+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

14 Фев 2023

БОБУР СИЙМОСИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

ёки ҳукумдор Бобур акс эттирилган суратлар унинг асл кўринишига мос бўлганми?

 

Шоҳ ва шоир, тилшунос, саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда бобурийлар сулоласининг жаҳон илм-фани, Осиё мамлакатлари, айниқса, Осиёдаги энг йирик давлат Ҳиндистон ривожидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам улуғ бобомиз яшаб ўтган даврдан ҳозирги кунга қадар дунёнинг жуда кўп мамлакатларида олимлар, ижодкорлар томонидан Бобур ҳаёти, фаолияти ва илмий-ижодий меросини ўрганишга катта қизиқиш билан қараб келинади. Жумладан, француз тарихчилари, ижодкорлари томонидан Бобур ва бобурийлар сулоласи ижоди, ҳаёти, илмий мероси ҳақида кўплаб асарлар, китоблар яратилган. Бу борада самарали ижод қилган француз олимларидан бири Жан Поль Рудир.

 

 Жан Поль Ру 1925 йилда Париж шаҳрида туғилиб, 2009 йилда 84 ёшида вафот этган. У осиё тирик тиллари миллий институти ва Лувр институтида таҳсил олган. Лувр иститути профессори илмий даражасини олган ва институтда ислом санъатидан дарс берган. У  Шарқ, Осиё ва дин тарихига бағишланган кўплаб илмий асарлар ёзган. Европада турк ва мўғил ҳалқлари тарихи, мифологиясининг билимдони сифатида машҳурдир.

 

Олим ислом дунёси санъатига алоҳида меҳр ва қизиқиш билан қараган.  У турли йилларда Париждаги Катта Сарой ва Оранжерийда иккита “Ислом дунёси санъати” кўргазмаларини, 2003 йили эса Лувр музейида Ислом санъати бўлимини ташкил этган. Шунингдек, у “Буюк мўғиллар тарихи. Бобур” (1986), “Темурланг” (1991),  “Ўрта Осиё, унинг тарихи ва цивилизацияси” (1997) асарларининг муаллифидир.

 

Мен аввал Андижон давлат университетида, ҳозирда эса Андижон давлат чет тиллар институтида талаба ёшларга француз тилидан сабоқ бериш билан бирга, Бобур ҳақида француз тилида ёзилган асарларни ўзбек тилига таржима қилишга ҳаракат қилиб келаман.

 

 Қуйида 1986 йилда Париждаги “Артём Файар” босмахонасида чоп этилган “Буюк мўғуллар тарихи. Бобур” деб номланган китобнинг қириш қисмидан қилинган таржимани ўқувчилар эътиборига ҳавола этмоқчиман.

 

ЧИЗГИЛАР

 

Бирор кишининг узоқ вақт кузатувни талаб қиладиган ички дунёсига кириб боришдан олдин, унинг умумий кўринишига, қалбида нима борлигини ифодалаб турувчи юз тузилишига эътибор берилади. Қайсидир инсон бир қарашда одамни ўзига тортади ёки ўзидан узоқлаштиради: унинг қандайдир ўзига хос сифатларга эга, эга эмаслигини тасаввур қилади. Мен бу ерда аввало, Бобур суратини биринчи кўришда тасаввуримда юзага келган фикрлар билан бошлашни хоҳлар эдим.

 

Мен бироз четда қолиб кетган, назарга тушмай қолган айрим кичик тафсилотларни баъзи бир тарихий, психологик тафсилотлар билан тушунтирмоқчиман. Бир жангнинг таърифини унинг ғолиби қандайдир қушларнинг учишини томоша қилаётган ҳолатини таъкидлашда узиб қўйишадими? Буюк бир воқеа таърифига бир шоир ёки мусиқачининг танқидини киритишадими? Лекин, Бобур қушларнинг учишига шунчаки қараб тургани йўқ, ёки у ёки бу саънаткорнинг асари ҳақида фикр юритаётгани йўқ: у шу кичик нарсалардан кенг маъноларни ярата олган.  

 

БОБУР СИЙМОСИ

Бобурда улкан бир латофат уфириб туради. Агар биз Бобурнинг ҳақиқий кўринишига эга бўлганимиз тақдирда ҳам, унинг юз тузилишини аниқлик  билан чизиб бериш биз учун жуда қийин бўлган бўлар эди. У ўзининг  жисмоний томанлари ҳақида ҳеч нима демайди ва ёзганларида бу ҳақда маълумот ҳам бермайди. Тўғри, биз унинг сиймосини акс эттирувчи кўплаб минатюраларга эгамиз. Лекин, бу асарлар бизга тўла маълумот берадими?

 

Аксарият мусулмон дунёси санъати тарихчиларининг таъкидлашларича, мусулмон рассомлари жонли нарсаларни асл кўринишида ифода этишмаган, аксинча фикрга, умумий кўринишга, сифатларига эътибор қаратиб, ҳаракати, касби-корини ифодалаб ёхуд воқеликларга муносабати кўринишида тасвирлашга ҳаракат қилишган. Шундай қилиб, улар Оқни, Қорани, ғамгин ёки шодон одамни, оҳуни кўтариб кетаётган кишини, камончини, раққосани, шоҳзодани... аксинча айнан ўша Оқни, Қорани, камончини, ўша шоҳзодани ўз ҳолича кўрсатишмаганликлари эҳтимолдан узоқ эмас.

 

Шоҳзодага келсак, мусулмон рассоми узоқ вақт бир ёки бир неча қолипга, жамлаб айтганда “савлат тўкиб турган ҳукумдор” кўринишини асос қилиб олишган. Ушбу услуб аввало, қадимий Сасанидлардан олинган, сўнг турклар таъсири остида, IX асрдан бошлаб, камон ва пайкон билан қуролланган чордана қуриб ўтирган  ёки кўпинча, ўнг қўлида қадаҳни кўкраги баробар тутиб турган ва чап қўлини сочиқ ёки рўмолча ташланган тиззасига қўйган одамни асос қилиб олинган. 

 

Бу тасвир ўрта асрларда катта муваффақиятларга эришди, лекин XV асрларга келиб унутилди. Бундан айрим нарсаларгина сақланиб қолган. Жумладан, тиззага ташлаб қўйилган қатлари осилиб турган мато: буни бугун ҳам тахтда ўтирган Бобурнинг тасвирларида кўриш мумкин. Портретларга янгича эстетик қараш  бир вақтнинг ўзида Усмонли турклар ва темурийларда, турклар юртида дунёга келди. Турк рассоми Наккас Синанбей ва итальян рассоми Белини ҳудди шу кўринишда Византия истилочиси Меҳмет II ни тасвирлашган. Кўпчилик ичида тасвирланган Бобур минатюраларида Бобурни нафақат мартабали жойда ўтиришига қараб, балки унинг ўзига хос кўринишига ва юзига қараб ажратиб олиш мумкин.

 

Бу минатюралар, кўпчилик минатюралар каби, XVI асрнинг охирларига, яъни Акбаршоҳ томонидан бутун ислом дунёсига портрет чизишга бутунлай янгича исломий ҳуқуқ берилган даврга тўғри келади. Албатта, бу олдинги рассомлар содиқлик билан чизган Бобур расмларига қараганда ҳақиқатга яқинроқдир. Бу улар кичик тарихий ноаниқликларга йўл қўйган бўлсалар-да, Бобурномани безашда унинг матинига яқиндан ёндошганликларини кўрсатади. Кейинги даврдаги рассомларни қийнаган энг асосий нарса улар Бобурнинг ҳақиқий юзини кўрмаганликларидир. Тўғри, улар уни таниган, шу билан бирга, кекса аёнлардан сўраб-суриштиришлари мумкин эди, лекин бундай маълумотлар ҳам Бобурнинг ҳақиқий кўринишини тасвирлашга етарли бўлмасди. Аслида, улар асосан, ҳукумдорнинг ҳаётлигида, Акбаршоҳ томонидан портрет чизишга расмий рухсат берилишидан етмиш-саксон йил олдин чизилган ноёб асарлардан фойдаланишган.

 

1527 йили Раджпутдаги ғалабадан сўнг Бобур ўзини подшоҳ, деб эълон қилган ва умрининг охирларида чизилган бир минатюра мавжуд. Унда у ҳукумдорлик либосида, бошида тож билан гавдалантирилган, лекин қадимдан анъана бўлиб қолган сочиқ минатюрани бироз нисбийроқ қилиб қўйган. Шу билан бирга, умумий бўлган сунъийликнинг йўқлиги унга ҳақиқий тус берган. Бир эътибордан қочириб бўлмайдиган жиҳат бу таассуротни янада кучайтиради. Бобур анча узун соқол қўйган. Олдинги унинг ёшлигини акс эттирган асарларда бу кўринмас эди. Аммо у умрининг охирларида диний эътиқод юзасидан узун соқол қўйишга қарор қилган эди.

 

Бобур ўрта бўйли, бақувват одам бўлган бўлса-да, бу унинг нафислиги,   юқори насли-насабасини акс эттиришга ҳалал бермас эди. Ўта ҳаёлий бўлмаса-да, лекин рассомлар жангчи ва жисмоний бақувват кишининг қўлига мос келмайдиган қилиб ишлаган чўзиқ ва нозик қўлларидир. Унинг юзи чўзиқ, ёноқлари бироз бўртиб чиққан: кўзининг кесими кенг, бўлиқ қобоқлар остига жойлашган қоп-қора, тикка-тикка қошлари бироз эгма, қарашлари синчков. Бурни чиройли, бироз гўшдорроқ ва озроқ дўнг. Нафис маржон (ёқа) ияги остидаги чўққи соқоли бўйлаб тушиб (бориб) унинг яноқларини ёпиб туради, гоҳида ингичка, гоҳида йўғон мўйлаби лаб узра жавлон уради. Оғзи - кичкина, истеҳзо билан кулиб туради ва кўпинча ҳайриҳоҳлик, агарки беписандлик бўлмаса. Бутун юзидан қаттиққўллик фазилати, қаҳри қаттиқлик, вазминлик ёғилиб туради, шунингдек, унинг нигоҳида бироз маъюслик ҳам кўзга ташланади.

 

Аҳмадали МАМАДАЛИЕВ,

Андижон давлат чет тиллари институти Француз тили назарияси ва амалиёти кафедраси доценти, Франция Республикасининг Академик Пальма ордени соҳиби.

Прочитано 304 раз