+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОИЛА МАСЪУЛИЯТИ ЁХУД АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН ҚОЧИБ ЮРГАН ОТАЛАР

Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, оила билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, айниқса, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, қатор туман ва шаҳарларда оилавий ажримлар ортиб бораётганлиги ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишни тақозо этади.  Чунки оилавий низолар, оиланинг бузилиши нафақат бир оилани, балки бутун жамиятни пароканда қилади. 

Айни кунда Андижон вилоятида 786 мингдан ортиқ оила таркибида 3 миллион нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳар йили вилоятда ўртача 30 мингдан ортиқ янги оилалар барпо бўлмоқда. 2018 йилда 4 минг 149 та оила қонуний ажралиб кетган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида ажримлар 1056 тани ташкил этди. Шундан 431 таси ёш оилалардир.

Таҳлилларга кўра, ажримларга асосан фарзандсизлик, оилавий келишмовчилик, узоқ вақт бирга яшамаслик, эр ёки хотиннинг узоқ муддатга хорижга ишга кетгани, иқтисодий етишмовчиликлар, қонуний никоҳни бекор қилмасдан бошқа оила қуриш сабаб бўлган. 

Ажрашиб кетган оилаларнинг салмоқли қисмини ёш оилалар ташкил этгани ташвишлидир. Бундай ҳолат таҳлил қилинганда ёш оила бошлиқлари аксарият ҳолатларда оилани   мустақил бошқариш, фикрлаш, даромад топиш салоҳиятига эга, келинларнинг эса оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги кўриниб қолмоқда. Бундан ташқари, ёш оила ҳаётига қайнона, қайнота ва оиланинг бошқа аъзолари аралашуви туфайли ҳам ажрашишларга йўл қўйилмоқда.

Келин ва куёв оилавий ҳаёт ҳақида етарли тушунчага эга бўлиб турмуш қурдими? Улар рўзғор аравасини тортиб кета оляптими? Очиғи, бугун бу каби саволларга ижобий жавоб беришга бироз ўйланиб қоламиз.

- Айрим ёшларнинг оилавий ҳаётга ҳар жиҳатдан тайёр бўлмасдан турмуш қуришлари туфайли ёш оилалар ўртасидаги ажримлар камаймаяпти, - дейди Асака тумани хокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Муқаддасхон Қурбонова. - Маҳаллаларда низоли оилаларни ўрганиш, оила қуриб, хали бир йил яшаб-яшамасдан ажрашиш ёқасига келиб қолган ёш оила вакиллари билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг баъзилари оила масъулиятини чуқур ҳис этмасликлари, турмушнинг "мушт"ларига, қийинчиликларга тайёр эмасликларини кўриб, очиғи ачинаман.  Уларга зарур маслаҳат, тавсиялар берамиз. Оилани оила бўлиб кетиши учун курашиш, ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиш кераклигини ҳаётий мисоллар орқали тушунтирамиз.

 Қайта-қайта суҳбатлардан сўнг улар оиланинг муқаддаслигини, эрлик, аёллик бурч ва масъулиятларини қайсидир даражада англаб етадилар. Шу ўринда ота-оналар, айниқса, оиланинг ёши улуғлари оила қуриш арафасидаги ўғил-қизларига бу борада етарли тушунча, тарбия олишларига алоҳида эътибор қаратса мақсадга мувофиқ бўлди. 

Кўп ҳолларда фарзандларимиз қийналмасин, деб уларни меҳнатга, қийинчиликларга дош беришга ўргатмаяпмиз. Шу боис ҳам, бугун оилани мустаҳкамлаш, айниқса, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида олиб бораётган ишларимиз ўзимиз кутган самарани бераётгани йўқ.

 - Биз қизларни оила қуришга тайёрлаш борасида кўп гапирамиз, кўп ишлар қиламиз, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон шаҳар бўлими раҳбари Ҳабибахон Жўрабекова. - Уларга муомала маданияти, тушган жойида куёвга, унинг яқинларига қандай муносабатда бўлиш, рўзғор илми, пазандалик, саранжом-саришта бўлиш ҳақида сабоқлар берамиз. Уларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш учун маҳаллаларда, таълим муассасаларида "Қизларжон" клублари, поликлиникаларда эса "Қизлар саломатлик марказлари" ташкил этилган. Буларнинг барчаси қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, оқила, ораста бўлишлари, оилавий ҳаётга тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида  фаолият юритмоқда. Мухтасар айтганда, қизлар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Лекин йигитларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишларни талаб даражасида дея олмаймиз.

Айрим оила қурган йигитларда мустақиллик етишмайди, эрлик бурч ва масъулиятини етарли ҳис этмайди, оиланинг моддий таъминоти, бюджети ҳақида бош қотирмайди. Улар ота-онасининг эркатойи бўлиб, уларнинг қарамоғида яшашга ўрганиб қолган. Бу каби йигитлар оила қурганларидан кейин ҳам ана шундай турмуш тарзини давом эттиришларини эса асло оқлаб бўлмайди.

Оилада келишмовчиликлар юзага келса, эр ҳеч ўйлаб ўтирмасдан  хотинини фарзандлари билан ота-онасининг уйига ҳайдаб юбормоқда. Бундан энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда. Оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига минг афсуски, эътибор қаратмаяпти.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Фуқаролик ишлари бўйича вилоятдаги  судлар томонидан 2346 та алимент ундириш бўйича буйруқлар чиқарилган. Бундан ташқари, Мажбурий Ижро бюроси тақдим этган маълумотга кўра, айни кунда вилоятда 24 минг 131 нафар алимент тўлаётган фуқаро бор. Демак, шунча оилада ўсаётган фарзандлар ота меҳридан, тарбиясидан бенасиб. Шу ўринда  белгиланган алиментни тўлашдан бўйин товлаб юрган ёки ўз вақтида тўламасдан қочиб юрган оталар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

- Кўп уринишларимизга қарамасдан маҳалламиздаги ёш оила олти ойча аввал бузилиб кетди, - дейди Андижон туманидаги "Интилиш" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Илтифотхон Узоқбоева. - Ҳали икки ёшга кирмаган фарзанди бор келиннинг қўлида иши, ҳунари йўқ. Оиласи ҳам базўр тирикчилик ўтказади. Боласи оғриб, анча қийналиб қолибди. Суд буйруғи бўлса-да, бир неча ойдан буён собиқ турмуш ўртоғи алимент тўламасдан келаётган экан. Маҳалла фаоллари аралашуви билан йигит алиментни тўлаб берди.

Шу ўринда мулоҳаза туғилади? Нима учун бу каби йигитлар ўз фарзанди таъминотидан қочиб юради, аёлини сарсон қилади? Наҳотки, пушти камаридан бўлган бегуноҳ гўдакнинг соғлиги, тақдири уларни қизиқтирмаса? Бу на қонунларимизга, на инсонийлик мезонларига тўғри келади.

 - Ота-она, айниқса, ота ҳали вояга етмаган фарзанди таъминоти учун масъул эканлиги қонунларимизда ҳам, шариат аҳкомларида ҳам қатъий белгилаб қўйилган, - дейди Андижон шаҳридаги "Ат Термизий" жоме масжиди имоми Абдуҳалим Ҳамрақулов. -  Фарзанди ҳаққини бермаслик,  у нимагадир муҳтож бўлса, эҳтиёжини қондирмаслик гуноҳ саналади. Минг афсуски, бугун  ажрашиб кетган айрим эркаклар гўдаклари ҳаққини адо этмасдан гуноҳга ботмоқда. Улар унутмасинки, охиратда бунинг савол-жавоби бор.

Ажримлар, у келтириб чиқарадиган салбий оқибатларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда  кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳимдир.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ажралишларнинг кўп қисмига эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб бўлмоқда

Вилоятимизда асосан, оиладаги шахслараро муносабатлар, хусусан, эр-хотин ўртасидаги низолар, қайнона-келин, қайнона-куёв ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли ажримлар ортиб кетган. Бу ҳақда "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон вилояти   бошқармаси ташаббуси билан "Соғлом ва фаровон оилани  ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий, ижтимоий-демографик муаммолари" мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий анжуманида айтилди.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган мазкур анжуманда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази мутасаддилари, "Оила"  марказининг  вилоятлар бошқармалари раҳбарлари,  вилоят, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, "Олима" уюшмаси вилоят бўлими, ички ишлар, халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш бошқармалари, олий ўқув юртлари, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги, Ўзбекистон  Ёшлар иттифоқи вилоят  Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази  вилоят  бўлими  вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иштирок этди ва мазкур йўналишда вилоятда амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.

- Анжуманда замонавий оилани мустаҳкамлаш, уни ривожлантириш, оила фаровонлиги даражасини, таълим-тарбия борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси раҳбари Лазокатхон Жалолова. - Ютуқ, муаммо ва камчиликлар таҳлил этилди, мазкур йўналишдаги илғор иш услублари юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.

Вилоятимизда 2018 йил 4 минг 149 та ажрим рўйхатга олинган бўлса, уларнинг ярмидан кўпини ёш оилалар ташкил этган. 2019 йилнинг биринчи чорагида 1056 ажрим қайд этилган.    

 "Оила" илмий-амалий  тадқиқот маркази вилоят бўлими мутахассислари томонидан 3080 та оиланинг ажрашиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, уларнинг 44 фоизи эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар, 25,7 фоизи учинчи шахсларнинг, яъни қайнона, қайнсингил, қайнота ва бошқаларнинг аралашуви, 4,8 фоизи бефарзандлик, 5,6 фоизи моддий таъминотдаги етишмовчилик ва ишсизлик, 6,3 фоизи турмуш ўртоғининг зўравонлиги, ичкиликка берилиши, 1,9 фоизи эр ёки хотиннинг хорижга ишга кетганлиги, 2,7 фоизи уй-жой муаммоси туфайли юзага келганлиги маълум бўлди.

Анжуманда оила институтини мустаҳкамлаш, айниқса, ёшлар ўртасида оиланинг улуғ ва муқаддаслигини тарғиб этиш, никоҳ остонасида турган йигит-қизларнинг жисмонан, маънан, психологик жиҳатдан оилавий ҳаётга тайёрлашда илғор инновацион, илмий усуллар, тажрибалардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, "Хотин-қизларнинг юрт ривожи, оилалар мустаҳкамлигини сақлашдаги ўрни ва ролини ошириш", "Оилада фарзандларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси", " Оила саломатлиги ва унинг илмий-амалий асослари", "Оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш - давлат сиёсатининг устувор йўналиши", "Оилавий низолар ва уларни олдини олишнинг ижтимоий-психологик  омиллари", "Оилавий ажримларнинг олдини олишда ахборот хуружидан ҳимояланишнинг психологик асослари" "Оила мустаҳкамлиги ва жамият ривожида китоб ва китоб мутолаасининг ўрни" сингари мавзуларда маърузалар тингланди.

Иштирокчилар томонидан маърузалар, шунингдек, оилалардаги маънавий муҳит    барқарорлигини таъминлаш,  мавжуд муаммоларга илмий ечим топиш ва бартараф этиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Каримахон Исомиддинова,

 

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят  мутахассиси.

Ҳар бир киши тинчлик ва фаровонликка ўз ҳиссасини қўшиши керак

Муҳим беш ташаббус амалда

Тумандаги Тошкечик маҳалласида мустақиллигимизнинг 28 йиллиги олдидан "Ватан - оила, юрт кўрғони" мавзусида ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида тадбирлар бўлиб ўтди.

Ўтказилган тадбирлар маҳалла аҳлига байрам шукуҳини улашди, уларни янада фаол бўлишга ундади.  Тадбирда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Худойбердиева, Маънавият ва маърифат кенгаши туман бўлими фаол нуронийлар уюшмаси раҳбари Р. Жуманиёзова, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш. Янгибоев ва бошқалар тадбирларнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти хусусида гапирди. Барчани юрт равнақи ва ободлиги йўлидаги ишларда фаол бўлишга чақирди.

Дастлаб, туман бандликка кўмаклашиш маркази Бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этди. Ярмаркада тумандаги корхона, ташкилот, муассаса ва фермер хўжаликлари томонидан 275 та бўш иш ўринлари таклиф этилган бўлса-да, бирорта фуқаронинг ишга жойлашмаганлиги, меҳнат ярмаркаларини ўтказишда янгича ёндашув керакдир, деган фикр уйғотади кишида.

Лекин маҳаллада тадбиркор Оминахон Жўраева раҳбарлигида фаолият юритаётган "Давр" корхонаси бир қатор ёшларни ўз бағрига олган. Ҳозирда асосан, аёллар ва болалар трикотаж маҳсулотлари, шунингдек, қолипли нон ва оққанд тайёрланаётган мазкур корхонада 12 нафар киши меҳнат қилмоқда.

Маҳалла аҳли тадбиркор Оминахон Жўраевани ҳурмат қилишади. Ибратли оила соҳибаси, ташкилотчи, ташаббускор бу аёл кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлиб келмоқда.

Хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларига эришиш, спорт-соғломлаштириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида  маҳалла ҳудудидаги 5- умумтаълим мактабида спорт мусобақалари ўтказилди.

Умуман, маҳалла ёшлари мазкур мактабда фаолият кўрсатаётган қатор спорт тўгаракларида фаол қатнашиб келади. Жумладан, турли мусобақаларда юқори натижаларга  эришаётган ёшлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Эндигина мазкур мактабнинг иккинчи синфида таҳсил олаётган Абдулборий Абдуҳакимов ана шундай ёшлардан бири. У келажакда чемпион бўлишни орзу килади. Хусусан, у яқинда бўлиб ўтган спортнинг Универсал жанг тури бўйича водий кубогининг вилоят саралаш мусобақасида ўз тенгдошлари ўртасида ғолиб бўлиб, биринчи даражали диплом билан такдирланди.

Айниқса, маҳалла кўчалари жамоалари ўртасида ўтказилган қизиқарли футбол турнири барчада катта таассурот қолдирди.

Илм билан дунё юксалади, ҳаёт янада гўзал бўлади. Шу маънода, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, уларни адабиётга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган маърифий тадбирдан иштирокчилар улкан маънавий озуқа олди. Маҳалланинг ижодкор ёшлари томонидан ўқилган шеърлар  барчага манзур бўлди.

Кексаларни қадрлаш, уларнинг панду насиҳатларига амал қилиш инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади. Маҳаллада яшаётган бир гуруҳ онахонлар ўз ҳаётлари мисолида оилани мустаҳкамлаш, ҳалол ва бахтли ҳаёт кечириш, фарзанд тарбияси борасида ҳаётий тажрибаларини гапириб бердилар.

- Бағрикенглик, ҳалол-пок бўлиш, меҳнат инсонни улуғлайди, - дейди ўн бир фарзандни тарбиялаб, қаторга қўшган саксон беш ёшли Саодатхон ая. - Бугун ҳаётимиз тинч, фаровон, тўкин. Бунга фақат шукрона келтириш, унинг қадрига етиш керак. Энг асосийси, мана шу тинчлик ва фаровонликка ҳар бир инсон қўлидан келганча ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Тадбирлар доирасида "Тўғри овқатланиш - саломатлик гарови" мавзусида кўргазма ташкил этилди. Иштирокчиларга мутахассислар томонидан тўғри     овқатланиш, саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий кўрикнинг аҳамияти, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

- Инсоннинг соғлом бўлишида тўғри овқатланиш муҳим аҳамият касб этади, - дейди туман Саломатлик маркази  шифокори Наргиза Сотволдиева. - Шу боис, юртдошларимиз режали овқатланишга, мавсумларга мос овқатлар истеъмол қилишга алоҳида эътибор қаратишлари керак.

 Шу куни Тошкечик маҳалласида муҳим беш ташаббус доирасида бўлиб ўтган тадбирлар маҳалла аҳлини фаол бўлишга, маънавиятини, тиббий, ҳуқуқий билимларини янада юксалтиришга хизмат қилди. Ижро этилган куй-қўшиқлар, лапару ёр-ёрлар уларнинг қалбида бир умр муҳрланиб қолади.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА,

 

жамоатчи мухбир.

САБРЛИ, МАСЪУЛИЯТЛИ, КЕРАК БЎЛСА, ҚАТТИҚҚЎЛ БЎЛИШИМИЗ ЛОЗИМ

2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили

Хотин-қизлар билан ишлаш масъулиятли ва кенг қамровли вазифа. Қолаверса, бугунги кун ҳар қандай даражадаги раҳбардан фидойилик ва шижоат билан ишлашни талаб этади.

Тумандаги бошланғич ташкилотимиз етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, фаолларимиз ҳамда отинойилар ҳамкорлигида опа-сингилларимиз фаоллигини ошириш, маҳаллалар, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар тадбиркорлиги, ҳунармандчилик, оилавий бизнесни ривожлантириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи           тамойилларини шакллантириш, тиббий, ҳуқуқий билимларини юксалтириш,          шунингдек, турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, маҳаллалар, таълим муассасаларида ўтказилаётган қатор тадбир ва мулоқотлар айниқса, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмушнинг салбий оқибатларини тушунтириш, хотин-қизлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, одам савдоси, гиёҳвандлик сингари иллатларга қарши кураш борасидаги ишларимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Жорий - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилининг ўтган даври мобайнида туман миқёсида 50 дан зиёд йиғилишлар,  давра суҳбатлари ўтказилди. Олиб борилган тарғибот ишлари натижасида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ҳамда суицид ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайишига эришилди.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, оиласидаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш масаласига айниқса, алоҳида эътибор қаратяпмиз. Чунки,  рўзғори бут, моддий жиҳатдан қийинчилиги йўқ оилада жанжал ҳам, ҳуқуқбузарликлар ҳам бўлмайди. Барча оила аъзолари банд бўлган хонадонда тинчлик-фаровонлик ҳукм суради.  Бу борада туман бандликка кўмаклашиш маркази ва қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан,  5 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Тумандаги ишсиз фуқаролар, суд томонидан алимент тўлашга мажбур этилган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинганлар, чет элдан яшаш манзилларига қайтиб келган 301 нафар фуқаро иқтисодиётнинг турли тармоқларига доимий ишга жойлаштирилган бўлса, шундан 108 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Хусусан, 58 нафар аёл ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 10 нафар қиз-жувон эса "устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунар ўрганишга йўналтирилди.

  Аёл соғлом бўлса, оила бахтлидир. Оила бахтли бўлса, жамият фаровон бўлади. Мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларни спорт билан шуғулланишларини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Бу борада туманимизда ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.  Жумладан, туманда спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка, волейбол, баскетбол, арқон тортиш, югуриш  каби турлари бўйича кўплаб мусобақалар ўтказилди. Спорт тадбирларида жами 1,5 мингга яқин уй бекалари қатнашди. Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчилар туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Спорт мусобақаларида қатнашган қиз-жувонлар келгусида албатта, спорт, ҳеч бўлмаса бадантарбия билан шуғулланиб туришларини айтишмоқда. Демак, бу каби тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Ажримларнинг олдини олиш, оталикни белгилаш, ёлғиз оналар сонини камайтириш мақсадида ҳам кўплаб муҳокама йиғилишлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилмоқда. Тадбирларда жами 3 мингга яқин фуқаролар иштирок этган бўлса, улардан 2 минг нафарга яқини хотин-қизларни ташкил қилади.

Туманимизда ёлғиз оналар,  оталикни белгилаш  ҳолатлари бўйича кўрсаткичларимиз нисбатан камайган. Бироқ, таассуфки, ажримлар масаласи ҳамон бизнинг оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб қолмоқда. Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, ажримлар сони жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан барқарор турибди. Яъни, ўтган йилдагидек ўтган даврда 100 та ажрим қайд этилган. Ушбу факт бу борада хали жуда кўп ишлар қилишимиз кераклигини кўрсатади. Тўғри, ютуқларимиз бор, лекин ҳал этилиши зарур бўлган муаммоларимиз ҳам етарли.

Туманимиз хотин-қизлари фаоллигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, айниқса, хотин-қизлар билан боғлиқ салбий кўрсаткичларни яхшилаш борасида қиладиган ишларимиз талайгина. Айниқса, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларни камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Мақсадимиз, оила деб аталмиш муқаддас қўрғон арзимас сабаблар билан барбод бўлмасин!

Ишонч билан айта оламанки, қўмитамиз фаоллари, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, маҳалла мутахассислари ҳамжиҳат иш олиб бориб, барча йўналишларда ижобий натижаларга эриша оламиз.

 

Гулнорахон ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Булоқбоши тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

КИТОБ - КЕЛАЖАККА МАЁҚ

Булоқбоши туманидаги Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида Президентимиз Шавкат        Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида тадбир бўлиб ўтди.

Ҳудуддаги уюшмаган аҳоли вакиллари ҳамда мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Навоий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаммадюнус Жалилов сўзга чиқиб, мазкур ташаббуснинг мазмун-моҳияти, ёшларни китобхонликка, спортга кенг жалб этиш, оилаларда соғлом муҳит яратиш, ўқувчи ёшлар ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишлари кераклиги, жамиятимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишлари лозимлиги ҳақида гапириб ўтди.

Тадбирда фаол ва ижодкор ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий  дастур намойиш этилди. Маҳалланинг фаол қиз-жувонлари томонидан ижро этилган лапару ёр-ёрлар йиғилганларга хуш кайфият улашди. Шунингдек, бадиий китоблар акцияси, спортнинг стол тенниси, югуриш, шахмат-шашка, велопойга турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

- Китоб - келажакка маёқ, тўғри йўл кўрсатувчи дўст, ёмон кунларда елкадош, умуман, ёнингдаги садоқатли ҳамроҳингдир, - дейди маҳалла ёшларидан бири Рухсора Тўланова. - Биз китоб ўқиб маънавий озуқа оламиз, яхшилик қилишга ошиқамиз. Шундай экан, китобсиз ҳаётимизни тасаввур этиб бўлмайди. Спорт эса саломатлигимиз гарови, узоқ умр кафолатидир. Ўйлайманки, беш муҳим ташаббус буюк келажак сари ташланган дадил қадамдир.

Тадбир сўнггида ўтказилган мусобақалар ғолибларига эсдалик совғалари топширилди,  шунингдек, фаол иштирокчиларга китоблар совға қилинди.

 

Маъмурахон МАЛЛАЕВА,

 

маҳалла мутахассиси.

Яхши келин

Ҳаё-ибо, ёр-ёр билан кириб келиб,

Хонадонни обод этар яхши келин.

Райҳон-жамбил, ўсмаларни қўяр экиб,

Ҳовли-жойни жаннат айлар яхши келин.

 

Баҳор иси келар доим уйингиздан,

Мушки анбар уфуради бўйингиздан.

Қиз боққанга раҳмат, дейсиз кўнглингиздан,

Умрингизга умр қўшар яхши келин.

 

Гап кўтариб бормайди ҳеч онасига,

"Бахтлиман" дер амма, тоға, холасига,

Меҳрин берар ўғлингизу боласига,

Иноқ қилар қудаларни яхши келин.

 

Белин ушлаб, кўчаларда турмайди ҳеч,

Бору йўқдан нолиб уйга кирмайди ҳеч.

Ака-ука турмушлари бўлмас нотинч,

Энг меҳрибон опа, сингил, яхши келин.

 

Ташқаридан гап пойламас ўзбекойим,

Гап қайтармас, "хўп" деб кулиб турар доим.

Меҳмон келса қучоқ очар, хўп мулойим,

Дастурхонга борин сочар яхши келин.

 

Айтар гапим бордир менинг ҳар бир қизга,

Гард юқмасин орқангиздан қолган изга.

Юрт тинчлиги боғлиқ экан, қаранг, сизга,

Ватанимда кўпайсин-ей, яхши келин.

Ўғилхон ИСОМИДДИНОВА,

 

меҳнат фахрийси, Жалақудуқ тумани.

БЕШ НАФАР АНДИЖОНЛИК ТАДБИРКОР АЁЛ ТАНЛОВНИНГ МАМЛАКАТ БОСҚИЧИДА ҚАТНАШАДИ

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида "Анор - 2019" миллий танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Танловда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркор, ҳунарманд ва фермер хотин-қизлар турли йўналишлардаги инновацион лойиҳалари, бизнес-режалари билан қатнашиб, ўзларининг имконият ва салоҳиятларини намойиш этди.

Тадбиркор аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес  ғояларини амалга  оширишга  кўмаклашиш, фаолияти самарадорлиги ҳамда профессионал маҳоратини ошириш, умуман, аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш мақсадида "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ҳамда банклар ассоциациялари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 15 нафар хотин-қиз иштирок этди.

Иштирокчиларнинг тадбиркорлик фаолияти  ишлаб чиқариш, фермерлик ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш йўналишларида белгиланган шартлар асосида кўриб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, ишлаб чиқариш йўналишида Бўз туманидаги "Муҳаммади Строй Маркет" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Юлдузхон Хотамова, фермерлик йўналиши бўйича Андижон туманидаги "Жамшидбек мазали узумлар боғи" фермер хўжалиги иш юритувчиси  Одинахон Саидова,  аҳолига хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича Андижон шаҳридаги "Мавжуда гранд люкс" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мавжудахон Қурбонова, Хонобод шаҳридаги "Дилижон нури" хусусий корхонаси раҳбари Дилфуза Раҳимжанова ҳамда Андижон шаҳридаги "Аср Интеллект" нодавлат таълим муассасаси раҳбари Хуршида Камолиддинова ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Муассасамизда болажонларга инновацион асосда таълим-тарбия берилади, - дейди "Аср Интеллект" нодавлат таълим муассасаси раҳбари Х. Камолиддинова. - Айниқса,  фикрлаш, мулоқот, ўз фикрини эркин билдира олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, рус, инглиз тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўргатилади. 

Фаолиятим юқори баҳоланиб, танловда ғолиб бўлганлигим менга куч ва шижоат бағишлайди. Келгусида тадбиркорлик борасида янада юқори натижаларга эришиш учун астойдил меҳнат қиламан.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Анжуманда тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар томонидан тайёрланган, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмалари ташкил этилди.

Наргиза МИРЗААЛИМОВА,

"Тадбиркор аёл" 

Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими ижрочи директори. 

Танловга марҳамат

2019 йил 21 июнь куни "Андижанская правда" газетасининг 45-сонида "Агробанк" АТБ Андижон вилояти бошқармасининг Шаҳрихон ва Марҳамат филиалларини капитал таъмирлаш бўйича тегишли ташкилотлар ўртасида танлов ўтказиш ҳақида берилган эълонда кўрсатилган мурожаат муддати жорий йилнинг 30 июнига қадар узайтирилганлиги маълум қилинади.

Мурожаат учун манзил: Андижон шаҳри,  Пушкин кўчаси, 47-уй.

Тел: (0 374) 228-46-34, 228-46-42.

Танловда иштирок этиш учун мурожаат қилувчилар эълон чоп этилган газетани (санаси, тартиб рақами кўрсатилган ҳолда) илова қилсин! Танловда қатнашувчи камида уч йил АТ "Агробанк" биноларида жорий ва капитал таъмирлаш ишларини бажарган бўлишлари шарт.

АТБ "Агробанк" Андижон вилояти бошқармаси.

 

 

Хизматлар лицензияланган.

МИНГТЕПА - ЮРТИМИЗНИНГ ЭНГ ГАВЖУМ САЙЁҲЛИК МАРКАЗЛАРИДАН БИРИ БЎЛАДИ

"Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди ўзининг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб барчамизга ғурур берадиган, буюк тарихимизни ўзида сақлаб келаётган, маҳобати ва қадимийлиги билан дунё олимларини лол қолдираётган Мингтепа археология ёдгорлигини тарғиб қилиш, унинг базасида туризмни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида узлуксиз тадбирлар ўтказиб келмоқда. Қуйида улардан айримлари эътиборингизга ҳавола этилади.  

 

Меҳмон уйлар фаолият бошлади

 "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди давлат гранти доирасида 2019 йил 15 июнь куни "Мингтепа археология ёдгорлиги базасида туризмга хизмат қилувчи оилавий меҳмонхона уйларини ташкил этиш имкониятлари" мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Андижон вилояти бошқармаси, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш вилоят департаменти мутахассислари, оилавий меҳмон уйлар очиш истагида бўлган тадбиркорлар, туризмга дахлдор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўқув-амалий семинарда туманда туризмни ривожлантириш, оилавий меҳмон уйларни ташкил этиш, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи янги объектларни барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, муҳим вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди. 

 Иштирокчилар туманда биринчилардан бўлиб Марҳамат шаҳар, Ипак йўли кўчаси 121-уй ҳамда Ўрикзор кўчаси 23-уйларда ташкил этилган оилавий меҳмон уйларни бориб кўрдилар, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

 Амалий семинарда туризмни ривожлантириш, умуман, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

Андижонда туризмни  ривожлантириш йўлида

"Мингтепа-маданий мерос" жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган "Мингтепа - туризм гавҳари, янги иш ўринлари манбаи, чекка туман худудида ижтимоий ва маиший инфратузилма яратишга, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қодир ёдгорлик" номли лойиҳа доирасида "Андижон вилоятида туризмни ташкил этиш ва ривожлантириш истиқболлари" деб номланган танлов ўтказилди.

Вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган мутахассислар фаолиятига кўмаклашиш, илғор иш услубларини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, вилоятимиз ҳамда Марҳамат туманининг туризм соҳадаги имкониятлари билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси,  Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш вилоят департаменти, Марҳамат туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган танловда туризм фаолияти билан шуғулланаётган ташкилотлар, туризм соҳасига қизиқувчи фуқаролар ҳамда хунармандлар, умуман, 60 дан зиёд юридик ва жисмоний шахслар иштирок этди. 

Танлов ноанъанавий тарзда ташкил этилди. Танлов иштирокчилари ва меҳмонлари дастлаб, "Мингтепа" музейи, туман марказидаги тарихий-тематик боғ, Мингтепа археология ёдгорлиги, "Алитепа", "Миришкор ота" зиёратгоҳлари, "Турон" нодавлат таълим муассасаси томонидан "Энг намунали йўлбўйи инфратузилмаси объекти ва санитария-гигиена шохобчаси" йўналиши бўйича барпо этилган шохобча, тумандаги "Буюк маскан"  масъулияти чекланган жамият томонидан қурилаётган туризм ва дам олиш масканлари, экотуризм йўналишидаги балиқчилик хўжаликларига саёҳат қилди. Ана шу жараёнларда турли йўналишлар бўйича танлов иштирокчиларининг фаолиятлари ўрганилди.

Танловнинг ғолиб ва   совриндорлари 1-, 2- даражали дипломлар ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Ушбу танлов вилоятимиз, шу жумладан, Марҳамат туманида туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам берди.

 

Хизмат кўрсатувчи  мутахассислар шаклланмоқда

Жорий йил 23 май куни Марҳамат шаҳри "Турон" ўқув марказининг маънавият боғида  "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди томонидан туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди давлат гранти доирасида     "Мингтепа - туризм гавҳари, янги иш ўринлари манбаи, чекка туман ҳудудида ижтимоий ва маиший инфратузилма яратишга, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қодир ёдгорлик"  мавзусида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.

Меҳнат ярмаркасида тумандаги 32 та ташкилот 250 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Иш топиш мақсадида ярмаркага келган 200 нафарга яқин фуқародан 39 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди, 70 нафари жамоат ишларига жалб қилинди. Энг асосийси, мазкур ярмарка туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумот олиш имконини берди.

Тадбир доирасида фуқаролар билан меҳнат ҳуқуқлари, тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, ана шу йўналишда кўргазмалар ташкил этилди.

 

Саёҳат болажонларга олам-олам завқ берди

Тумандаги кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзандлари учун тарихий жойларга бепул саёҳатлар ташкил этилди.

"Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди давлат гранти доирасида ташкил этилган саёҳатда кам таъминланган оилалар фарзандлари    Марҳамат туманидаги "Миришкор ота",  "Хўжабосмон ота", "Алитепа" зиёратгоҳлари, Мингтепа ички қалъаси ҳамда "Турон" ўқувчи ёшлар ва ногиронлар ўқув ишлаб чиқариш марказининг "Маънавият" боғидаги "Мингтепа" очиқ ва ёпиқ музейларида бўлдилар. 

Болажонларга она юртимиз, зиёратгоҳлар тарихи, тарихий  аҳамияти хусусида кенг маълумотлар берилди.

Болажонларнинг ана шу масканлар ҳақидаги билим ва тушунчалари бойиш билан бирга, она ватанимизга, тарихимизга бўлган муҳаббатлари янада ортди, олам-олам завқ олдилар.

 

Шаҳло ҲУСАНОВА,

"Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди  ходимаси.

 

Азиз юртдошлар! Сиз ҳам Марҳаматга келинг, Ватанимизнинг қадим тарихидан сўзлагувчи

 

"Мингтепа" маданий ёдгорлиги билан танишинг. Бундан улкан маънавий озуқа оласиз, қалбингиздан тарихимизга, аждодларимизга бўлган ҳурмат, фахр-ифтихор туйғулари мустаҳкам жой олади. 

ШАХС КАМОЛОТИДА ГЕОГРАФИК БИЛИМЛАР МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Муаллим фикри

Географик билимлар ўқувчилар келгусида  қандай касбни эгаллашларидан қатъи назар, дунёқарашининг такомиллашуви учун ниҳоятда зарур. Агар ҳар бир инсон учун ўқиш, ёзиш, ҳисоблай олиш қанчалик зарур бўлса, уларнинг маданиятли киши бўлиб етишиши, умуман, ҳар бир ўқувчининг шахсини белгилашда географик билимларнинг аҳамияти, роли катта бўлишини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Вақт ўтиши билан мактабларда география фанини ўқитиш масалалари  ҳам ўзгармоқда. Илмий техника тараққиётининг ривожланиши географияни ўқитишнинг сифат ўзгаришларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Натижада, география бўйича ўқув дастурлари, ўқув режалари  ҳам тубдан ўзгара бормоқда. Демак, география фани мазмунининг ўзгариши ўқитиш масалаларига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди.

Педагог ўз фанини илмий ва назарий жиҳатдан чуқур ўзлаштирган, руҳий-педагогик, методик билим, кўникма ва малакаларни эгаллаган, таълим-тарбия жараёнининг самарадорлигини амалга оширишга имкон берадиган замонавий педагогик ахборот технологияларидан хабардор, уларни таълим-тарбия жараёнида қўллай олиш малакаларига эга бўлиши лозим.

Мамлакатимизда таълим соҳасида эришилаётган натижалар кўпчилик ҳолларда психологик тажрибаларни қўллаш, бошқарув назариясини билиш,  таълимни дастурлаш, ўқувчиларнинг билиш фаолиятини бошқариш, таълимни оптималлаштириш, педагогик меҳнатни илмий асосда ташкил қилиш кабиларни ўрганиш ва тадқиқ қилиш орқали эришилган. Бу вазифаларни амалга ошириш учун таълим мақсадларини бутунлай янгилаш ва унга мос равишда таълим мазмунини мослаштириш зарурлигини замон талаб этмоқда. Бу ўз навбатида, география таълим мақсадларида ҳам туб ўзгаришларни амалга ошириш зарурлигини тақозо этмокда.

Бу борада вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази  биз педагогларга яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

Таълим муассасалари педагог кадрларининг замонавий билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари ҳамда таълимнинг инновацион ахборот-дидактик шаклларидан юқори даражада фойдалана олишлари, таълим соҳасидаги сифат ўзгаришлари ва юқори самарадорлик уларнинг жаҳон таълим талаблари билан мослиги ва педагогларнинг меҳнат фаолиятларида ўзлаштирган компетенцияларини амалиётга татбиқ этишларида самарали иш олиб бораётган марказ педагогларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Маннобжон ДАДАБОЕВ,

 

марказ тингловчиси.