+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Авг 2023

ТАНГАНИНГ ЎНГ ВА СЎЛ ТОМОНИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Талаба мулоҳазаси

Бугунги кунни ривожланган техника ва технологияларсиз тасаввур этиш қийин, албатта. Ҳаётимизда бирор соҳа йўқки, унда техника ва технологиялар қатнашмаган бўлса. Илм-фан, саноат ёки қишлоқ хўжалиги деймизми, қурилиш-у, озиқ-овқат жабҳаси - барчаси техника ва технологияларсиз бугунги кун даражасида ривожлана олмас эди.

Айниқса, технологик кашфиётлар жараёнлари ва инсонларнинг уларга, хусусан гажетларга қандай ўрганиб қолгани ёки ҳаттоки, тобе бўлиб қолганлиги бунга яққол мисолдир. Хоҳлаймизми, йўқми ҳаётимизда техника, технология ҳамда гажетлар муҳим аҳамияти эга. Шу ўринда мени қатор саволлар ўйлантиради. Техника ва технологиялар бўлмаганда, ҳаётимиз қай тарзда кечган бўларди? Умуман, техника ва технологияларнинг қандай фойда ва зарарли жиҳатлари бор? Уларсиз яшаш осон бўлармиди ёки қийин?

Бу саволга албатта, катта эҳтимол билан кўпчилик "Ҳаёт қийин кечарди" дейиши мумкин. Лекин барибир, техникалар бу даражада ривожланмаганида турли зарару, балолардан холи бўлардик, эҳтимол?! Келинг, яхшиси, тараққиёт маҳсулларининг фойдаси, зарар ва ташвишларини бир тарозига солиб кўрайлик. Бунда айрим соҳаларга эътибор қаратайлик.

Аввало, иқтисод деганларидек, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда технологияларнинг ўрнини олиб кўрайлик. Дарвоқе, озиқ-овқат саноатида хом ашёни тайёрлаш, ундан егуликлар ишлаб чиқариш, етказиб беришдаги жараёнлар техника ва технологияларсиз бугунги кун даражасида ривожланмаган бўлар эди, албатта. Бусиз инсониятни нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари, балки    бошқа истеъмол эҳтиёжларига бўлган талабини қондира олмасди. Балки, техника ва технологиялар у қадар ривожланмаганда, эҳтимол дунё аҳолиси сони ҳам бугунгичалик ўсмаган, бу деярли эҳтиёжларни қондиришда муаммолар пайдо қилмаган бўлиши мумкин эди.

Лекин бугунги аҳоли жуда кўпайган пайтда уларнинг озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришда, озиқ-овқат танқислигининг олдини олишда техника ва технологиялар шубҳасиз, муҳим роль ўйнайди.

Яна бир эътиборга молик соҳа - тиббиётни олиб кўрайлик. Технологияларсиз замонавий тиббиёт ривожлана олармиди? Йўқ, албатта. Аҳоли сони жуда кўпайган, хасталиклар ҳам ортган айни пайтда шифо масканларини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, дори саноатини ривожлантириш, қийин жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, лабораторияларда мураккаб синов ва таҳлилларни амалга ошириш каби кўплаб жараёнларни бажаришга техника ва технологияларсиз қандай эришиш мумкин эди?! Буни тасаввур ҳам қилиш мумкин эмас.

Кейингиси нима? Албатта, суҳбатлашиш, ахборот олиш ва тарқатиш тезлиги. Ҳозирги кунда барчанинг қўлида турли-туман гажетлар, мессенжерлар бор. Улар бир инсон бошқасига юборган хабарни бир неча сониялар орасида етказиб бериши мумкин. Бугун одамлар дунёнинг икки бурчагида туриб, бир-бири билан ахборот алмашиши,  суҳбатлашиши, бир-бирини кўриб туриши оддий ҳол. Одамлар телефон, ноутбук ёки телевизор орқали дунёда содир бўлаётган жараёнларни ўша куннинг ўзидаёқ билиб олишлари мумкин. Хушхабару ташвишли маълумотлар, умуман, ахборот тарқалишидаги тезкорликни айтмаса ҳам бўлади. Бу албатта, техника ва технологиянинг оламшумул ижобий жиҳатлари самарасидир. Шу ўринда улар келтираётган зарарлар, ташвишлардан ҳам кўз юмиб кета олмаймиз.

Биринчидан, улар бўлмаса фирибгарликлар камроқ бўлармиди. Ҳозирги кунда, технологиялар, онлайн бизнес ва интернет ривожлангани сари онлайн ишлайдиган фирибгарлар ёки ҳакерлар сафи ортиб бормоқда. Онлайн амалиётлар ва интернет ривожлангани сари  шахсини сир тутган ҳолда фирибгарлик, одамларни алдаш орқали пул ишлаш, буни ўзига касб қилиб олаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда.

Инсонлар орасидаги ришталар ва мулоқотлар масаласи бу борадаги энг муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Гажет ва мессенжерлар тез ахборот алмашишга ёрдам берса-да, улар инсонларни бир-бирларидан узоқлаштириши ҳам мумкин. Одамлар яқин қариндошлари билан онлайн гаплашишлари мумкин, аммо ойлаб, баъзида йиллаб бир-бири билан кўришишмайди. Аммо нима бўлса ҳам меҳр кўзда дейишади. Кўришиб, бир  дастурхон атрофида, чой ичиб гаплашишга нима етсин. Таъкидлаш жоизки, техника, технологиялар одамлар учун қанчалар қулайликлар яратса-да, улар маънавий  жиҳатдан кишиларни бир-биридан узоқлаштиради, миллий, тарихий қадриятлар бардавомлигига соя солади. Бу яхши эмас. Шунингдек, узоғимизни яқин қилаётган уяли телефоннинг зарур эканлиги билан бирга, баъзида бало бўлаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мобил телефон, интернет орқали тарқалаётган ёлғон ахборотлар, маълумотлар... Кишиларнинг бир-бирини ҳақоратлаши, беҳаёликлар ортидан оилаларнинг бузилиб кетиши ва шу каби катта-катта муаммолар юзага келмоқда.

Мухтасар айтганда, техника ва технологиялар жадал ривожланмоқда, уларсиз ҳаётни тасаввур қилиш мушкул. Биз уларга жуда ҳам ўрганиб қолдик, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Катта эҳтимол билан келажакда бу жараён янада юксалади. Бу борада бизнинг асосий вазифамиз улардан унумли ва тўғри фойдаланишни ўрганишимиз, айниқса, уларнинг соғлигимизга, маънавиятимизга келтираётган зарарлари кўламини камайтиришдир. Агар ана шу масалага жиддий эътибор қаратмас эканмиз, вақтлар ўтиб, тузатиб бўлмас муаммолар гирдобига тушиб қолишимиз мумкин.

 

Бахтигул АБДУЛАТИПОВА,

Webster университети Тошкент филиали талабаси.

Прочитано 519 раз