Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ҳалол меҳнат қилган инсон ҳамиша қадр ва эъзоз топади. Ўттиз йиллик умрини таълим соҳасига бағишлаган қўрғонтепалик онахон Дилхуморхон Худоёрова бошланғич синф ўқитувчиси сифатида тумандаги қатор умумтаълим мактабларида самарали фаолият юритган.
Меҳнат фаолияти давомида минглаб ёшларни одоб-аҳлоқли, она Ватанга муҳаббат руҳида, эл-юрт корига камарбаста инсонлар қилиб тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшди. Жамоадаги фаоллиги, ёшларга билим беришдаги куюнчаклиги, ташаббускорлиги, фидойилиги билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик орасида обрў-эътибор топди. Умри бўйи илм ва маърифат йўлидан бориб, ёшларни юрт тараққиёти йўлида хизмат қиладиган етук инсонлар қилиб тарбиялашда жонбозлик кўрсатди.
Дилхумор ая нафақат устоз, балки оилада меҳрибон она, севимли буви ва куюнчак рафиқадир. Онахон турмуш ўртоғи Орзубек Норматов билан ахил-иноқликда ҳаёт кечириб, тўрт қиз ва икки ўғилни тарбиялаб, вояга етказдилар. Уларни ўқитиб, ҳунарли ва уйли-жойли қилишди. Тўрттала қизлари ҳам Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олишди. Оналарининг изидан борган қизлар айни кунда тумандаги турли мактаб ва коллежларда ишлашмоқда. Икки ўғилнинг бири ҳунармандлик, яна бири тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда. Дилхумор ая фарзандларининг бахту камолини кўриб кўзлари бир яйраса, 17 нафар набиранинг шодлиги қалбига бир олам қувонч бағишлайди.
- Бугунги ёшлар жуда бахтли, - дейди Дилхуморхон ая. - Бизнинг даврларимизда ўқиш, таълим олиш учун бугунгидек шарт-шароитлар бўлмаган. Нурай бошлаган биноларда, эски дарсликлардан фойдаланиб, ўқиганмиз. Ўша даврларда бошимиздан иссиқ-совуқ ўтиб, қийналган кунларимиз ҳам ҳалол меҳнатга суянганмиз. Мен ўз фарзандларимга, ўқувчиларимга ҳамиша ҳалол меҳнат қилишни, истиқлол берган имкониятлардан фойдаланиб, мақсад сари дадил олға боришлари зарурлигини уқтираман. Илоҳим, бугунгидай фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.
Дарҳақиқат, биз озод ва обод, мустақиллиги барқарор юртда, тинчлик замонида яшаймиз. Тилида шукроналик, қўли дуода бўлган, бутун ҳаётини ҳалол меҳнат ва касбига фидойилик билан ўтказган Дилхуморхон ая сингари фахрийларимизнинг ҳаёти, фаолияти биз ёшлар учун ибрат мактабидир. Улар бахтимизга ҳамиша соғ бўлишсин.
25-27 май кунлари Жиззах шаҳрида "Баркамол авлод -2017" спорт ўйинлари бўлиб ўтди. Кичик олимпиада деб эътироф этилаётган мазкур мусобақаларда вилоятимиз вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, 12 олтин, 34 кумуш, 19 бронза медалини қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.
2001 йилдан буён ўтказилаётган "Баркамол авлод" ўйинларининг жорий йилдаги финал ўйинларида спортнинг 17 тури - баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, шахмат, оғир атлетика, бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, юнон-рум кураши, сузиш, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, бадминтон ва бадиий гимнастика бўйича беллашувларда мамлакатимиздаги лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган 898 нафар ёш спортчилар 193 олтин, 193 кумуш ва 214 бронза медали учун баҳс олиб боришди. Беллашувлар 159 нафар маҳоратли ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.
Мухтасар қилиб айтганда, "Баркамол авлод" спорт ўйинлари республикамизда спортни ривожлантириш, ёш спортчиларнинг ўз имкониятларини намоён этиш, спортда эришилаётган ютуқлар кўлами ва салмоғини юксалтиришга, энг муҳими, ёш авлодни жисмонан соғлом ва баркамол вояга етишларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, ушбу ўйинлар кўплаб ёш спорт юлдузларини кашф этмоқда, халқаро майдонларда юртимиз шуҳратини кўтарадиган маҳоратли спортчиларни тарбияламоқда.
Айни кунда Осиё, жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари бўлган аксарият спортчиларимиз ўз вақтида "Баркамол авлод" спорт ўйинларида тобланган, маҳорат ва тажрибаларини оширганлар.
"Баркамол авлод - 2017" мусобақасида 188 очко тўплаган вилоятимиз жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаб, Иккинчи даражали диплом, махсус кубок ҳамда Президент совғаси - "Дамас" автомобили билан тақдирланди.
"Баркамол авлод-2017" спорт ўйинларида 248 очко тўплаган Тошкент шаҳри жамоаси умумжамоа ҳисобида мусобақа ғолибига айланди, 180 очко тўплаган Самарқанд вилояти жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Вилоятимиз терма жамоаси таркибига кирган 16 нафар қизлар совринли ўринларни қўлга киритди. Жумладан, стол тенниси бўйича Озода Аҳмадалиева олтин, сузиш бўйича Шахноза Содиқова 2 та олтин, 2 та кумуш, Феруза Анарбоева 4 та кумуш, Муштарий Fуломова 2 та кумуш, 2 та бронза, Альмира Маматказина 2 та кумуш, бадминтон бўйича Моҳинур Fофурова 1 та кумуш, 1 та бронза ҳамда волейболчи қизларимиз Гулчирой Абдумаликова, Мафтуна Шаробиддинова, Хожихон Мирабдуллаева, Мухлиса Жалолова, Гулираъно Fаниева, Гулсанам Шокирова, Саида Қосимова, Фарангиз Абдуғаниева, Азиза Мирзаакбарова, Гулнигор Музаффаровалар кумуш медални қўлга киритиб, вилоятимиз жамоаси ғалабасига салмоқли ҳисса қўшдилар.
- Спорт ва дўстлик байрамига айланган "Баркамол авлод-2017" ўйинлари муросасиз, қизғин баҳсларга бой ўтди, - дейди волейболчи қизлар жамоаси аъзоси Мафтуна Шаробиддинова. - Мураббийларимиз кўмагида жиддий тайёргарлик кўрганлигимиз қўл келди, қолаверса, устозларимиз, мухлислар, яқинларимиз, қўйингки, барча андижонликлар ишончи бизга куч берди.
Ўтган якшанба куни Андижон темир йўли вокзалида ғолиб спортчилар ва мураббий-ларимизни кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, спорт мухлислари шоду-ҳуррамлик, катта тантана билан кутиб олдилар. Уларни вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Исмоилов барча андижонликлар номидан муборакбод этди.
Андижонга ёруғ юз билан қайтган вилоятимиз жамоаси Андижон шаҳридаги "Узбечка" кафе-ресторанига таклиф этилди. Тўкин дастурхон атрофидаги суҳбат, таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.
ҚАЙНОНА-КЕЛИН ЎРТАСИДАГИ САМИМИЙ МУНОСАБАТ - ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИНГ МУҲИМ МЕЗОНИ
(23-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Халқимизда азал-азалдан оила муқаддас маскан, ундаги қадриятлар, анъана ва урф-одатлар ўзига хос тарбия манбаи сифатида юксак қадрланган. Айниқса, истиқлол йилларида оила аталмиш маскан янада сайқал топди. Халқнинг, миллатнинг ривожини таъминловчи, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни дунёга келтириб, тарбияловчи муқаддас бу гўшанинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузи янада ортди.
Мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оила муаммоларини ўрганиш, унинг маънавий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, мазкур йўналишда юзага келаётган қатор муаммолар, кишиларни ташвишга солаётган масалалар борки, уларни самарали бартараф этиш кенг жамоатчилик имкониятларидан унумли фойдаланишни тақазо этади.
Айни кунда вилоятимизда 768 мингдан зиёд оила мавжуд бўлса, уларнинг 21 фоизини ёш оилалар ташкил этади. Ҳар йили қарийб 30-32 минг янги оила барпо бўлаётгани албатта қувонарли. Бироқ кейинги йилларда айрим маҳаллаларда оилавий ажримлар, айниқса, ёш оилалар ўртасидаги ажримлар сони ортиб бораётганлиги кўпчиликни жиддий ташвишга солади. Оилавий ажримлар сабаблари таҳлил қилинганида, уларнинг асосий қисми оилавий келишмовчиликлар, яъни эр-хотин, қайнона-келин, ота-она ва фарзанд ўртасидаги низолар, ёшларнинг оилавий ҳаётга ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий ва физиологик жиҳатдан тайёр эмаслиги, оилада эркак ёки аёлнинг ишлаш учун чет давлатга чиқиб кетганлиги, фарзанд тарбиясига етарли даражада эътибор қаратилмаслиги сабаб бўлаётганлигини кўриш мумкин. Бундан ташқари, муаммоли, маънавий муҳит барқарор бўлмаган оилалар ҳам борки, улар ўртасида тарбиявий, тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш кераклиги аён бўлди.
Тан олиб айтишимиз лозим, бугунги кунда айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги Яраштириш, Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари етарли даражада фаолият олиб бормаяпти, қолаверса, уларнинг ҳамкорлиги ҳам у қадар яхши йўлга қўйилмаган. Мазкур комиссиялар таркибига маҳалладаги фаол, катта ҳаётий тажрибага, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсатиш салоҳиятига эга бўлган обрўли фуқаролар жалб этилмаганлиги учун ҳам уларнинг фаолияти самарали натижалар бермаяпти.
Шу ўринда ёшлар, айниқса, қизлар тарбияси, уларнинг замонавий билим, ҳаётда зарур бўладиган бирор касб-ҳунар эгаллашларига, оилавий ҳаёт ҳақида зарур тушунчаларга эга бўлишларига ёрдам бериш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни тартибга солиш борасида тизимли ишлар олиб бориш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши зарур.
Бугун олдимизда турган ана шу долзарб масалалар ечимини топиш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг қўшма қарори асосида фуқаролар йиғинлари ҳузурида оилаларни мустаҳкамлаш ва улардаги маънавий муҳитни соғломлаштириш ишлари билан бевосита шуғулланувчи "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмасини ташкил этилганлиги айни муддао бўлди.
Оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш оилаларнинг ҳаётда мустаҳкам илдиз отиши ва жамиятда ўз ўрнини топишида қайноналарнинг роли ниҳоятда катта. Шу маънода ташкил этилган "Кайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаолияти мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Кенгаш ташкил этилгандан сўнг ўтган қисқа давр мобайнида бевосита кенгаш аъзолари томонидан қарийб 200 га яқин оиладаги муаммолар бартараф этилиб, уларда барқарор муҳит шакллантирилди.
Оилалар ва оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оилаларда тотувлик ва хотиржамликни сақлаш, соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, турли низолар келиб чиқишининг олдини олиш ва бартараф этиш, оиланинг ҳар бир аъзоси - ота-она, фарзанд, ака-ука, қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни ўзаро ҳурмат асосида шакллантириш, уларнинг ўз зиммаларидаги бурч ва масъулиятларини англаш ҳамда тўлақонли адо этишлари, умуман, оилада ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш борасида ушбу жамоатчилик тузилмаси томонидан зарур ишлар олиб борилади.
Маълумки, кўп йиллардан буён вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари қошида жамоатчилик асосида "Қайноналар мактаби" фаолият юритиб келади. Уларнинг муайян иш тажрибалари шаклланган. Бу вилоятимизда мазкур йўналишда ишларни самарали ташкил этишда қўл келади.
Жамиятимизнинг энг муҳим бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, айниқса, қайнона-келин муносабатларини чиройли, ўзбекона одоб-аҳлоқ меъёрлари асосида шакллантиришга қаратилган ушбу хайрли ташаббус доирасидаги ишлар вилоятимизда изчил ва тизимли равишда олиб борилади.
Мавлудахон НИЗОМОВА,
вилоят ҳокимлиги оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича котибият мудири.
Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни катта тантана билан нишонланмоқда. Ушбу санага бағишланиб, "Ҳар бир болага меҳр, эътибор!" шиори остида ўтказилаётган ҳафталик доирасида болалар учун турли хайрия акция ва тадбирлари ташкил этилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди вилоят бўлими, вилоят халқ таълими бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган мазкур ҳафталик тадбирларига Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари, алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг фарзандлари, фаол ва иқтидорли ўқувчи-ёшлар қамраб олинмоқда.
Маълумки, жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида оилалар, оналик ва болалик манфаатларини ҳимоялаш, тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, мактабгача тарбия масканлари ишини бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳини мустаҳкамламоқда.
- Ҳафталик тадбирлари доирасида қизиқарли ва кўнгилочар тадбирлар, танловлар, бадиий кўргазмалар, театр томошалари, саёҳатлар, спорт мусобақалари, концертлар ўтказилади, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулҳаё Омонова. - Жумладан, бугун Андижон шаҳридаги Алишер навоий номли маданият ва истироҳат, Болалар ҳамда туман ва шаҳарлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида байрам тадбирлари бўлиб ўтади. Вилоят қўғирчоқ театрида махсус байрам томошалари намойиш этилади.
Байрам тадбирларида иқтидорли ўқувчилар томонидан тайёрланган қўл буюмлари, расмлар кўргазмалари, асфальтга расм чизиш танлови ҳамда турли спорт мусобақалари ўтказилади. Кўргазма, танлов ва спорт мусобақаларининг ғолиб ва фаол иштирокчиларга тадбир ташкилотчилари томонидан совға-саломлар берилади. Аттракцион ўйинлар болаларга бепул хизмат кўрсатади.
Асосий мақсад, Халқаро болалар кунини муносиб ўтказиш, азиз фарзандларимизга қувонч улашишдир.
-Танаффусда хабар оламан, йиғласанг, ўқитувчи аълочи бўлсанг ҳам, яхши қиз эмас экан, дейди. Одобли қиз бўлгин.
Қўнғироқ чалингач, югуриб ташқарига чиқаман, сиз йўқсиз. Бор овозим билан йиғлардим. Сиз келиб, сочларимдан силаб, юпатардингиз. Акажон, биласизми, ўша кунларни эслаб, дилдан гаплашиш учун сизга қўнғироқ қиламан.
-Алло?! Балки ундай эмасдир, балки мен янглиш ўйлаётгандирман. Аммо, ғазаб, нафрат оҳангидаги "Алло!" деган сўзингиз гўё мени меҳрингиздан маҳрум этади.
Акажон, бу мунгли, содда синглингиз ҳануз қўрқоқ! Ҳаёт уммонида турли синовларга ёлғиз ўзи кўксини тутаётган синглингиз сизнинг меҳрингизни излаб сарсон. Сиз эса ўша мунглиғ сингилингизни йўқламайсиз. Баъзан хотинингизга билдирмай қўнғироқ қилган бўласизу:
-Қийналмаяпсанми, пулинг борми? Агар қийналсанг қўнғироқ қиларсан!- деб гўшакни иласиз.
Акажон, ахир онамдан сизга қолган ёдгорингизман-ку? Наҳотки, онамнинг юз-кўзларини, меҳрини мендан топгингиз келмади? Менсиз томоғидан бир луқма ўтмайдиган, дадам тушлик учун берган пулга менга бирор нарса олиб бераадиган акам, энди бир оғиз ширин сўзини мендан қизғонадими? Акажон, менинг айбим нима? Муҳаббат деб ўйлаганим сароб чиққаними, бир нолойиқдан бахт кутиб, алданганимми? Шукрки, Яратган шу бандам ёлғиз қолмасин деб, икки қизалоқ берди. Тўққиз ой бағримда кўтариб, минг бир азоблар билан, лекин ҳалол-покликда ўстирган полапонларим бири биридан ширин, бири биридан одобли. Қизалоқларимнинг мулоҳазхали, ақлли эканликларини айтмайсизми? Улар ҳеч қачон мендан оталари ҳақида сўрамайдилар. Биламан, улар менинг кўнглимни авайлайдилар.
Акажон, мен гуноҳкордирман, ёмон сингилдирман, сиздай инсоннинг шаънига яхши иш қилмагандирман. Аммо сиз акасиз, каттасиз-ку, кичиклар катталарнинг мададига суянишларини яхши биласиз-ку?! Нима учун менга йўл кўрсатмадингиз?!
Сиздан "Узоқларда нима қиласан? Бир бурда нон, бир парча матони шу ерда ҳам топасан-ку? Қўлингдан иш келса, уйимизда яшасангчи" деган сўзларни эштишни қанчалар истар эдим. Минг афсус, ундай гапларни эшитмадим. Ўксинаман, дардимни сездирмаслик учун куламан. Ўзимни бойликка, пул топишга ўч қилиб кўрсатаман. Аслида ўзга жойларда мусофирчиликда сарсон бўлиб яшагандан кўра, ўз уйимда, яқинларим дийдорига тўйиб яшашни қанчалар орзу қиламан. Шундай бўлса-да, узоқларда хотиржам яшаётгандай ўзимни қувноқ кўрсатига ҳаракат қиламан.
Бугун мен учун жуда оғир кун бўлди, акажон. Тинмай ёмғир қуйди. Мана шу ёмғир ўтган кунларимни, изтиробу дардларимни эслатди. Бир пайтлари ёмғир остида тўйиб-тўйиб ҳовлимизнинг тупроқ ҳидини ҳидлардим. Энди эса ўша тупроқ ҳидига зорман. Таъна дашномлар, маломатлардан тўйиб уйимдан қадрдон уйимизда, сиздан узоқлашдим, акажон. Аммо, қанча олис кетсанг-да, ўзингдан, кечинмаларингдан узоқлашолмас экансан. Дард устига дард, армонлар армонларга уланиб, яқинлар соғинчи бағримни эзмоқда.
Акажон, онам раҳматли:
- Мендан кейин, жигарларинг сенга талпинади, юзларингдан, кўзларингдан мени қидиради. Мени соғинганда, мени кўргиси келганларида сен томон учади,- дердилар. Бугун онамни ҳаммадан кўра соғинган менман. Аслида мен сизни кўрсам, нигоҳингизда онамнинг нурли чеҳраларини кўриб, тўйиб-тўйиб термулсам, овозингиздан онамнинг сўзларини туйгандай бўлиб эшитсам, хатти-ҳаракатлари онамга ўхшаб бораётган қизларингизни бағримга боссам, дейман. Ҳар тун тушларимга кириб юзимга термуладиган, "Сендан қачон хотиржам бўламан, қизим" дея маъюс жилмаядиган онажонимнинг руҳларини шод қилсам, дейман.
Акажон, мен барибир сизни яхши кўраман, сиздан фахрланаман, сиздан руҳий мадад оламан. Мендан хабар олмасангиз ҳам, қўнғироқ қилганимда пул сўрайди, деб ўйласангиз ҳам, билиб-билмасдан қилган ҳатоларим учун мендан ор қилсаниз ҳам сизни яхши кўравераман. Тунлари уйқудан уйғониб кетаман, бевақт оламдан ўтган онамнинг ҳақига дуо қиламан. Яна болалигимдан мени еру кўкка ишонмаган, ҳамиша асраб-авайлаган сиз, акажонимга яратгандан ҳеч қачон меҳр ва эътиборга зор бўлмаслигингизни сўраб дуолар қиламан. Чунки мен сизнинг ношуд, йиғлоқи синглингизман. Унутманг, синглиси борнинг онаси ўлмайди, акажон! Онамнинг ўринларига ҳам сизга дуо қилишдан асло тўхтамайман.
Чақалоқнинг дунёга келиши оилага катта қувонч олиб келади. Шу билан бирга, оиланинг ҳар бир аъзоси, айниқса, ота-она зиммасига унни тўғри парваришлаш ва овқатлантириш билан боғлиқ қатор масъулиятли вазифаларни юклайди.
Бундай вазифани уддалашга, айниқса, ёш оналар қийналадилар. Лекин чақалоқ парваришида ҳар бир жараён ўз вақтида, ҳар бир хатти-ҳаракат жуда эҳтиёткорлик билан бажарилиши лозим. Чунки гўдак нозик гулдай хилқат. Уни қанчалик эҳтиётласак, чиниқтирсак, шунчалик бақувват бўлиб ўсади. Ана шундан келиб чиқиб, ёш оналарга қуйидаги тавсия ва маслаҳатларни бериб ўтишни лозим топдик.
Бола ҳаётининг биринчи ойида ўзи учун бутунлай янги шароитга мослашади. Гўдак организмининг барча аъзо ва тизимлари ташқи муҳитга мослаша боради. Агар бола айнан мана шу даврда нотўғри парваришланса, нотўғри овқатлантирилса, турли касалликларга берилувчан бўлиб ўсади.
Она-бола туғруқхонадан келгунга қадар улар ётадиган хона яхшилаб йиғиштирилиб, озода ҳолгакелтириб қўйилиши зарур. Хона ёруғ, ҳавоси янгиланиб туриладиган, харорати 22-24° градус, намлиги 40-60 фоиз бўлиши керак. Хона полини ҳар куни нам латта билан артиб туриш мақсадга мувофиқ, супурги ишлатилмагани маъқул. Дераза ромлари эса ҳар ҳафтада ювилиб, ёз ойларида пашша кирмаслиги учун деразага тўр ёки дока тутиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Совуқ кунларда эса дераза фортучкаси кунига ҳар 2-4 соатда 10-15 минут очиб турилиши, хона шамоллатилаётган пайтда бола бошқа хонага олиб чиқилиши керак. Ёзда эса, деразани кун бўйи очиқ тургани яхши. .
Боланинг каравоти, шкафчаси ёруғ жойда турсин. Уни кийинтириш столи ҳам баланд ва кенгроқ бўлиши керак. Ёғоч каравотдан фойдаланган маъкул. Каравот печка, батарея, кондиционер олдига ёки шамол тегадиган жойга қўймаслик лозим. Каравотнинг тўшаги қаттиқ, теккис бўлиши зарур. Агар тўшак юмшоқ бўлса, боланинг умуртқа суяги қийшайиб қолиши мумкин. Янги туғилган боланинг бошига юпқа ёстиқ қўйилади.
Ҳар куни бола терисининг табиий бурмаларига (бўйин, чов ва тақим соҳалари) доғланган пахта ёки бодом мойи суртиб турилиши керак, бу бола терисидаги турли бичилишларнинг ривожланишига йўл қўймайди. Уйқудан сўнг боланинг кўзлари қайнатиб совутилган сувга теккизилган пахта билан алоҳида-алоҳида артилади.
Болага оддий пахтадан тайёрланган кийимлар кийдириш, керак бўлганда иссиқ рўмол ёки кўрпачага ўраб қўйилади. Иссиқ кунлари қўли, боши ва оёқларини очиқ қолдирилгани маъқул. Болани қаттиқ тортиб йўргаклаш тавсия қилинмайди, чунки қаттиқ йўргаклаш ўпканинг нафас олиш фаолиятини қийинлаштиради, тананинг айрим қисмларида қон айланиш жараёнини издан чиқариши билан бирга, иссиқлик алмашинувини ҳам бузади.
Чақалоқни кўкрак сути билан боқиш унинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан нормал ривожланишини таъминлайди, ич кетиши, турли юқумли ва аллергик касалликлар, камқонлик ва рахит сингари хасталиклар билан оғриш даражасини камайтиради. Она сути бу чақалоқ ҳаёти учун энг зарур бўлган озуқа ҳисобланади. Унинг таркиби бола қони таркиби билан деярли бир хил. Она сутининг бу хусусияти боладаги турли касаллик қўзғатувчиларни йўқ қилади, организмнинг ҳимоя кучларини оширади. Шу боис ҳам чақалоқни имкон қадар кўкрак сути билан озуқлантириш тавсия этилади.
Мени дадажоним ва онажонимдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Дадам ҳаётим қувончи эди, мен уларга ҳар доим ишонганман. Англаганим шу бўлганки, оталар дунёдаги ҳар қандай муаммони ҳал эта оладилар, ҳаётдаги энг оғир ғамни ҳам садо чиқармай кўтарадилар. Уйингда отанг бор экан, кўчада ёнингни оладиган, адашсанг йўл кўрсатадиган суянчинг борлигини ҳис этиб, эркин яшайсан.
Минг афсуски, дадажоним ёруғ дунёни эрта тарк этди.
…Мен улғайдим, дадажоним хоҳлаганидай муаллима бўлдим. Афсус, менинг бугунги бахтли кунларимда дадам ёнимда йўқ. Бешафқат тақдир уни орамиздан эрта олиб кетди. Тириклигида дадажонимнинг қадрига етмадим. Ҳозир дадам менинг ўқишим, бекаму кўст яшашим учун қанчалар жон куйдирганликларини, менга қанчалар меҳрибон бўлганликларини эсласам дилим эзилиб кетади. Улар билан бўлган охирги суҳбатимизни эслайман:
- Дадажон, дугонамнинг туғилган куни экан. Борсам майлими?
- Майли, қизим борақол. Фақат тез қайтгин.
- Дада унинг уйи олисда. Келолмай қолсамчи?
- У ҳолда бормагин, қизим.
- Дада!?
- Бормайсан, асал қизим, гап тамом.
Шу суҳбатдан кейин дадамдан анча вақт ҳафа бўлиб юрдим. "Дадам мени яхши кўрмайди" деган ҳаёлга ҳам бордим. Аслида дадам мени эҳтиётлаганини, асраб-авалаганини ўшанда тушунмаган эдим. Бир ҳафта дадамдан аразлаб юрганим учун ўзимни кечиролмайман. Қани энди дадажоним ҳаёт бўлса-ю, қошидан бир зум нари кетмай, суҳбатлашиб ўтирсам. Аслида дадажоним мени қанчалар яхши кўришини билсам-да, унга гина қина қилиб, бир ҳафта суҳбатидан бебаҳра қолганимни эсласам кўзларимга беихтиёр ёш қуйилади.
…Дадажон, бугун сизни жуда соғиндим. "Ўқишга кетар чоғим "Она қизим" дея бошимни силаб, пешонамдан ўпиб қўярдингиз." "Менинг қизим фаришта" дер эдингиз. Энди эса ҳар куни тушларимда менга бахт тилаб, дуолар қиласиз.
Дадажон, юрагимда ушалмас армон қолди. Сиз билан ҳаётингизнинг сўнгги кунларида тўйиб суҳбатлашолмадим. Яратганга илтижо қилиб, дуо қиламан: дунёдаги энг яхши ота бўлган дадажонимнинг жойларини жаннат боғларидан қилгин, охиротини обод этгин.
Одамларга айтар сўзим эса ота-она ғанимат, уларни борида қадрланг, кўнглини, дуосини олинг.
Дилдора опа ишга шошилиб келдию, мажлислар залига йиғилишга кириб кетди. Йиғилиш тугагунча унинг турмуш ўртоғи бир неча марта қўнғироқ қилиб, улана олмади.
Опа мажлисдан чиқди. Уни кутиб турган бир ҳамкасби хўжайини келиб, уни зудлик билан шаҳар марказий шифохонасига боришини айтиб кетганлигини етказди. Минг бир ўй, қўрқув билан Дилдора опа шифохонага етиб бориб қабулхонага кирди. У ерда турмуш ўртоғини кўриб баттар ваҳимага тушди.
Ўғли Аъзамжон мактабдан келаётиб автоҳалокатга учраганини, ҳайдовчи уни шифохонага олиб келганини эшитиб бутун вужуди титраб кетди. Шифокорлар ўғлининг аҳволи яхши, лекин оёғи синганилигини айтишди. Бу гапни эшитдию Дилдора опанинг ёдига кечаги воқеа келди.
Чунки кеча ўғли ўртоқлари билан урушиб, оқсаб, ҳамма ёғи шаллоба бўлиб кирганида "Урушмай, оёғинг сингур" дея дўстларини қарғаганини эслади.
Эҳтимол, бу воқеа бир тасоддифдир. Нима бўлганда ҳам ҳаёт ҳикматлари биз учун жумбоқ. Бундан хулоса қилайлик, ҳеч кимни, ҳеч қачон беўрин ва арзимаган сабаб туфайли қарғамаслик керак. Чунки қарғиш инсоннинг ўзига қайтиши мумкин.
Мен сен ҳақингда куйласам-да, янги очилган раъно гулидай оромли, ёқимли қўшиқ билан нафис кўнглингга йўл топа олишдан умидворман.
Кўнглинг уйига йўл топиш ҳам бир бахт. Сенинг мафтункорлигинг олдида мен шоир ҳам, хофиз ҳам бўлолмаслигимни англайман, аммо эҳтирослар вужудимни жунбушга келтиради. Яна сўз сеҳридан баҳраманд бўлиб, оҳанглар уммонига синггаман:
Наргиз боғ, сафсар боғ, о нақадар соз,
Номозшом гулларнинг тун фариштаси.
О, Раъно, о Раъно кўнглимга ҳамроз,
Гулмисан, ё юрак, ё ишқ риштаси?..
Баҳор, соф ҳаво, беғубор оламнинг нашидаси ажиб ифорли гуллари, ранг-баранглиги, бетакрорлиги билан кунни ҳам, тунни ҳам гўзаликка буркайди. Мен шундай оқшомда яна сенга бағишлаб қўшиқ куйладим. Қалбим изҳори бўлган шу қўшиқдан чиройли гулчамбар ясаб, сенга тақдим этаман. Ишонаманки, бу гулчамбар иккимизнинг ҳаётимизни янада гўзал қилади, ширин ифорларга тўлдиради.