+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Аёлга бўлган эҳтиромнинг юксак намунаси

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини оширилиши демократик қадриятларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Муҳтарам Президентимизнинг оналаримизга, опа-сингилларимизга бўлган эътибори юртимизда Аёлга бўлган эҳтиромнинг юксак намунасидир.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаатида "2020 йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги      босқичга кўтарамиз" деган сўзлари мамлакатимиз хотин-қизлари қатори биз андижонлик аёлларга ҳам чексиз қувонч бағишлади.

Президентимиз "Энг катта бойлик - бу ақл, заковат ва илм. Энг катта мерос - яхши тарбия, энг катта қашшоқлик эса илмсизлик" - дея таъкидладилар. Мана шундай катта бойликка эга бўлишда хотин-қизларимизнинг имкониятини янада ошириш учун эндиликда олий таълим муассасаларида ўқиш ниятидаги қизлар учун грантлар ажратилиши, бу жараёнда Хотин-қизлар қўмитасининг тавсиялари асос бўлиши қизларимиз учун катта имтиёз, Хотин-қизлар қўмитасининг нуфузини ошириш учун эса яна бир катта одимдир.

Президентимизнинг мурожаатларида келажак авлодимизнинг баркамол вояга етиши учун уларни кичик ёшидан тайёрлаб боришда мактабгача таълим тизимини янада кенгайтириш, Андижон шаҳрини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасида алоҳида дастур қабул қилиниши, кам таъминланган қатламнинг, якка-ёлғиз фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасига эътибор кучайтирилиши ва бошқа қатор вазифаларнинг барча-барчаси бугунги амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг иштирокчиси сифатида ҳар биримизда шахсий масъулиятни янада кучайтирди.

Халқимиз учун энг муқаддас қадриятлардан бири бу ўз оиласига, ўз ошёнига, халқимиз таъбири билан айтганда, ўз томига эга бўлиши. Юртбошимизнинг "Ватанимиздаги ҳар бир инсон ўз кичик Ватанига эга бўлсин" дея куюнчаклик билан билдирган   фикрлари, "Камбағалчиликни камайтириш" дастурининг ишлаб чиқилиши ижтимоий қийин вазиятдаги аёлларимиз, оналаримиз учун юксак ғамхўрликнинг яна бир намунасидир. Зеро, оиладаги етишмовчиликдан энг аввало, она қалби изтироб чекади, кўнгли ўксийди.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" ҳаракатидан ҳам энг аввало оналар, аёллар манфаатлидир. Шу ўринда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредит ажратилишининг давом эттирилиши, Тадбиркорлик марказларида ўқитилиши, тадбиркорлик уқувига эга бўлмаганларга ҳунармандчиликни ўргатиш ва касбга қайта тайёрлаш ишлари Хотин-қизлар қўмиталарининг зиммасига янада катта вазифаларни юклайди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида билдирилган ҳар бир ғоя, ҳар  бир фикр, ҳар бир таклиф бизнинг олдимизга катта вазифаларни қўяди.

Вилоятимизнинг ҳар бир аёли Янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши йўлида ўзининг бор  куч-ғайратини ва шижоатини сафарбар этади.

Манзурахон ЮНУСОВА,

 

вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Осмонсан - бағрингда мен бир юлдузинг

Тупроғинг кўзимга тўтиё қилиб,

Меҳринг ҳис қиламан қайноқ бағрингда.

Юз очган заминим муқаддас билиб,

Сезаман шукрни ҳатто зоғингда.

 

Азиз Ўзбекистон - бахтнинг макони,

Ҳар қарич ерингда файз очар чирой.

Ёш авлод қўлида дунё имкони,

Ўтар кунларимиз шукронага бой.

 

Кечаги тарих бу - асли бир ибрат,

Боболар, момолар изи биздадир.

Ҳатто йўқотишдан излаймиз ҳикмат,

Келажак машъали йигит-қиздадир.

 

Ватаним, толмайман этмоқдан таъзим,

Сендадир бугуним, эртам, кундузим.

Шонинг юксалади - шунчалар азим,

Осмонсан - бағрингда мен бир юлдузинг.

Умидахон ЭРМАТОВА

ЗУККО ҚИЗЛАР - МИЛЛАТ КЎРКИ

Шу кунларда вилоятимиздаги барча касб-ҳунар таълими муассасаларида "Зукко қизлар - миллат кўрки" шиори остида кўрик-танлов ўтказилмоқда.

Қўрғонтепа педагогика коллежида бўлиб ўтган танловнинг туман босқичида мактаб, коллежларнинг 9-11-синфида ўқувчи 9 нафар иқтидорли, зукко қизлар иштирок этдилар.

Вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш     бошқармаси хотин-қизлар кенгаши, Маънавият-тарғибот маркази, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, ФҲДЁ бўлими билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирдан кўзланган мақсад қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, маънавиятини юксалтириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда уларнинг қалбида миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат.

Танловда иштирокчилар миллий қадриятларни акс эттирган ҳолда ўзларини таништиришлари, саволларга зукколик билан жавоб беришлари, алла, лапар ижро этишлари, санъат, маданият, спорт, пазандачилик, ҳунармандчилик соҳалари бўйича ўз иқтидорларини намойиш этишлари керак эди.

Ҳакамлар хайъати томонидан қизларнинг оналик, оилага тайёрликлари,  миллий қадрият ва урф-одатларни нечоғлик билишларига катта эътибор қаратилди. 

Якуний натижага кўра, энг юқори балл тўплаган Кўрғонтепа педагогика коллежи 2-босқич ўқувчиси Умида Ҳакимова ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Fолиб ва иштирокчилар вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда ҳомийлар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Мадина МАМАЖОНОВА,

 

бошқарма хотин-қизлар кенгаши раиси.

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ БОШҚАРУВИДАГИ ХОТИН-ҚИЗЛАР КИМЛАР?

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати мутахассислари Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслари институти ходимлари билан ҳамкорликда бугунги кунда давлат тузилмалари, муассасалари ҳамда йирик жамоат ташкилотларида фаолият юритаётган аёлларнинг "Топ-35" рўйхатини тузди ва бу яхлит фотосуратда акс эттирилди.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда гендер тенглиги масаласи бугунги кунда "тақиқланган мавзулар" рўйхатидан чиқарилди.

Мазкур йўналишда сезиларли силжиш 2019 йилда юз берди. Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия тузилди.

Уч ой ўтгач (2019 йил 21 июнь) мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Сенати раиси (лавозим даражасига кўра мамлакатдаги иккинчи одам) лавозимида Танзила Норбоева фаолият бошлади.

Ва сентябрь ойида икки муҳим қонун -"Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида" ва "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар кучга кирди.

 

Аёлларнинг роли ва мавқеи, сиёсий-ижтимоий ҳаётда уларнинг фаоллиги ортганлигини яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларидан ҳам билиш мумкин. Сайлов натижасига кўра Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизини аёллар ташкил этади. Бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан икки баравар кўп демакдир.

Тамаки чекиш ёнғинга сабаб бўлмасин!

Ёнғинни бартараф этгандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Чунки, ёнғин туфайли кўп талофат кўрилиши, йиллар давомида қилинган меҳнатлар эвазига бунёд бўлган бинолар, тўпланган мол-мулк бир зумда кулга айланиши мумкин. Янада ачинарлиси, бундан инсонларнинг жабрланиши, тан жароҳати олиши ёки вафот этишидир. Ҳар бир шахс ўз ҳаётига ўзи масъул экан, беталофат яшашига бўлган масъулиятни оширмоғи лозим. Айниқса, хозирги қишки мавсумда ёнғиндан жабр кўрганлар сони ортиб бораётгани ҳар биримизни янада ҳушёр бўлишга ундаши зарур.

Ёнғинга сабаб бўладиган омиллардан бири тамаки чекиш ва унинг ўчирилмаган қолдиқларидир.  Чекувчи бепарволик билан олов пайдо бўлиши мумкин бўлган ерларга сигарет қолдиғини ташлаши ёхуд     баъзи бир инсонларнинг ётоқхонада чекиб, ўзлари сезмаган холда уйқуга кетишлари натижасида уйда ёнғин содир бўлиш холлари кўп бор кузатилмоқда. Автомобиль ҳайдовчиларининг ўз автоуловларида тамаки чекиши нафақат ўзларининг, балки йўловчиларнинг хавфсизлигига ҳам рахна солади.

Азиз юртдошлар! Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни унутманг. Бу борада бепарволик нафақат сизга, балки ён-атрофингиздагиларга ҳам зиён келтириши мумкин. Олов келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай ашёнинг болалар қўлига тушмаслиги чораларини кўринг.

Фахриддин РЎЗИЕВ,

Андижон вилояти ФВБ бўлинмаси Профилактика ва

ёнғин назорати бўйича мутахассиси, оддий аскар.

 

Тилсиз ёвга лоқайд бўлмайлик!

Вилоятимизда қишни беталофат ўтказиш бўйича ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан кўплаб тадбирлар, тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилаётганига қарамай ёнғинлар содир бўлаётгани барчамизни ташвишга солади. Содир бўлаётган ёнғинлар таҳлил қилинганда уларнинг асосий сабаби фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаётгани ва хонадонларда қўлбола, носоз печлардан, электр ускуналаридан фойдаланилаётганидир. Кўп холларда болаларни қаровсиз қолдириш оқибатида ҳам ёнғинлар келиб чиқмоқда. 

Азиз юртдошлар, меҳнат жамоалари ишчи-хизматчилари! Юқоридаги каби салбий холатлар рўй бермаслиги учун тилсиз ёв аталмиш оловнинг келиб чиқишига лоқайд бўлмайлик. Зеро, ҳаммамиз учун ўзимизнинг, яқинларимизнинг ҳаёти қадрлидир. Бунинг учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, газ ва электр асбоблари, ток билан ишлайдиган жиҳозларни назоратсиз қолдирмаслик, ёш болаларни қаровсиз қўймаслик лозим. Ёнғин содир бўлганда "101" телефони орқали зудлик билан ёнғин хизматига хабар бериш зарурлигини унутмайлик.

 

Шерзод НОРБОЕВ,

Андижон вилояти ФВБ бўлинмаси

Профилактика ва ёнғин назорати бўйича

 

мутахассиси, оддий аскар.

Ҳушёрликни асло унутмайлик!

"101" огоҳлантиради!

Совуқ кунларда фуқаролар яшаш хонадонларини иситиш учун ҳар қандай чорани қўллашга мажбур бўлади. Ҳатто, айримлар хавфсизлик талабларига риоя қилишни ҳам унутиб қўяди. 

Ўтган 2019 йил мобайнида вилоятимизда жами 856 та ёнғин ҳодисаси содир бўлган. Шундан 680 таси аҳоли яшаш хонадонларига тўғри келади. Ёнғинларнинг сабаблари таҳлил қилинганда, 377 ҳолатда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик, 130 ҳолатда очиқ оловдан фойдаланиш оқибатида, 39 ҳолатда ёш болаларнинг олов билан ўйнашлари, 28 ҳолатда транспортда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик натижасида ҳамда 13 ҳолатда қасддан ўт қўйиш бўлганлиги аниқланган. Ёнғинларда жами 10 кишининг ҳалок бўлиб 22 кишининг жароҳатлангани эса барчамизни янада ҳушёр ва эътиборли бўлишга ундайди.

Азиз ҳамюртлар! Машаққатли меҳнатлар билан бунёд этилган турар жойингиз, ижтимоий, савдо ва маиший хизмат объектларини келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинлардан асрайлик. Энг аввало, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишни унутмайлик. Бу ўзингиз ва яқинларингиз соғлиги ва ҳаётини кафолатлайди. 

Абдураҳмон ҲАМИДОВ,

"UzAvto Motors" АЖ

Биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни

 

 ташкил этиш бўлинмаси катта инспектори, подполковник.

САХОВАТ УЙИДА БАЙРАМ ТАДБИРИ

Саховат - улуF фазилат

Андижон шаҳридаги "Саховат" якка-ёлғиз яшовчи ва ногирон кексалар интернат уйида Ватан ҳимоячилари куни катта шодиёна билан нишонланди.

Мазкур муассасада  айни кунда 100 нафарга яқин  қаровчиси йўқ, меҳрга муҳтож инсонлар истиқомат қилади. Кейинги йилларда ҳукуматимиз кўмаги билан ушбу муассасада истиқомат қилувчиларга қулай яшаш шароитлари яратиш, уларни маънавий, руҳий қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ватан ҳимоячилари куни ҳам "Саховат" уйида ўзгача нишонланди.

Тадбирга ташриф буюрган турли ташкилот, корхона ва муассасалар вакиллари бу ерда истиқомат қилаётган отахон ва онахонларга совға-саломлар улашди. Тўкин байрам дастурхони атрофидаги ўйин-кулгулар уларнинг ўксик кўнгилларини осмон қадар кўтарди.

- Президентимизга, яхши инсонларга мингдан-минг раҳмат, - дейди ушбу муассасада яшовчи Майрамхон ая Мирюнусова. - Ҳар бир байрам муносабати билан мана шундай тадбирлар мунтазам ўтказилади. Бундан албатта, кўнгилларимиз тоғдай кўтарилади.

Тадбир давомида Андижон санъат коллежи талабалари ижросидаги рақс, куй ва қўшиқлар, "Саховат" интернат-уйи жамоаси томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари барчага байрамона кайфият улашди.

 

Мая УСМОНАЛИЕВА

ОДАМ ҲАҚИДА КУТИЛМАГАН МАЪЛУМОТЛАР

ўқинг, қизиқ

Олам мавжудотлари олимлар томонидан ўрганилгани сари илмнинг чексиз сирларининг поёни йўқлигига амин бўлиб бораверамиз.

Хусусан, инсон зотига хос ҳайратли маълумотлар одамнинг чинакам мўъжиза эканидан далолат беради. Қуйидаги маълумотлар барчани ҳайратга солса керак.

· Одамдаги ДНК 80 000 гендан таркиб топган.

· Ўртача умр давомида одам бошидан ўсиб чиқадиган сочларнинг узунлиги 725 километрга етади.

· Сарғиш-малла одамларнинг соқоли қорача одамларникидан кўра тезроқ ўсади.

· Грипп эпидемияси 1918 - 1919 йилларда АҚШ ва европалик 20 миллиондан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетган.

· Одамнинг бармоқлари ўртача умри давомида 25 миллион марта букилиб-ёзилади.

· Одам туғилган пайт унинг миясида 14 миллиард ҳужайра бўлади ва бу ўлгунича кўпаймайди. Аксинча, 25 ёшдан кейин кунига 100 мингдан  камайиб боради. Китоб ўқишга сарфланган 1 дақиқа вақт 70 тага яқин ҳужайрани ўлдиради. 40 ёшдан кейин инқироз жараёни тезлашади ва мия енгиллашиб, кичрайиб боради.

· Одам суягининг 50 фоизи сувдан иборат.

· Одам танасида яшовчи бактерияларнинг умумий оғирлиги 2 килограмм-га етади.

· Одамнинг бош миясида секундига 100 000 кимёвий реакция содир        бўлади.

· Бола туғилганда тиззасининг кўзи бўлмайди, у 2-6 ёшда пайдо бўлади.

· Одам юрагининг ҳажми муштумига тенг. Вояга етган одамнинг юраги ўртача 220-260 грамм оғирликка эга бўлади.

· Одамда 2 миллион тер безлари бор. Ҳар бир литр тер учун 540 калория сарфланади. Эркаклар аёлларга нисбатан 40 фоиз кўпроқ тер чиқаради.

· Одам кунига ўртача 23 000 марта нафас олади ёки нафас чиқаради.

· Одам кўзи 10 000 000 ранг турини фарқлай олади.

· Одам оғзида 40 000 га яқин бактерия яшайди.

· Одамда 33 ёки 34 та умуртқа суяги бўлади.

· Аёллар эркакларга қараганда тахминан 2 баробар кўп кўз очиб юмади.

· Одам танасидаги энг мустаҳкам мускул - тил.

· Одам танасида 2000 та таъм билувчи сезги органи бор.

· Бола 300 та суяк билан туғилади, балоғатга етганда 206 тасигина қолади, холос.

· Одам юраги бир йилда тахминан 36 800 000 марта уради.

· Кўк кўзли одамлар бошқаларга қараганда кўпроқ касалга чалинадилар.

· Одам танаси ўртача умри давомида 1000 марта ўзгаради.

· Тумов чақирадиган 100 дан ортиқ турдаги вирус бор.

· Кулган пайт 17 та мускул "ишлайди".

· Балоғатга етган одам танасидаги нерв толалари узунлиги ўртача 75 километрни ташкил этади.

· Одам танасидаги иссиқликнинг 80 фоизи бошидан чиқиб кетади.

· Нотаниш иш билан илк бор шуғулланиш мияни ривожлантиришнинг энг яхши усули. Ақлий салоҳияти ўзингиздан устун бўлган одамлар билан суҳбатлашиш ҳам мия ривожига тез таъсир кўрсатади. Мия худди мускуллар сингари қанча кўп ишласа, шунча кўп ўсади.

· Битта одамнинг танасида бутун ер юзидаги одамлардан кўпроқ тирик организм яшайди.

· Бурун инсоннинг бутун умри давомида катталашади.

 

· Бир дона соч 3 кг.гача юк кўтариши мумкин.

Оғуфуруш ушланди

тезкор тадбир

Оғуфурушлик ва гиёҳвандлик етаклайдиган йўл битта - инсон таназзули. Ундан эҳтиёт бўлиш, соғлом турмуш ва келажакни танлаш ҳар бир шахснинг ўз қўлида. Бироқ, оғунинг бефойда кайфига учиб ўзлигини йўқотган    гиёҳвандлар, ҳаром йўл эвазига даромад топишни кўзлаган оғуфурушлар бу ҳақда ўйламайдилар.

Андижон вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган "Назорат-харид" тезкор тадбирида 300 минг сўм эвазига марихуана гиёҳванд моддасини пуллаётган оғуфуруш ушланди.

1964 йилда туғилган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз, 2 нафар фарзанднинг отаси бўлган, Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро С.З. холис харидорга Жалақудуқ тумани, Гуручмозор темирйўл кесишмаси ёнида полиэтилен пакетга солинган, ўткир ҳидли, кўкимтир рангли, қуруқ ҳолдаги ўсимлик баргларини сотган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган. Вилоят ИИБ экспертлари хулосаларига кўра,  мазкур ўсимлик барглари 1 кг. 665 гр. миқдордаги "марихуана" гиёҳванд моддаси эканлиги аниқланди.

Ҳозирда фуқаро С.З.га нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мирзоҳид ҲАКИМОВ,

Транспортда ХТБ ХПГ инспектори, лейтенант.

Диёрбек ТУРСУНОВ,

 

Транспортда ХТБ ЖҚБ тезкор вакили, капитан.

ИНСОНЛАРГА МАНФААТ КЕЛТИРИШ ИБОДАТДИР

Умр - бебаҳо неъмат. Бу улуғ неъматнинг шукри ҳам, зийнати ҳам солиҳ ва савобли амаллардир. Мана шундай хайрли амалларнинг энг савоблиси ва умрга мазмун баҳш этадигани инсонларга манфаат келтиришдир. Дарҳақиқат, кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, камбағал ва бева-бечораларга саховат кўрсатиш, қарздор бўлиб қолганларни қарзларини узишида, мушкули бор кишиларнинг мушкулини аритишга қўлдан келганча ёрдам бериш чин инсоний фазилатлар ҳисобланади.

Динимизда бундай олийжаноб амаллар ибодат даражасига кўтарилган. Инсонларга манфаат етказишнинг савоби улуғ эканлиги ҳадиси шарифларда хам ўз аксини топган. Жумладан, Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.): "Ким бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилади", -деб марҳамат қиладилар (Имом  Муслим ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифдан ҳам маълум бўлмоқдаки, инсонларга манфаат етказиш бу дунёда хайр, оҳиратда эса саодат бўлар экан. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунёда енгиллик ато қилган кишиларнинг ишларига унум ва барака беради. Охиратда енгиллик ато қилинган кишилар эса чин маънода саодат соҳиблари бўлар экан. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон каттами, кичикми қўлдан келганича хайрли ишларни бошидан тутишга ҳаракат қилиши керак. Бундай амаллар эса кишининг яхшилар қаторида эканига далолат қилади. Набий алайҳиссаломга "Қайси одам Аллоҳга энг суюкли бўлади?" дея савол беришганида У зот: "Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби инсонларга энг кўп манфаат етказувчисидир", дея марҳамат қилганлар (Табароний ривояти).

Бундан кўринадики, яхшилик, эзгу амаллар қилиш инсонни ҳаётда мукаррам қилади, даражасини юксалтиради, охиратда эса Яратганнинг марҳаматига сазовор қилади. Орамизда шундай инсонлар борки, мухтожларга яхшилик қилади, лекин буни овоза қилмайди. Агар ана шу кишиларнинг юриш-туришини кузатсангиз, эл-юрт орасида ҳурмат топган, тинчлик-хотиржамликда, ўзига тўқ ҳолатда яшаётганлигини кўрамиз. Бу ўша инсонларнинг қилган яхшиликларига Аллоҳнинг мукофоти эканлигини англатмайдими? Бу барчамизга ибрат бўлиши керак.

 Улуғ алломалар таъбири билан айтганда, инсонлар манфаати йўлида қилинган ҳар бир хайрли ҳаракат ибодатдир. Одамларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қиладиган кишилар Аллоҳга энг яқин бандалар ҳисобланади. Шундай экан, ғанимат умримизни хайрли амаллар билан ўтказиб, Ҳақнинг розилиги ва халқнинг дуосига сазовор бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни инсонларга манфаат етказадиган, ўзига энг маҳбуб бандалари қаторида бўлишликни насиб қилсин.

 

Саидаҳрор ИБРОҲИМОВ,

 

"Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта-махсус ислом билим юрти битирувчиси.