+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

08 Март 2023

Нохуш ҳолатларга бефарқ қарай олмайман

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

ФИКР

Улуғ аллома Абдулла Авлоний: "Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир" дея таъкидлаганидек, тарбия масаласи, хусусан, фарзанд тарбияси ҳар бир оилада, ҳар қандай жамиятдаги энг долзарб ва нозик  масалалардан бири ҳисобланади.

  Минг афсуски, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этилаётган турли беҳаё видеолар, "оммавий маданият" кўринишлари, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган, халқимиз менталитетига, миллий тарбиямизга мос келмайдиган сериаллар  замонавий тилда айтганда, "тренд"га айланиб, ёшларимизнинг тарбиясига, тафаккурига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу вояга етмаган, балоғат ёшидаги ёшларнинг, қолаверса, бутун жамиятнинг онгини заҳарламоқда. Бундай лавҳаларни кўриб улғаяётган бола тарбияси ноқис бўлиши табийдир. Ҳатто, ана шундай видеоларни намойиш этиш,  тарғиб қилиш орқали пул топаётган, бу ишни ўзига касб қилиб олганлар ва бу ишлари билан фахрланиб юрганларнинг борлиги ўта аянчлидир.

Ахлоқсизлик, одобсизликни тарғиб этувчи видеоларни кўрган ҳар қандай кишида, уларни тарқатаётган кишиларга нисбатан "Бу кимсаларнинг оиласи, фарзандлари, ота-онаси борми?" деган савол туғилиши табиий. Улар бу ишлари билан ёшлар онгини бузаётганлигини, жамиятни таназзулга етаклаётганлигини билишармикан!?

Агар эътибор қаратсак, юртимизда қайд этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг аксарияти айнан низоли оилаларда ўсган ёки ота-онасидан айрилган кишилар томонидан содир этилмоқда. Бугунги кунга келиб, яна бир долзарб масала юзага чиқиб қолди. Айрим ота-оналар фарзандларини яқинларига, қариндошларига ташлаб хорижга ишлаш учун кетмоқда. Кекса бобо ва бувиси, унинг тарбияси билан мунтазам шуғуллана олмайдиган қариндоши қўлида қолган фарзандлар тарбияси ҳам тобора бузилиб бораётганлигидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Назорат қилинмаган, эътиборсиз қолган болалар кўнгли тусаган ишга қўл урмоқда. Уларни назорат қилмоқчи бўлаётган бувилар ва набира ўртасида кўнгилсизликлар юзага келмоқда. Бунга мисол қилиб     Самарқандда юз берган воқеани  келтиришимиз мумкин. Насиҳатларни хушламаган набира бувисига ваҳшийларча тан жароҳати етказган ва оқибатда буви вафот этган. Афсуски, бундай кўнгилсиз хабарлар кўпайиб бормоқда. Бунинг олдини олиш учун эса ота-оналар фарзандларини қатъий назорат қилишлари керак, деб ўйлайман.

Умр деб аталмиш бебаҳо неъмат, инсонга бир маротаба берилади. Мана шу умр, гўзал ёшлик қамоқда ўтиши жудаям ачинарли. Энг даҳшатлиси илм олиб, касб, ҳунарнинг  бошини тутадиган ёш йигит ўз бувисининг умрига зомин бўлди.

Мана сизга, ота-онанинг мол-дунё, пул топиш илинжида фарзандини ташлаб хорижга кетишининг оқибати. Барча шароитлар яратиб берилганига қарамай, тўқликка шўхлик қилиб ота-онасининг номига доғ тушираётган фарзандлар волидаю муҳтарамалари, падари бузрукворларини қандай рози қилар эканлар-а?

Бугунги кунни ўйлаб, эртани унутмаслик лозим. Зеро, оилада катталарнинг ўзи тарбияга муҳтожлиги ёшларга салбий таъсир этишини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди. Халқимизда "Бола азиз, одоби ундан азиз" деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Энг аввало, ота-оналар, қолаверса, улғаяётган боланинг қўни-қўшниси, яқинлари унинг тарбиясига етарли эътибор берса, албатта ҳаммаси яхшиликка бўлади. Мен бу гапларим билан кимгадир насиҳат қилмоқчи ёки кимнидир айблашдан йироқман. Фақат ёш ижодкор сифатида жамиятимиздаги фарзанд тарбияси билан боғлиқ нохуш ҳолатларга бефарқ қарай олмаганимдан ўз фикрларимни баён этдим.

Ота-оналар, тенгдошларим фикрларимга қандай қарар экан?

Розия ТЎЙЧИБОЕВА,

жамоатчи мухбир.

Прочитано 842 раз