+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҲАРАКАТДАГИ ЗАМИН

Сирли сайёра

Ер ўз ўқи атрофида айланиш билан бир вақтда  қуёш атрофида ғарбдан шарққа томон айланади. Ернинг қуёш атрофида айланиб чиқиши учун кетган вақт 365 сутка 5 соат 48 минут 46 секундга тенг. Ернинг қуёш атрофида айланиб ўтадиган йўлни ер орбитаси деб аталиб, унинг узунлиги 930-940 миллион км.га тенг.

Хулоса шуки, 940 миллион км. масофани 365 сутка 6 соат вақт ичида айланиб ўтса, Ер ҳаракатининг тезлиги 29,5 км./секундга тўғри келади. Ердан Қуёшгача бўлган масофа 150 миллион километрга тенг. Ер Қуёшдан шундай узоқликда жойлашганки, Ер ўз ўқи атрофида бир текисда айланиш имкониятига эга. Ернинг Қуёш атрофида айланиб юриши натижасида ерда тўрт фасл пайдо бўлади. Тўрт фаслнинг пайдо бўлишига сабаб, Ернинг ўз ўқига нисбатан 66,5о қияликда жойлашганлигидир, шу туфайли Қуёшдан келган нурларнинг Ерга тушиш бурчаги йил давомида ўзгариб туради. Масалан: ҳар йили 21 март ва 23 сентябрда Ернинг экваторига Қуёш 90о бурчак асосида нур сочади, натижада Ернинг шимолий ва жанубий ярим шарларида тенг кунликлар бошланади.

Ҳар йили 22 декабрда Қуёшдан келаётган нурнинг тушиш бурчаги 23,5о жанубий кенгликка 90о бурчак билан тушади. Шу кун 66,5о жанубий кенгликларда (Антарктида ярим ороли) бир сутка Қуёш ботмай туради. Шу куни 66,5о шимолий кенгликларда (Канаданинг шимолий қисми, Баффинг Ери ороли, Гренландия оролининг жанубий қисми, Россиянинг шимолий ҳудудлари), бир сутка қуёш чиқмайди. Бунинг натижасида жанубий қутб доирасидаги жанубдан тоғ қутбларигача бўлган жойларда бир неча кунгача қутб кунлари (доимий кун) бошланади.

Ҳар йили 22 июнда Қуёшдан келаётган нурлар 23,5о шимолий кенгликларга 90о бурчак билан тушади Натижада шу куни 66,5о жанубий кенгликларда бир сутка Қуёш чиқмайди. 90о шимолий ва жанубий кенгликларда Қуёш ботмайдиган кунлар 186 сутка, Қуёш чиқмайдиган кунлар 179 сутка давоми этади.

Ер Қуёш атрофида 365 сутка 6 соатда бир марта айланиб чиқади, 6 соат 4 йилда бир суткани ташкил этади. Бунинг натижасида ҳар 4 йилда бир марта 366 сутка бўлади. Шу йили кабиса куни деб аталади. Февраль ойи шу йили 29 кундан иборат бўлади.

 

Ёрқиной СУЛАЙМОНОВА,

Избоскан туманидаги

 

11-умумтаълими мактаби география фани ўқитувчиси.   

ҚАЙНОТА ОИЛАНИНГ УСТУНИДИР

Муносабат

Қиз узатиш, ўғил уйлаш, юртга ош бериш орзуси ҳар бир ўзбекнинг қалбидаги улуғ ниятлардан бири. Бироқ, кейинги пайтларда бемаъни орзу-ҳавас, янгича урф-одатларнинг кўпайиши айрим фуқароларимизни молиявий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўйди. Тўйлар дабдаба ва ўзини-ўзи кўз-кўз қилиш воситасига айланиб қолган эди. Шукрки, аёлларимиз тарафидан ўйлаб топилаётган ҳар-хил урф-одатлар, 40 кунгача мазар ташишлар анча қисқарди, лекин барибир, буткул йўқотилганича йўқ. Бу эса қиз узатган хонадонни бирмунча қийнаб қўймоқда.

Олий Мажлис сенати ва қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида тўй-ҳашамларни тартибга солиш бўйича низом ишлаб чиқилгани халқимиз учун айни муддао бўлди. Низомда ҳар бир масала - тўйлар, оилавий тантаналар, маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишни тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилган. Тўй ва маъракалардаги исрофгарчилик ва бошқа муаммоларни бартараф этишда маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари, имом хатиблар, отинойилар, маҳалла оқсоқоллари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида зарур чоралар кўрилмоқда, фаолларимиз томонидан ота-оналарга тўйларда кераксиз, ортиқча харажатлар ўрнига, ёшларга ҳаётда зарур бўлган жиҳозлар, маънавиятни оширишга  хизмат қиладиган китоблар берилиши фойдали экани тушунтирилмоқда.

Ҳозирги келин-куёвлар ҳар томонлама бахтли. Тинч ва фаровон замон, ота-оналар ёш оила учун барча шароитни яратиб бермоқда. Бунга фақат шукр келтириб, муносиб ҳаёт кечириш керак, холос. Аммо, арзимаган маиший муаммолар сабаб, орага совуқчилик тушмоқда. Майда-чуйда гаплар, арзимас келишмовчиликлар катталашиб, ёшлар ажралиш остонасигача келиб қолмоқда. Келин-куёв ёш, қайнона ўта талабчан. Келиннинг орқасидан келаётган совға-салом, тоғора-саватдаги мазарни кутади. Кўнгилдагидек бўлмаса, қайнона томонидан пичинг гаплар юзага келади. Ёш куёв учун бир томонда турмуш ўртоғи, бир томонда онаси, нима қилишга ҳайрон.

Ҳикматли гап бор: эркак бош бўлса, хотин бўйин. Бўйин қаёққа бурилса, бош ҳам ўша ёққа бурилади. Эркакларга тўйни камчиқим қилиб ўтказиш, савату тоғорани, мазарни камайтириш ҳақида айтилса, у "хўп" дейди-ю, яна "аёлларимиз билан маслаҳатлашайликчи", дейди. Келин томондан таом, совға-салом келса: "шундай қизни боқиб, катта қилиб, бизга келин қилиб берганингиз учун сизларга катта раҳмат, овора бўлманглар, ҳеч нима керак эмас", дейдиган қайноталар хотинининг жаврашига бепарво бўладилар. Шунда ўйланиб қоламан. Оилада қайнотанинг роли қаерда? Ўғил майдакашлик қилса, қайнона жавраса, "жим бўл, овозингни ўчир", дейдиган, турмушга чиққан қизи келса, "сабр қил, чидайсан, оилада менинг айтганим бўлади", дейдиган эркаклар, оилавий можароларга одилона хукм чиқара оладиган қайноталар қаерда?

Афсуски, ҳозир бундай қайноталар жуда озчиликни ташкил этмоқда. Агар қайнота оила  мустаҳкам бўлишини истаса, оилада ўз ўрнини эгаллаши, аҳли аёлига гапини ўтказа олиши  лозим. Куёвлар эса, келин тарафдан юборилган сарполарни кийишдан, "ўлчами тўғри келмади, ранги ёқмади, алмаштириб беришсин, арзонидан олишмасин" дейишдан ор қилишлари керак. Фарзандли бўлишса, қайнона-қайнотасидан суюнчи олишдан, келиннинг ота-онаси чўнтагига кўз тикишдан уялишлари зарур.

Оила - муқаддас гўша! Инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, бахту- камоли энг аввало, оиласи билан чамбарчас боғлиқ, оилада эса эркакнинг айниқса, қайнотанинг роли катта. Қайнота адолатли, қатъий, сўзини келин-куёвга ҳам, қайнонага ҳам ўтказа оладиган бир сўзли эркак бўлсагина, ажримларни камайтиришга эришиш мумкин, деб ўйлайман. Чунки, қайнота оила мустаҳкамлигини ушлаб турувчи устундир.

 

Замирахон МЎЙДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги "Обод" МФЙ фаоли.

Оила - кичик бир Ватан

Фикр

Оила ва Ватан сўзлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, оила бу  - кичик бир Ватан. Ватан эса остонадан бошланади. Дарҳақиқат, ҳар-бир инсоннинг туғилган, кўз очиб кўрган ва униб-ўсиб вояга етган муаззам даргоҳ бу оиладир. Шундай экан, инсон Ватан ҳақида сўзлаганида, шеър, ғазал битганида ёки расм чизганида ҳеч шубҳасиз, энг аввало, оиласи кўз ўнгида гавдаланади. Ватанни севиш, улуғлаш оиладан бошланади.

Зеро, оила ҳар бир шахснинг жондан-да азиз бўлган ака-ука ёки опа-сингиллари, ёру-фарзандлари ва албатта, ота-онасини бирлаштириб турувчи муқаддас қўрғон, жамиятнинг бош бўғинидир. Агар, оила бўлмаса халқ ҳам, юрт ҳам бўлмайди. Чунки, оилалар бирлашиб, кучли бир юртни, давлатни барпо қилади. Ҳар бир шахс она Ватани гуллаб яшнашини, ҳеч бир ёвуз куч унга таҳдид солмаслигини истаса, авваламбор, оиласини мустаҳкам қилмоғи лозим.

 Оилани кўз қорачиғимиздай асрашимиз жоизлиги муқаддас китобимиз - Қуръони каримда, Бош Қомусимизда ёзиб ўтилган. Ҳадиси шарифларда агар бир оила бузилса, парокандаликка юз тутса, бутун аршу-аъло титраршлиги келтирилган. 

Оила шундай бир мўътабар масканки, унда жамият учун, юрт равнақи учун хизмат қилувчи шахс вояга етади, камол топади. Инсоннинг жамиятда ўз ўрнини қай даражада топиши, қандай хулқ-атвор, одб-ахлоқ эгаси  бўлишида оила ва ундаги муҳит муҳим роль ўйнайди. Хусусан, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов оила ҳақида гапирганида "Оиладаги маънавий муҳит ва тарбия туфайли бола ё меҳрибон ва раҳмдил, ёки худбин ва бағритош бўлиб етишади", деган эди.

"Қуш уясида кўрганини қилади", деган халқ мақол ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Оила мустаҳкам бўлмоғи учун ҳар бир ота-она фарзандининг тарбиясига яхши эътибор бермоғи, унга оила муқаддас ва азиз даргоҳ эканлигини, уни доимо асраш жоизлигини уқтириши керак. Шундагина, ёш авлод оиласини, Ватанини  севувчи, унинг тараққий топиши учун беминнат хизмат қилувчи, таъбир жоиз бўлса, жон фидо этувчи баркамол шахс бўлиб вояга етади.

 

Юлдузхон РАВШАНБЕКОВА,

Жалақудуқ тумани.

Келажакда логистика соҳасининг етук мутахассиси бўламан, - дейди ёш иқтидор соҳибаси Зилолахон Жалолова.

Иқтидорли ёшларимиз

Зилолахон Жалолова асли Қўрғонтепанинг Дардоқ қишлоғида туғилиб, ўсган. Қишлоқдаги 21-мактабда таҳсил олган бу қиз болалигидан илм олишга чанқоқ эди. Мактабда барча фанлардан фақат аъло баҳоларга ўқиди, айниқса, математика, ўзбек тили ва адабиёти фанларини ўзлаштиришга ўзгача меҳр билан қарарди. Билмаганларини устозларидан сўраб ўрганишдан чарчамасди.

Ҳозирда у Андижон машинасозлик институтининг транспорт ва логистика факультетининг 4-босқичида ўқийди. Олийгоҳда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, республика миқёсида ўтказилаётган турли илмий анжуманлар, ижодий танлов ва фестивалларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Зилола 2017 йилда институт факультетлари аро ўтказилган математика фан олимпиадасида ғолиб бўлган. Шу билан бирга, "Қонун устувор бўлган юрт ёшларининг келажаги порлоқдир", "Инновацион технологиялар, таълим босқичлари интеграцияси", "Ислом Каримов - Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти ва буюк давлат арбоби", "Замонавий ишлаб чиқаришнинг иш самарадорлиги ва энергоресурс тежамкорлигини ошириш муаммолари", "Йил талабаси", "Йилнинг энг ижодкор талабаси" сингари ўнлаб танлов, анжуманларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.  Ўқишда, жамоат ишларидаги фаоллиги, ташаббускор ва изланувчанлиги, кўплаб илмий, маънавий-маърифий мақолалари учун у ўтган йили Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлди.

Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг, институтдаги "Қизларжон" клубининг фаол аъоларидан бири сифатида ҳар бир ишда тенгдошларига намуна бўлиб келади, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда фаоллик кўрсатади.

-      Олийгоҳимизда иқтидорли қизларимиз жуда кўп, - дейди Хотин-қизлар қўмитаси     институт бошланғич ташкилоти раиси Раънохон Юсупова. - Илм-фан чўққиларини забт этиш йўлида изланиб ўқиётган фаол талабаларимиздан бири Зилола Жалоловадир. У нафақат ўқишда, илмий изланишда, балки талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг фаоллигини ошириш борасида ташкилотимиз олиб бораётган ишларда ҳам фаоллик кўрсатиб келади.

Қаҳрамонимизнинг иқтидор ва муваффақиятлари Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодлар саралаш танловида ҳам эътироф этилди. Ҳакамлар ҳайъати ёш иқтидор соҳибасининг илмий-ижодий ишларини муносиб баҳолаб, уни танловнинг республика саралаш  босқичида иштирок этиш учун тавсия этди.

Зилоланинг қалбида улкан орзу-умидлар бор. Уларнинг рўёби йўлида у интилиш, изланишдан асло тўхтамайди.

- Мақсадим, келажакда логистика соҳасининг малакали мутахассиси бўлиб етишиш, - дейди Зилола Жалолова. - Қолаверса, олиб бораётган  илмий-тадқиқот ишларим билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш, устозларим, ота-онам ишончини оқлашдир.

Ҳа, орзулари ёрқин ва  осмондай баланд бу қизга ўқишда, ишда омадлар тилаб қоламиз. Қалби шижоат, эртанги кунга умид туйғулари билан тўлган Зилола албатта, ўз мақсадларига эришади, Ватаннинг муносиб фарзанди бўлиб камол топади.

 

 

Сожида САИДОВА

FИЙБАТ ҚИЛИШЛИК УЛКАН ГУНОҲДИР

Аллоҳ таоло инсонга ер юзидаги бошқа маҳлуқотларга берилмаган онг, тафаккур, тил, сўзлашиш каби қатор фазилатларни инъом этган. Хусусан, нутқ кишига ўз фикри, қарашлари ва ҳис-туйғуларини бошқаларга тушунтириш имконини берувчи воситадир. Ундан қандай фойдаланиш эса ҳар бир кишининг идроки, билими ва одоб-аҳлоқига боғлиқ.

Бугун орамиздаги айрим кишилар забони, яъни гап-сўзлари билан  кимларгадир зиён-заҳмат етказади, ўзгалар дилига озор беради. Афсуски, ҳозирги кунда ҳаётимизда, одамлар ўртасидаги муносабатларда авж олиб бораётган ғийбат, туҳмат, бўҳтон каби иллатлар инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кимларнингдир тинч ҳаётини остун-устун қилмоқда, кимларнингдир ширин оиласини бузиб юбормоқда. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби албатта, илмсизлик, бекорчилик, ёхуд ана шундай ҳолатлар содир этаётган инсонларда одоб-аҳлоқнинг етишмаслигидандир.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидай бу каби кишилар ҳар ерда топилади. Уларнинг ғийбатларидан қанча-қанча инсонлар азият чекаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бўҳтон, бўлмаган гап-сўзлари ортидан қанчадан-қанча ёш оилалар бузилиб, гўдаклар онасиз ёки ота меҳрига зор бўлиб улғаяётганлиги, ҳали узатилганига кўп вақт бўлмаган айрим қизларнинг бахти ярим бўлиб қолаётганлиги қанчалар қабиҳ ва гуноҳ иш эканлигини ана шу тоифа кишилари афсуски, англаб етмаяптилар.

 Ҳасад ва душманлик йўлида ўйлаб топилган уйдирмалар элга ёйилиб, шарм ҳаёли, ор-номусли кишиларнинг номи қора бўлиб қолаётганлиги ҳам жуда ачинарлидир. Муқаддас динимизда инсон ўзининг юртдоши, маҳалладоши ёинки, қўни-қўшни ва бирон яқин кишисига ёмонликни раво кўриши, тили, қилган амали билан зиён етказиши гуноҳ саналади. Тил бизга яхши сўзлар айтиш, меҳр улашиш учун берилганлигини асло унутмайлик. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган: "Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўзининг ўлган биродарини гўштини ейишни яхши кўрурми? Ана ёмон кўрдингизми? (Бас гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир" (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: "Fийбат зинодан ҳам ёмонроқдир". Саҳобалар ҳайратланиб: "Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ", дейишди. У киши айтдилар: "Киши зино қилиб, сўнгра тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади, ғийбатчини ғийбат қилинган кимса кечирмагунича, Аллоҳ унинг гуноҳини кечирмайди". Бу ҳадисдан кўринадики, ғийбат гуноҳларнинг энг каттасидир. Яна бир ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Сизлар ғийбат нима эканлигини биласизларми?" дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ", деб жавоб бердилар. Ҳазрат айтдиларки, "Биродарингизни ўзи ёмон кўрган нарса билан зикр қилмоғингиз", дедилар. Шунда: "Агар айтган сўзимни биродаримда кўрган бўлсам-чи?" дея саҳобалар сўрадилар. Расулимиз "Агар ундаги бор нарсани айтган бўлсангиз, ғийбат қилган бўласиз, агар унда йўқ нарсани айтган бўлсангиз, тухмат қилган бўласиз", деб жавоб бердилар.

Доноларнинг айтишича, инсон бир гуноҳ қилганда унинг қалбига бир қора нуқта тегар экан. Магарки, гуноҳ қилишдан тийилмаса, қалбини буткул қора доғ қоплаб олар ва қалби қулфланиб қолар экан. Бундай қалб эгалари асло яхшилик ва эзгуликни кўра олмай, умр бўйи гуноҳлар ва хатолар ичра яшаб дунёни тарк этадилар. Ҳаётдаги ўзларининг  ана шундай қабиҳ амаллари туфайли қиёматга қадар дўзах азобида қолурлар. Азизлар! Шундай экан, бизга бир бора бериладиган ҳаётимизда амолимизга кечирилмас гуноҳ бўлиб киргувчи ғийбат қилишдан йироқ бўлайлик. Гуноҳнинг ортидан эргашмай, яхши ва эзгу амалларни бажариб, барчага ибрат бўлайлик, одамлар ҳавас қиладиган инсон бўлиб яшашги интилайлик.  Fийбат, тухмат қилишлик катта гуноҳ эканлигини асло унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ғийбатчи, ёлғончи, ўзгаларга бўхтон қилгувчи бандалардан бўлишликни асрасин.

 

Жасурбек СУЛТОНОВ,

Избоскан туманидаги "Умар Ибн Хаттоб" жоме масжиди имоми.

Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил...

Дил туFёни

Бугун ҳаётимиз қандай эканлиги кишиларнинг чеҳрасида, айниқса, кўзларида равшан кўринади. Замондошларимиз чеҳраларидаги  мамнунлик, кўзларидаги масрурлик, тили ва дилларидаги шукроналикни кўриб, қалбим беихтиёр ғурурга тўлади. Боиси, юртимизда  инсон ва унинг манфаатлари барча нарсадан устун. Шуларни ўйлар эканман, мана шундай юрт фарзанди эканлигимдан қувонаман.

Атрофга боқаман, юртдошларим яратиш, яшнатиш иштиёқи билан яшамоқда. Халқимиз ўртасида бирлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик бор. Бир-бирини қўллаб-қувватлайди, бир-бирига яхшилик илинади, оғир кунларида ёрдам қўлини чўзади. Мана шундай халқ билан елкадош ва ватандош бўлишнинг ўзи бир бахт эмас-ми!? Шу Ватан тупроғида туғилганимга яна бир бора шукрона келтираман...

 Мустақиллик - энг улуғ неъмат. Ҳар бир халқнинг тарихи шу халқдан етишиб чиққан буюк сиймолар, мард қаҳрамонлар ва фидойи инсонлар ҳаёти, фаолияти асосида битилади. Истиқлол туфайли халқимизнинг Имом Бухорий, Имом Термизий, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби мард фарзандлари номлари улуғланмоқда, улар қолдирган маънавий мерос кенг    тарғиб қилинмоқдап.

Инсониятни маънавиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маънавият халқнинг, жамият ва давлатнинг буюк бойлиги, куч-қудрати манбаидир. Маънавият бўлмаган ҳаётда ҳеч қачон одамийлик, меҳр-оқибат, бахт ва саодат бўлмаслиги аниқ.      Маънавий бойлик  одамнинг ички дунёси ва иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қила оладиган қудратга эгадир.

 Қадим ва буюк тарих, маданият ва маънавият эгаси бўлган ўзбек халқининг бир зиёли фарзанди сифатида, ана шу бебаҳо бойликни асраб-авайлашга, ёшлар қалбига сингдириш   орқали уларда Ватанга муҳаббат, она халқига садоқатни тарбиялашга, тарих ва адабиётга, ўз она тилига ҳурматни шакллантиришга масъул ва бурчлиман. Ана шу йўналишдаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш менинг олий мақсадимдир. Қолаверса, инсоният орзу-умидларининг рўёбга чиқишини чин кўнгилдан истайман ва бунга қўлдан келганча, кўмаклашмоқни инсонийлик бурчим, деб ҳисоблайман. Зеро, Ҳазрат Алишер Навоий таъкидлаганларидек:

 

Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил,

Ҳам жонлариға мояи дармон бўлғил.

 

 

Гавҳарой ЗОКИРОВА,

ТАБИИЙ ОФАТ ЮЗ БЕРГАНДА ҲОЛАТ ҚАНДАЙ БОШҚАРИЛАДИ?

Лойиҳа

 

Андижон шаҳридаги 48-умумтаълим мактабида "Табиий офатлар юз берганда ҳолатни бошқариш" лойиҳаси доирасида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти ҳамда Хитой  Қизил Хоч жамияти ўртасида тузилган келишув асосида амалга оширилаётган юқоридаги лойиҳа доирасида Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти томонидан ўтказилган тадбирда вилоят фавқулотда вазиятлар,  соғлиқни сақлаш бошқармалари мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, ташкилотнинг туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарлари, ўқувчи ёшлар иштирок этди.

- Лойиҳанинг асосий мақсади, аҳоли, мактаб, мактабгача таълим ташкилотларининг   фавқулодда вазиятларга қарши туриш қобилиятини мустаҳкамлаш  орқали халокат хавфини камайтиришдан иборат, - дейди Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти раҳбари Холидахон Мирзараҳимова. - Лойиҳа доирасидаги амалга ошириладиган ишлар аҳолининг ана шу йўналишдаги билдим ва кўникмаларини янада бойитади.

Хусусан, лойиҳа давомида маҳаллалар аҳолиси, мактаблар ўқитувчи ва ўқувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари ходим ва тарбияланувчилари учун фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракатланиш,     жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини      шакллантириш бўйича семинарлар ўтказиш, маҳаллалар, мактабгача таълим ташкилотларида Фуқаро муҳофазаси тузилмаларини, умумтаълим мактабларида Ёш қутқарувчилар тўгараклари тузиш, Санитар постлар ташкил этишга қаратилган ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Тадбирда мутахассислар томонидан  лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар, фавқулодда вазиятлар юз берганда ҳолатни бошқариш, ҳаракатланиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш  бўйича амалий кўргазмалар, хорижий тажрибалар асосида кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Шунингдек, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш,  тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот тарзида ўтган тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Эльмира Садовникова,

Қизил Ярим Ой  жамияти вилоят ташкилоти мутахассиси.

ТАРИХИЙ ЁДГОРЛИКЛАР - ЎЛМАС МЕРОСИМИЗ

Танлов

Марҳамат туманида қадим ёдгорликлар ва тарихий жойларни, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб этишга бағишланган илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

 "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди томонидан ўтказилган тадбирда тарихчилар, ёзувчи ва шоирлар, ўлкашунослар, олимлар, ижодкор ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда юртимизнинг тарихий ёдгорликлари ва зиёратгоҳларини асраш, ободонлаштириш, улар ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунча ва билимлар бериш, ички туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 - Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, вилоятимиздаги тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ана шу жойларда ободонлаштириш ишлари кўламини кенгайтириш, туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган, - дейди "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди раҳбари Ортиқали Хусанов. - Қолаверса, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, аҳоли, хусусан, ёшларнинг тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжолар ҳақидаги билим ва тушунчаларини юксалтириш орқали уларда қадим тарихимизга, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини мустаҳамлашдан иборат.

Тадбир иштирокчилари туман марказидаги "Хотира хиёбони"да ташкил этилган "Мингтепа" музейи фаолияти, музейдаги юртимизнинг минг йиллик тарихидан сўзловчи, қадим Давон давлати даврига оид ноёб экспонатлар билан танишдилар.

Шунингдек, тадбир доирасида  "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган "Мингтепа тарихини ўрганишда Манноп Эгамбердиевнинг "Сариқ аждар ҳамласи" тарихий романининг ўрни" мавзусидаги танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

  Фарғона водийсидаги тарихий жойлар, Мингтепа ёдгорлигини тарғиб этиш бўйича беш йўналиш бўйича ўтказилган танловда 100 нафардан зиёд олим, ижодкор ва талабалар ўзларининг 150 дан ортиқ ижодий ишлари, бадиий ва тасвирий санъат асарлари, илмий мақолалари билан иштирок этди.

Нуфузли ҳакамлар хайъатининг хулосасига кўра, "Манноп Эгамбердиевнинг ижоди ва фаолиятига оид энг яхши мақола" номинацияси бўйича физика-математика фанлари номзоди, "Фан ва турмуш" журнали масъул котиби Хайдарали Орипов, "Сариқ аждар ҳамласи" романининг тарихий аҳамияти мавзусида энг яхши тарихий мақола" номинацияси бўйича АДУ талабаси Захро Шухратова "Сариқ аждар ҳамласи" романининг тарихий аҳамияти мавзусида энг яхши бадиий асар номинацияси бўйича ижодкор Сарвиноз Олимжонова, "Сариқ аждар ҳамласи" романи ва Мингтепа тарихига оид ишланган энг яхши тасвирий санъат асари» номинацияси бўйич АДУ жамоаси, шунингдек, мавзу доирасидаги "Энг яхши телекўрсатув" номинацияси бўйича тележурналист Иброҳимжон Зуфаров ғолиб деб топилди.

Танловнинг ғолиб, совриндор ва фаол иштирокчилари фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

"Мингтепа маданий мерос" жамоат фонди томонидан танловда қатнашган барча иштирокчиларга "Сариқ аждар хамласи" романи (1- ва 2- китоблари) совға қилинди.

 

Шаҳло ХУСАНОВА,

 

"Мингтепа маданий мерос" жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси.

БИЗ БАХТЛИ, БИЛИМЛИ БОЛАЛАРМИЗ

Ташаббус

Избоскан туманидаги Солбоши маҳалласида жойлашган 7-мактабгача таълим ташкилотида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижроси доирасида "Биз бахтли, билимли болалармиз" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Саидахон Хўжаева раҳбарлик қилаётган мазкур ташкилот аввал филиал сифатида фаолият юритган бўлса, ўтган йилдан бошлаб мустақил иш олиб бормоқда. Ташкилот биноси анча эскирган, таъмирга муҳтож бўлса-да, мавжуд имкониятилардан унумли фойдаланган ҳолда айни кунда бу ерда 75 нафардан зиёд болажонлар тарбияланмоқда. Ташкилотда рус, инглиз тили, мусиқа,  шунингдек, "Зумрадойлар" тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.

Ташкилот жамоаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда тарбияланувчилар, уларнинг ота-оналари, туман мактабгача таълим бўлими вакиллари иштирок этди.

Шаҳзода Нуриддинова, Гулсанам Дадамирзаева, Шаходат Самсакова, Мадина Холдорова ва бошқа тарбиячилар саъйи-ҳаракати билан тарбияланувчилар иштирокидаги мусиқий чиқишлар, расм чизиш, китобхонликни тарғиб этиш, болажонларда компьютер саводхонлиги ва меҳнат кўникмасини     шакллантириш бўйича кўргазмалар, саҳна кўринишлари намойиш этилди, шеър ва қўшиқлар ижро этилди.

- Бу каби тадбир шубҳасиз, болажонларимизнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга, эркин ва мустақил фикрлаш қобилиятини ўстиришга ёрдам беради, - дейди туман мактабгача таълим бўлими раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилрабо Ҳасанова. - Болажонларининг салоҳият ва иқтидорларини намоён этишларига имкон яратиб бериш бўйича жамоанинг ушбу саъйи ҳаракати таълим-тарбия ишлари самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди.

Қизиқарли ўтган тадбир жажжи болажонлар қалбида унутулмас таассуротлар қолдирди.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Ота-она ва болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари

Ҳуқуқий маслаҳатхона

Кўп ҳолларда оиласидан ажраган айрим оталарнинг ўз фарзандлари учун алимент тўлашдан бош тортиб хорижий мамлакатларда қочиб юрганликлари ёки ҳеч қаерда ишламасдан ёлланма хизмат эвазига тирикчилик  қилишлари ёхуд ойлик маошини кам кўрсатиб алимент тўлашдан бўйин товлашларига гувоҳ бўламиз.

 Айнан таҳририятимизга ҳам бу борада кўплаб мурожаатлар бўлади. Мазкур масалада қандай йўл тутилади, амалдаги қонунлар ва меъёрий ҳужжатларда қандай тартиблар белгиланган? Бу хусусда Асака тумани 2-сон ФҲДЁ бўлимининг мудираси Севарахон Эрматова қуйидаги маълумотларни тақдим этди:

Ота-она ёки болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари ҳақида Ўзбекистон Республикасининг «Оила» кодексида қуйидагилар баён қилинган:

«Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она) дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади...» (96-модда).

,,Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-отанинг мажбуриятлари тенгдир.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз,  ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир'' (97-модда).

,,Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасида келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак'" (98-модда).

,,Агар вояга етмаган болаларига таъминот  бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун - тўртдан бир қисми; икки бола учун - учдан бир қисми уч ва ундан ортиқ бола учун яримиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак'' (99-модда).

Ўз навбатида вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ҳам ўз ота-онасига таъминот беришга мажбурдирлар:

,,Вояга етмаган, меҳнатга лаёқатли болалар ҳам ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди'' (109-модда).

 

Ақли расо ҳар бир фуқаро алимент тўлаш, олиш борасида белгиланган ана шу тартибларга қатъий амал қилиши лозим. Акс ҳолда унга нисбатан қонунлар доирасида тегишли жазо чоралари кўрилади.