+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Қаҳрамон жангчининг хотираси ёдга олинди

Асака туманининг Хонақо маҳалласида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланиб, "Хонақолик жасур ўғлон" мавзусида маърифий-тарбиявий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда туман  мудофаа ишлари бўлими, кенг жамоатчилик вакиллари, тумандаги 60- умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

  Хонақо маҳалласида туғилиб ўсган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси,  мархум қаҳрамон Fулом Ёқубов хонадонида бўлиб ўтган тадбирда туман мудофаа ишлари бўлими  бошлиғи ўринбосари,  подполковник Холидин Сотволдиев сўз олиб, ёшларимиз мард ва жасур авлодларига муносиб, юртга фидойи бўлишлари кераклигини айтиб ўтди.

 Шундан сўнг "Хонақо маҳалласи тарихи" китоби муаллифи Нажмиддин Ёқубов урушда фашист босқинчиларига қарши жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган Fулом Ёқубовнинг ҳаёти ва кўрсатган жасорати ҳақида гапириб берди.

Тадбир сўнггида шоира Манзура Йўлдошеванинг юртга садоқат, меҳр-муҳаббат ва  ватанпарварлик туйғулари йўғрилган шеърлари ўқилди.

 

Ёқутхон ОБИДОВА

"Соғлом халқ, соғлом миллатгина - буюк ишларга қодир"

Асака тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида        "Соғлом халқ, соғлом миллатгина - буюк ишларга қодир" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда бўлим ишчи-ходимлари, туман соғлиқни сақлаш бўлими мутасаддилари, тиббиёт соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий шифокорлар иштирок этдилар.

 Тадбир аввалида ўтган 2019 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар, ютуқ ва камчиликларга тўхталиб ўтилди. Жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида фикрлашилди.

Асака шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими мудири Абдураҳмон Паттаев, меҳнат фахрийси Fуломжон Неъматов ва бошқалар аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар самарасини ошириш давлатимизнинг доимий эътиборида экани, халқимизни рози қилиш учун, аввало, тиббий хизмат сифатини юксалтириш лозимлигини таъкидладилар.

Тадбир давомида ёш тиббиёт ходимлари ўртасида беллашув ташкил этилди. Касбга оид савол-жавоб, биринчи ёрдам кўрсатиш, эркин мавзу каби шартлар бўйича беллашган ҳамширалар орасида жонлантириш бўлими ҳамшираси Севара Шамсуддинова ғолиб деб топилди. 

Беллашув ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, соҳада самарали фаолият кўрсатиб келаётган ходимлар, тиббиёт фахрийларига Асака туман тиббиёт бирлашмасининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Хушовоз хонандалар Тўтихон Турдалиева, Муножотхон Солиева ижросидаги шўх қўшиқ ва рақслар  тадбирга кўтаринкилик бағишлади.

 

 Манзурахон ЮЛДАШЕВА,

тиббиёт ходими.

Орзулари ушалсин

Иқтидорли ёшларимиз

Ойшабону беш-олти ёшданоқ рақс санъатига қизиқиб қолди. Зангори экран орқали раққосаларнинг ҳаракатларини берилиб томоша қилар, ўзи ҳам улардек рақс машқларини бажарар эди.

Ойшабону илк рақсини 1-синфга борганда, биринчи қўнғироқ тантаналари куни намойиш этди. Ўша куни у хоразмча лазгига ўйнаб, мактабдошлари, ўқитувчиларини лол қолдирганди.

Қўрғонтепа туманидаги     45-умумтаълим мактабининг 5-синфида ўқиётган Ойшабону Қўзибоева турли байрамларда ташкил этиладиган тадбирларда, ўзининг жозибали рақсларини намойиш этиб, барчани хушнуд этмоқда. Туманлараро рақс кўрик-танловларида ҳам ўзининг гўзал рақслари билан қатнашиб, муносиб ўринларни олишга муваффақ бўлмоқда.

Ёш раққосанинг онаси Дилбархон хореограф. У қизининг санъатга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлайди. Ойшабонуга рақс санъати сирларини пухта ўргатиб бормоқда. Қизалоқнинг репертуаридан турли халқларнинг рақслари ўрин олган.

Рақсга ошнолик Ойшабонунинг ўқишларига асло ҳалақит бермайди. Аксинча, руҳий қувват бериб, интилишини янада кучайтиради. Ёш раққоса барча фанларни қизиқиб ўрганади. Айниқса, адабиёт, шеърият унинг жону дили. Ўзи ҳам кичик-кичик ҳикоялар, шеърлар машқ қилиб туради.

Уйимиз чироғи меҳнаткаш бобом,

Нурлидир юзлари, дуогўй ҳар дам.

Бир қарасам деворларни оқлайди,

Бир қарасам, мириқиб ухлайди.

Ҳа, нима, боболар ҳам чарчайди,  - дея шеър ёзибди Ойшабону бобоси ҳақида.

Қизалоқнинг орзулари бир жаҳон. Гоҳ санъаткор бўлишни, рақснинг  сеҳрли оламида тенгсиз бўлиб, дунёни лол қолдиришни истаса, гоҳ моҳир суҳандон бўлиб етишишни, соҳир овоз, чиройли нутқи билан одамлар қалбидан жой олишни истайди. Гоҳ қалами ўткир журналист бўлиб, халқ дардини, жамиятдаги муаммоларни ёритишни орзу қилади.

Келажакда қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, Ойшабону ҳаётда етук инсон бўлиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшсин. Унга орзу-мақсадлари йўлида собитқадам бўлишини тилаб қоламиз.

Инобатхон МАМАТХОЖИЕВА,

Қўрғонтепа тумани.

Фарзандингиздан меҳрингизни аяманг

Мулоҳаза

Ҳар бир ота-она фарзандининг ақлли, билимдон, юксак салоҳиятли, шу билан бирга, ота-онасига меҳрибон, қобил фарзанд бўлиб улғайишини хоҳлайди. Бироқ, таълим ва тарбия фақат бир томонлама бўлмаслиги, бу борада мактаб билан оила доимий, узвий ҳамкорликда бўлиши муҳимдир. Афсуски, ҳозир ҳамма тирикчилик ташвиши билан банд. Вақти келса, фарзандига етарлича вақт ажратолмайдиган, мактабда йилда бир ёки икки марта бўладиган ота-оналар мажлисига келишга ҳам вақт тополмайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас.

Ота-она фарзандининг ўқитувчиси билан доимий боғланиб туриши, боладаги ҳар бир ўзгариш, жараёнлардан бохабар бўлиши лозим. Шунингдек, боланинг оиладаги мавқеини ўз ўрнига қўйиши керак. Педагог сифатида тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, мактаб ёшида, айниқса, бошланғич синф даврида болажонлар катталардан меҳр кутадилар. Жажжи қалблари билан ҳамма нарсани сезадилар. Оиладаги ҳар бир жараённи кузатиб борадилар.

Болага таълим-тарбия бериш, кучли назорат қилишдан олдин энг аввало, меҳр бериш керак. Меҳр бу, фарзанднинг барча айтганларини муҳайё қилиш, яхши едириб-ичиришгина эмас, балки унинг одоб-аҳлоқи, келажаги учун мустаҳкам замин яратишдир.

Доктор Али Саллобий кимда-ким фарзандларини руҳий хасталиклардан сақлашни ва буюк шахсият эгаси бўлишини истаса, қуйидаги тавсияларга риоя қилса, яхши натижага эришади, деганлар.

- Фарзанд билан ҳар куни 20 дақиқа дўстона суҳбат (мактаби, ўқиши ҳақида гапирмай ва панд насиҳатсиз).

- Ҳар куни 5-10 марта фарзандга меҳр-муҳаббат ҳисларини изҳор қилиш.

- Ҳар куни 5 марта     фарзанднинг яхши ахлоқи, чиройли амалига мақтов айтиш.

- Ҳар куни фарзанднинг ўзини тутиши ва кўринишига мақтов айтиш (табассуми, чиройли, соғлом қадам ташлаши…)

- Ҳафтада бир марта фарзанд билан уйдан ташқаридаги машғулотни бирга бажариш (пиёда юриш, спорт билан шуғулланиш, автоуловда сайр қилиш…).

- Уйқудан олдин "Фалон яхши ишни бажарганингда, ўзимни жуда бахтиёр ҳис қилдим", "Укангга қараганинг - жуда катта иш", "Фалон келишувимизга амал қилганинг мен учун фахр" кабилар орқали ўз ризолигини билдириб туриш.

- Ҳар куни камида 3 дақиқа болага тўлиқ қулоқ солиш,  холи, тинч жойда фарзандга хоҳлаган гапини, чегара ва қайдларсиз гапиришига рухсат бериб, қулоқ тутиш.

Фарзандига бўлган муҳаббатни изҳор қилиш учун бошини силаш (меҳрибонлик ва   шафқатни ифодалайди), бошига қўлни қўйиш (фахрланишни ифода қилади), қўлни пешонасига қўйиш(тинчлантиради), қўлини тутиш(ота-она билан бола ўртасидаги алоқани кучайтиради), агар асабий бўлса, кўксини силаш билан тинчлантириш керак. 

Болага берилган меҳр, эътибор, ҳеч қачон беиз кетмайди. Бунинг самарасини, фарзандларингиз роҳатини албатта, кўрасиз. Фарзандингизга ўз меҳрингизни изҳор қилиш     орқали ўртангизда кучли бир алоқа вужудга келсинки, у ўзига ишонган, чиройли хулқ эгаси, итоатли, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатли, юксак билим ва иқтидор эгаси бўлиб улғайсин, келажакда комил инсон бўлиб етишсин.

Демак, фарзандингиз муваффақияти учун ундан меҳрингизни аяманг. 

Маҳмудахон ҚОДИРОВА,

 

Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби  ўқитувчиси. 

Ажрашиш арафасидаги оилалар яраштирилди

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳмудова иштирокида  оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилалардаги муаммо ва низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, ажрашиш остонасида турган оилаларни яраштириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Йиғилишни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова олиб борди.

Вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, фуқаролик ишлари бўйича судлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни    мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, имом-хатиблар, низоли ҳамда ажрашиш арафасида турган оилалар вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги       маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, президентимиз ташаббуси билан бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги  таъкидланди.

- Оила, оналик ва болалик давлатимиз ҳимоясида эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим, - дейди Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳмудова. -  Шу маънода оила манфаатларини ҳимоя қилиш, бугунги кунда оилаларни қийнаётган муаммо ва низоларни бартараф этиш, айниқса, ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган.

Тадбир иштирокчиларига ажримлар, оилада ва фарзанд тарбиясида юзага келаётган муаммолар, қайнона-келин муносабатларидаги низолар оилани парокандаликка олиб келиши, бундай ҳолатларнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган видеофильм намойиш этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳмудова томонидан оилалардаги муаммоларни бартараф этиш, ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштириш бўйича мулоқотлар ўтказилди.

- Бир йилдан буён ота уйимда яшайман, - дейди Улуғнор туманидаги "Мингчинор" маҳалласига келин бўлиб тушган Нодирахон Тўйчиева. - Бир ҳовлида уч келин, қайнота-қайнонам - тўрт оила яшаймиз. Шароит қийинлигидан кўп жанжал бўлади. Бир нафар фарзандимиз бор, турмуш ўртоғим мавсумий ишлар билан банд. Уй солиш учун ер участкаси берилишини сўраб ҳокимиятга кўп бор мурожаат қилдик. Ҳозирча бу муаммомиз ҳал бўлгани йўқ. Фарзандим тирик етим бўлишини, ажрашишни хоҳламайман.  

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ажримларнинг олдини олишга ёши улуғ инсонлар масъул эканлиги, оиланинг муқаддаслиги, қайноналар фарзандларининг бахтли бўлишлари, келин-куёвлар оиласини асраб қолиши, фарзандларининг тирик етим бўлиб қолмаслиги учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиши кераклиги, бунинг учун энг аввало, кечиримли бўлишлари кераклигини тушунтирди.

Мулоқот давомида турли низолар туфайли пароканда бўлиб турган кўплаб оилалар, ажрашишни ният қилган келин-куёвлар, тош отишаётган қайнона-келинлар бир-бирларидан кечирим сўраб, биргаликда аҳил яшашга ваъда бердилар.

Тадбир доирасидаги мулоқотларда инсон сабрли бўлиши, айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлашда турли       қийинчиликларни енгиб ўтиш, ота-боболаримиз, ҳатто уруш, қаҳатчилик йилларида ҳам турли қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтганлиги, халқимизнинг оилани мустаҳкамлаш борасидаги қадим ва бетакрор қадриятлари мисолида уларга оилаларини сақлаб қолиш,   мустаҳкамлаш тушунтирилди. Суҳбатлар давомида кўплаб келин-куёвлар, қайноналар ўз хатоларини англаб, бундан буён аҳил яшашга келишиб олдилар.

- Икки нафар фарзандим бор, - дейди Шаҳрихон туманида яшовчи Рўзихон Умиджонова. - Турмуш ўртоғим билан аҳил яшаймиз. Бироқ турмушидан ажраб келган қайнсинглим тинч яшашимизга қўймаяпти. Уйингга кетасан, деб ҳар куни жанжал чиқаради. Унинг хатти-ҳаракатларига қайнона-қайнотам ҳам қаршилик қила олмаяпти. Бу оиладан кетсам икки фарзандим билан ота уйимга ҳам сиғмайман. Мен ҳар қандай қийинчиликка сабр билан чидашга тайёрман, фақат фарзандларим отасиз ўсишини истамайман.

Мулоқот давомида ажрашиш арафасида турган кўплаб оилалар яраштирилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Аёлнинг бир томчи ёшига...

Аёлнинг бир томчи ёшига арзир,

Эркаклар аёлни йиғлатмайдилар.

Қалбини, қўлини бўш қилиб қўйиб,

Бегона қўлларга қаратмайдилар.

Эркаклик даъвосин қилмасин йўқса...

 

Аёлнинг бир томчи ёшига арзир,

Эркаклар берган ҳар сўзида турар.

Аёлин йиғлатиб қилмайди ишрат,

Улар чин садоқат йўлида юрар.

Арслонга ўзин тенг кўрмасин йўқса...

 

Аёлнинг бир томчи ёшига арзир,

Эркакнинг аёли азобланмайди.

Дунёнинг минг ташвиш ғамини кўриб,

Юраги заҳарда зардобланмайди.

Бошида эрман, - деб, турмасин йўқса...

 

Аёлнинг бир томчи ёшига арзир,

Эркаклар кўчада улфатдош бўлар.

Уйда фарзандлари, аёли билан,

Оила даврасида суҳбатдош бўлар.

Отаман деб, ғурур туймасин йўқса...

 

Аёлнинг бир томчи ёшига арзир,

Эркакка минг карра этамиз таъзим.

 

 

Сожида САИДОВА

ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ПРЕЗИДЕНТ СОВFАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи жисмоний имконияти чекланган бир гуруҳ хотин-қизларга ногиронлик аравачалари топширилди.

Ногиронлик аравачаларини топширишга бағишланган тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, жисмоний имконияти чекланган инсонларга ёрдам кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган опа-сингилларимизга ногиронлик аравачаси, реабилитация жиҳозлари - эшитиш воситаси, хасса, қўлтиқтаёқ,  юриш мосламалари бериб келинмоқда.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулойҳо Маҳмудова ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова Андижон шаҳрида яшовчи 14 нафар жисмоний имконияти чекланган хотин-қизга Президент совғаси сифатида ногиронлик аравачаларини топширдилар.

-      Кўрсатилган эътибордан бошим кўкка етди, - дейди Андижон шаҳридаги "Уйғуробод" маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Дилором Усмоналиева. - Уч нафар фарзандим бор, ҳаётда жуда кўп қийналдим. Ногиронлик аравачаси олишга ҳеч ортина олмаганмиз. Мен каби ҳаётда қийналган, жамиятдан ажраб қолган кўнгли ўксик инсонларга эътибор қаратаётган, кўмак бераётган Президентимизга, яхши инсонларга мингдан-минг раҳмат. Халқимиз бахтига юртбошимиз омон бўлсин.

Таъкидлаш керакки, ўтган йили биргина Андижон вилоятининг ўзида минг нафарга яқин фуқарога ногиронлик аравачалари тақдим этилди.

 

Оминахон ИБРАГИМОВА,

 

Андижон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси.

"СИЧҚОН ЙИЛИ" ХУСУСИЯТЛАРИ

Хитой мифологияси манбааларида таъкидланишича, сичқон ақлли жонзотлар сирасига киради. У ўзининг ноёб жиҳатларини яхши билади, шу боис ундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади.

 "Сичқон йили" ҳақида ривоятлар кўп. Ушбу ривоятларда "Сичқон йили" одамларга катта омад, моддий бойлик ва фаровонлик бахш этади, муаммоларни тўғри хал этишга кўмаклашади.

Бир ривоятда таъкидланишича, Будда мучал йилларини белгилаш учун ҳайвонларни чорлаганда сичқон барча ҳайвонлар устидан ирғиб ўтиб, маъбуданинг қўлига биринчи бўлиб тушган экан. Шу боис, у мучал йилларининг бошига қўйилган экан.

Пул - "Сичқон йили"нинг тимсолидир. Хўжалик(оила)ни оқилона юритиш, тежамкорликка алоҳида эътибор бериш, бу йилнинг асосий белгилари ҳисобланади.

 

"Сичқон" ўз табиатига кўра, ёрқин рангларни, баланд овозни, шовқин-суронни, кескин ҳаракатларни ётиришмайди. Шу боис, "Сичқон йили" омадли бўлиши учун  аёл-у эркак либосларини, хатти-ҳаракатларини жорий йил характерига мослаштиргани маъқул. 

Мамлакатимизда болаларни бир ёшдан боғчага беришга рухсат берилди

Эшитдингизми?

2019 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти "Mактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги қонунни имзолаган.

Қонунда давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлаши белгиланган.

Шунингдек, ҳужжатда мактабгача бўлган ёш ва унинг қай тартибда тоифаланиши аниқ белгилаб қўйилган.

Хусусан, мазкур қонунда мактабгача бўлган ёш ва унинг даврлари қуйидагича:

* Гўдаклик (туғилганидан бир ёшгача);

* Илк болалик (бир ёшдан уч ёшгача);

* Mактабгача бўлган кичик ёш (уч ёшдан тўрт ёшгача);

* Mактабгача бўлган ўртача ёш (тўрт ёшдан беш ёшгача);

* Mактабгача бўлган катта ёш (беш ёшдан етти ёшгача).

 

Дилхумор

ОСТАНАМИРЗАЕВА

 

тайёрлади.

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ПОЭТИК МАҲОРАТИ

Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги олдидан

Адабиётимизда ўзининг буюк истеъдоди, чексиз бадиий маҳорати билан катта шуҳрат қозонган мутафаккир адиблардан бири, сўз мулкининг султони Алишер Навоийдир. 

Шоир олтмиш йил умр кўрган бўлса-да, ана шу давр мобайнида жуда самарали ижод қилди. Айниқса, унинг жаҳон мумтоз адабиётида ўзига хос шеърий маҳорат билан шуҳрат қозонганлиги таҳсинга сазовордир. 

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий умри давомида "Бадое ул-бидоя", "Наводир ун-ниҳоя" номли иккита девон, "Хазойин ул-маоний" номли тўртта девондан иборат лирик мажмуа, "Девони Фоний" номи билан форс-тожик тилида яна бир девон яратиб, ўз девонлари сонини еттитага етказган. Демак, шоир ўзиниг бутун умри давомида еттита шоирнинг ишини бажара олган дейиш мумкин.

Шоир девонларини варақлар эканмиз, уларда шунчаки ёзилган ғазалларни учратмаймиз. Алишер Навоий яратган ҳар бир ғазалида китобхонга маълум бир гап айтади. Шу билан бирга шоир ўз ғазалларида мумтоз шеърий санъатларни қўллаш орқали ғазал мухлисларига завқ-шавқ бағишлайди.

Шеърий санъат ғазалга гўзаллик бахш этади, китобхон қалбида ўзгача ҳузур уйғотади. Мана шу каби байтлардан бири:

Ҳусни ортар юзда зулфин анбарафшон айлагач,

Шамъ равшанроқ бўлур торин паришон айлагач.

Ушбу байтда шоир ташбеҳ (ўхшатиш) санъатини қўллаб, "ёр сочини юзи бўйлаб ёйса, ҳусни янада ортади. Бу гўё шам ўз тори (ипи)ни ёйса, янада ёришганига ўхшайди", дейди.

Яна бир байтда  шоир тажоҳули орифона (билиб-билмасликка солиш)  санъатининг гўзал намунасини қўллаб шундай дейди:

Юзни гуллардин безабму бизни қурбон айладинг,

Ё  юзунгга тегди қонлар бизни қурбон айлагач.

Шоир ёрига қарата "Юзингни гуллар билан безаб бизни қурбон айладингми  ёки бизни қурбон этганингдан сўнг юзингга қонлар сачрадими?" -дея ёр юзидаги қизилликка ишора қилади, яъни ўзини била туриб билмасликка солади.

Шоирнинг мана бу байтида эса мумтоз шеъриятнинг талмеҳ санъати қўлланилган:

Жонда қўйғоч нақд ишқинг қилди кўнглумни ҳалок,

Ўлтурур маҳрамни султон ганж пинҳон айлагач.

Қадимда шоҳлар ўз бойлигини бир чекка жойларга қудуқ қаздириб яшириб қўйганлар. Бойликни яширган хизматкорни эса, сир очилиб қолмасин, деб қатл эттирган. Навоий шу тарихий ҳодисага ишора қилиб, ёрига қарата "сенинг ишқингни жонимга яширган  эдим, у кўнглимни ҳалок қилди", дейди. 

Адабиёт дарсларида ўқувчиларга шу каби шеърий санъатларни таҳлил қилиб берсак, уларнинг қалбида мумтоз адабиётимизга бўлган қизиқиш ва меҳр-муҳаббатни янада кўп меҳр-муҳаббат уйғотамиз.

 

Дилфузахон Ботирова, Асака туманидаги