Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ўқитувчилик осон касб эмас. Устоз умрининг асосий даврини дарсга тайёргарлик кўриш билан ўтказади. Кўзларида умид учқунлари порлаб, ўзига тикилиб турган қора кўзларга билим бериш учун изланади, ўқийди, кўргазмали қуроллар тайёрлайди, тажрибаларни кузатади. Ҳар қандай шароитда, вазиятда ҳам ўқувчилар ҳузурига юзида илиқ табассум билан кириб келади. Дарсда қатнаша олмаётган ўқувчи ҳақида суриштириб, ундан хавотир олади.
Ўқитувчи дарс жараёнида ўқувчининг дунёқараши, билими, тафаккурини бойитишга эътибор қаратади. Маҳорат дарслари ўтади. Тажрибали ўқитувчини кашф этишнинг йўлларидан бири - кўргазмали семинарлар, очиқ дарслар ташкил этилишига боғлиқ. Ўқитувчи ўқувчи учун ишлайди, ижод қилади.
Узоқ йиллардан буён мактабда бошланғич синфларга дарс бераман. 1-синфга келган ўқувчиларим ўз фарзандларимга айланади. Уларни ҳар бирининг оиласи мен учун қадрдон. Алифбо, ўқиш, математика, она тили дарслари учун кўргазмалар, турли воситалари етарли, бироқ мавзулар учун кўпинча катта-кичик кўргазмаларни ўз қўлим билан тайёрлайман. Агар астойдил эътибор қилинса, бошланғич синф ўқувчиларининг ёзувлари ҳам ёзув қоидаларига жавоб берадиган тарзда бир хил бўлади. Она тили дарсларида диктант ёздираётганда, айрим сўзларнинг оғзаки ва ёзма шакллари ҳақида алоҳида тушунтириб бораман. Ўқувчи ҳар бир сўзга эътиборли бўлсин.
Сўзни оғзаки услубда қандай ифодаланса, шундай ёзиш хато бўлиши мумкинлигини тушунтираман. Адабий тил меъёрларини билиб олишларига ҳаракат қиламан.
Ўқувчи қуйи синфдан нарса, буюм, номи, унинг оғзаки услубда номланиши, ёзувдаги ифодаси ҳақида тасаввурга эга бўлиши керак. Бу - ўқувчиларни саводхонлигини оширишнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Ўқувчи шеърни, қисқа матнларни ёддан ўқиши мумкин, унинг овози, образга киришиб ўқиши, таъсирли, мазмунли нутқи муҳим. Бошланғич таълим унинг кейинги босқичлари учун пойдевор вазифасини ўтайди.
Ўқувчи илк даврданоқ билимга интилувчан, тиришқоқ бўлиши, фақат баҳо олиш учун эмас, сифатли таълимга эга бўлиш учун ҳам яхши ўқиши кераклигини тушунсин. Истеъдодли ўқувчилар ўз қобилиятларини намоён эта борадилар. У - рассом, яхши китобхон, ахборот технологиялари билимдони, спортчи бўлиши мумкин. Бу орқали унинг олаётган билимлари мустаҳкамланиб боради. Шунинг учун ҳам бошланғич синф ўқитувчиси айни даврнинг энг маҳоратли, ҳар қайси муаммоларига тўғри, оқилона ечим топадиган, бой тажрибага эга бўлиши, эртанги кун эгаларини яратувчиси деган шарафли номга лойиқ бўлиши даркор. Зеро, юртбошимизнинг "Жамиятда энг ҳурматли инсон - ўқитувчи" деган иборасига сазовор бўлиш ҳар бир ўқитувчининг қалбини ғурур, ифтихорга тўлдиради.
Асли Навоий вилоятидан бўлан Дилноза Раҳимова ўқувчилик пайтиданоқ ҳарбий алоқачи бўлишни орзу қиларди. Мактабни аъло баҳоларга битирди. 2007 йил Кармана туманидаги Алоқа коллежини тамомлаганидан сўнг ҳарбийликка қабул қилинди. Дастлаб Жиззах вилоятидаги, кейинчалик Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилди. 2015 йилдан буён эса вилоятимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида алоқачи сифатида ўз бурчини сидқидилдан бажариб келмоқда.
Ҳарбийлар ҳаёти ўзига хос. Бир ерда муқим яшамайди. Уни қаерга лозим топишса, ўша ерга хизматга юборилади. Энг асосийси, ҳарбий чиниққан, ҳамиша ҳушёр ва ўз ишининг устаси бўлиши керак. Кечами, кундузми, зарурат бўлган заҳоти хизмат жойида бўлиш шарт. Хизмат жараёнидаги интизом, энг муҳими, қатъият, сўзда собитлик, ҳарбий тартибга амал қилиш аёл кишидан матонат талаб этади. Буни яхши англаган Дилноза ана шу жиҳатларни пухта ўзлаштира олди. Қолаверса, қизиқувчан ва талабчанлиги ҳамкасблари, командирлардан кўп нарса ўрганишига сабаб бўлди.
Дилнозахоннинг юриш-туриши, иш услуби, жасорати меҳнати уни шу йўсин тарбиялади. У 2018 йилда оила қуриб, Андижонга келин бўлди. Турмуш ўртоғи, оила аъзоларининг ҳамиша қўллаб-қувватлаши Дилнозахонни янада руҳлантирди.
Ҳарбий либос кийиб ишга кетаётган Дилнозани кўрган ёш қизлар унга ҳавас билан боқишади. Кўплари эса мен ҳам сиздай ҳарбий, Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қиламан. Бунинг учун нима қилишим керак?, деб сўраб қолишади. Шунда у: "Энг аввало, яхши ўқинг, орзуингизга эришиш учун қатъий бўлинг, интилган инсон ҳамма нарсага эриша олади", дея маслаҳат беради.
Ҳа, Дилнозахон каби касбини, оиласини ардоқлаб яшаётган ҳарбий аёлларимизни, қолаверса, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган барча ҳарбийларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаймиз.
Ҳар йўлнинг ўз хақиқати, ҳар касбнинг машаққати бор. Мана шундай машаққатли ва масъулиятли касб эгалари бўлган ҳарбийларга ҳамма ҳавас билан қарайди. Агар бу касб эгаси аёл бўлса, у кўпларнинг нафақат ҳавасини, балки хайратини оширади.
Аёлнинг эгнидаги ҳарбий либос гўё унинг латофатини янада ошираётгандек. Кўзларидаги ўзига бўлган ишонч унинг шижоат, куч-ғайратини намоён этса, юзидаги ним табассум, хаё аёллик жозибаси уни асло тарк этмаганидан дарак беради.
Оддий аскар Назирахон Акбарова Андижон шаҳрида туғилиб ўсган. Болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ жисмоний тарбия, бошланғич ҳарбий таълим дарсларини интиқлик билан кутар, дарс жараёнида пухта билим олишга, ҳарбий машқларни астойдил бажаришга ҳаракат қиларди. Астойдил ҳаракат қилган киши, албатта, ўз орзусига етишади. Бунинг учун нафақат истак, балки мақсадга интилиш, иштиёқ ва қийинчиликларни енгиб ўтиш йўлида сабр-бардошли бўлиш керак.
Назирахон ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Андижон Алоқа коллежида таҳсил олди. Аммо болаликдаги истак уни бир зум бўлсин тарк этмасди. У албатта, ҳарбий форма кийиш, ҳарбий хизматчи бўлиш учун ҳаракатни тўхтатмади, мудофаа ишлари бўлимига ҳужжатларини тақдим этди. Шижоатли, ёш қиздаги ўзига бўлган ишончни кўрган мутасаддилар уни ҳарбий хизматга қабул қилдилар.
2004 йил Андижондаги ҳарбий қисмда, сўнгра Фарғона, Тошкент вилоятларидаги харбий қисмларда фаолият олиб борди. Ҳозирда эса Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Ишининг малакали мутахассиси бўлган Назирахон ўзига топширилган ҳар қандай вазифани бекаму кўст бажариши билан командирлар ишончини, сафдошлари ҳурматини қозониб келмоқда. Хизматдаги муваффақиятлари учун Мудофаа вазирлиги, қисм ҳамда округ қўмондонлигининг ташаккурнома ва фахрий ёрлиқларига сазовор бўлган.
- Қалбида Ватанга ўзгача меҳр, шижоати бўлмаган аёл харбий бўла олмайди - дейди Назирахон Акбарова. - Мендаги ҳарбийликка бўлган кучли қизиқиш, касбимда дуч келадиган қийинчиликларни осон енгиб ўтишимга ёрдам беради. Қолаверса, юртимизда биз - ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган эътибор, хизматни аъло даражада ўташ учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар менга куч беради, янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди. Бир сўз билан айтганда, ҳарбий аёл эканимдан фахрланаман.
Ҳа, Назирахон чинакам бахтиёр аёл. У ўзи орзу қилган касб, кўплар ҳавас қилса арзийдиган оила соҳибасидир. Икки фарзандини эл-юрт ишига камарбаста инсонлар қилиб тарбиялади. Фарзандлари камолидан қувониб яшаётган Назирахон яқинда қайнона бўлди. Аслида аёл учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак?!
Ватан ҳимоясига бел боғлаб мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида мардона хизмат қилаётган қахрамонимиз сингари барча қиз-аёлларимизни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этамиз. Улардек жасур ва қатъиятли опа-сингилларимиз сафи кенгаяверсин.
Ҳилолахон Юсупова Булоқбоши туманидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда хизмат қилаётган аёллардан бири. Ўзининг меҳнатсеварлиги, топширилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан бажариши билан аскар ва зобитларнинг ҳурматини қозонган.
Ҳ.Юсупова Хўжаобол туманидаги туғилган, тумандаги 22-умумтаълим мактабида таҳсил олган. У болалигидан спортга жуда қизиқар эди. Тенгдош дугоналари билан ёғочдан ясалган қиличларда қиличбозлик ўйнар, сузиш, югуриш, курашиш бўйича ҳам илғор ва чапдастлиги барчани лол қолдирарди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаган Ҳилолахон Юсупова Андижон шаҳридаги миллий касб-ҳунар коллежининг ҳисобчилик йўналишига ўқишга кирди. Ўқиш давомида ҳам кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, коллежни фаол ўқувчилар қаторида тамомлади. Болалик орзуси ҳарбий бўлиш уни бирор лаҳза тарк этмади, эгнига ҳарбий либос кийишни чин дилдан истарди. Ва у ўз мақсади сари интилиб мудофаа ишлари бўлимига ҳужжатларини тақдим этди. Омади келиб, ҳарбий соҳага ишга қабул қилинди. Шижоатли, ёш қиздаги ўзига бўлган ишончни кўрган мутасаддилар уни ҳарбий хизматга қабул қилдилар.
Мана етти йилдирки, у ҳарбий сифатида она Ватанимизга хизмат қилиб келмоқда. Оддий аскар Ҳилола Юсупова сафдошлари орасида фаол ёшлардан бири саналади. Ҳарбий қисмлар ўртасида ўтказиладиган турли спорт мусобақаларида, байрам тадбирларидаги фаол иштироки билан юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
- Аёл киши учун ҳарбий соҳада ишлаш осон эмас, хузур-халоватдан воз кечишга, доимий изланиб, жисмоний тарбия билан шуғулланиб иш олиб боришга тўғри келади, - дейди Ҳилола биз билан суҳбатда. - Аммо касбга, ҳарбийликка бўлган меҳр-муҳаббат кишига куч ва шижоат берар экан. Шу боис, ҳамиша эгнимдаги ҳарбий либосга лойиқ бўлишга интилиб келаман. Ҳарбий қисмимизда уч нафар аёл хизмат қилади. Ҳарбий қонун-қоидаларни амал қилиш касбимизда энг муҳим жиҳат ҳисобланади. Билмаганларимизни бир-биримиздан, устозлардан, командирларимиздан сўраб ўрганишга ҳаракат қиламиз. Бу менга хизматни олиб боришда жуда ҳам асқотмоқда. Балки, шу боис, яқинда вилоятдаги ҳарбий қисмлар ўртасида ўтказилган "Тўмарис авлодлари" кўрик-танловида қатнашиб фахрли биринчи ўринни, сузиш бўйича ўтказилган мусобақада эса иккинчи ўринни эгалладим. Эришаётган ютуқларим билан раҳбарлар ишончини оқлашга, ҳарбий қисмимиз нуфузини оширишга ҳаракат қиляпман.
Ватан ҳимоясига бел боғлаб мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган Ҳилолахон сингари барча қиз-аёлларимизни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этамиз. Улардек жасур ва қатъиятли опа-сингилларимиз сафи кенгаяверсин.
Андижон шаҳридаги "Мароқанд" тантаналар саройида вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, маданият, мудофаа бошқармалари ҳамда Андижон шаҳридаги ҳарбий гарнизон қўмондонлиги ҳамкорлигида "Аскар оналарини шарафлаймиз" деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида йигитлик бурчини ўтаётган андижонлик аскарларнинг оналари, Андижон ҳарбий гарнизони аскарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова сўз олиб, мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тезкор, жанговор миллий армиямизни шакллантириш, ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга яратиб берилаётган қулайлик ва кенг имкониятлар хусусида гапирди, барчани Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди.
- Юрт ҳимоясига камарбаста, баркамол фарзандларни тарбиялаб, камолга етказган оналарга ҳар қанча ҳурмат-эҳтиром кўрсатсак ярашади, - дейди М. Юнусова. - Бу каби тадбирлар шубҳасиз, аскарлар ва уларнинг оналарига чексиз қувонч, қалбларига ўзгача сурур бағишлайди.
Қизиқарли ўтган тадбир оналар ва аскарлар учун ҳаётларидаги унутилмас онлардан бири бўлиб қолди.
- Айни пайтда ўғлим Аҳрорбек Валиев Қашқадарё вилоятида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда, - дейди Марҳамат тумани Қовунчи маҳалласида яшовчи Лобархон Ортиқова. - Ўғлим болалигидан Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қиларди. Бугун унинг орзулари ушалди. Энди у муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб, ҳарбий билим юртига ўқишга кириш ниятида.
Кўрсатилган эътибор ва эҳтиромдан аскар оналарининг боши кўкка етди.
Балиқчи тумани Фаровон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 678 та оилада 2 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ўз номи ўзи билан - фаровон. Бу ерда газ, электр энергияси, сув борасида муаммолар деярли йўқ. Маҳалла аҳолиси орасида деҳқончиликнинг ҳадисини олганлар жуда кўп Шундоққина Андижон - Наманган автомагистрали ёқасида жойлашган маҳалла иссиқхоналари билан танилган. Дўппидеккина жойда иссиқхона қуриб катта даромад топаётган оилалар талайгина. Иссиқхоналарда етиштирилган помидор, бодринг, лимон қишнинг аёзли кунларида ҳам бозорларга пешма-пеш етказиб берилмоқда.
- Маҳалла аҳли меҳнаткаш, бир-бири билан иноқ, ҳар бир ишни бамаслаҳат амалга оширади, - дейди Нурхон Болтабоева. - Айниқса, озодалик, ободончиликка катта эътибор қаратамиз. Шу боис ҳам маҳалламиз ҳамиша файзли.
Нурхон опа Болтабоева 2009 йилдан маҳалла ишида. У маҳаллада 5 йил раис бўлиб ишлади. Ибратли фаолияти билан маҳалладошларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.
Мана икки йилдирки, опа маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси лавозимида фаолият юритмоқда.
Бугун опа маҳалла раиси, фаоллари билан биргаликда маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, одамларнинг турмуш даражасини ошириш, муаммо ва ташвишларини ҳал этиш бўйича тизимли равишда иш олиб бормоқда. Хонадонма-хонадон юриб ҳар бир оиланинг яшаш шароитлари ўрганиб чиқилди. Кам таъминланган оилаларга зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги оилаларга, хотин-қизларга кредит олишлари, ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишларида яқиндан ёрдамлашилмоқда. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шахсан Нурхон опанинг ташаббуси билан хорижга ишлагани кетган бир гуруҳ аёллар маҳаллага қайтарилиб, уларнинг ишга жойлашишларига ёрдам кўрсатилди.
- Бир неча йил аввал бошимга ташвиш тушиб, 25 ёшли ўғлимдан бевақт жудо бўлганман, - дейди Н. Болтабоева. - Ташвиш инсонни йиқитиб қўяр экан. Маҳалладошларимга раҳмат, ўшанда мени ёлғизлатиб қўйишмади. Шу боис ҳам маҳалладошларимга меҳрим бошқача. Ўшандан буён бор аламимни меҳнатдан оламан. ҳаётим фақат маҳалла билан. Одамлар билан гаплашсам, уларнинг дардини тингласам, ўз дардимни унутаман. Бу менга куч, ирода, таскин беради. Шунинг учун, кўпроқ одамлар орасида бўлишга ҳаракат қиламан. Маҳалламнинг ташвиши, маҳалладошларимнинг дарди билан яшайман. Маҳалладаги ҳар бир йигит-қиз ўз ўғлим-қизимдай.
2019 йил Фаровон маҳалла аҳли учун ҳам яхши келди. Оилавий ажримлар камайди, вояга етмаганлар, хотин-қизлар ўртасида жиноят умуман, қайд этилмади, Маҳалла янада обод бўлди. Чеварлик цехи, хусусий мактабгача таълим ташкилоти, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ишга туширилди.
- Халқимизда "Маслаҳатли тўй тарқамас" деган нақл бор. Шу маънода тўйларни ўтказиш бўйича ҳам қатъий тартиблар белгиланди. Янги йилдан маҳалладаги биронта тўй, тантана, маърака ва маросим маслаҳатсиз ўтмайди. Бошланган Янги йилда ҳам фаолиятимиздаги хайрли ва ибратили ишларни изчил давом эттирамиз, - дейди мутахассис.
Н. Болтабоева сингари кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга мутахассисларимиз оилалар мустаҳкамлигини, одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасидаги ишларда ҳамиша бош-қош бўлишига асло шубҳа йўқ.
Вилоятимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
Сарҳисоб
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан аёллар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
- 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида вилоятда хотин-қизлар учун 33 мингта янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Дастур доирасида, шунингдек, давлат ва хўжалик субъектлари томонидан амалга оширилган лойиҳалар асосида ўтган йили хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар тўла бажарилди. Бундан ташқари, 43 минг 607 нафар аёл пиллачилик соҳасида кафолатланган иш ўринига эга бўлди.
Туман, шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат қилган 7 минг нафардан зиёд, шунингдек, аҳоли хонадонларини ўрганиш давомида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ва биринчи навбатда иш билан таъминлаш зарур бўлган 5 минг нафардан ортиқ хотин-қиз аниқланиб, уларни аксариятининг бандлиги таъминланди.
Жумладан, бандлиги таъминланган хотин-қизларнинг 13 минг 8 нафари корхона, ташкилотлардаги бўш иш ўринларига, 5 минг 744 нафари янги ташкил этилган корхоналарга, 7 минг 238 нафари бошқа турли йўналишларга ишга жойлаштирилди.
Улуғнор, Бўз, Марҳамат туманларида енгил конструкцияли тикувчилик мажмуалари барпо этилиб, ишга туширилиши ҳисобига 900 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур йўналишда Андижон, Шаҳрихон туманларида ҳам иш олиб борилмоқда. Йил охирига қадар ана шу туманларда тикувчилик мажмуалари ишга туширилиб, яна 600 та қиз-аёлнинг бандлиги таъминланади. Жумладан, Марҳамат туманидаги Иқболхон Исроилова раҳбарлигидаги "Иқбол-сервис", Робияхон Эгамёрова раҳбарлигидаги "Шаҳристон", Мавлудахон Шодмонова раҳбарлигидаги "Шаҳноза-текстиль" тикувчилик мажмуалари ана шулар жумласидандир.
- Ўз маблағим ҳамда банкдан олинган 200 миллион сўм миқдордаги кредит ҳисобига маҳалламизда трикотаж корхонасини ишга туширдим, - дейди Андижон тумани Чўмбоғич маҳалласидаги "Фарзона-ишонч текстил" корхонаси раҳбари Шаҳноза Мақсудова. - Айни кунда корхонамизда бир неча турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланмоқда. Энг асосийси, маҳалладаги 22 нафар ишсиз хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Жамоат фонди томонидан жорий йилнинг ўтган даврида тақдим этилган 443 та лойиҳани амалга ошириш учун 11 миллиард 380 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Мазкур йўналишдаги ишлар натижасида 2500 нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Жамоат фонди томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига биргина Асака туманининг Обод" маҳалласида тикув-трикотаж, кўрпа-ёстиқ тикиш цехларининг ишга туширилиши ҳисобига 110 та янги иш ўринлари барпо этилди.
Вилоятнинг чекка ва иш ўринлари кам бўлган ҳудудларида аёллар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилди. Ана шу ҳудудларда қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига кўплаб хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилди.
Хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси қошида Аёллар Тадбиркорлик маркази фаолияти йўлга қўйилди. Марказ томонидан туман ва шаҳарларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар учун ўқув семинарлари доимий равишда ўтказиб келинмоқда.
Вилоят, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари томонидан "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда норасмий фаолият олиб бораётган ҳунарманд хотин-қизларнинг фаолиятини расмийлаштириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида норасмий иш олиб бораётган 484 нафар ҳунарманд аёл уюшма аъзолигига қабул қилинди. Умуман, бугунги кунда 556 нафар ҳунарманд аёлдан 1 минг 796 нафар хотин-қиз "Устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.
"Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси томонидан 358 нафар ҳунарманд хотин-қизга тадбиркорлик билан шуғулланиш, фаолиятини кенгайтириш учун 3 миллиард 453 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Марказий банк вилоят бошқармаси Марҳамат, Шаҳрихон, Қўрғонтепа туманларида фаолият олиб бораётган 403 нафар ҳунарманд аёлга 3 миллиард 490 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Натижада 500 нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Вилоятимизда энг фаол ва ташаббускор аёллар эътироф этилди
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Йил аёли" миллий танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда барча соҳаларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб беришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
- Жамиятимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётидаги барча жараёнларда опа-сингилларимиз фаоллиги ортиб бормоқда, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Миллий танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу фаолларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдир.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан туман, шаҳарлардан белгиланган йўналишлар бўйича энг яхши деб топилиб, вилоят танловига ҳужжатлари тақдим этилган иштирокчиларнинг йил давомидаги фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилиб, "Инновацион ғояларни фаол илгари сурган олима", "Йилнинг энг илғор тадбиркори", "Йилнинг энг илғор фермери", "Йилнинг энг яхши ижодкори", "Ўз касбининг фидойиси", "Йилнинг энг фаол маърифатли аёли", "Йилнинг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси", "Йилнинг энг яхши ФХДЁ ходимаси", "Йилнинг энг фаол маҳалла мутахассиси", "Йилнинг энг фаол хотин-қизлар билан иш олиб борган ҳуқуқ-тарғибот соҳаси ходимаси", "Аёлларга оид ислохотларни фаол ёритган журналист" номинациялари бўйича энг яхши деб топилган хотин-қизлар ғолиб деб топилди ва танлов ташкилотчилари томонидан диплом, эсдалик совғалар билан тақдирланди.
- Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди танловнинг "Йилнинг энг илғор тадбиркори" номинацияси ғолибаси, Марҳамат туманидаги "Барҳаёт Нозимжон файзи" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мавлудахон Шодмонова. - Жамиятимиз тасарруфидаги "Жасмина қувноқ болажон" МТМ, "Мадина Маззали кулчалари" нон ишлаб чиқариш цехи ҳамда "Шахноза текстиль" фабрикасида 174 нафар ишчи-ходим, асосан, хотин-қизлар меҳнат қилади. Бундай ишларни ташкил этиш албатта, осон эмас. Меҳнатларимиз эътироф этилганлиги, фаол ва тадбиркор аёллар қўллаб-қувватланаётганлиги бизга катта масъулият, куч ва келгусидаги фаолиятимизни янада самарали олиб боришга ёрдам беради.
Шунингдек, тадбир доирасида "Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион ғояси" республика танлови вилоят босқичи ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари ўртасида "Биз оилавий ажримларга қаршимиз" мавзусида ўтказилган иншолар танлови ғолиблари ҳам тақдирланди.
Бутун мамлакатимизда бўлган каби вилоятимизда ҳам 2019 йилнинг 15 декабридан 2020 йилнинг 15 январига қадар "Ватанпарварлик - миллий юксалиш кафолати" шиори остида ватанпарварлик ойлиги ўтказилмоқда.
Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида Ватанпарварлик ойлиги доирасида ҳамда "Ватан ҳимоячилари" куни олдидан фестиваль бўлиб ўтди. Фестиваль олий таълим муассасалари талабалари, коллеж, академик лицей ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари жўрлигида юртимиз мадҳиясини айтиш билан бошланди.
Ҳарбийлар томонидан ҳарбий қисмлардаги ҳаёт акс эттирилган кўргазмалар, уларнинг замонавий қурол-аслаҳалардан фойдаланишлари, жанговар тайёргарлиги акс этган саҳна кўринишлари барчага манзур бўлди.
Тадбирда Ватан, тинчлик ҳамда юрт ҳимоячиларини мадҳ этувчи куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Якунда қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.