+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Меҳнатдан бахт топган аёллар

Орамиздаги аёллар

Зухрахон Сотволдиева Избоскан туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги  "Digital Prime Textiles" хорижий корхонаси кадрлар бўлими бошлиғи. Унинг бу ерга ишга келганига 35 йилдан ошди. Ўтган йиллар мобайнида Зухрахон опа корхонанинг турли бўлимларида фаолият кўрсатди. Ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини пухта ўзлаштирди. Корхонанинг ҳар бир бурчаги унга ёд, ҳар бир ходим унга қадрдон бўлиб кетди.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаган ёш мутахассис ушбу корхонага ишга кириб, нормаловчи, меҳнатга ҳақ тўлаш бўлими мутахассиси, смена устаси вазифаларида ишлади. Табиатан хушчақчақ, киришимли, чеҳраси очиқ Зухрахонни раҳбарият кадрлар бўлимига ўтказишди.

- Асли шифокор бўлиш орзу қилганман, - дейди биз билан суҳбатда Зухрахон опа. - Аммо, ризқим шу корхонага сочилган экан, мана, тўқимачилик соҳасида фаолият юритаяпман. Корхонамиз ишчиларининг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Шу боис, мени хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотига ҳам раис қилиб сайлашган. Ўзим орзу қилганимдек бўлди, барибир. Шифокор бўлмасам-да,  аёлларнинг дарду муаммоларини тинглаб, уларга дармон бўлишга ҳаракат қиламан.

Минг бор шукр, тақдиримдан жуда хурсандман. Негаки, ҳалол меҳнатим орқали обрў-эътибор топдим, ҳамкасблар меҳрини қозондим. Оилам тинч, турмуш ўртоғим ички ишлар соҳасида ишлаб нафақага чиққан. Фарзандларимизни тарбиялаб, уйлаб-жойладик. Бир аёл кишига бундан ортиқ бахт бўлмаса керак?

Зухрахон опа ишлайдиган корхонада калава ип ишлаб чиқарилади. Корхона 1982 йилда Пойтуғ ип-газлама комбинати сифатида иш бошлаган. 2013 йилда "Антекс" корхонаси  ихтиёрига ўтказилди. Айни кунга келиб, "Digital Prime Textiles" номи остида фаолият юритаётган тўқимачилик корхонасида 1300 дан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Илғор ишчилардан Танзила Бўронова, Муаззам Парпиева, Ҳимоятхон Казакова, Замира Қодировалар корхонанинг "биринчи қалдирғоч"ларидир. Улар бугун ҳам корхонада самарали меҳнат қилиб, ёш мутахассисларга соҳа сир-асрорларини ўргатиб келишмоқда.

Замирахон Қодирова ҳам  Зухрахон Сотволдиева каби ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган, меҳнати орқасидан бахт топган аёллардан. Турмуш ўртоғи Акрамжон ака билан узоқ йиллар бир соҳада елкама-елка меҳнат қилдилар. 4 фарзанд топдилар. Улардан 2 нафари ота-онаси изидан бориб, шу корхонада меҳнат қилмоқда. Айни кунда З.Қодирова сифат-назорат бўлими бошлиғи.

- Ишхонамизни, ишимни жуда яхши кўраман, - дейди Замирахон опа. - Ишлаб чиқаришдаги ҳар бир жараён мен учун қизиқ ва қадрли. Чунки, 33 йил умрим шу даргоҳда ўтди. Меҳнатимизнинг муносиб қадрланиши, ишчилар ўртасидаги оқибат, қолаверса, сабр ва шукроналик ушбу корхонада узоқ йиллар ишлашимизга сабаб бўлди. Бу даргоҳда ишлаб ёмон бўлмадим. Уйли-жойли бўлдим, қизларимни чиқардим, қадр топдим, буларнинг барчасига касбимнинг орқасидан эришдим.

Инсон ўз жамоасида, эътибор ва ҳурматга ҳалол меҳнати, йиллар давомида машаққатларга сабру қаноати билан эришади. Биз таърифлаган, ўз соҳасининг малакали мутахассисига  айланиб улгурган икки аёлнинг номи ҳам корхона тарихига улкан ҳарфлар билан битилса, не ажаб.

 

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи

Васиятнома нима?

Ҳуқуқий маслаҳатхона

Васиятнома қай тартибда бекор қилинади ёки унга ўзгартириш киритилади?

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси 1120-моддасида фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади, деб белгиланган.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги "Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида"ги 5-сон Қарори 8-бандининг биринчи хатбошисида: Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкинлиги баён этилган.

Фуқаролик Кодексининг тегишли моддалари, шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси "Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддасида васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Фуқаролик Кодексининг 1124-моддасида васиятноманинг шаклига доир қуйидагилар баён этилган: Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.   Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:

нотариал тасдиқланган васиятномалар;

нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.

Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Васиятномани бекор қилиш ва ўзгартириш тартиблари Фуқаролик Кодексининг 1127-моддаси ҳамда "Нотариат тўғрисида"ги Қонуннинг 46-моддасида белгиланган. Яъни, васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалигича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Васиятнома васият қилувчи томонидан ёки васият қилувчининг ёзма фармойишига биноан нотариус ёхуд бошқа мансабдор шахслар томонидан унинг барча нусхаларини йўқ қилиб ташлаш йўли билан бекор қилиниши мумкин.

 

Шаҳодат ҚОДИРОВА,

Андижон шаҳридаги 12-сон давлат нотариал идора нотариуси.

 

ЎШДА АДАБИЁТ БАЙРАМИ

Ижодий ҳамкорлик

Ўш давлат университетида "Адабий дўстлик - абадий дўстлик" шиори остида адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида  иқтисодий, маданий, адабий муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очилди.

Маданият, таълим, илм-фан, санъат, адабиёт йўналишларида, айниқса, қўшни Андижон ҳамда Ўш вилоятлари ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Андижон ва Ўшдаги олий ўқув юртлари, мактаблар, ижодий жамоалар ўртасида ҳамкорлик бўйича илк қадамлар қўйилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида турли тадбир, форум ва фестиваллар доирасида Андижонда қирғизистонлик, Ўшда эса андижонлик ёзувчи, шоирлар, санъаткорлар иштирокида кўплаб тадбирлар ўтказилганлиги икки халқ вакилларини янада яқинлаштирмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан Ўш шаҳрига уюштирилган ижодий сафар доирасида  "Адабий дўстлик - абадий дўстлик" шиори остида бўлиб ўтган адабий, маънавий-маърифий тадбир ҳам ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

Кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар, ёзувчи, шиор, санъаткор ва талабалар иштирокида Ўш давлат унуверситетида ташкил этилган тадбирда сўз олганлар икки қардош халқ ўртасида маданий, адабий алоқалар ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар.

Бу борада андижонлик ва қирғизистонлик ижодкорлар ҳамкорлиги йўлга қўйлди. Жумладан, Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси Ўш бўлими раиси Тўрабай Жороев томонидан андижонлик истеъдодли адиб Баҳодир Андижоний (Исроилов)нинг "Заршода" ("Зер седеп") шеърий китоби қирғиз тилига таржима қилиниб, чоп этилган бўлса, жалолободлик шоир ва таржимон Қурбон Саттор Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси, шоира Хуршидабонунинг юзга яқин шеъларини қирғиз тилига таржима қилди.

Тадбир доирасида Баҳодир Андижоний (Исроилов)нинг қирғиз тилида чоп этилган "Зер седеп" шеърий китобининг тақдимоти ўтказилди.

- Ўзбек ва қирғиз ёзувчи, шоирлари ўртасида ҳамкорлик энг аввало, дини, тили, дили, суви, тарихи бир бўлган икки қўшни халқ дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, - дейди   Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси Ўш бўлими раиси Тўрабай Жороев. -  Қолаверса, ўзбекистонлик адиблари асарларини таржма қилиш, қирғиз халқи, айниқса, ёшларига ўзбек адибиётини яқиндан билишга, уларнинг ижоди билан яқиндан танишишга имкон беради.

Тақдимотда сўз олган Назиржон Саидов, Ўзбекистон Халқ шоири Тўлан Низом, Баҳодиржон Раҳмонов, Халим Карим сингари ижодкор, шоир, ёзувчи ва адабиётшунослар таржимашунослик борасидаги ҳамкорлик, "Зер седеп" китоби таржимаси, аҳамияти, ўрни, роли ҳамда Баҳодир Андижоний ижоди хусусида фикр юритдилар.

Ўш давлат университети талабалари шоир шеърларини ўзбек ва қирғиз тилларида ўқиб берди. Санъаткорлар томонидан китоб муаллифи шеърлари асосида яратилган қўшиқлар ижроси тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

- Ушбу тадбир ва китоб тақдимоти жамоамиз, айниқса, талабаларимизга жуда манзур бўлди, - дейди Ўш давлат университети Филология факультети декани Нурмомад Тургонбаев. - Очиғи, анчадан буён университетимизда бундай самимий, дўстона, шеър ва қўшиқларга бой тадбир бўлмаган эди. Ишонаманки, икки қардош халқ ижодкорлари ҳамкорлиги нафақат ижодкорлар, ёшлар, балки халқимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлайди.

 

Юртидан айрилган ўша Бобурман,

Оҳлари Аллоҳга етган Бобурман.

Фиғоним сиғмайин саҳни оламга,

Қондошин ёғийга сотган Бобурман.

...

Тангримга шукрки, руҳим Сиздан шод,

Шу кунни беш юз йил  кутган Бобурман.

Очиб Баҳодирга илҳом булоғин,

Fазал ёз деб, қалам тутган Мирзо Бобурман.

 

Баҳодир Андижонийнинг ушбу мисралари асосида Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театри актёри Зафарбек Саидбурхонов томонидан шоҳ ва шоир Бобур тимсолида ижро этилган саҳна кўриниши барчанинг қалбига ўзгача шукуҳ бағишлади.

- "Заршода" номли шеърий китобим қирғиз тилига таржима қилиниб, чоп этилганлиги, Ўш шаҳрида тақдимоти ўтказилаётганлиги, бу ўзбек ва қирғиз ижодкорлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлигидан беҳад мамнунман, - дейди истеъдодли адиб Баҳодир Андижоний. - Ушбу хайрли тадбирни ташкил этиш ва ўтказишга ҳисса қўшган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Санъаткорлар Тўрахон Қодиров, Муҳаммаджон Юсупов, Азизулло Зайнобиддинов ижросидаги Баҳодир Андижоний шеърлари билан айтилган қўшиқлар даврага ўзгача файз киритди. Адабиёт, шеърият байрамига айланган, дўстона ва самимий  руҳда ўтган ушбу тадбир  ўзбек ва   қирғиз халқлари дўстлигини, икки халқ ижодкорлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ЮРТ КЕЛАЖАГИ ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР ҚЎЛИДА

Иқтидорли ёшларимиз

Андижон машинасозлик институтида кўплаб иқтидорли ёшлар таҳсил олмоқда.  Илм-фан, спорт, жамоат ишлари, қўйингки, турли соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритаётган талабалар сафи тобора ортиб бормоқда.

Автомобилсозлик факультети талабаси Нигорахон Абдумўминова ҳам ана шундай, иқтидорли талабалардан биридир. У институтда нафақат аъло баҳоларга ўқийдиган, фаол ва ташаббускор талаба, балки, инглиз тили билимдони сифатида ҳам яхши танилган.  Институтда "Debaters' union" музокарачилар бирлашмаси ташкил этиб, талабаларга инглиз тилини мукаммал ўрганишларига кўмак бермоқда. Бундан ташқари, у вилоят, республика миқёсидаги жуда кўп илмий анжуманларда ўзининг илмий мақолалари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Бишкек шаҳридаги Ўрта Осиё-Америка университетида ўтказилган инглиз тилидаги дебат-мунозараларда мамлакатимиз ёшлари номидан иштирок этди.

Нигоранинг устозлари билан ҳамкорликда яратилган "Автомобилсозлик луғати", "Word va Exel dasturlarida ishlash qo'llanmasi" номли қўлланмалар, шунингдек,  республика ва хорижий илмий журналлар, турли илмий-амалий конференциялар тўпламларида 20 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилганлиги унинг серқирра иқтидор соҳибаси эканлигини кўрсатади.

Н. Абдумўминова 2018 йилда Беруний номидаги давлат стипендияси совриндори бўлган. Жорий йилда эса, қўшма дастур асосида Хитой Халқ Республикасининг Шимолий Хитой технологиялар университетида таҳсил олиб      қайтди.

Институт устоз ва тала-   балари ишонч билдириб, уни институт талабалар ассоциацияси вице-президенти этиб сайлашган бўлса, эришган ютуқлар вилоят миқёсида эътироф этилиб, ташкилотчи ва ташаббускор бу қизни вилоят "Қизлар овози" клубига раис этиб сайлашди.

Иқтидорли қизимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг вилоят  саралаш босқичида ҳам ғолиблар қаторидан жой олиб, танловнинг  республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини олди.

- Бугунга қадар кўплаб ютуқларга эришдим, - дейди, Нигора Абдумўминова. - Ана шу ютуқларнинг бош омили мамлакатимизда биз ёшларга ўз салоҳиятларимизни юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб берилганлиги, қолаверса, устозларим берган сабоқлар самарасидир.

Ишонамизки, замон билан ҳамнафас бўлиб ўқиб, билим олаётган, ўз тенгдошларига намуна бўлаётган талабамиз келгусида янада улкан ютуқларга эришади. Зеро, юртимизнинг порлоқ келажаги айнан Нигорахон каби иқтидорли ёшларимиз қўлидадир.

 

Раънохон ЮСУПОВА,

 

институт хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси. 

НОМЗОДЛАР САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

"Сайлов - 2019"

Андижон шаҳридаги 45- ва 15-умумтаълим мактабларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи Андижон шаҳридаги 21-Истиқлол сайлов округидан Олий Мажлис депутатлигига номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари ҳамда сайловчилар иштирок этган учрашувда сайлов жараёнлари, номзодларнинг тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси асосида ўтказилаётганлиги таъкидланди.

 - Тарғибот учрашувлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексида белгиланган тартиблар ҳамда белгиланган жадвал асосида ташкил этилмоқда, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 21-Истиқлол округ сайлов комиссияси раиси Муфаззал Қодирова. - Номзодларга сайловчиларни ўз дастурлари билан таништиришлари учун тенг вақт, имконият яратиб берилди. 

Номзодларнинг ишончли вакиллари сайловчиларни номзодлар билан яқиндан таништириб, уларнинг таржимаи холи, сайловолди дастурларининг асосий йўналишлари бўйича маълумотлар берди.

  Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар Саидаҳмад Шукуров, Елена Бабенко, Элёрбек Ниёзов, Мавжуда Абдуллаева, Дилфуза Тўйчиева ўз чиқишларида дастурлари, белгиланган вазифалар, уларни амалга ошириш хусусида маълумотлар берди.

- Бугун сайловчиларимизнинг фаоллиги жуда юқори, - дейди Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Олий Мажлис депутатлигига нозод Саидаҳмад Шукуров. -  Ишонаманки, юртдошларимиз мамлакатимиз тақдири, порлоқ келажагини яратишда муҳим аҳамият касб этадиган сайловларда фаол иштирок этади ва ўзлари муносиб, деб топган номзодларга овоз беради.

Ҳар бир номзоднинг дастури ўзига хос, муайян мақсад ва вазифаларни ўз олдига қўйганлиги билан эътиборга молик.

- Бугун тиббиёт ва таълим тизимлари коррупция энг чуқур илдиз отган соҳалар, - дейди Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Олий Мажлис депутатлигига номзод Мавжуда Абдуллаева. - "Адолат" партияси энг аввало, жамият тараққиётига улкан ғов бўлаётган ана шу иллатни таг-томири билан йўқ қилишни ўз олдига асосий мақсад қилган. Партиянинг ана шу мақсадини амалга ошириш дастуримда алоҳида ўрин эгаллаган.

Учрашувда номзодлар аҳоли вакиллари - сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРГА ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИНИНГ МУРОЖААТИ

Халқимизнинг орзу-умидларини, эзгу ташаббусларини ўз дастурий вазифаларида мужассам этган ҳурматли сиёсий партияларимиз!

Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаол бўлиши муҳим эканини "Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини, Ўзбекистон эришаётган ютуқлардаги беқиёс ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди" деган сўзлари билан изоҳладилар.

Ва бир қатор нутқларида барча ижтимоий-сиёсий жараёнларда ҳар бир аёл кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчига айланмоғи лозимлигини, ҳатто юртимизда аёллар учун белгиланган 30 фоизлик квотани 50 фоизгача кўтариш мақсадга мувофиқ эканини ҳам таъкидладилар.

Бу муносабат давлатимиз раҳбарининг аёлларга оид сиёсий иродасининг тантанаси бўлди, десак, асло хато бўлмайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг аёллар ҳаракати тизими ғоят қўллаб-қувватланди, тузилмавий жиҳатдан кучайтирилди. Шунингдек, биз бутун халқаро ҳамжамият олдида узоқ йиллардан буён баҳсли бўлган Гендер тенглик борасидаги Қонунни қабул қилдик.

Бироқ, мана шундай ўзгариш ва янгиланишлар палласида ҳам умумий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сиёсий партиялардан номзодлар кўрсатилишида аёлларга муносабат кескин ва кутилган даражада ижобий тарафга ўзгармаган. Бу ҳолни аёлларнинг мурожаатлари, ижтимоий тармоқлардаги баъзи норозиликлар ҳамда умумий кузатувларимиз, рақамли кўрсаткичлар орқали англаб турибмиз.

Шу ўринда Яратганнинг ўзи ҳар бир хилқатни иккинчи бир бўлаги билан ислоҳ қилгани каби Эркак ва Аёлнинг жамиятдаги ўрнини ҳам олий мувозанатда белгилаб қўйганини эслатиб ўтмоқчимиз.

Албатта, сайлов рақобатчи партиялар, ўз ташаббусларини илгари сураётган кучлар, халқ манфаатларини ифода этган дастурларини ўз электоратига тақдим этаётган номзодлар курашидир. Бироқ партиями, аёл ёки эркакми сиёсий курашларда нақадар хилма-хил бўлмасинлар, улар Ўзбекистонимизнинг кучли давлатга айланиши, миллий юксалиши йўлида бир гулхан атрофидаги бир мақсадли одамлардир аслида.

Биласизки, "Аёлнинг жамиятда фаол бўлиши нима учун керак?" деган жуда қадимий, баҳсли саволни кўп-кўп эшитамиз. Оддий ҳақиқат ва жавоб шуки, аёлнинг тафаккури, салоҳияти ва албатта улкан, меҳрибон қалби қонун ижодкорлигида, инсон тақдири билан боғлиқ ҳукм-у қарорларнинг халқпарвар ҳамда меҳрибон бўлишида жуда ҳам зарур!

Шунингдек, азиз фарзандларимизнинг бахту камоли, юқори сифатли таълим олишида, чекка-чекка қишлоқларда шаҳар қизларидан кўра оғирроқ шароитларда яшаётган қизларимизнинг ҳаёт тарзи яхшиланишида, тобора илдиз отиб бораётган маънавий-ижтимоий муаммоларга ечим топишда ҳақиқий маънода халқ вакили бўла оладиган номзод аёлларнинг катта сиёсий майдонга кириб келиши давр эҳтиёжи эканини тан олишимиз керак.

Қолаверса, ислоҳотларимизда устуворлик касб этган "Аёл ҳаётдан рози бўлиб, яйраб-яшнаб яшаши керак" деган кучли ҳаётий ғоянинг амалга ошиши учун ҳам, аввало, аёл зотининг ўзи фаол бўлмоғи ғоят муҳим!

Ҳурматли сиёсий партияларимиз, бизнинг халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги азиз ҳамкорларимиз!

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аҳолисининг 51 фоизини аёллар ташкил этадиган мамлакатнинг йирик бир жамоат ташкилоти, 16 миллиондан ортиқ аёллар манфаатларини ўзида мужассам этган улкан бир тизим сифатида ҳар бирингиздан аёлларни сиёсий жараёнга жалб этиш, сайловда номзодликка кўрсатиш борасидаги позициянгизни ва Сайловолди платформангизни аёллар манфаати юзасидан қайта кўриб чиқишингизни илтимос қилади!

Чунки биз аёллар иштирокисиз келгуси тараққиётни тўла тасаввур этиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз!

Шунингдек, аёл табиатан, хоҳ номзод, хоҳ сайловчи бўлсин, у ўз фуқаролик нуқтаи назарини намоён этмоқни маънавий-ҳуқуқий масъулият деб, ижтимоий-сиёсий фаолликка интилишни эса сайловга зўрма-зўраки чиқиш эмас, балки инсон қалбининг фахрли бир мажбурияти, деб қабул қила оладиган зотдир!

Аёл сайланса ҳам, она Ватанининг юксалиши учун, фарзандларининг бахту саодати учун сайланганини, овоз берса ҳам, униб-ўсиб келаётган гўдакларининг оёққа туриб, эл корига яраши учун, юртида ҳаёт бундан-да яхши бўлиши учун овоз бераётганини чин дилдан англовчи хилқатдир!

Азизлар! Барчангизни ҳар доим ҳам, айниқса, бугунги сиёсий жараёнларда АЁЛларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз!

Сайлов деб аталган муҳим жараёнда АЁЛни қўллаб-қувватлаш - Ўзбекистонимиз эришган ва дунё ҳамжамияти тан олаётган ютуқларда хотин-қизларимизнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ҳиссасини эътироф этиш деганидир!

Аёлнинг қонун ижодкорлигидаги улуши ортишини, қарор қабул қилувчи лавозимларда бўлишини рағбатлантириш - ОНАни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш, аёлни ардоқлаш деганидир!

Келинг, аёлни, онани, улуғ мақом соҳибаларини қадрлайлик, қўллаб-қувватлайлик, азизлар!

 

Ўзбекистон

 

Хотин-қизлар қўмитаси

Бош ғоямиз - "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари"

Маълумки, жорий йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Бугун ана шу сиёсий жараёнга тайёргарлик, жумладан, сиёсий партияларнинг сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари қизғин паллага кирди.

 "Миллий тикланиш" демократик партияси Андижон шаҳар Кенгаши томонидан партиянинг сайловолди дастурида акс эттирилган ташаббуслар бўйича жойларда кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Сайловолди тарғибот тадбирлари бошлангандан буён 30 дан ортиқ учрашув, 20 дан зиёд турли тадбирлар ўтказилди. Ушбу жараён айни кунда янада қизғин давом этмоқда.

"Миллий тикланиш" партияси ушбу сайловга янгиланаётган партия сифатида кириб келаётгани, ҳатто, мақсад ва вазифаларимиз ҳам сезиларли даражада ўзгарганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Партиямиз  сайловолди  дастурида давлат ва жамият олдида турган энг муҳим масалалар, дея урғу берилаётган ташаббуслар сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги бизни қувонтиради.

Сайловолди дастуримизда оила, мактабгача ва умумий ўрта таълимнинг жиддий ислоҳотларга муҳтожлиги, оилада, турмуш ва жамиятда аёл меҳнати учун қулай шароит яратиш сингари қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, 18 ёшгача фарзанди бўлган аёлларнинг иш вақтини қисқартириш, уларга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш, оилани мустаҳкамлаш, боғча ва мактабда тарбиянинг устуворлигини таъминлаш бўйича  илгари сурилган таклифларимиз ишонамизки, жамият ва халқимиз манфаатларига тўла мос келади.

Эртадан нима кутамиз, қандай натижаларга эришамиз? Бу саволларга ижобий жавоб олиш энг аввало, тарбияга боғлиқ. Шу маънода партиямизнинг "Узлуксиз тарбия тизими"ни шакллантириш, ҳақиқий таълим-тарбия бера оладиган педагогларни тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, мактабларда "Тарбия" дарсларини жорий қилиш, мактаб бошқарувини такомиллаштириш,     босқичма-босқич давлат мактабгача таълим ташкилоти ва таълим муассасаларига қатновни бепул қилиш бўйича таклифлари кенг жамооатчилик томонидан ижобий қабул қилинмоқда.

Келажак авлодимиз комил инсон бўлиб етишиши, қолаверса,  дунё тамаддунида ўчмас из қолдирган буюк Амир Темур, Ал-Хоразмий, Ал-Бухорий, Абу Райхон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлишларини истар эканмиз, олдимизга улкан мақсадларни қўйишимиз, юксак марраларни забт этишдан асло чўчимаслигимиз лозим. Унутмайликки, "Миллий тикланиш" партияси ўз олдига ана шундай улуғ мақсадларни қўйган сиёсий кучдир.

Азиз юртдошлар! Бўлажак сайловларда партиямиз томонидан кўрсатилган номзодларга овоз берсангиз, юқоридаги юксак мақсадлар учун илк қадамни ташлаган бўласиз. Мақсадимиз, шу азиз Ватанга муносиб ёш авлодни тарбиялаш, эл-юрт равнақи, халқимиз манфаати учун хизмат қилаётган ислоҳотларни амалга оширишда барчамиз бир бўлиб, қўлни қўлга бериб порлоқ келажак йўлида бирлашайлик.

 

Элшод ИСОМИДДИНОВ,

 

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Андижон шаҳар Кенгаши раиси.

Мутахассис барчага ибрат бўлиши керак

Мутахассислар фаолиятидан

Гулнозахон Абдувалиева Андижон шаҳридаги энг ёш маҳалла мутахассисларидан бири. У 1985 йилда Андижон шаҳрида туғилган. 2005 йил Меҳнат маҳалласига келин бўлиб тушган. Олий маълумотли муаллима дастлаб 34-умумтаълим мактабида   бошланғич синф ўқувчиларига  сабоқ берди.

Серғайрат,  хушмуомала, ташаббускор, ибратли оила бекаси бўлган ёш келин ўзининг жамоат ишларидаги фаоллиги билан маҳалла ахли эътиборига тушди.  Маҳалладаги турли тадбирлар, йиғинларда фаол қатнашди. Билимдон, юксак маънавиятли Гулнозахон тез орада маҳалла фаолига айланди. У аввалига ҳам мактаб, ҳам маҳалла ишида ишлаб юрди. Кейинроқ бутунлай маҳалла фуқаролар йиғинига ишга ўтди.

Ҳозирда Гулнозахон Абдувалиева "Меҳнат" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси сифатида фаолият юритмоқда. 

- Маҳалламиз ҳудудида 850 оила таркибида 4 минг 300 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2 минг 13 нафари хотин-қизлардир, - дейди Г.Абдувалиева. - Маҳалламни, ишимни жуда яхши кўраман. Ҳар бир оила менга қадрдон бўлиб кетган. Кимдир мурожаат қилиб келса, озгина бўлса-да ёрдам бера олсам, ўзимни жуда енгил ҳис этаман. Маҳалламиз раиси, фаоллари, отинойиларимиз, имомлар, жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликда ҳудудимиздаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, аҳолининг турмуш даражасини оширишга, оилаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бизни энг қийнайдиган муаммолардан бири бу - ажримлар масаласи. Жорий йилнинг ўтган даврида 18 та оилани тиклашга эришдик. Бу билан 24 нафар маъсум гўдакни етим бўлишининг олди олинди.

Мутахассис жамоатчилик гуруҳи аъзолари билан биргаликда ҳар куни хонадонларни айланиб, уларнинг ҳолидан хабар олади, муаммоларини ўрганади. Маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бор аёлларга ёрдам кўрсатиш, қизларни турмушга тайёрлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш борасида самарали ишлар ташкил этилмоқда.

- Идорамиз қошидаги "Қизларжон" клубига 450 нафардан ортиқ қизлар жалб этилган, - давом этади мутахассис. - Маҳалланинг ўзида, ҳудудимиздаги 33-умумтаълим мактабида тез-тез қизлар тарбияси, ахлоқ-одоби, гигиенаси, кийиниш, муомала маданияти, оилавий ҳаётга тайёргарлик борасида мулоқотлар, давра суҳбатлари, тадбирлар ўтказиб турамиз. Яқинда  6-оилавий поликлиника шифокорлари билан ҳамкорликда қизлар гигиенаси бўйича "Турмуш бўсағасидаги қизлар"деб номланган давра суҳбати ўтказилди. 33-умумтаълим мактабида эса "Бувижоним кийган либослар" деб номланган катта тадбир ўтказдик. Бошига дўппи, эгнига бурмали атласу адрас кийган қизларимизни бир кўрсангиз эди. Бундай тадбирлар орқали миллийлигимиз, урф-одат ва анъаналаримизни тарғиб қилишга, қизларимиз тарбиясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаяпмиз.

Гулнозахон Абдувалиеванинг 2 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Азизбек билан тинч-тотув яшаб келмоқда. Фарзандлари Ойдиной, Муҳаммад Иброҳим  мактабда фақат аъло баҳоларга ўқишмоқда. Муҳаммад Иброҳим  кикбоксинг билан шуғулланади, бир неча бор республика турнирларида муваффақият қозонган.

- Мутахассис олиб бораётган ишлари, оиласи, юриш-туриши билан  бутун маҳаллага ибрат бўлиши керак, - дейди Гулнозахон. - Ўз оилангда     тинчлик бўлмаса, бошқа оилалар билан қандай ишлай оласан? Шу маънода уйда ҳам, ишда ҳам бошқаларга ибрат, эл-юрт ишига камарбаста бўлишга ҳаракат қиламан.

Ҳа, орамизда Гулнозахон сингари фаол, ибратли опа-сингилларимиз бор экан, маҳаллаларимизда ҳамиша тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ҳукм суришига асло шубҳа бўлмайди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

"БУВИЖОНИМ КИЙГАН ЛИБОСЛАР"

Мактабимизда "Бувижоним кийган либослар" деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Айни кунда Дилоромхон Отажонова раҳбарлик қилаётган мактабимизда 429 нафар йигит-қиз таълим-тарбия олади. Ўқувчиларга пухта билим бериш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида мактабимизда турли тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилади.

Ўқувчи қизлар ўртасида миллий либоосларни кенг  тарғиб этиш, уларнинг миллий либосларга ҳурматини ошириш, қолаверса, кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбир ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Унда 8-11 синф қизлари, мактаб ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбир очилишида мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А. Мирзаев сўз олиб, миллий либосларимизни асраб-авайлаш, уларнинг қизлар тарбияси ва камолотидаги ўрни, роли ҳамда тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Мактаб 11-синф ўқувчиларининг "Бувилар кийган либослар", "Оналар кийган либослар", "Бугунги кун қизларининг либослари" "Уй либослари", "Мактаб либослари" йўналишлари бўйича кўргазмали чиқишлари барчага манзур бўлди.

Кўргазма чиқишлари орқали кийиниш, муомала, юриш-туриш одоби, халқимизнинг азалий урф-одат ва қадриятлари, либосларнинг мавсумга, турли тадбирларга мос тушиши тажрибали устозлар, фаол қизлар томонидан изоҳлаб борилди.

Қизларнинг чиқишларини "Фаровон" маҳалла фуқаролар йиғини котиби Йўлдошхон Мадумарова, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Эътиборхон Жўраева, директор ўринбосари Аҳмаджон Мирзаевлар баҳолаб борди.

 - Барча ўқувчи қизларимиз фаол қатнашган ушбу тадбир уларнинг миллий либослар ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитди, - дейди хотин-қизлар қўмитасининг мактабдаги бошланғич ташкилоти раиси Эътиборхон Жўраева. - Қолаверса, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизга бўлган ҳурматини янада мустаҳкамлашга, кийиниш маданиятини юксалтиришга хизмат қилди.

Ўқувчи қизларда унутилмас таассуротлар қолдирган, юқори кўтаринкилик билан ўтган ушбу тадбирнинг ташкилотчи ва фаол иштирокчилари мактаб маъмурияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Мастурахон НАЗАРОВА,

Асака туманидаги

 

20-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси.

Яхши инсонларнинг борлиги ҳамиша менга таскин беради,- дейди Хуршида Тиллаева

Андижон шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида шаҳардаги турли маҳаллаларда истиқомат қилаётган оилаларнинг 51 нафар фарзандига суннат тўйи ўтказиб берилди.

Меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари иштирокида ўтган тўй тантанасида сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган болажонларнинг суннат тўйлари ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги айниқса, тўйболалар ва уларнинг ота-оналари қалбига қувонч бағишлади. 

- Андижон шаҳрида аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, - дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳинур Қосимова. - Қолаверса, ушбу тўй халқимизга хос саховат, меҳр-оқибатнинг, кўмакка муҳтож оилалар вакилларининг кўнглини обод қилишдек хайрли ишларнинг ёрқин намунаси бўлди. 

Ўтказилган тантана фарзандига тўй қилишга имкон тополмаётган оилалар вакиллари кўнглини тоғдай кўтарди.

- Бир неча йилдан буён мени жигар хасталиги безовта қилади, - дейди Бирлик маҳалласида яшовчи Дилобархон Тожибоева. - Фарзандимиз Аҳрорбекнинг хатна тўйини ўтказишга ҳеч имкон қилолмаётган эдик. Шукрки, яхши инсонлар кўмаги билан ўғлимнинг суннат тўйи ўтказилди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлардан, имконияти чекланган инсонларга кўрсатилаётган эътибордан нафақат мени, барча яқинларимнинг боши кўкка етди.

Хомий ташкилотлар томонидан болаларга тўй сарпоси, уст-бош қилиб берилди, велосипедлар, эсдалик совғалар топширилди.

- Ёшим етмишга яқинлашиб қолди, - дейди "Мустақилликнинг 27 йиллиги" маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Муборакхон Илёсова. -  Шу ёшга кириб, давлат шунча болага тўй қилиб берганлигини эшитмаганман. Бугунги тантанада набирам Жасурбекнинг ҳам тўйи бўлди. Бирига етказса, бирига етказа олмай тирикчилик ўтказаётган 2-гуруҳ ногирони бўлган қизим, қолаверса, биз бундан қанчалар хурсанд бўлганлигимизни сўз билан таърифлай олмайман. Оддий бир аёл сифатида қувончим оламга сиғмайди. Давлатимиз раҳбарига, мана шундай хайрли ишлар ташкилотчиларига барча оналар, аёллар номидан раҳматлар айтаман.

Тўй тантанасида иштирок этган қайси бир юртдошимиз билан суҳбатда бўлмайлик, кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдирдилар.

- Икки нафар фарзанд  ўстиряпман, - дейди "Мустақилликнинг 27 йиллиги" маҳалласида яшовчи Хуршида Тиллаева. - Бугун кўнглимдан кечаётган туйғуларни ҳеч қандай сўз билан изҳор эта олмайман.

Энг аввало, инсонларга, айниқса, аёлларга юксак эътибор кўрсатилаётган шу юртда туғилганимдан, бағрикенг ўзбек фарзанди эканлигимдан қувонаман. Тўғри, ёлғиз аёлман, кўп ҳолларда қийналаман, лекин қийналганимда менга суянч бўлгувчи Ватаним, яхши инсонлар борлиги ҳамиша менга таскин беради. Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси кўмагида ишли, вилоят ҳокими эътибори туфайли Мустақиллик байрами арафасида икки хонали уй соҳибаси бўлдим. Мана, ўғлим Аброрбекка хатна тўйи ўтказиб берилди. Бундай эътибор, кўмак     дунёнинг бирор бир мамлакатида бўлмаса керак. Бунинг учун Президентимизга, ҳокимимизга мингдан-минг раҳмат.

Эзгу иш инсонни ҳамиша эзгуликка чорлашига ўз ҳаётим мисолида яна бир бор амин бўлдим. Кўрсатилаётган эътибор мени фақат эзгуликка ундайди. Насиб этса, фарзандларимни чиройли тарбиялаб, ҳалол меҳнат қилиб, ана шу эътиборга, юртимга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.

Миллий анъаналаримиз қадрланган, эзгуликка йўғрилган бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик фазилатларини, шу билан бирга, уларнинг эртанги кунга, давлатимизга бўлган умид ва ишончини мустаҳкамламоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ