+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

26 Сен 2025

ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, кейинги йилларида Президентимиз ташаббуси билан мазкур соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли тиббиёт соҳаси тобора юксалмоқда.

 

Халқимизда "Саломатлик - туман бойлик", деган пурмаъно ибора бор. Ҳақиқатдан ҳам саломатликдек бебаҳо неъматнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Элимизнинг соғлом ҳаёт кечириши эса мамлакатимиз равнақи учун бағоят зарурдир. Шу маънода ҳақиқатдан ҳам кейинги йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мамлакатимиз   сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Тизимдаги ана шу ўзгаришларни, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси фаолияти, туманда олиб борилаётган ибратли ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Айни кунда Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфида 436 ўринли 1 та марказий шифохона, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, унинг ҳудудлардаги 4 та бўлими, 6 та оилавий поликлиника, 13 та оилавий шифокорлик пункти ҳамда 36 та маҳалла тиббиёт пунктлари томонидан 61 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 260 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Марказий шифохонанинг 436 ўринли 11 та бўлимида туманимиздаги стационар даволанишга муҳтож беморларга хизмат кўрсатилади. 

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, шунингдек, тиббий муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Айниқса,  бўлимларимизни замонавий, илғор тиббий жиҳозлар билан таъминлаш орқали касалликларнинг олдини олиш ва даволаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, туманда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, беморларга қулайликлар яратиш мақсадида жарроҳлик бўлимимиз замонавий лапароскоп аппарати билан таъминланганлиги натижасида аввал имкони бўлмаган жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имкони яратилди. Натижада жарроҳлик бўлимида бугунги кунда 9 турдаги юқори технологик кам инвазив жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, йил якунига қадар юқори технологик жарроҳлик амалиётлар турини 9 тадан 14 тага чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

"Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида эълон қилинган танловларда қатор лойиҳаларимиз билан иштирок этдик. Ходимларимизнинг фаоллиги, туман аҳолисининг қўллаб-қувватлаши билан 2024 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида танловларда бирлашмамизнинг 8 та лойиҳаси ғолиб, деб топилди.

"Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида ажратилган жами 12,2  миллиард сўм миқдоридаги маблағдан самарали фойдаланилди. қўшимча бинолар қурилди, моддий-техник базамиз янада мустаҳкамланди, ходимларимиз, аҳоли учун қўшимча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилди. Масалан, марказий шифохона худудидаги бўш турган ер майдонида умумий қиймати 2 миллиард 720 миллион сўмлик янги бино барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада лаборатория, стерелизация, ички дорихона бўлимларимиз фаолияти тубдан яхшиланди.

"Ташаббусли бюджет" маблағлари ҳисобидан бирлашмамизга кейинги йилларда умумий қиймати 2 миллиард 89 миллион сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар келтирилди. Хусусан, диагностик-даволаш ишлари сифатини ошириш мақсадида қарийб 180 миллион сўмга фиброэндоскопия аппарати олиб келинди. Мазкур тиббий жиҳоз ҳазм трактининг нафақат меъда қисми, балки 12 бармоқли ичак соҳасини ҳам диагностик текшириш ва даволаш амалиётлари ўтказиш имконини беради.

Шунингдек, УТТ аппарати кўригидан ўтадиган барча беморлар аввал бирлашмамизнинг қабулхона бўлимидаги стационар УТТ аппарати ёрдамида кўрикдан ўтказиларди. Туғруқ бўлимимизнинг ўзида ҳомиладор аёлларни текширувдан ўтказиш имконияти йўқ эди. Бу ҳомиладор аёллар, уларнинг яқинларининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқараётган эди. "Ташаббусли бюджет" маблағлари ҳисобидан 320 миллион сўмга кўп функцияли замонавий УТТ аппарати олиб келиниб, ишга туширилди. Эндиликда туғруқ мажмуида даволанаётган ҳомиладор аёллар, қолаверса, даволанаётган бошқа аёллар ҳам ушбу аппарат ёрдамида тегишли текширувлардан ўтишмоқда, Бу тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш имконини берди.

Соҳани рақамлаштириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жорий - 2025 йилда тиббиёт бирлашмамиз томонидан 960 миллион сўм маблағ эвазига 145 дона моноблок, 14 та монитор ва 14 та чек аппарати харид қилинди. Бу билан ходимларимизнинг иши енгиллашди, турли журналларни тўлдириш учун ортиқча вақт сарфланишининг олди олинди.

Шунингдек, Туғруқ мажмуига "Ўзбекистон ишонч - 2030" лойиҳаси доирасида чала туғилган чақалоқлар учун 2 та "Кювез", 3 та кардиотокография, 1 та сунъий нафас бериш аппарати, 2 та кардиомонитор, умуман, 12 турдаги, жами 21 та аппарат олиб келинди. Ушбу замонавий тиббий жиҳозлар туманда гўдаклар ўлимининг камайишига, оналар ўлими ҳолатларининг содир бўлмаслигига, қолаверса, туғиш ёшидаги хотин-қизларга ва янги туғилган чақалоқларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим роль уйнайди.

"Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар" дастури доирасида тиббий хизмат сифатини ошириш, беморлар, уларнинг яқинлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида муассасаларимизга умумий қиймати 30 миллион сўм бўлган 500 дона замонавий электр ёриткичлар ўрнатилди, муассасалар биноларининг 4 минг 238 квадрат-метр қисми таъмирланди, 21 та рўйхатга олиш хоналари мослаштирилиб, рўйхатхоналар ташкил этилди.

Муассасалардаги жами 747 та хизмат хоналарига йўналтирувчи белгилар ўрнатилди. Стационар бўлимларда беморлар тиббиёт ходимларини чақиришлари, шошилинч ҳолатларда фойдаланиш учун 74 дона "Чақирув тугмалари" ўрнатилиб, ишга туширилди.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларимизда 26 та "Она ва бола" хоналари ташкил этилди. "Тоза қўллар" дастури доирасида бирлашмамизга 90 миллион сўмлик 4  турдаги санитар-гигиеник воситалар олиб келинди ва тизимдаги барча муассасаларга тегишли тақсимот асосида тарқатилди.

Бирлашмамизда турли тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган  шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини  йўлга қўйиш мақсадида "Бирламчи тиббий хизмат" хоналари ташкил этилди. Мазкур хоналар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ҳотин-қизлар ҳамда уларнинг фарзандларига вақтинча тиббий-ижтимоий ва психиологик ёрдамлар кўрсатилади. Бу борадаги ишларни самарали ташкил этишда ҳамкор ташкилотлар, туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

Хотин-қизлар, она-бола саломатлигини сақлаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги "Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 402- қарори ижросини таъминлаш мақсадида кўп тармоқли марказий поликлиникадаги "Аёллар маслаҳатхонаси" таркибида "Онконазорат хонаси" ташкил этилиб, ушбу хоналар электрон колбьпоскоп аппарати билан таъминланди.

Хотин-қизлар саломатлигини сақлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўлиқ рақамлаштирилган. Хасталикларини барвақт аниқлаш, беморларни эрта муддатларда   соғломлаштирилишга жалб этиш бўйича ҳам зарур ишлар йўлга қўйилган. Жорий йилнинг бугунги кунига қадар жами 9 минг 685 нафар аёл тиббий скрининг текширувларидан ўтказилди. Текширувлар давомида 56 нафар аёлда   хавфли саратон касаллиги мавжудлиги аниқланиб, улар даволашга жалб этилди.

2025 йил давомида 64 минг 609 нафар туғиш ёшидаги аёллар профилактик тиббий кўриклар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда тор соҳа мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилди. Жорий йилнинг 8 ойида  64 минг 609  нафар фертил ёшидаги аёллардан 46 минг 866 нафари ёки 77 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилди.

Жорий йилнинг 6 ойида 934 нафар никоҳланувчи кўп тармоқли марказий поликлиникамизнинг "Оила ва никоҳ хонаси"да тиббий кўрикдан ўтказилди. Бундай тиббий кўриклар соғлом оилани шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, шифокорларимиз томонидан никоҳланувчи шахслар ўртасида яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, ирсий ва туғма касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзига амал қилиш бўйича тушунтиришлар ҳам олиб борилмоқда.

Туманда  жорий йилнинг 8 ойида 3 минг 269 та  туғруқ қайд қилиниб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 266  тага камайган.

Умуман, туманда аҳоли саломатлигини сақлаш борасида олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар натижасида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати юксалмоқда, кўплаб хасталикларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш яхшиланмоқда. Бундан буён ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Чунки халқимиз саломатлигини сақлаш, фуқароларимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш фаолиятимизнинг бош мақсадидир.

Аҳрорбек АБДУЖАББОРОВ,

Избоскан тумани тиббиёт бирлашмасининг бошлиғи.

 

Прочитано 23 раз