+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Гиёҳвандлик - аср вабоси

Огоҳлик

"Аср вабоси" номини олган гиёҳвандлик балоси бугун бутун инсоният ҳаётига чанг солмоқда. Гиёҳвандлик шундай балоки, ўз домига илинтирган одамни разолатга бошлайди, у инсонни таназзулга етаклайдиган, ҳаётини буткул издан чиқарадиган, жамият учун улкан ижтимоий хавф туғдирадиган иллатдир. Статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида ушбу бало таъсирига тушиб қолганларнинг аксариятини 16-35-ёшдаги кишилар ташкил этади.

Гиёҳвандликнинг кўлами, у қамраб олаётган давлатлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.  БМТнинг расмий маълумотига кўра, юртимизга чегарадош давлат ҳисобланган Афғонистонда дунё афюнининг 90 фоизи етиштирилади. Бу наркомания, гиёҳвандлик  бизнинг мамлакатимизга ҳам қанчалик таҳдид солиши мумкинлигини кўрсатади.

Нима учун бугунги кунда инсонлар, айниқса, ёшлар гиёҳвандлик сиртмоғига илиниб қолмоқда?

Гиёҳвандлик кўчасига кириб қолиш кишиларда турлича кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик, баъзилар эса алдов йўли билан кириб қолади. Бу йўлга кирганлар, айниқса, ёшларнинг ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки эътиборсизлик сабаб бўлади. Қолаверса, инсониятнинг интернет таъсирига тушиб қолиши, ёшларда мафкуравий иммунитетнинг етишмаслиги, кўнгил майлига қараш нималарга олиб бориши мумкинлигини англамаслик ҳам оғир оқибатларга олиб боради.

Арзимаган сигарет чекиш билан бошланган гиёҳвандлик инсонни разолатга етаклайди.  Гиёҳванд моддани сотиш ортидан манфаат кўраётганлар пулдор кишилар фарзандларини ёки иродасиз ёшларни наркотик моддалар татиб кўришга ундаши ҳам наркомания ва наркобизнес кенг тарқалишининг муҳим омилларидан биридир.

Гиёҳвандлик ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ғов бўлиш билан бирга, йигит-қизларнинг саломатлиги, келажаги, ҳаётига раҳна солади. Мамлакатимизда ҳам ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ҳукуматимиз томонидан гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича тизимли ишлар ташкил этилган. Лекин жондан азиз фарзандларимизнинг соғ-саломат дунёга келиши, униб-ўсиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, аввало, ота-онага, оиладаги муҳит ва тарбияга боғлиқ эканлигини  асло унутмаслигимиз лозим.

Бу борада ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз зарур. Кимки гиёҳвандликка чалинса, бундан фақатгина унинг ўзи эмас, балки оиласи, яқинлари ҳам азият чекади. Шундай экан, гиёҳвандлик балосининг тарқалишига ҳеч биримиз бефарқ қарамаслигимиз лозим. Таъкидлаш жоизки, "Аср вабо"сининг олдини олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, жамиятдаги ҳар бир инсон масъулдир. Бу борада биз ёшлар фаол бўлишимиз, тенгдошларимиз ўртасида заҳри қотилнинг зарарлари, унинг таъсирига тушиб қолиш кишини жарликка етаклаши ҳақида    тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришимиз керак. Зеро, ёш авлод гиёҳвандлик исканжасида яшамасин, улар ўзларининг юксак салоҳияти билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшсин.

 

Садоқат ОДИЛОВА,

 

Фарғона давлат университети  3-курс талабаси.

Сочларингни нега қирқдинг, Муниса?

дил туFёни

 (Б. акамга)

 Атроф яйдоқ дала. Бораётганим шунчаки ёлғизоёқ йўл. Қишлоғимизнинг энг соғинса бўладиган манзаралари шу жойда гавдаланади. Мактабдан қайтаётган ўқувчилардан тортиб, кекса  чолларгача гурунглашиб ўтиб кетишади бу ердан. Аммо ҳозир ҳеч ким йўқ. Қадамимни айнан мана шу ерларда санайман. Хаёлларим ҳам мана шу ерда алғов-далғов бўла бошлайди. Чунки, илк бор сени шу ерда кўргандим, Муниса. Дугоналаринг билан қиқирлаб ўтиб кетаётганингда атиги ўн етти ёш эдинг. Исмингни сўрасам, қўрқиб дугоналарингни орқасига яшириниб олганинг сира ёдимдан кетмайди. Худди болалардек беғубор нигоҳларингни эсласам, вужудимда ўша эски туйғулар авж олади. Орқангга ўгирилиб, кетиб юборгандинг ўшанда. Кўзим товонинггача тушган сочларингни кўрди-ю, минг ҳайратга тушди.

Мунисажон, эсингдами, мен сен қув қизни шундай атардим. Кейин билсам, сен биздан бир маҳалла нарида  яшар экансан.  Сени ҳар гал кўргани борсам, мендан нигоҳларингни олиб қочардинг. Билардим... Ҳа, билардим. Мени севардинг. Ўша маъсум ва ҳорғин нигоҳларинг билан. Биз кўзларимиз орқали қалбимизни қалбимизга боғладик. Тўғри, сен менга хиёнат қилмадинг. Дунё яна ёлғончилик, бевафолик қилди. Айбим етимлигим боис, сени ўзга хонадонга узатдилар. Майли, алам қилмас эди, аммо сен энг яқин жўрамнинг жуфти ҳалолига айландинг. Осмон узилиб тушса розийдим. Дўстим ҳам билмас эди. Тўйингизга мамнун айтиб кетди.

Ёдимда, куёвжўра бўлиб  уйингга кириб борар эканман, синглинг нигоҳларини олиб қочди. Ахир, шу қақажон иккимизнинг бари сирларимизни биларди-да. Не қилай, юзимда табассум билан кирдим   ҳовлингга. Билмайсан, юрагимнинг ўрни бир бўшлиқ бўлиб қолганини. Сени оқ либосда кўрганимда эса, дўстимга бахт тилашдан бошқа чорам йўқлигини англадим. Айт-чи ўзинг, бундан оғир азоб борми дунёда? Базмда қўлларимни қулоч ёйиб роса ўйнадим, кулдим. Сен мендан нафратландинг, биламан. Лекин дардларимни, туйғуларимни таърифлаб беришга имкон бўлгандами,  дунё ўз ўқидан отилиб чиқиб, сенинг бошингга тушарди.

Мунисгина, сени тўйингдан анча ўтиб кўрдим. Сочларингни қирқитиб ташлабсан. Узун     сочларингга менинг ишқим ёпишганди. Оҳ, нақадар оғир бу. Ортингдан "дод" деди қалбим. Лекин ҳеч ким эшитмади. Нима қилдинг, сен қиз? Ахир ҳеч бўлмаса, шу узун сочларинг турса бўлмайдими? Ёшликдаги  илк муҳаббатимдан эсдалик бўлиб. Биласан, мен сени деб шу жойлардан бош олиб кетганимни. Сен биласан ҳеч ким билмаса ҳам, нега бу дунёдан тоқ ўтаётганимни. Тақдир мендан шодликларни олиб, ўчмас армонни бериб кетган. Энди сенинг исмингни қабримда ҳам қучоқлаб ётсам керак. Ишқим ҳам руҳим билан яшайверса керак.

Муниса, ўзи сени ҳозир ўйлашим, номингни тилимга олишим энг катта гуноҳлигини биламан, сезаман. Аммо не қилай, шу йўллар сени эслатаверса. Сенинг узун, меники бўлишга улгурмаган сочларингни эслатаверса. Бахтлисан, бахтлисан. Ёдингдан ёдим ўчиб кетган.

Мунисажон, тақдир шундай бевафо, ҳали узун сочларингни уволи тутади....

 

Ҳой, Мунисажон, Мунисгинам,

Сочларинга ишқим бойладинг-ку.

Ҳали тайёр бўлмасдан танам,

Қалбимни қабрга жойладинг-ку.

Ёр-ёр, ёр-ёр, ёр ўланчи ёр...

 

 

Ирода ОРИФЖОНОВА

СЕГАЗАҚУМ ТАРИХИ

Ривоят

Қадим замонда Хон ҳазратнинг қизларидан бири шол касалига йўлиқади. У саройдаги табибларини йиғиб сўрайди:

- Ким қизимга шифо бера олади?

Табиблардан жавоб бўлмагач, хон ғазабланади:

- Кимда-ким даво йўлини топиб бера олмаса, улардан воз кечаман!

Табиблар ўйланиб қолишади. Аниқ бир қарорга келолмаган нажоткорларнинг ишдан бўшашига кўзи етиб қолади.

Шундай кунларнинг бирида Қашқар вилоятидан келган бир табиб хон ҳузурига борибди.

- Олампаноҳ, бир қошиқ қонимдан ўтинг, сизга маслаҳатим бор. Қашқар вилоятида "Қумшайдо" деган жой бор. Унинг тупроғи минг дардга даво. Агар олиб келиниб, қумга маликанинг оёқлари кўмилса, қизингиз албатта, шифо топади...

Хон табибнинг маслаҳатига амал қилиб, қирқта туяга ем-хашак, хизматкорларга озиқ-овқат юклаб, табибни бошлиқ этиб тайинлаб сафарга жўнатибди.

Табиб карвонни қум бор ерга бошлаб борибди ва жой эгаларини рози қилиб, туяларига қум юклаб, яна ортига қайтибди. Йўл олис, учраган карвон саройларда тунаб, машаққатларга дучор бўлишибди. Карвон Шаҳрихоннинг бир маҳалласига етганида чопар келиб, хоннинг қизи қазо қилганини хабар қилибди.

Хон чопарга карвон қаерга келган бўлса, қумни ўша жойга тўкиб, дон юклаб келишга фармон берган эди. Туялардан бири эса йўлда чўлоқ бўлиб қолиб, жон берибди, қолган ўттиз тўққиз туя тўрвасидаги қум Сегаза маҳалласига тўкилибди.

Шундан буён уч маҳалла ўртасига шифобахш кум тўкилган жой - "Сегазақум" деб номланиб, йиллар давомида ушбу тупроқдан одамлар дардларига шифо топиб келар экан.

 

 

Араббой АСҚАРОВ

АЙРИЛИҚ

(ҳикоя)

Ясина вазмин, тортинчоқ, кўнглимдагини топ, дейдиган қизлар хилидан эди. Синфдош қизлар билан чиқиша олмас, шу сабаб яқин дугонаси йўқ эди. Бир-икки марта мактабини алмаштирди. Ота-онаси унинг табиатини билгани учун кўнглига қарар, хонасига қамалиб олиб китоб ўқиса, шеър ёзса шароит яратиб беришар, ҳеч кимни уни безовта қилишига йўл қўйишмасди.

Ясина хаёлпараст эди. Дўстлик, муҳаббат, садоқат унинг учун ҳеч нарсага алишиб бўлмас покиза туйғулар эди. Дўсти бўлса садоқатли, ёри бўлса вафодор, фақат илм олиб, келажакка интилиб яшаса. Тенгдош қизлар каби ўткинчи ҳою ҳавасларга берилмас, телефонга қизиқмас, синфдошлари танаффус пайти ғийбатлашиб, телефон ковлаб ўтиришса, индамай китоб варақларди.

Ясинага ўзига ўхшаган дугона етишмасди. Сирлашадиган, шеърларини тинглаб маслаҳат берадиган, орзу-умидлари ҳақида биргаликда хаёл суриб, ўртоқлашадиган яқин маслакдош керак эди унга.

Битирувчи синф бўлишганида уларнинг синфига янги қиз келди. Синф раҳбари Оязим опа кўзлари исмига мос катта-катта, порлаб турадиган қиз - Шаҳлони Ясинанинг ёнига ўтқазди.

Ясина қиз билан бепарвогина саломлашди. "Одатдаги   синфдош қизлардан-да буям" хаёлидан ўтказаркан, китоб-дафтарларини олаётган Шаҳлонинг китоблари орасидаги, севимли шоирининг шеърий тўпламига кўзи тушди. Бу китобни у анчадан буён қидириб юрарди.

- Вой, Муҳаммад Юсуфнинг китоби-ми?, - севинчдан қичқираёзди Ясина. - "Эрка кийик". Мен бу китобни анчадан буён қидириб юргандим.

- Ҳа, дадам Тошкентдан олиб келиб берди. Муҳаммад Юсуф менинг энг севимли шоирим, ҳамма китобларини тўплаб юраман.

Шу тариқа Шаҳло ва Ясина дўстлашиб кетишди. Айниқса, Ясина ҳаётидан хурсанд эди. Ахир, энди унинг ёнида яқин дугонаси бор.

Шу тариқа мактаб даври тугаб, коллеж ҳаёти бошланди. Дугоналар мактабни имтиёзли тамомлашиб, Иқтисодиёт коллежининг бухгалтерия йўналишига  ўқишга кирдилар. Иккиси ўзларига ўхшаган яна икки дугона орттиришди.

Бир куни дугоналар ўқишдан қайтаётиб, Ясинанинг аввалги мактабидаги собиқ синфдоши Маъруфни учратдилар. Маъруф Ясина билан кўришгач, Шаҳлога ҳам ийманибгина салом берди. Ёшлар ўзаро салом-аликдан сўнг узоқ гаплашишди. Маъруфнинг фикрлашлари,  дунёқараши, илмга чанқоқлиги, энг муҳими сипо ва орасталиги Шаҳлога манзур бўлганди. Шу тариқа улар  бир -бирлари билан яқин бўлиб кетишди.

Ўзбекчилик, йигит ва қизнинг тез-тез учрашиши, бир-бирларига термулиб соатлаб гаплашишлари ўз-ўзидан бошқаларда "севишганлар экан" деган хаёлга туртки бўлди. Тез орада гап-сўзлардан Шаҳлонинг акаси ҳам  хабар топди. Синглисидан дарғазаб ҳолда:  "Маъруф ким?" деб сўради. Бу саволдан Шаҳлонинг юзларида қўрқинч, кўзларида уялиш сезилди. "Шунчаки синфдошим" деди бошини ерга эгиб.  "Бу йигит билан сени бошқа кўрмайин" амр этди акаси ғазаб билан.

Суҳбат шу билан тугади. Қизлар минг ўй, минг бир ҳадикда ажралишиб, уйларига йўл олдилар.

Эртасига Шаҳло ўқишга келмади. Ясина дугонасидан хавотир оларкан, унинг: "акам жуда қаттиққўл, "қадамингни ўйлаб бос, чиройли юр, ортингдан бир гап-сўз чиқса, сени тирик қўймайман", дейди" деган гаплари хаёлидан ўтди.

Ясинанинг талмовсираб юрганини кўрган гуруҳдоши Гули "Сенга гапим бор", дегандек  ишора қилди. Ташқарига чиққанларида қиз бўлган воқеани айтиб берди.

- Биласанми..., - деб гап бошлади Гули. - Шаҳло "бир кунда  икки яқин дўстларимдан айрилдим" деди. Бири Маъруф, иккинчиси сен экансан!

 Бу гапдан Ясинанинг юзига бир челак совуқ сув сепиб юборилгандек бўлди.  "Нимага, нимага энди мендан айрилади" дея олди холос.

Ўша куни Шаҳлонинг акаси Маъруф билан учрашиб, синглисини тинч қўйишини сўраган. Йигитнинг "Биз шунчаки  дўстмиз" деган жавобига "ўғил бола билан қиз боланинг ўртасида дўстлик бўлмайди, қисқаси, уни тинч қўясан" дея, ҳамиятига тегадиган гаплар гапирган.  Шунда  Маъруф "Ўзи асли мен синглингизни эмас, дугонаси Ясинани ёқтираман" деб юборган. Шаҳлонинг акаси шунга ғазабланиб, "Ясина билан  бошқа кўришмайсан" деб синглига дўқ урибди.

Шу тариқа oрадан бир неча ҳафта ўтди, aммо Шаҳло дарсларга бошқа келмади. Уйига бориб хабар олиб келмоқчи бўлиб турган Ясина гуруҳдошларидан бир гап эшитди: Шаҳлоларнинг оиласи бошқа шаҳарга кўчиб кетибди.

Наҳотки?! Нега, дабдурустдан?! У ҳолда нега менга бу ҳақда айтмади?

Ясинанинг кўзларидан беихтиёр ёш оқа бошлади.У ўзини қаерга уришни, нима қилишини билмасди. Эшикдан отилиб чиқиб, ҳовли четидаги  ёнғоқ дарахти остига бориб ўтирди, энг  яқин дугонаси бўлган Шаҳлони қайта кўра олмаслиги ҳақидаги ўй уни тинмай қийнарди.

 

 Адиба ҚУРБОНАЛИЕВА,

 

                Марҳамат тумани.

СЎНГИ МАКТУБ

КЕЧИНМА

Мадина ёзув столи устида турган, ёрининг қачонлардир қалби ҳис-ҳаяжонга тўлиб, меҳр-ла битган номасига кўзи тушдию, юрагининг туб-тубига яшириб кўйган, ширин ва азобларга тўла хотиралари кўз ўнгида жонлана бошлади.

Номани столининг нариги бурчагига суриб қўйди. Жунбушга келган хотиралари сабаб, қалбида кечаётган туйғуларни қораламоқ мақсадида қўлига қалам олди.

Ҳарчанд уринмасин, бирор нарса ёзмоққа қўли бормади. Фикрлари туман каби тарқалди. Хаёли ўша нома томон кетди. У ўша, эсини ўғирлаган тўрт букланган қоғозни олдию, китобининг ичига яшириб қўйди. Гўё қалбидаги севгисини яширгани каби. Афсус, сабри етмади. Ҳар кун бир бор бўлса-да, кўз югуртириб чиқадиган ўша мактубни қўлига олди, титроқ ила уни очди.

"... Менинг меҳрибоним, қалбимнинг қўри, умримнинг мазмуни, ҳаёт йўлимни нур бўлиб ёритгувчим, омонмисан? Сени жуда-жуда соғиндим. Дийдорингга боқиб, шаънингга бисотимдаги борики мақтовларни айтишга, сенинг ёнингда эканлигимни ҳис қилишга заррача бўлса-да уринмай бўлмаяпти. Сенинг табассуминг, ўйчан нигоҳинг, ширин хаёл  суришингни мудом қўмсайман. Сен менинг ҳаётим мазмуни..."

Ҳа, у "сен менинг ҳаётимсан", дея кўп бор такрорларди. Бу сўзлар Мадинага ёд бўлиб кетганди. Ҳаётнинг бешафқатлигига ишонмаган қиз ҳар онда уни кўриш, овозини тинглаш умиди билан яшарди. Энди-чи? Энди у ёнида эмас. Уни фақатгина кўз ўнгига, хаёлига келтира олади, холос.

Мактубнинг давомини ўқишга тутинади. "Саноқли кунлардан сўнг яна сенинг ёнингда бўламан..." Мадина шу заҳоти "Нега мени алдадингиз, нега ёлғон сўзладингиз, мени аросат кўчасига ташлаб кетдингиз. На олдинга, на ортга юра оламан. Сиздан фақатгина хотиралар ва мактублар қолди", дея фарёд чекди. Бу фарёд қалбидан отилиб чиқаётган ҳайқириқдек унга тинчлик бермасди. Лекин севгиси, ҳаётидаги энг ширин лаҳзалар билан боғлиқ хотиралар унинг қалбига таскин берарди.

 

Назира УСМОНОВА

Қайси тоифадаги хотин-қизларга имтиёзли асосда уй берилади?

Буни билиб қўйинг

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун барча шароитларни яратиб бериш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилаётгани эътиборга моликдир.

Шу ўринда кўпчиликни кимлар арзон уй-жой олиш ҳуқуқига эгалиги, бунинг учун зарур бўладиган ҳужжатлар қизиқтириши табиий. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Муборак Асророва қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Имтиёзли уй-жойлар бериш ана шу қарор асосида амалга оширилади.

Ногирон, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар уй-жойга муҳтож хотин-қизлар деб белгиланган. Хусусан, қуйидаги тоифадаги аёллар ушбу имтиёзга эга бўлиши мумкин:

1. Ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши.

2. Бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши.

3. Кўп болали (уч ва ундан ортиқ).

4. Ариза берувчи оиласининг даромади.

5. Ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор аёллар (туман тиббиёт бирлашмасининг хулосаси ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).

6. Ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги.

7. Ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 квадрат метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги.

8. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар.

9. Ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган бола парваришлаётган аёллар (туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси маълумотномаси ва тиббиёт бирлашмаси хулосаси асосида).

10. Кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган аёллар (фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).

Ушбу ижтимоий нормалар ариза берувчининг аҳволини баҳолашда асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Талабгор аёлнинг аҳволи ҳар бир пункт бўйича баҳолаб чиқилади ва энг кўп балл тўплаганлар биринчи    навбатда тавсия оладилар.

 

Ногиронлиги бўлган аёлларга қандай уйлар берилади?

Ҳар йили барча туман ва шаҳарларга (тоифасига қараб) 6 тадан 10 тагача 2-3 хонали квартиралар ва 2 сотихли (2-3 хонаси бор) ҳовлилар берилади. Ногирон хотин-қизларга кўп қаватли уйларнинг биринчи ё иккинчи қаватидан квартиралар тақдим этилади.

 

Бошланғич бадал тўлови

Бошланғич бадал (25 фоиз) Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот томонидан ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар (ҳомийлар, бошқа жамғармалар) ҳисобидан тўлаб берилади.

Қолган 75 фоизи эса тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб қопланади (талабгор томонидан). Бордию талабгорнинг бунга қурби етмаса (кам таъминланган бўлса, доимий даромади бўлмаса), у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилади.

 

Талабгор тақдим этадиган ҳужжатлар

Туман ҳокимияти қошида тузилган махсус ҳудудий Комиссияга ариза топширилади ва шу комиссиянинг тавсияси билан кейинчалик имтиёзли уй-жойга эга бўлиш мумкин. Талабгор Комиссияга қуйидаги ҳужжатларни топширади:

· Ариза.

· Паспорт нусхаси.

3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами нусхаси (СТИР).

4. Оила аъзолари паспортлари ва никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлари мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари.

5. Яшаш жойидан оила таркиби тўғрисида маълумотнома.

6. Ариза берувчи ва у билан бирга яшаётган оила аъзоларининг доимий иш жойларидан берилган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларациялар нусхалари.

7. Доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса).

8. Доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса).

9. Ижара ёки турар жойдан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими маълумотнома нусхаси (ариза берувчининг мулк ҳуқуқи асосида турар жойи бўлмаган ҳолатда).

10. Ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясидаги туманлараро (туман) тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси (оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжуд бўлган ҳолатда).

11. Турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасасининг врачлик-маслаҳат комиссияси (ВМК) маълумотномаси ёки ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларига чалинган ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги ҳолатида - туманлараро (туман) ТМЭК маълумотномаси.

 

Ариза рақамлаб борилади ва махсус муҳр билан ҳимояланади

Ариза ва ҳужжатлар белгиланган қабул кунларида Комиссияга топширилади. Комиссия аризани рўйхатга олади ва аризанинг бир нусхасига қабул қилинган сана ва қабул қилган шахснинг имзосини қўйиб талабгорга беради (ариза қабул қилиниб олинганлигининг исботи сифатида). Таъкидлаш жоиз, рўйхат рақамлаб борилади, рўйхат дафтари махсус муҳр билан ҳимояланган бўлади.

Комиссия 15 иш кунида ариза берувчининг ҳужжатларини, доимий яшаш жойини, турмуш шароитини ўрганиб чиқади.

 

Уйга муҳтожлар кўп, уйлар сони чекланган. бундай шароитда қандай аёлларга биринчи навбатда уй берилади?

Айрим аёллар мен имтиёз бериладиган тоифага кирсам ҳам, беришмаяпти, деб шикоят қилади. Шунинг учун айни масалани ҳаётий вазиятлар орқали тушунтиришга уриниб кўрамиз.

Бир аёл уй-жойга муҳтож ва ёлғиз она, иккинчиси уй-жойга муҳтож, ёлғиз она ва айни дамда кам таъминланган, учинчи бир аёл эса ёлғиз она, кам таъминланган ва яна ногирон ҳам. Шунда албатта, учинчи аёл биринчи икки аёлга нисбатан тавсия олишга ҳақлироқ ҳисобланади.

Аёлларимиз кўп жиҳатдан имтиёзли уй олишга муносиб бўлса ҳам, унданда муносиброғи бўлиши мумкин. Чунки бир тумандан йилига 6 та уй        бериляпти, аммо унга ўнлаб, ҳатто юзлаб талабгорлар чиқади. Шунинг учун Комиссия ҳар бир ҳолатни индивидуал ўрганиб, муҳтожлик даражасини баллар орқали ифодалаб боради. Яъни энг муҳтожлар, ўта муҳтожлар, жуда муҳтожлар, ўртача муҳтожлар каби камайиб бориш принципи амал қилади.

Аслида бу ҳужжат Ҳаракатлар стратегиясининг бу йилги дастурида кўрсатилган "Оғир маиший шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш" бандининг ижроси бўйича қўйилган амалий қадамлардан биридир. Ҳозир шу дастур бўйича уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва жуда эски уйларда яшовчи оилаларга арзон уй-жойлар берилмоқда.

Шундай экан, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган аёлларнинг уй-жойи масаласи ҳам, албатта, амалий ечим топади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги "Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан мазкур тоифадаги 1 минг 576 нафар хотин-қизларга жорий йил давомида уйларни топшириш режалаштирилган бўлиб, 10 фоизли бошланғич бадали тўлаб берилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда 1 минг 576 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар рўйхатлари шакллантирилди ва ҳудудий комиссиялар томонидан ўрнатилган тартибда ўрганилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорак якунига кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси тавсиясига асосан 110 нафар уй-жойга муҳтож оғир турмуш шароитидаги ва ногиронлиги бўлган хотин-қизга уй-жой қурилиши учун 10 фоизли бошланғич бадали тўлаб берилди.

 

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА ёзиб олди.

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Onajon

Hayotimda yagonam, tog’imdirsiz onajon,

Gul-rayhonlar o’stirgan, bog’imdirsiz onajon.

Xursand bo’lsam, erkalab, suyardingiz onajon.

G`amlar cheksam, men uchun kuyardingiz onajon.

 

Shuncha yilda sochingiz oqartirdim onajon,

Guldekkina yuzingiz sarg’aytirdim onajon.

Juda ko’plab she’rlarni bitibman-a, onajon,

Lekin siz haqingizda yozmabman-a, onajon.

 

Siz uchun chin farzandlik qilolmadim, onajon.

Sizga sog’lik, uzoq umr tilolmadim onajon.

Kemtikkina yuragim tilinyapti, onajon,

Mana endi qadringiz bilinyapti, onajon!

 

Maftuna JALOLDINOVA,

ADU talabasi.

 

Xotira

Begim ishonmasdi, yer-ko’kka meni,

Qizg’onardi hatto soyasidan ham.

Hamon qulog’imda bir gapi uni,

Tomirda qonimsan, unutma har dam.

 

Sira unutmadim, unutgan kunim,

Balki o’zimnida yo’qotib qo’ydim.

Xayolingiz bilan she’rimda unum,

Yo’qligingiz bois, bag’rimni yegum.

 

Begona baxt qiziqtirmas netayin,

O’zgalarni ko’rmas ko’zim, bu ne oh.

Boshim olib qay maskanga ketayin,

Xaridor yig’ilib kelganda nogoh.

 

Go’zal yoshlik damlar ortda ham qoldi,

Sizga sodiq qoldim, yashadim yolg’iz.

Sochim qoralarin qirovlar oldi,

Sevgingiz qalbimga solib ketdi iz.

Donoxon IBRAGIMOVA,

Andijon shahridagi «Yog’du» aruz

maktabi a’zosi.

 

 

Ket

Ketar chog’ing bildirma,

Uzoq manzillarga yet.

Xayr dema, dema so’z,

Zimdan qarab olib ket.

 

Sira rahming kelmasin,

Vijdon azob bermasin.

Kamina ham bilmasin,

Qalbga qayg’u solib ket.

 

Afsus qilsang biror kun,

Diling bo’lsa vayron, xun.

Endi yo’q de, u gulgun,

Bir o’zingdan nolib ket.

 

Sindirgan ishonchingning,

So’ndirgan quvonchingning.

Eng rostgo’y yolg’onchingning,

Uvoliga qolib ket.

 

Kirma ishqim sayliga,

O’xshatmagin Layliga.

Yuragim ber mayliga,

Ko’zyoshlarim olib ket.

 

Mohinur MAMATOVA,

Buloqboshi tumani.

Onajonim  kulsalar

Uyimiz farishtasi,

Saranjom - sarishtasi.

Yana juda mehribon,

Kulib yursinlar har on.

 

Uxlamaydi tunlari,

Charchamaydi kunlari.

Mehnatdan qo’li qadoq,

Ammo doim ko’ngli chog’.

 

Doim qilarlar duo,

Yaratganga iltijo.

Cheksa hamki dard alam,

Bizga kuladi onam.

 

Dunyo charog’on bo’lar,

Onajonim kulsalar.

Atrof yorishib ketar,

Onam bag’rida bo’lsam.

 

Nilufar MAVLONOVA,

Andijon shahridagi 5-umumta’lim maktabi o’quvchisi.

 

 

Hayotning ma’nosi asli kitobdir...

Pok qalblar tubida yangragan ash’or,

Bu har bir insonga odil xitobdir.

Kitob o’qiganlar ko’rmagay zavol,

Hayotning ma’nosi asli kitobdir.

 

Kitob - Navoiyning har aytgan so’zi,

Ming yillar o’tsa-da yangragan hamon.

Kitob - ma’rifatning, aqlning ko’zi,

Oxori to’kilmas, o’tsa-da zamon.

 

Nastarin gullarning nafis g’unchasin,

Dunyoga ko’rk qilib ochguvchi kitob.

Insonlar qalbining har bir qatiga,

Yaxshilik urug’in sochguvchi kitob!

 

Akmaljon ABDURAHMONOV,

Andijon tumani.

 

IFTIXOR

Quyoshning taftidan o’zgacha,

Qalbimga iliq nur sochildi.

Vatanim - mehringdan, mehrimdan,

Bahorning gullari ochildi.

 

Tinchlik - deb jon fido aylagan,

Buyuklar makoni o’zingsan.

Hurlikning sharobin totmagan,

Boburning qalbdagi so’zisan.

 

Tomirda oqqan bu - aziz qon,

To’maris, Shiroqning timsoli.

Ko’klarga bo’y cho’zgan o’g’il-qiz,

Mangudir Temurning misoli.

 

Bu yurak dunyoga sig’masdan,

Vujudda xapqirib uradi.

Akamga kulcha non tishlatgan,

Onam ham duoda turadi.

 

O’ziga bek bo’lgan xalqimning,

Qalbiga  joylashgan bu makon.

O’zbekning Vatanga sevgisin,

Ko’rganda lol qolar bu jahon!

 

Bokira MO’YDINOVA

 

O’xshayman sizga, ona!

 

Quyosh nurin taftini,

Onam yuzida ko’rdim.

Sezdim qadoq kaftini,

Bosgan izida yurdim.

 

Qaynoq mehr bulog’i,

Oqadi ko’z yoshida.

Oilasin ardoqlar,

Sadoqat, bardoshida.

 

Amir Temur qudratin,

Ko’rdim onam mehrida.

Ko’rdim dunyo hikmatin,

Har allasi sehrida.

 

Bormi shunday ulug’ zot,

Ularsiz yo’qdir hayot.

So’z beraman mardona,

O’xshayman sizga, ona!

 

Nodiraxon YIGITALIYEVA,

Paxtaobod tumanidagi

20-umumta’lim

maktabi o’quvchisi.

 

Orzu emas,  maqsad bilan yashash  kerak!

 

Halol bo’lib mehnat bilan yashash kerak,

Doim kulib, ildam qadam tashlash kerak.

Orzularing dunyo-dunyo bo’lsa hamki,

Orzu emas, maqsad bilan yashash kerak!

 

Katta umid uchqunini dilga solib,

Har sohada ildam bo’lib, olg’a yurib,

G`alabaga dadil qadam tashlash kerak,

Orzu emas, maqsad bilan yashash kerak.

 

Ota-ona, ustozlarning sabog’ini,

Dilga joylab, sharaf aylab har yog’ini.

Ko’targancha yurtning aziz bayrog’ini,

Orzu emas, maqsad bilan yashash kerak!

 

Zulayho ZAFARJONOVA,

Andijon Olimpiya zaxiralari

 ixtisoslashtirilgan sport

maktabi o’quvchisi.

Bu dunyoda do’stim qolmadi

Yosh zarbidan qizardi ko’zim,

Alam bilan tuzildi so’zim.

Olloh menga berginey to’zim,

Bu dunyoda do’stim qolmadi.

 

Shoirlikni qilmadim da’vo,

Shu holimga faqat she’r davo.

Yashashimdan qolmadi ma’no,

Bu dunyoda do’stim qolmadi.

 

Chehralarda yuzlab niqoblar,

Yuragida ming bir nifoqlar.

Yoritmaydi dilni chiroqlar,

Bu dunyoda do’stim qolmadi.

 

Qay kimsaga qalbimni ochay,

Qay biridan o’zni obqochay.

Dardlarimni qog’ozga sochay,

Bu dunyoda do’stim qolmadi.

 

Olloh meni qo’llagin o’zing,

Mening uchun ong bo’lsin ko’zing.

Tomog’imga tiqildi so’zim,

Bu dunyoda do’stim qolmadi.

 

Ma’mura MEHMONOVA

 

  Oilam butun bo’lsaydi

Sochlarimni mayda o’rib qo’yguvchi,

Dard cheksam, men bilan birdek kuyguvchi.

Har neni yaxshilik tomon yo’yguvchi,

Mehribon, dardkash bir opam bo’lsaydi...

 

Begona ko’zlardan asrab yurguvchi,

Doimo yonimda qalqon turguvchi.

O’zi yig’lasa-da, men uchun kulguvchi,

Rahmdil, dilkash bir akam bo’lsaydi...

 

Saharlab quyoshdan oldin turguvchi,

Ko’chadan loy o’ynab, quvnab kirguvchi.

Qand bermay bir o’psam, yuzin burguvchi,

Erka, tinchimas bir ukam bo’lsaydi...

 

Kulchadan oqizoq qilib yeguvchi,

«Opajon, men bilan o’ynang»deguvchi.

Eng suygan qo’g’irchoqlarin berguvchi,

Sho’x-shaddot, go’zal bir singlim bo’lsaydi...

 

Hammamiz jam bo’lib, dasturxon atrof,

To’rida ulkan bir ustun bo’lsaydi.

Otam men-la bo’lsa, qalb uchun sharaf,

Orzuim: oilam butun bo’lsaydi...

 

Sadoqat AVAZBEKOVA,

Qo’rg’ontepa tumani.

 

 

Mangu dard

 

Bir kun sharros quydi yomg’ir,

Oy ko’rinmas osmonlarda.

Yulduzlarda qochdi qayga,

Yurak qoldi gumonlarda.

Bulutlardan zada ko’nglim,

Yorim jamolin to’sdilar.

O’sha tunda ko’z yoshlarim,

Qalbim choklarin so’kdilar.

Kunduz quyosh kulmadi hech,

Qaldirg’ochlar uchmadilar.

Hatto chumchuq ko’rinmasdi,

Samolarni quchmadilar.

Kulgu bo’ldi xazonlarga,

Muhabbatim chechaklari.

Suvi qurib qovjiradi,

Buloq bo’yi etaklari.

Men muzlarga qo’yib ko’ksim,

Yongan yurak sovutarman.

Yor mehrin qo’msagan qalbni,

Yolg’on bilan ovutarman.

Feruza XOJIMATOVA

 

TOPDIM

 

Tun. Samolarda yulduzlar bisyor,

Shabboda gullarni o’pib ketadi.

Oymomojon bilan yuribman bedor,

Xayollarim bulbullarga borib yetadi.

 

Uzun ko’chalarda izg’iydi ruhim,

Sukut bilan do’st tutindi bu yurak.

O’yladimu o’ylarimga javob izladim,

Topdim: yostiqni quchoqlab uxlashim kerak.

 

Mavludaxon SAFAROVA,

Andijon tumanidagi 1-umumta’lim maktabi  o’quvchisi.

 

Shamol bo’lib xilpiratay bayroFing...

 

Dunyo kezsam agarda,

Yo’qdir sendayin go’sha.

Mehrim sig’mas qalbimga,

Adirlaringga to’sha.

 

Bedor tunlarimni ham,

Baxsh etay faqat senga.

Axir zehnimdagi dur,

Sovg’angdir sening menga.

 

Gar bo’lsam shamol bo’lib,

Xilpiratay bayrog’ing.

Yoki men buloq bo’lib,

Yashnatay bog’u rog’ing.

 

Boshimdagi do’ppingdir,

O’zbekligimga nishon.

Bor kuchimni sen uchun,

Sarflayman, O’zbekiston.

 

Oyshabonu ABDUHALILOVA,

Andijon shahridagi 13-umumta’lim

maktabi o’quvchisi.

 

Sinmagay haqiqat yo’lida qalam

              (jurnalistlarga)

 

Adolat siyohi, tig’day qalami,

Yurakka ko’milgan dardu alami.

Xalq bilan hamnafas yonib kuyarlar,

Tahlika bo’lsada kasbin suyarlar.

 

Yurtimga kerakdir sizday sher yurak,

Nokaslar zarbidan bukilmas bilak.

Halol kasb ortidan topib noningiz,

E’zozlab yasharsiz din-iymoningiz.

 

Goh ko’ngil yig’lasa yashirdi ko’zlar,

Xalq dardin aytmoqqa shoshildi so’zlar.

Dovulu, bo’rondan chiqdingiz omon,

Qismatning o’qlarin tortganda kamon.

 

Bir chetga surdingiz o’z oromingiz,

Hech kimga aytmaysiz g’amu zoringiz.

Sizda yo yo’qmidi ro’zg’or kemtigi,

Shundaymi taqdirning sizga bitigi.

 

Ulanar tunlar ham ijodla tongga,

Tuyg’ular asirmas shuhratu shonga.

Munofiq yuzidan yirtib pardasin,

Egnidan yecharsiz soxta libosin.

 

Siz xalqning osh emas sherik dardiga,

Hech loqayd emassiz hatto gardiga.

Sinmagay haqiqat yo’lida qalam,

Odamlar dardiga bo’lingiz malham.

 

 

Yoqutxon OBIDOVA

Таъмагир қўлга тушди

Жиноят ва жазо

Марҳамат туман ҳокимлигининг архитектура ва қурилиш бўлимида 2017 йил сентябрь  ойидан буён бош мутахассис вазифасида ишлаб келган Г.А. хизмат вазифасини бажариш жараёнида қаллобликка йўл қўйди. Мансабидан фойдаланиб фуқаро У. Аҳмедованинг аризаси юзасидан унинг номида бўлган Марҳамат шаҳар, Гулистон маҳалласи,  Беруний  2-тор кўчасида жойлашган нотурар жой тоифасида бўлган бино-иншоотларини турар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома олиб беришни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан моддий наф кўриш мақсадида туман ҳокимининг қарорини чиқартириб бериш эвазига фуқаро З.Саттаровадан 600 АҚШ доллари беришни талаб қилган.

2018 йилнинг 13 март куни Марҳамат шаҳар Мустақиллик кўчасида жойлашган "Эрши" савдо мажмуаси қаршисидаги автомобиль йўлининг бўйида турган ўзининг  40 О 476 А давлат белгили "Нексия" русумли машинасида фуқаро З.Саттаровадан  600 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Марҳамат туман бўлими ходимлари томонидан ашъёвий далил билан қўлга олинди.

Юқоридаги ҳолат бўйича Г. А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми "в" банди, 28- ва 211- моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этди. Ушбу жиноят юзасидан яқинда жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман суди хукм чиқарди. Унга кўра, Г. А.га 1 йил 6 ой муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан махрум этилган ҳолда, энг кам  ойлик иш хақининг 110 баравари миқдорида, яъни 18 миллион 946400 сўм жарима жазоси тайинланди. Хулоса қилиб айтганда, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Ўз нафсини ўйлаб, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, жиноят йўлига кирган бу каби шахслар албатта, қонун олдида жавоб беради.

Валюта олди-сотдиси - жиноят

Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Марҳамат туман бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги  "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар" тўғрисидаги фармони талабларини бажарилиши бўйича  валютага оид жиноят содир этган бир гуруҳ шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари кўриб чиқилди.

Судда  Андижон шаҳар  Обод маҳалласи, Оқравот кўчасида яшовчи (фамилия ва исмлари ўзгартирилган) Мадаминов Алишер, Андижон шаҳар Тараққиёт маҳалласи  Дукчи Эшон кўчасида яшовчи Иномов Сотқулбек, Андижон шаҳар, Тараққиёт маҳалласи Дукчи Эшон кўчасида яшовчи Адҳамов Алижон ҳамда Олтинкўл тумани Уйғур маҳалласи, Фидокорлар кўчасида яшовчи Тоштанов Мадамин Жиноят Кодексининг 177-моддаси 2-қисми  "б" ва "в" бандларида кўрсатилган, яъни валюта олди-сотдисини ташкил этиш билан боғлиқ жиноятларни содир этишган.  Юқоридагиларга асосан, уларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баравари миқдорида, яъни 6 миллион 889600 сўм жарима жазоси тайинланди.  Суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси тартибида иш бўйича ашъёвий далил деб эътироф этилган 7200 АҚШ долларини мусодара қилиб, давлат эгалигига ўтказилишини лозим деб топди.

Валюта олди-сотдиси билан шуғулланиш қонунларимизда таъқиқланган. Қонунни бузган шахс албатта жазога тортилади. Бу барчамиз учун сабоқ бўлсин.

             Фарҳод ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Марҳамат туман бўлими бошлиғи.

               Азизбек FАНИЕВ,

 

Департаментнинг Марҳамат туман бўлими инспектори.    

Турмуш ўртоғим мен билан дўзах ўртасидаги пардадир

Кейинги пайтларда айрим юртдошларимиз, айниқса, ёш оила соҳиблари билиб-билмасдан, тушуниб-тушунмасдан "уч талоқ" сўзини ишлатиб қўйишлари сабаб, баъзи оилалар бузилиб, болалар етим бўлиб қолмоқда, бундан кўплаб инсонлар азият чекмоқдалар.

Нима сабабдан "уч талоқ" лафзи ишлатилганда оила бардавомлигига рухсат берилмайди? Зеро, ушбу сўз айтилганда шариат аҳкомларига кўра, кишининг турмуш ўртоғи бир зумда бегонага айланади, фарзандлари эса етим бўлиб қолади. Чунки, шариатимизда талоқ сўзи аянчли оқибатларга олиб келувчи сўз ҳисобланади. Шу боис, қуйида "талоқ" тўғрисида батафсилроқ маълумот бериб ўтамиз.

"Талоқ" лафзини ишлатишда инсон жуда кўп ўйлаб, фикрлаб, мулоҳаза билан иш тутиши лозим. Аввало, ҳаётда кимнинг турмуш ўртоғи солиҳа аёл бўлса, у одам бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ўз бахтини топибди. Минг афсуски, орамизда турмуш ўртоқларига итоат қилмайдиган, ножўя хатти-ҳаракатлар содир этишни ўзига эп кўрадиган аёллар ҳам учраб туради. Бир инсонга шундай аёл учраган бўлса, у ҳолда Аллоҳ таоло у кишига биринчи галда аёлига насиҳат қилишликни буюради. Яъни, аҳли аёлингизга ширинсўз ва босиқлик билан ўз ҳаётингиздан келиб чиқиб, насиҳат қилинг. У сизнинг гапларингиздан тўғри хулоса чиқариб, сизга итоатда бўлса, тўғри йўл тутса жуда ҳам яхши. Бироқ ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, хурмача қилиқларини давом эттирса, у ҳолда ётоғингизни алоҳида қилинг дейилади. Шунда у аёл ўз жуфти ҳалолимдан ажраб қоламанми, менинг бу ишим тўғримикин деб ўйлаб, хатосини тушуниб, сизга итоат қила бошласа, ширин ҳаётингиз бардавом бўлишига эришасиз.

Энди орадан вақтлар ўтиб, аёлингиз яна итоатсизликка жазм қилса, аёлингиз ва ўзингиз томондан ҳамда маҳалладан биттадан вакиллар чақириб, оилани ислоҳ қилишга ҳаракат қилинг,     дейилади. Кўпчиликнинг насиҳати билан турмуш ўртоғингиз инсофга келиб, итоат қилса, яшашда давом этинг, деб буюрилади.

Агар у аёлга насиҳат ҳам, енгил калтак ҳам, ётоқни алоҳида қилиб қўйиш ҳам, ҳаттоки, талоқ лафзини ишлатиш ҳам фойда бермаганидан кейин "Уч талоқ" лафзини тилга олиш жоиз бўлади. Шу ўринда айтиш керакки, эркак вақтида овқати тайёр бўлмаганлиги, кири ювилмаганлиги ёки бўлмаса арзимаган, майда-чуйда сабаблар учун талоқ сўзини ишлатиш ножоиздир. Умуман, шариатимизда эркак ҳам, аёл ҳам ўз зиммаларидаги мажбурият ва ҳақларни билишлари зарур. Бу ҳақда қуйидаги ривоят масалага ойдинлик киритади.

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар (р.а.)га аҳли аёлидан шикоят қилиб бир киши келади. Умарнинг эшиги тагига яқинлашганида у зотнинг ҳузурларидан аҳли аёлларининг қаттиқ-қатиқ оҳангда Ҳазрати Умарга дағдаға қилаётганини эшитиб қолади. Шунда у киши ҳайрон бўлиб орқага қайтаётганида Халифа Ҳазрати Умар уйдан чиқиб қоладилар ва: "Келинг биродар, хизмат?" - деб сўрайдилар. Ҳалиги одам: "Ё Умар, мен сизга хотинимдан шикоят қилиб келган эдим. Ўйлаб қарасам, сизнинг ҳаётингиз ҳам, ташвишингиз ҳам бу масала бўйича мен билан бир экан. Шунга ҳайрон бўлиб турган эдим", - деди.

Ҳазрати Умар (р.а.) "Эй биродар, мен аҳли аёлимга қаттиқ гапириб ноҳақ муштумзўрлик қилолмайман, чунки мени унинг устида, уни эса менинг устимда Парвардигор томонидан юклатилган ҳақ ва ҳуқуқлар бор, - дедилар. - Қолаверса, у мен билан дўзах ўртасидаги пардадир. Яъни, жуфти ҳалолим бор экан, мен номаҳрам аёлга эҳтиёж сезмайман. Иккинчидан, у мен учун ошпаз ва   новвой, чунки доим таомим, ейдиган нон ошим тайёр. Шунингдек, у мен учун кир ювувчи ва болаларимнинг тарбиячисидир", - деган эканлар.

Шу ўринда бир мулоҳаза, Ҳазрати Умардек зот подшоҳ бўла туриб шундай андишага борган бўлсалар, биз ҳам аҳли аёлларимизга, бажараётган хизматларига шукрона келтирайлик. Ўзимиз улфатларимиз билан турли-туман таомлар истеъмол қилганимизда аҳли аёлларимиз ҳаққини ҳам унутиб қўймайлик. Арзимаган муаммолар учун илмсизлик, жоҳиллик билан "талоқ" лафзини ишлатмайлик. Ана шундагина оиламиз тинч, фарзандларимиз аҳли солиҳ, ҳаётимиз янада фаровон бўлиши аниқ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин, қалбларимизга имон ва ҳидоят нурларини ато этсин.

 

Ихтиёржон АБДУРАҲИМОВ,

Улуғнор туманидаги "Овулмат" жомеъ масжиди имоми.

Таъқиқланган очиқ сув іавзаларида асло чўмилманг!

Огоҳлик

Ёзнинг айни чилласидамиз. Бундай жазирамада киши ўзини соя-салқин жойларга, чўмилиш масканларига уради. Аммо, сув нафақат кишига салқинлик ва ҳузур бахш этади, балки, у инсонни хавф-хатарга қўйиши, ҳатто, ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

Мамлакатимизда ёз мавсумида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг ҳордиқ чиқариши учун шароит яратиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг самараси ўлароқ, чўмилиш ва сузиш ҳавзаларининг сони тобора ортмоқда. Бироқ, шунга қарамай, аҳоли чўмилиш учун мўлжалланмаган жойлар, дарё, сой, канал ва ариқларнинг хавфли жойларида чўмилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази мутахассисларининг маълумотларига кўра, ушбу ҳавзалардаги ифлосланган сув ўткир ичак инфекцияси, гепатит, ичбуруғ, ичтерлама каби хавфли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу, айниқса, болалар саломатлиги учун жуда хавфлидир.

Дарё, сой, канал ва ариқлардаги очиқ сув ҳавзалари эса нафақат болалар, балки катталар учун ҳам хавф туғдиради. Сувнинг совуқлиги, оқимнинг тезлиги,   дарёларда учраб турадиган маиший чиқиндилар инсон ҳаётига хавф солиб, бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳокимликлар, мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда мунтазам равишда чўмилиш хавфли бўлган очиқ сув ҳавзаларида назорат ўрнатиб келинмоқда.

Мавжуд очиқ сув ҳавзаларида чўмилишда ҳушёр бўлиш, бу борада сувда чўмилиш қоидаларига қатъий амал қилиш, сувда ўз хавфсизлигини таъминлаш ва фарзандларни чўмилиш таъқиқланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилмаслигини назорат қилиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги муҳим вазифадир.

Азиз юртдошлар! Очиқ сув ҳавзаларида чўмилганда хушёр бўлайлик, чўмилиш таъқиқланган жойларда асло чўмилмайлик. Зеро, ўз хавфсизлигимизни, саломатлигимиз ва ҳаётимизни асраб-авайлаш ўз қўлимиздадир.

Ботиржон СОТВОЛДИЕВ,

вилоят ФВБ бўлим

 

бошлиғи, подполковник.