+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

КЕЧИКИШ

(21-сон) ҚАТРА

Рашиднинг қишлоқдан узоқлашиб кетганига анча бўлган. Икки-уч ойда онаизорини кўришга келади. Шунда ҳам шу томонларга иши тушса. Она ҳам унинг феълини билади. Шунинг учун ноз-неъматлардан тақсимчага солиб тайёр қилиб қўяди. Келгандан кейин дастурхон тузайди. "Келиним, набираларимни олиб келсанг бўлмайдими?" дейди она бу гапи ўғлига таъсир қилмаса ҳам ўзгача соғинч билан.

Рашиднинг эса онаси билан гаплашиб ўтиришга вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ. "Кўрдим, яхши экансиз, шу ердан ўтиб кетаётувдим-да", дейди у. Лекин она ёлғизгина ўғлининг яна бирпасгина ўтиришини истайди.

Бетоблик безовта қилаётганини айтгиси келади. Аммо "болам йўлга чиқаётган пайт қўнглини нотинч қилмай", деган андишага боради.

Лекин ўша куни бу анъана ўзгарди. "Ишим бор эди" дея ўрнидан қўзғалаётган Рашидни она ўтиришга ундади.

- Болам, - деди шикаста овозда. - ҳар гал тезда келасан-у кетасан. Юз-кўзларингга, сўзларингга тўймай қоляпман. Болам, шу бугун ётиб кета қол. Ўзи кеч бўлиб қолди. Бир ухлаб турсанг, тонг отади. Бугун қола қол, болам...

Онанинг илтижосига ўғил бепарвогина "ҳали келаман", деди-ю, йўлга отланди. Она машина ортидан чироқлари игна кўзидек кичиклашиб, кўринмай қолгунча тикилиб қолди. Пичирлаб эсон-омонлик тилаб, дуо қилди.

Эртаси кун Рашид совуқ хабар олди: онаизори оламдан ўтибди...

Э воҳ, Рашиднинг кўзига дунё қоронғу кўринса-да, шу қоронғулик ичра сўқир кўзлари очилади. "Онажон, кетишингизни билганмидингиз? "Бир кун ётиб кет", дедингиз-а...Қолсам нима қилард-и-и..."

Эҳ, одамзот, одамзод-а, қачон фурсат ғаниматлигини англаб етаркан?! Қачонгача у  дунё ташвишлари билан андармон бўлар экан?! Қачон ўз бурчи нималардан иборат эканини тушунар экан? Қачон ота-онаси олдидаги қарзнинг юздан бирини уза олар экан?

Инсон ҳамиша кечикади. Армон қилади, афсус чекади. Кейин "ҳаёт ўзи шу-да", дея ўзини овутади, қалбига таскин беради.

Ота-онасидан арзимас фурсатларини қизғониб, улар вафот этгач, қабрига қимматбаҳо тош ўрнатиб, қозон-қозон ош тарқатиб, кўзида ёш ўйнатиб юрганлар ён-атрофимизда юришибди...

Уларнинг афсус-надоматлари бизга ибрат бўлсин.

 

Гулшан  ШЕРМАТОВА 

КИТОБСИЗ КЕЛАЖАК ЙЎҚ

(21-сон) Муносабат

Ахборот-коммуникация технологиялари ўта ривожланган бугунги кунда юртдошларимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишлари жуда суст эканлигидан кўз  юма олмаймиз.

Китоб ўқиб, ўзларининг билим ва тафаккурини юксалтириш зарур бўлган бир пайтда айрим ёшларимиз қимматли вақтларини интернет қаршисида ўтказаётганликларини асло оқлаб бўлмайди. Ёшлар тарбияси билан боғлиқ муҳим бу масалага кенг жамоатчилик, айниқса, ўқитувчилар жиддий эътибор қаратишлари лозим.

Аслида китобнинг ўрнини ҳеч қандай восита боса олмайди. Шу маънода таълим муассасаларида, оилаларда ёш-ларнинг китобга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида зарур ишларни олиб боришимиз муҳимдир. Кишига улкан маънавий озуқа бергувчи китоб бизни эзгу мақсадларга етказадиган, йўлимизни ёруғ қиладиган билимлар манбаи эканлигини асло унутмайлик.

Зеро, буюк аждодимиз таъкидлаганидек, "Китоб барча  бунёдкорлик, яратувчанлик, ақлу идрок, илму донишнинг асоси бўлиб ҳаётни ўргатувчи мураббийдир". Шундай экан, ёшларимиз ўртасида китоб тарғиботи билан боғлиқ ишлар самарадорлигини янада оширишимиз зарур.

Шавкатбек АҲМЕДОВ,

 

АДУ қошидаги 3-сон академик лицей ўқитувчиси.

ЁШЛАРИМИЗ ЁТ FОЯЛАР ТАЪСИРИГА ТУШИБ ҚОЛМАСИН

(21-сон) Муносабат

Тараққиёт шиддат билан ривожланаётган, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўлами ва имкониятлари тобора кенгайиб бораётган бугунги кунда айрим ғараз мақсадли кишилар томонидан турли диний-экстремистик, тажовузкорлик, умуман, инсониятни қабиҳликка бошловчи ёт ғояларни   тарқатиш, тарғиб этишга бўлган уринишлар бўлмоқда.

Мазкур жараёнлардан юртимиз ҳам четда қолаётгани йўқ. Натижада содда, етарли даражада билимга эга бўлмаган айрим ёшларимиз четдан кириб келган ана шундай бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмоқда. Шу ўринда юртимиз   мустақиллигига, келажагига раҳна солувчи бу каби ҳолатларга ҳеч биримиз бефарқ қарамаслигимиз лозим. Бу борада мамлакатимизнинг биринчи Президенти айтиб ўтганидек, миллий истиқлол ғояси тарғиботини янада кучайтиришимиз, ёт ғояларга қарши фақат миллий ғоямиз билан қарши туришимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун барчамиз бирдек курашишимиз лозимлигини ҳар бир юртдошимиз дилдан англаши керак.

Бунинг учун аввало, фуқароларимизнинг хушёрлигини оширишимиз,  айниқса, ёшларимизнинг бекор юрмаслиги, назоратсиз қолмаслик, уларни бирор фойдали фаолият билан шуғулланиши масалаларига доимий эътибор қаратишимиз муҳимдир. Хусусан, бу борада кенг жамоатчилик, яъни оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ижобий натижалар беради. Ёшларимизнинг оилада, маҳаллада, ўзлари ўқиётган мактаб, лицей ва коллеждаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, албатта юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олади. 

Айни кунда ёшларимизда интернетга бўлган қизиқиши ўта юқори. Ана шундан келиб чиқиб, уларда интернет тармоғидан, ундаги маълумотлардан ўринли ва ўз ўрнида фойдаланиш кўникмасини шакллантириш ҳам ўта долзарб вазифа ҳисобланади. Жумладан, фарзандларимиз онги ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи сайтлардан уларнинг фойдаланишига йўл қўймаслик борасида зарур чораларни кўришимиз лозим.

Сир эмаски, баъзи бир ёшлар четдаги турли диний оқимларнинг интернет орқали тарқатаётган ёлғон, пуч ваъдаларига ишониб,  уларнинг таъсирга тушиб қолмоқда. Бу каби ҳолатлар ҳар биримизни жиддий ташвишга солади. Шу боис ҳам кенг жамоатчилик ёт ғояларни тарқатаётган кимсаларнинг асл башараси қандай, ёвуз мақсадларининг асл моҳияти нимадан иборат эканлигини ёшларимизга тушунтиришимиз керак.

Таъкидлаш керакки, бу борада зарур ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган профилактика куни тадбирлари доирасида олиб борилаётган тарғибот ишлари катта самара бермоқда. Кенг жамоатчилик вакиллари томонидан  маҳаллалар, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежларда барча бирдек огоҳликка чақирилмоқда, жиноятчиликка, ёт ғояларга мойиллиги бўлган кимсаларга нисбатан зарур таъсир чоралари кўрилмоқда. 

Ҳар куни эрта тонгда уйғониб, беихтиёр юртимиздаги тинчлик, осойишта ҳаётга шукроналар айтамиз. Афсуски, орамизда ана шундай тинчликнинг, осойишталикнинг қадрига етмаётган кимсалар ҳам йўқ эмас. Ундай инсонлар бирор иш қилишдан аввал унинг оқибатларини яхшилаб ўйлаб кўришлари, салбий хатти-ҳаракатларидан ота ва онаси, яқинлари азият чекиши, ҳаёти издан чиқиши мумкинлигини унутмасликлари керак. Биз эса бу борада ҳушёрлик ва огоҳликни унутмаслигимиз, тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз лозим.

  Муроджон КАРИМОВ,

 

Асака туманидаги 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси.

КЕКСАЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

(21-сон) ТАДБИР

Андижон шаҳридаги кексалар ва ногиронлар "Саховат" интернат уйида ҳар бир байрам алоҳида тайёгарлик билан нишонланиши анъанага айланган.

Хурмат-эҳтиром, инсонпарварлик каби азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этган Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган тадбирларда кексаларни эъзозлаш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш  каби  фазилатлар янада яққол намоён бўлди. Байрам тадбирини кўтаринки кайфиятда ташкил этишга «Саховат» уйи маъмурияти, ишчи-ходимлари, ҳомийлар астойдил ҳаракат қилдилар.

Интернат уйида истиқомат қилувчи қарияларни қутлаш учун ташриф буюрган ҳарбий горнизон қошидаги "Ватан", Андижон санъат коллежи зарбли чолғулар  ансанбллари хонанда ва созандалари, Ўзбекистон Ушу Федерацияси Андижон бўлими спортчиларининг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Айниқса, "Эъзоз" ансанмбли томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага ҳуш кайфият улашди. Табриклар, куй ва қўшиқлар рақсларга уланган байрам тадбири иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

Мавлудахон ТИЛЛАБОЕВА

КИТОБЛАР БАЙРАМИ АҲОЛИ, АЙНИҚСА, ЁШЛАРИМИЗНИНГ КИТОБГА БЎЛГАН МУҲАББАТИНИ ЯНАДА ОШИРДИ

(21-сон) Қарор ва ижро

Вилоятимизда "Адабиётга эътибор - маънавиятга, келажакка эътибор" шиори остида  "Китоб байрами" тадбирлари  бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ижросини таъминлаш, қолаверса, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга ва китоб мутолаасига бўлган қизиқишини, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳокимлиги, Республика маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, З. М. Бобур номли вилоят ахборот кутубхона маркази ва бошқа  қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур байрам тадбирларида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, ҳарбий хизматчилар, китобхонлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

З. М. Бобур номли вилоят ахборот кутубхона марказида байрам очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакатимизда юртдошларимизнинг маънавиятини, дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихимиз, миллий қадриятларимизни улуғлаш, аҳолининг китобхонлик даражасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги  таъкидланди.

Андижон вилояти "Китобсавдо" масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги савдо ташкилотлари ҳамда "Шарқ зиёкори" масъулияти чекланган жамияти вилоят филиали томонидан З. М. Бобур номли вилоят ахборот кутубхонаси олдида китоб-лар кўргазмалари ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб, 622 мингдан зиёд босма ва электрон кўринишдаги китоб фондига эга З. М. Бобур номли вилоят ахборот кутубхона маркази фаолияти, жамоанинг китоб тарғиботи бўйича таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллалар билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари билан танишдилар, "Ахборот кутубхона маркази 110 ёшда" деб номланган видеоролик намойиш этилди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларнинг китобхонлар билан учрашуви, шунингдек, андижонлик ижодкорларнинг нашр этилган янги китоблари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ижод фонди томонидан "Менинг биринчи китобим" лойиҳаси асосида чоп этилган "Умид ғунчалари" номли китобнинг тақдимоти ўтказилди.

- Китобни ўзига дўст тутган инсон ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди, - дейди тадбир иштирокчиси Андижон машинасозлик институти ўқитувчиси Абдурашид Юсупов. - Қолаверса, мунтазам китоб ўқийдиган инсон билимли, одоб-аҳлоқли, юксак маънавиятли шахс сифатида жамиятда нафақат, ўз ўрнини топа олади, балки унинг  фаол аъзосига айланади.

Китоб байрами тадбирлари доирасида вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида "Китоб менинг дўстим" акцияси, "Энг фаол китобхон", "Энг яхши китобхон оила" танловлари, шунингдек, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида "Жаҳон адабиётининг энг сара асарларини таржима ва аслият ҳолида мутолаа қилган иқтидорли талаба", академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида "Шарқ мумтоз адабиётининг ёрқин намоёндалари асарлари мутолааси" ғазалхонлик танлови, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Замонавий ўзбек адабиётининг энг илғор вакиллари, жумладан, андижонлик адибларнинг асарлари мутолааси" кўрик-танлови ўтказилади.

- Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, фуқароларнинг адабиётга бўлган эътиборини, аҳоли ўртасида маънавий озуқа манбаи бўлган китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишни, мутолаа маданиятини оширишдан иборат, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова. - Шу билан бирга, фуқароларимизнинг китобхонлик даражасини янада юксалтириш кўзда тутилган.

Катта тантана билан ўтаётган китоб ва адабиёт байрами  аҳоли ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ва кенг    тарғиб қилишга, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг китобга, адабиётга бўлган муҳаббатини оширишга хизмат қилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ МУҲОФАЗАДА

(21-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Андижон шаҳар, Шимолий кичик даҳада истиқомат қилувчи Х. Абдуллаева Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг "Ишонч телефони"га қўнғироқ қилиб, Андижон шаҳрининг Амир Темур кўчасида жойлашган савдо дўконидан 1 млн. 800 минг сўмга "Бирюса" русумли музлатгич сотиб олгани, ҳеч қанча вақт ўтмай музлатгич ишламай қолгани, савдо дўконига бориб мурожаат қилганида сотувчи турли баҳоналар билан музлатгични алмаштириб бериш ҳақидаги талабини қондирмаётгани ҳақида мурожаат қилди. Ушбу мурожаат мутахассисларимиз томонидан ўрганиб чиқилиб, истеъмолчининг қонуний талаби ҳал этилди.

Шунингдек, Андижон шаҳрида яшовчи Ж. Марзакаримов жамиятимизга ариза билан мурожаат қилиб, Андижон шаҳридаги шаҳарлараро саёҳатлар ташкил этиш фаолияти билан шуғулланувчи фирмага  саёҳатга бориб келиш учун ўз пластик картасидан 1 миллион 300 минг сўм маблағ тўлагани, бироқ, жамият томонидан саёҳат белгиланган муддатдан қолдирилгани, лекин пулини қайтариб ололмаётганини маълум қилиб, муаммони ҳал этишда амалий ёрдам беришимизни сўраган. Мутахассисларимиз мурожаатни атрофлича ўрганиб чиқиб, аризачининг талабини қондирдилар ва кўрсатилмаган хизмат учун олинган маблағ аризачининг  пластик картасига қайтариб тушириб берилди.

Юқоридаги сингари ҳолатлар  фаолиятимиз давомида кўп учрайди. Ўтган давр мобайнида жамиятимизга турли соҳалар бўйича 49 нафар истеъмолчилар ариза ва шикоятлар билан мурожаат килди ва уларнинг барчаси ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 10 433 600 сўм маблағ қайтарилди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабат билан жойларда ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатларида фуқароларга "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтириб, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билимларин бойитиш, истеъмол маданиятини юксалтириш борасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ўтказилаётган тадбирлар фуқароларнинг истеъмол маданиятини юксалишига ёрдам бермоқда.

Хизмат кўрсатувчи ёки маҳсулот сотувчилар шуни унутмасликлари лозимки, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофазаланган. Уларнинг манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар содир этилганида қонуний чоралар кўрилиши муқаррарлигини унутмаслик даркор.

 

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

Андижон шаҳар Истеъмочиларнинг ҳуқуқларини

 

ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси.

ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗНИНГ ВЕЛОСПОРТГА БЎЛГАН ҚИЗИҚИШЛАРИНИ ОШИРДИ

 (21-сон) ВЕЛОТУР МУСОБАҚАСИ

Андижон-Асака       автомагистраль йўлида "Соғлом аёл - соғлом авлод" шиори остида хотин-қизлар ўртасида велотур мусобақаси ўтказилди.

Халқаро оила кунига бағишланиб, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, жисмоний тарбия ва спорт бош-қармаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган велотурда мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг спорт билан  шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш борасида кенг келамли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 - Бугун вилоятимизда хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 мингдан зиёд спорт иншоотлари ишлаб турибди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Муҳими, спорт билан шуғулланаман деган опа-сингилларимизга зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Бир минг нафардан зиёд аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида айни кунда вилоятда 25 минг нафардан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Оилаларда, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, велоспорт турига бўлган қизиқишини ошириш, ушбу спорт тури билан шуғулланаётган қиз-аёлларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мусобақада 500 нафардан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар, ўқув даргоҳларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар, уй бекалари ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Велотурда спортчи ва ҳаваскор велоспортчилар гуруҳи, шунингдек, 18 дан 30 ёшгача, 31 дан 45 ёшгача ҳамда 45 ёшдан юқори гуруҳлар доирасида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Қизиқарли ўтган баҳслар якунига кўра, Ҳаётхон Абдуманнопова, Шаҳноза Жалилова,     Н. Алимова, Гулчеҳра Жумабоева ўз ёш гуруҳларида биринчи ўринга сазовор бўлди.

- Ҳақиқий спорт байрамига айланган велотур хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди, - дейди мусобақа ғолибларидан бири Гулчеҳра Жумабоева. - Асосийси, саломатлигимиз учун муҳим бўлган спортнинг ушбу турига бўлган қизиқишимиз янада ортди.

Мусобақанинг ғолиб ва сов-риндорлари, шунингдек, "Энг ёши улуғ пойгачи", "Энг маҳоратли пойгачи", "Энг ёш пойгачи", "Энг фаол аёл пойгачи", "Fалабага бўлган интилиши учун" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, мусобақа ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Марҳабо АКБАРалиеВА,

жамоатчи мухбир.

���������������������������������������:yes'>  

ИНСТИТУТДА ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

(21-сон) тадбир

Андижон машинасозлик институтида "Нурли келажак сари" шиори остида "Очиқ эшиклар куни" тадбири ўтказилди.

Тадбирга вилоятимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўз устозлари билан ташриф буюрдилар. Ташкил этилган кўргазмалар, бевосита мулоқотлар орқали институтдаги мавжуд мутахассисликлар, шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Тадбир доирасида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги «2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарори  ва мазкур қарор асосида институтда амалга оширилётган ишлар юзасидан конференция ташкил этилди. Унда сўз олган институтнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректор А. Эрматов ва бошқалар томонидан қарорнинг мазмун-моҳияти, бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида кенг маълумотлар берилди. 

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.

 

Сиёвуш РЎЗИЕВ,

Андижон машинасозлик институти қошидаги Бўстон академик лицейи ўқувчиси.

 

 

АСАКАДА 21 НАФАР БОЛАНИНГ СУННАТ ТЎЙИ БЎЛИБ ЎТДИ

(21-сон) Саховат тадбири

Асака тумани марказидаги "Тантана" тўйхонасида Асака, Шаҳрихон, Балиқчи ва Олтинкўл туманларида яшовчи 21 нафар болажоннинг суннат тўйи бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари  йилида Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

 Йил дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларига ҳамоҳанг бўлган хайрли ишлар кўламини кенгайтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, туман ҳокимликлари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган суннат тўйи тадбирида тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тўй тантаналарида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этиб, тўй болаларни, уларнинг ота-она ва яқинларини муборакбод этди. Болажонларимизга келажакда юртимизга муносиб фарзанд бўлиб камол топишларини тилади.

Вилоятимизнинг турли қишлоқ ва маҳаллаларида истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаётларига ўзгача файз ва мазмун киритишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган тўй тадбири нафақат, болажонларнинг, балки уларнинг ота-оналари, яқинларига ҳам қувонч бағишлади.

Тўйхонада тўй болалар карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримиз асосида кутиб олинди. Тантана давомида уларнинг шаънига айтилган қутлов ва табриклар, куй ва кўшиқлар барчага ҳуш кайфият улашди.

- Юртбошимизнинг ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу хайрли тадбир бизни беҳад қувонтирди, - дейди Асака туманидаги Янгиобод маҳалласида яшовчи Майрамхон Охунова. - Фарзандим Маҳмуджоннинг суннат тўйини ўтказдик. Юртбошимизнинг фарзандларимизга кўрсатаётган эътибор ва ғам-хўрлигидан бошимиз кўкка етди. Президентимизга, вилоятимиз, туманимиз раҳбарларига, тадбир ташкилотчиларига барча оналар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Тўй болаларга вилоят ҳокимлиги, ҳомий ташкилотларнинг совғалари, Халқ банки туман бўлимлари томонидан ҳисобига 1 миллион сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари топширилди.

Миллий анъаналаримиз қадрланган, эзгуликка йўғрилган мазкур хайрия тадбири юрт-дошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларини мус-таҳкамлашга хизмат қилди.

Иродахон МАХАТОВА,

 

 вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси.

ОИЛАЛАРДА ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - МУҲИМ МАСАЛА

(21-сон) Анжуман

Халқаро оила куни муносабати билан Андижон давлат тиббиёт институтида "Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришнинг муҳим вазифалари" мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали, халқ таълими бошқармаси, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда туман, шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман, шаҳар бўлимлари мудирларининг маънавият ва маърифат масалалари бўйича ўринбосарлари, туман, шаҳар бош маслаҳатчилари, отинойилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оилаларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ва ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

- Айни кунда вилоятимизда 768 мингдан зиёд оилалар истиқомат қилади, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Уларнинг 21 фоизини ёш оилалар ташкил этади. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам оилаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан зарур вазифаларни белгилаб олишга қаратилган.

Анжуманда "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда фуқаролар йиғинлари ва ҳамкор ташкилотларнинг ўрни", "Бола тарбиясида таълим муассасаси ва оиланинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш", "Оила ва никоҳ муносабатлари" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ва мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Якунда мавзу доирасидаги ишларни янада юқори даражага кўтариш, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш, бу борадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштириш бўйича амалга оширилиши муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ