдик.

- Айтингчи, бугун отинойилар зиммасига қандай вазифалар қўйилган? 

- Аёлларимиз азал-азалдан қизларни бекаликка тайёрлаш, диний, маърифий билимларини бойитиш, ёшларга одоб-ахлоқ беришда отинойиларга мурожаат қилиб келган. Отинойилар Қуръонни тавжид билан ўқиш, тафсир, ислом дини арконларини билиш билан бир қаторда, юксак одоб-ахлоқ соҳибаси ҳам бўлганлар. Бугунги кунда хам уларнинг зиммасига диний қадриятларни ривожлантириш билан бирга, халқ фаровонлиги, оилалар тинчлиги, фарзандлар тарбияси, қўни-қўшниларнинг ўзаро аҳиллигини, оилада, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, қизларни оилага тайёрлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш каби қатор масъулиятли вазифалар қўйилган. Айни кунда вилоятимизда фаолият юритаётган 488 нафар расмий, 256 нафар норасмий отинойилар зиммаларидаги ана шу ва бошқа вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқда.

- Олиб борилаётган    тарғибот ишлари ҳақида тўхталсангиз ва бундан кўнглингиз тўляптими?

- Отинойиларимиз томонидан хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла мутасаддилари билан ҳамкорликда ёшлар тарбияси, оилалар тинчлиги ва мустаҳкамлигини таъминлаш, миллий, диний қадрият ва урф-одатларимизни сақлаш, опа-сингилларимизнинг диний-маърифий билимларини оширишга қаратилган тарғибот ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.

 Фаолиятимизда муҳтарам Призидентимизнинг "Миллий тикланишдан, миллий юксалишгача" ғоясини ўзимизга шиор қилиб олганмиз.  Тарғибот ишлари маҳаллалардаги кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар, маҳалла фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакилларилари билан биргаликда олиб борилмоқда. Айтиш жоизки, ўзига хос оилавий муносабатларнинг шаклланиши, фарзанд тарбияси, оила камолоти сингари кўплаб масалаларда отинойилар зиммасида улкан масъулият ва вазифалар борки, улар чиройли тарзда адо этилмаса, оила ҳаётининг изга тушиб кетиши, маҳаллада, оилада    маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш анча оғир кечади. Шу боис ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида  маҳаллалар, шунингдек, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида 2 мингдан ортиқ учрашув, давра суҳбатлари ўтказилди.

Тўғри, кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ бу билан тўхтаб қолмаслигимиз зарур. Чунки хали айрим соҳа ва йўналишлардаги натижаларимиз кўнгилдагидек эмас. Шу маънода бугунги фаолиятимиздан тўла қониқиш ҳосил қиляпман, деб айта олмайман.

- Шоирахон опа, отинойи сифатида оилавий муносабатлар қандай бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?

- Оилавий муносабатлар хусусида муқаддас Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда ва бошқа диний китобларимизда аниқ ва тиниқ баёнлар мавжуд. Лекин мен бугунги ҳаётимиздан келиб чиқиб, отинойилар биринчи навбатда оилада аёлларга, фарзандларга оила бошлиғини, эркакни ҳурмат қилишни тушунтириш зарурлигини алоҳида таъкидлайман. Оилада эркакларни ҳурмат қилиш, улар хонадоннинг раҳбари эканлигини ва фикри доимо биринчи ўринда инобатга олиниши ва бажарилиши лозимлигини уқтиришимиз керак. Чунки айрим оилаларда эркакнинг ҳурмат топмаганлиги учун миллий, диний қадриятларимизга путур етмоқда, тарбия мезонларимиз қайсидир даражада таназзулга юз тутмоқда. Буни биз эрининг гапига эътиборсиз қараётган аёллар отасининг фикридан, гапидан қўрқмайдиган қизларнинг ўзбошимчаликка йўл қўйишида кўряпмиз. Бундай ҳолат вақтлар ўтиб, маънавиятимизда, тарбиямизда тузатиб бўлмас хатоларни келтириб чиқариши мумкин.

- Тўй-маъракалардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш ҳақида қанча кўп гапирилаётганлигига қарамай, бугун бу иллат барҳам топаётгани йўқ. Кўпчилик ана шу иллатлар аёллар томонидан содир этилаётганлигини таъкидламоқда. Сиз бунга нима дейсиз?

- Тўғри, кўп ҳолларда ана шундай иллатларнинг урчиб кетишига аёлларимиз сабаб бўлаётгани бор гап. Лекин шу ўринда мен бир нарсани алоҳида таъкидлашни истар эдим. Миллатимизда оила бошлиғи эркак ҳисобланади. У тўй-маъракаларда бу каби иллатларга йўл қўймаслиги, аёлини ўз измига солиши лозим. Мазкур масалада эрнинг айтганига итоат қилгувчи аёл шубҳасиз, мулоҳазали аёлдир. Юқоридаги каби иллатларнинг олдини олишда кексалар, кўпни кўрган онахонлар, фаол аёллар, айниқса, отинойилар томошабин бўлиб турмасликлари керак, бунга йўл қўяётган аёлларга нисбатан кескин чоралар кўриш лозим.

Афсуски, бугунги кунда айрим кишилар тўйни кўз-кўз қилиш, бойлигини, бошқалардан ўзининг устунлигини кўрсатишга уринмоқдалар. Бу жуда ҳам ачинарли ҳол. Кибрга берилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш исломда ҳам, инсонийликда ҳам қораланади. Айримлар "Тўйнинг ортиқча удумлари, сарф-харажатлари аёллардан чиқади" деб ҳамма айбни аёлларга ағдаришади. Бу фикр бир томонлама айтилган фикр. Юқорида айтганимдай, эркак тўйнинг бошида туриб, аёлига гапини ўтказа олмаса, кераксиз сарф-харажатларнинг олдини ололмаса нима қилиб юрибди? Эркак киши оиланинг устуни бўлиб, аёл кишини йўлга солиши керак.

Шу ўринда тўй-маракларни ихчам, ортиқча олди-бердиларсиз ўтишига отинойилар ҳаммадан кўра кўпроқ масъул эканликларини унутмасликлари керак.

 - Отинойиларнинг хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари, мутахассислари билан ҳамкорлиги қандай йўлга қўйилган?

Вилоятимиздаги барча отинойилар кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришда хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари, мутахассислари билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Чунки фаолиятимиз бевосита улар билан боғлиқ. Ана шу ҳамкорлик асосидаги ишларимиз ижобий самаралар бермоқда. Жумладан, парокандалик ёқасида турган жуда кўп оилалар тикланди, ажримларнинг олди олинди, шаръий никоҳ асосида яшаётган оилаларнинг никоҳлари расмийлаштирилди, тўй ва   бошқа маросимларнинг ихчам, камчиқим ўтказилиши йўлга қўйилди.

Ана шу ҳамкорлик бундан буён ҳам давом этттирилади ва янада мустаҳкамланади.

- Отинойиларнинг билим, тажриба ва малакасини ошириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?

- Тараққиёт жадаллик билан ривожланиб бораётган бугунги давр отинойилардан ҳам билим, малака ва тажрибасини мунтазам ошириб боришни тақазо этади. Ана шундан келиб чиқиб, отинойиларимиз нафақат диний, балки дунёвий билимларни ўрганиш билан бирга, жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнлар билан ҳам яқиндан танишиб боришга ҳаракат қилдмоқда. Агар у бундай йўл тутмаса, замондан орқада қолиб кетади, фаолиятини самарали юрита олмайди. Қолаверса, уларга мурожаат қилган оилаларга, аёл ва қизларга тўғри йўл кўрсата олмаслиги мумкин. Шу боис, отинойиларимизнинг билим ва малакасини янада бойтиш мақсадида яқинда 72 соатлик ўқув курси ташкил этилди. Курс машғулотларида диний, сиёсий, умумкасбий мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, имом-хатиблар, қайноналар мактаби билан биргаликда касбий малака ва тажрибаларини ошириш бўйича семинарлар ҳам мунтазам ўтказиб борилмоқда.

 - Фарзанд тарбияси ва оилавий ажримлар борасидаги муаммоларни бартараф этишда кўпроқ нимага эътибор бериш лозим?

Фарзанд тарбияси, ёшларни ёт ғоялар, турли иллатлар таъсиридан асраш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш, уларни жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш масалалари отинойиларнинг доимий диққат-эътиборидаги масалалардир.

Дарҳақиқат, биз бугун маҳаллаларда, оилаларда бўлганимизда мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, осойишталикнинг қадри, халқимизга яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида ёшларга кенг тушунча бериш билан бирга, тўғри йўлдан     адашганларга, уларнинг оила аъзоларига ислом динининг мақсади тинчлик, эзгулик эканлигини ҳаётий мисоллар ёрдамида, асосли қилиб тушунтириб беришимиз зарур. 

Ёшларга диний таълим бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айрим ота-оналар ўз фарзандларини чаласавод мулланинг қўлига топшириб қўймоқдалар. У болани ўқитаман, деб ўзидан ҳам гумроҳга айлантирмоқда. Оқибатда билимсиз бола диний оқим тарафдорларининг тайёр ўлжасига айланмоқда.

Сир эмаски, бугун ажримлар бизнинг энг оғриқ нуқталаримиздан бири бўлиб турибди. Назаримда кейинги пайтларда йигит-қизларимиз ҳаётга енгил-елпи қарашадими, ёки биз катталар тарбияда хатога йўл қўйяпмизми, ёш оилалар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар кўп учрамоқда. Биласиз, бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади. Албатта бу можаролар оила муҳитига, ўртадаги муносабатлар совуқлашишига сабаб бўлади. Ёш йигитларимиз никоҳнинг муқаддаслиги, идданинг нималиги, талоқ ҳақида тушунчага эга эмаслар. Талоқ сўзи оғизларидан осонликча чиқиб кетаверади. Менимча, оилаларни мустаҳкамлаш учун нафақат қизларни, балки йигитларни ҳам турмушга тайёрлашимиз лозим. Бунинг учун мутасаддилар, айниқса, отинойилаимиз ёшлар билан кўпроқ мулоқотда бўлишлари керак.

- Отинойилар фаолиятини янада самарали бўлиши учун уларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

Отинойи номига муносиб бўлиши учун одамлар ишончини оқлаши, юришда-туришда, илму урфонда барчага ибрат бўлсинки, ҳамма унга ҳавас қилсин, эргашсин.

Отинойилар энг аввало, ўзининг, яқинларининг оилалари тинчлигини сақлаб бошқаларга намуна кўрсатиши, кўп китоб, газета ўқиши, билимларини доимий ошириб бориши, муносабатда хушмуомала, юксак     маънавиятли бўлиши, ортиқча хашамдор кийимлар киймаслиги мақсадга мувофиқ. Янада муҳими, ишлашдан, изланишдан тўхтаб қолмаса, одамлар билан доимий мулоқотда бўлса, шубҳасиз , унинг фаолияти янада самарали бўлади.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА суҳбатлашди.

Тиббиёт ходимларига юксак эҳтиром кўрсатилди

Мамлакатимизда кенг нишонланган тиббиёт ходимлари куни вилоятимизда ҳам ўзгача тарзда катта тантана билан ўтказилди. Соҳаннинг илғор вакиллари иштирокида сўлим Хонобод шаҳрида байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда кейинги йилларда Ўзбекистонда барча соҳалар қатори тиббиёт тизимида ҳам кенг кўламли  ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва савияси тобора юксалиб бораётганлиги таъкидланди. Жумладан, биргина жорий йилнинг ўзида вилоятимиздаги 20 та тиббий муассасада умумий қиймати 88 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. "Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида 8,3 миллиард сўм маблағ ҳисобига битта қишлоқ врачлик пункти, иккита оилавий поликлиника, битта кўп тармоқли марказий поликлиниканинг ҳудудий филиали таъмирланди ва реконструкция қилинди.

Йил давомида 49 та ҚВП, ҚОП ва кўп тармоқли марказий поликлиника ва даволаш бўлимларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 103 миллиард сўм маблағ ажратилди. "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида даволаш-профилактика муассасаларига 2 миллиард 335 миллион сўмлик 18 турдаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар келтирилди. Шунингдек, 700 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачаси, 800 нафарига таянч-ҳаракатланиш ва эшитиш воситалари берилди. 2 минг 100 нафар фахрий ва ногиронлар сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди. Вилоят аҳолисининг 99 фоизи тўла патронаж хизмати билан қамраб олинди. 1 минг 432 нафар мутахассис малака оширди, шундан 31 нафари ривожланган хорижий мамлакатларда тажриба алмашди. Ана шу ишлар замирида - аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, халқ тиббиётдан рози бўлса, давлатдан рози бўлади, деган ғоя ётгани қайд этилди.

Вилоят ҳокими тиббиёт ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этиб, Президентимиз фармонига кўра, самарали фаолияти учун турли орден ва медаллар билан тақдирланган соҳа ходимларига давлат мукофотларини, Пахтаобод туманидаги Озод қишлоқ врачлик пунктига амбуланс автомашинасини топширди.

- Илғорлар сафида давлатимиз раҳбари фармони билан "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланганлигимдан беҳад хурсандман, - дейди Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонаси катта ҳамшираси Саидахон Артиқова. - Самарали меҳнатларим эътирофи сифатида берилган ушбу мукофот нафақат менга, балки бутун жамоамизга, андижонлик шифокорларга берилган мукофотдир.

Санъат усталари, таниқли хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Фахриддин 

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ.

Ўзинг туғилган шу тупроқларни ўп

Таъбга тараф йўқдир, талабга гап йўқ,

Истар - гул, иста сен япроқларни ўп.

Ва лекин энг аввал йиғлаб, бош уриб,

Ўзинг туғилган шу тупроқларни ўп.

 

Широқми, Номозми, Қодирий, Чўлпон

Эл учун, юрт учун, жонлари ўлпон.

Ҳар оқшом бошингда турган каҳкашон -

Мангу очиқ кетган қароқларни ўп.

 

Қуёш замонидан билгани меҳнат,

Мингдир шукронаси унса бир неъмат,

Ялангтўшлигига муҳру шаҳодат -

Қадоқ қўллардаги қадоқларни ўп.

 

Балки бандасидан, балки худодан...

Музтарсан илк севгинг айтган видодан,

Бўлмай туриб ундан буткул жудо сан,

Сўнг бор селу себор ёноқларни ўп.

 

Неки гинанг бўлса - ўзингдан гина,

Армони - қалбинга санчилган нина.

Волиданг сочидан бир толагина

Олиб қололмаган тароқларни ўп.

 

Заминда ва ёки самода бўлган,

Барҳақдан аввал сўз омода бўлган,

Фитнадан, ғараздан озода бўлган,

Ҳақ сўз иншо бўлган варақларни ўп.

 

Муҳаммад РАҲМОН.

МУКОФОТЛАР МУБОРАК, ҚАДРЛИ ОПА-СИНГИЛЛАР!

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш, соҳага доир дастурлар ижросини муваффақиятли амалга ошириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати,    илғор хорижий тажриба ва замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз  Президентимизнинг фармонига асосан турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида андижонлик опа-сингилларимиз ҳам бор. Улар қуйидагилар:

"Дўстлик" ордени билан:

Каримова Эъзозхон Эгамбердиевна -  Марҳамат туманидаги 33-қишлоқ оилавий поликлиникаси катта ҳамшираси.

"Шуҳрат" медали билан:

Артикова Саидахон Саъдуллаевна - Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонаси катта ҳамшираси.

 

 

Мукофот соҳибаларини газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз. 

ИҚТИДОР СОҲИБАЛАРИ САРАЛАНДИ

Вилоят «Баркамол авлод» марказида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бераётган мазкур танлов ҳар йилгидан ўзгача тарзда, яъни Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги фармонига кўра, аввалгидек беш йўналишда эмас, етти йўналишда, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказилди.

Жорий йилда вилоятда мазкур танлов номзодларини саралаш бўйича таълим муассасалари ҳамда туман ва шаҳар босқичларида 1 минг 734 нафар иқтидорли қизлар қатнашган бўлса, вилоят босқичида адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият, спорт, жамоатчилик фаолияти йўналишлари бўйича 223 нафар ёш иқтидор соҳибаси ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Якуний натижаларига кўра, турли йўналишлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иқтидорли қизлар танловнинг мамлакат саралаш босқичида қатнашишга тавсия этилди.

Якунда вилоят саралаш босқичининг барча иштирокчилари вилоят хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

 

Сожида Саидова