Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
ПЕДАГОГЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИ: ЮТУҚЛАР БОР, МУАММОЛАР ҲАМ ЙЎҚ ЭМАС
Мутахассис минбари
Мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида энг аввало, фарзандларимиз тақдири ётади. Бугун фарзандларимиз нималарни орзу қилмоқда? Эртага улар ким бўлиб етишади? Ёш авлод камолоти учун ота-она нималар қилиши лозим, мактаб, маҳалла, жамоат ташкилотлари-чи? Бинобарин, ушбу саволлар бугун барчани бирдек қизиқтириши аниқ.
Дунё миқёсида ғоялар қарама-қаршилиги, манфаатлар тўқнашуви юзага келган бугунги кунда таълим соҳасидаги ислоҳотларга ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараш ўринли. Зеро, эндиликда инсоният фақат илм, фан-техника ривожи билан тараққиётнинг энг баланд чўққиларини забт эта олади. Демак, бизнинг асосий мақсадимиз, ана шундай юксак салоҳиятга эга билимдон ёшларни тайёрлаш ва албатта уларни тарбиялаш. Шундай экан, мазкур масалага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Президентимиз таъбири билан айтганда, "Ё бугун ё ҳеч қачон".
Аслида, барча саъйи ҳаракатларимизнинг асосий мақсади, эртанги кунга мустаҳкам пойдевор яратиш, ҳаётимиз фаровонлигини таъминлаш, турмушимизни сифат ва мазмун жиҳатдан янада юқори босқичга кўтаришдан иборат. Шундай экан, ҳаётимизнинг муҳим ва таркибий қисми бўлган таълим, миллий тарбия соҳасидаги ислоҳотларсиз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш осон кечмайди. Буни яхши билган Давлатимиз раҳбари айнан таълим тизимига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, кейинги йилларда мактабгача таълим, умумтаълим, олий таълим, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қатор қарор ва фармонлар бунга ёрқин мисолдир.
Айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус юртдошларимизни даврнинг шиддатли ривожланиш суръатлари билан ҳамқадам бўлиш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшаш, эстетик диди юксак, ахлоқий тарбияси мукаммал, эркин фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёшларни тарбиялаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, камолга етказишдек эзгу мақсадларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ушбу жараёнда, қолаверса, фарзандларимизнинг биз кутган даражада таълим-тарбия олишлари кўп жиҳатдан тарбиячи, ўқитувчиларга, уларнинг маҳорат ва малакасига боғлиқ. Зеро, ёшликда шаклланган билим, тафаккур, ҳаёт образи тадрижий тарзда инсон қалбида, унинг хулқ-атворида муҳрланади. Шу боис, таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг сифатли ижросини таъминлаш, ундан кўзланган мақсадларга эришиш юқори малакали педагог ходимларни тайёрлаш, малакасини ошириш, тўғри жойлаштириш ва уларни қайта тайёрлаш билан бевосита боғлиқдир.
Агар бугунги кунда мамлакатимиз халқ таълими тизимида 9691 та умумтаълим мактаби, 215 та "Баркамол авлод" болалар марказлари, уларда 400 минг нафардан ортиқ педагог ходим фаолият олиб боришини ҳисобга оладиган бўлсак, масаланинг қанчалик долзарб эканлиги яққол намоён бўлади. Педагогнинг ўзи аввало, ислоҳотлар моҳиятини, уни амалга ошириш, ҳаётга татбиқ этиш йўлларини, зарурий воситалардан қай йўсинда фойдалана олишни билиши лозим. Қолаверса, ўз фаолиятига янгича ёндашиши, ўқитишнинг самарали усулларидан кенг фойдаланиши, илғор педагогик технологияларни қўллай билиши, яъни у давр руҳини ҳис этган ҳолда иш олиб бориши муҳимдир.
Тан олишимиз керакки, кейинги йилларда педагог ходимларнинг малакасини ошириш тизими такомиллашди, сифат жиҳатдан юқори поғонага кўтарилди. Педагогларнинг малака ошириши курслари кенг қамровли, мукаммал, муҳими, тингловчини энг зарур янги педагогик, методик, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий билимлар билан таъминлайдиган ўқув жараёнига айланди.
Эндиликда малака ошириш тизимига илмий-методик таъминот, инновацион илмий ютуқлар, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали ўқув машғулотларининг мазмуни ва самарасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тингловчиларга берилаётган билим ва маълумотлар жаҳон педагогик тажрибаси асосида тайёрланган, кўникма ҳамда малакаларни ривожлантиришга йўналтирилган ўқув-услубий мажмуаларда акс эттирилган. Жараённинг яна муҳим жиҳати шундаки, назарий маърузалар камайтирилиб, амалий ва кўчма машғулотларга, методика модулига эътиборнинг кучайтирилганлиги, аттестация жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш учун он-лайн тизимидан кенг фойдаланишнинг йўлга қўйилганлигидир.
Малака оширишга келган тингловчи ўзининг охирги беш йил давомидаги касбий фаолият кўрсаткичларини умумлаштириб келади. Ўқитувчи малака ошириш давомида фаолиятини таҳлил қилади, эришган натижаларини умумлаштиради, белгиланган мезонлар асосида баҳолаб, якуний хулоса чиқаради. Марказлашган ҳолда олинадиган тест синовлари ўқитувчи фаолияти самараси, билим ва маҳоратининг даражасини яққол кўрсатиб беради.
Бундан уч-тўрт йил аввал марказда барча таълим йўналишлари бўйича малака ошириш жараёнида иштирок этган ўқитувчиларнинг билим ва маҳорати тест, битирув-малакавий иши ҳамда кўчма машғулотлар бўйича рейтинги умумий ҳолда ўрта баллни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич кўтарилди. Албатта, ушбу натижаларни соҳадаги ислоҳотларнинг самараси дейиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга қаратилган ишларни тизимли, самарали ташкил этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам яхши йўлга қўйилган. Бу эса педагог ходимларни малака ошириш курсларига режа асосида жалб этилишини таъминламоқда. Бундан ташқари, эҳтиёж ва буюртма асосида қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, афсуски, малака ошириш тизимида муаммолар ҳам йўқ эмас.
Биринчи навбатда, бугун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар илмий-тадқиқот изланишларига етарли даражада эътибор қаратмаётганлиги, илм ва амалиёт узвийлигидаги узилиш юзага чиқмоқда. Малака ошириш тизимига илмий мазмун бағишлаш, илмий гипотезалар, янги усул ва ёндашувларни яратиш вақти келди. Иккинчидан, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимлари ўзларининг кундалик фаолияти давомида фанларни ўқитиш методикаси, таълим ва тарбия назарияси янгиликларидан, илмий тадқиқот йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлардан, илғор хорижий тажрибалардан бехабар бўлиб қолганликлари бизни ташвишга солади. Айтмоқчи бўлганим, балким эндиликда мактабларда ҳам мунтазам фаолият кўрсатадиган ҳаракатдаги семинарлар ташкил қилиниши лозимдир. Чунки айрим тингловчиларнинг малака ошириш жараёнига келиб, унга юзаки ёндашиши, «билишим керак», деган эмас, балки «сертификат олишим керак, шунинг учун машғулотларга қатнаяпман», деган фикр қобиғидан чиқа олмаётганлиги ишларимиз самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Асосий мақсадимиз, эртамиз эгалари бўлган ёш авлод камолоти йўлида фидойилик билан меҳнат қиладиган, ўз ишининг етук мутахассиси бўлган педагогларнинг билим ва малакасини ошириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришдир.
Абдулло ТОҲИРИЁН,
Вилоят Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази директори.
Жиноят ишларининг 48 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди
Ҳуқуқшунос минбари
Бугун мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, суд тизимини ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иши юритувининг сифатини, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди томонидан ана шу йўналишда эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида амалдаги қонун ва тартиблар доирасида 32 нафар шахсга нисбатан 25 та жиноят иши кўриб чиқилди. Хусусан, 16 та жиноят иши бўйича 23 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилди, 9 нафар шахсга нисбатан очилган 9 та жиноят иши тугатилди. Бундан ташқари, жиноятчиликни олдини олиш борасида 14 та ёки 56 фоиз жиноят ишлари бўйича хусусий ажримлар чиқарилди.
Суд идоралари томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, сайёр судлар орқали жиноятчи ва ҳуқуқбузарларга нисбатан кенг жамоатчилик таъсирини кучайтириш борасида ҳам муайян ишлар бажарилди.
Кўрилган жиноят ишларининг 12 таси ёки 48,0 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди. Мазкур жараёнда жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ўз қилмишларига маҳалладошлари, касбдошлари олдида жавоб берганлиги келгусида бу каби ҳолатлар содир этилишининг камайишига, жамоатчилик таъсир чораларининг кучайишига, шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга яқиндан ёрдам бермоқда.
Сайёр суд мажлисларида ҳуқуқшунослар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, турли иллатларга барҳам бериш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган суҳбатлар ижобий натижалар бермоқда. Суҳбат ва мулоқотларда одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
Умуман, ўтган давр давомида корхона, ташкилот, маҳалла ва таълим муассасаларида 10 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган чиқишлар қилинди.
Андижон машинасозлик институти ҳамда Россия Федерацияси Новосибирск давлат техника университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш тўғрисида"ги" қарори ижроси доирасида Андижон машинасозлик институти раҳбарияти таклифига биноан Россия Федерацияси Новосибирск давлат техника университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Вадим Некрасов Андижонда бўлди.
Андижон машинасозлик институти раҳбарияти билан учрашувда икки олий ўқув юрти ўртасида қўшма дастур асосида талабалар ўқитиш, турли ихтисосликлар бўйича мутахассислар тайёрлаш, илмий-услубий ҳамда педагоглар, талабаларнинг тажриба алмашишларини йўлга қўйиш бўйича меморандум ва келишув борасида амалга оширилиши белгиланган ишлар ижросини таъминлаш, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Ҳамкорлик доирасида Новосибирск давлат техника университети ва Андижон машинасозлик институти ўртасида "Хизматлар соҳаси (автомобиль транспорти)" бакалавр йўналишида (2+2 қўшма дастури асосида), "Замонавий машинасозлик технологияси" магистратура мутахассислиги бўйича (1+1 қўшма дастури асосида) ҳамда "Аддитив технологиялар" магистратура мутахассислиги бўйича (1+1 қўшма дастури асосида) қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, тор доирадаги мутахассислар тайёрлашга мўлжалланган "Материалшунослик (пластик материаллар)" йўналиши бўйича бир йиллик қўшма сертификат дастурини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.
- Ушбу ҳамкорлик ҳар икки олий таълим муассасаси учун ҳам фойдалидир, - дейди Андижон машинасозлик институти ректори вазифасини бажарувчи Акмалжон Эрматов. - Айниқса, таълим сифати, мамлакатимиз машинасозлик тизими учун малакали мутахассислар тайёрлаш ишлари самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Қўшма дастурлар 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилиши белгиланган.
Андижон шаҳрида "Соғлом аёл - жамият кўрки" шиори остида хотин-қизлар ўртасида велопойга мусобақаси бўлиб ўтди.
Андижон шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган веломарафон очилишида мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг спорт билан оммавий шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уй бекалари ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
- Веломарафонда шаҳар маҳаллаларида яшаётган 150 нафарга яқин уй бекалари, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган опа-сингилларимиз иштирок этди, - дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Равшаной Жўрабоева. - Ушбу мусобақа хотин-қизлар ўртасида велоспортни оммалаштириш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Мусобақа иштирокчилари 18 дан 30 ёшгача, 31 дан 45 ёшгача ҳамда 45 ёшдан юқори ёш гуруҳлар доирасида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Қизиқарли ўтган баҳслар якунига кўра, "Ўзбегим" маҳалласидан Д.Исахонова, "Озодлик" маҳалласидан Ш.Дадахонова, "Бирлик" маҳалласидан Г.Абдусаматова ўз ёш гуруҳларида биринчи ўринга сазовор бўлди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, "Энг ёши улуғ пойгачи", "Энг маҳоратли пойгачи", "Энг ёш пойгачи", "Энг фаол аёл пойгачи", "Fалабага бўлган интилиши учун" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, мусобақа ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Оминахон ТОЖИАҲМЕДОВА,
Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси.
Стол тенниси - кичик копток ва ракеткалар билан столда ўйналадиган спорт ўйини. Шарқий Осиёда пайдо бўлган мазкур спорт тури ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб дунё бўйича кенг оммалашди. Бугунги кунда сайёрамизда 40 миллион нафардан зиёд киши спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳам спортнинг барча турлари қатори стол тенниси билан шуғулланувчилар сафи тобора ортиб бормоқда. Ана шу спорт билан шуғулланиб, қатор ютуқларни қўлга киритаётган ёшлар орасида Андижон Олимпия захиралари мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Зулайҳо Зафаржонова ҳам бор.
Зулайҳо Марҳамат тумани Хўжариқ маҳалласида туғилиб ўсди. Тумандаги 38-умумтаълим мактабида таҳсил олиш жараёнида илм даргоҳидаги стол тенниси тўгарагига ёзилди. Мураббий Равшаной Аҳмадалиевадан стол тенниси бўйича дастлабки сабоқларни олди. Зулайҳо қизиқарли ва жозибали ушбу спорт турига қаттиқ боғланиб қолди. Қизининг келажаги ва соғлом бўлишини ўйлаган Зулайҳонинг ота-онаси фарзандини спортга ихтисослашган таълим даргоҳида ўқишини исташди. 2018 йилда тест синовларидан муваффақиятли ўтган қиз Олимпия захиралари мактаб-интернатига ўқишга қабул қилинди.
- Спортнинг ушбу тури билан шуғулланган кишида, биринчи навбатда, кўриш қобилияти юқори бўлади, - дейди Зулайҳонинг мураббийи, спорт устаси Темур Шириев. - Узоқни яхши кўра олмайдиган, компьютер қаршисида кўп ўтирадиган ёки кўзини операция қилдирган кишиларга стол тенниси катта ёрдам беради. Бундан ташқари, бу спорт инсонни чаққонликка, абжирликка ўргатади. Зулайҳо машғулотларда қатнаша бошлаганида, анча бўш эди. Ҳозир унда ўсиш катта, ўз устида ишлашга иштиёқ баланд. Ҳаракатлари, ўзига бўлган ишончи ортган. У мана шундай давом этса, келгусида катта ютуқларга эриша олади.
Ҳозирда Зулайҳо мураббийлари Темур ва Альберт Шириевлар қўл остида маҳоратини ошириб бормоқда. Шаҳар ва вилоят мусобақаларида ғолибликни қўлдан бермай келаётган қизалоқ, кейинги пайтларда республика турнирларида ҳам совринли ўринларга сазовор бўлмоқда.
Наманган шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги баҳслари, Андижонда Аванесов хотирасига бағишлаб ўтказилган халқаро турнирда 3-ўринни қўлга киритди, Бухоро шаҳрида ўтказилган республика турнирида кумуш медалга сазовор бўлди.
Зулайҳо - орзулари ойдин қиз. У спорт орқали туғилиб ўсган маскани Марҳаматни дунёга танитишни, шеърлари орқали эса кишилар кўнглига эзгулик ёғдусини олиб киришни истайди. Дарвоқе, Зулайҳо Зафаржонова болалигидин шеъриятга ошно, ўзини Муҳаммад Юсуф издоши деб билади. Мана унинг латиф мисраларидан парча:
Отам - меҳрим, онам - сеҳрим,
Отам - бахтим, онам - тахтим.
Отам - қувонч, онам - юпанч,
Отам - китоб, онам - хитоб.
Улар ҳаёт - кўнгиллар шод!
Орзулари ойдин қиз Зулайҳога спорт ва ижодда баркамоллик тилаб қоламиз.
"Яхши қиз маҳалладан чиқмайди" деганларидек, ўз қишлоғига келин бўлди. Турмуш ўртоғи қишлоқдаги "Усмонжон" фермер хўжалиги раҳбари эди. Бу эса Фотима учун айни муддао бўлди. Турмуш ўртоғи билан бирга ишлаб, олийгоҳда ўрганган назарий билимларини амалиётда қўллайдиган бўлди.
Аёлнинг оила, турмуш ташвишлари, фарзанд тарбиясидан ортиб жамият ишида фаол иштирок этиши фидойиликдир. Меҳнат фаолиятини далада оддий ишчи сифатида бошлаган Фотима опа кейинчалик болалар боғчасида тарбиячи, мудиралик лавозимларида ишлади. Бир муддат Бўз туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, яна маълум муддат маҳалла раиси, масъул котиб вазифаларида ҳам фаолият юритди.
Фотимахон опа 2014 йилда ЎзХДПдан халқ депутатлари Бўз туман кенгашининг депутати этиб сайланди. Бутун ҳаётини эзгуликка сафарбар этган аёл депутут сифатида ҳам хайрли ишларни амалга оширди.
Билим ва тажрибасини, меҳнатсеварлигини қадрлаган маҳалладошлари уни хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича маҳалла мутахассислигига тавсия этишди. Насиб экан, мана бир неча йилдирки, опа маҳалла мутахассиси сифатида самарали иш олиб бормоқда. Хусусан, унинг маҳалладаги тўй-маъракаларни ихчам, дабдабасиз ўтказиш, низоли оилаларни яраштириш, кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси борасида олиб бораётган ишлари кўпчиликка манзур бўлмоқда.
- Маҳаллада ишлашнинг масъулияти катта - дейди Ф. Исроилова. - Маҳаллада ижобий ишлар билан бирга, муаммолар ҳам етарли. Фаолиятимда маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик билан биргаликда ана шу муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Одамларнинг мушкулини осон қилиш, юртбошимиз таъбири билан айтганда уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш энг катта савоб. Бу йўлда ҳар қанча қийинчилик ва машаққатни енгиб ўтишга тайёрман.
Дарҳақиқат, бугун маҳалла мутахассиси Фотимахон опа кўпчиликнинг яқин маслаҳатчисига айланган. Энг муҳими, у маҳалладошлари ишончини оқлашг учун астойдил меҳнат қилмоқда.
Фотима опа турмуш ўртоғи Усмонжон ака билан турмуш машаққатларни енгиб ўтиб, оила аталмиш бахт қўрғонини мустаҳкамладилар. Фарзандлари Юсуфжон, Умаржон, Умиджонларни ўзларидек инсофли, диёнатли қилиб тарбияладилар. Улар бугун халқ хўжалигининг турли хил жабҳаларида меҳнат қилиб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Сўзимизни мухтасар қилиб, Фотимахон опа Исроилованинг масъулиятли ишларига омадлар тилаймиз. Ишонамизки, опа ҳар қандай машаққатларни енгиб ўтади ва албатта фидойи мутахассис сифатида одамларнинг ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлади.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, жамият тараққиётининг қай даражада ривожланиши, Президентимиз, ҳукуматимиз сиёсатининг ижросини таъминлаш энг аввало, малакали кадрларга, айниқса, раҳбар кадрларга боғлиқ. Бугун улар қай даражада иш олиб бормоқда? Уларнинг фаолиятидан фуқароларнинг кўнгли тўляптими?
Марҳамат туманида вилоят ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академияси Фарғона филиали битирувчиларига сертификатлар топширишга бағишланган тадбирда ана шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Академия тингловчиларига давлат, хўжалик ва жамият бошқаруви, психология, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқарувнинг замонавий методлари ва ҳуқуқий асослари соҳалари, ташаббускорлик ва лидерлик сифатларини эгаллаш бўйича билимлар берилади. Шунингдек, уларда тизимли таҳлил, стратегик режалаштириш, фавқулодда вазиятларда қарорлар қабул қилиш кўникмалари шакллантирилади.
Ўтган йили ва жорий йилнинг ўтган даврида Академиянинг Фарғона филиалида Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган 90 нафардан ортиқ турли даражадаги раҳбарлар таҳсил олди, - дейди вилоят ҳокимлиги қошидаги Захира кадрлар мактаби директори Азизбек Сотволдиев. - Улар бошқарув тизимида иш юритиш, бошқарувнинг ўзига хос усуллари, инновацион ёндашув, бу борадаги илғор миллий ва хорижий тажрибалар бўйича пухта билим олди.
Академиянинг махсус курс машғулотларини муваффақиятли тамомлаган туман, шаҳар ҳокимларининг инвестиция, ёшлар, хотин-қизлар, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.
- Курс машғулотларида катта тажрибага эга амалиётчи-мутахассислар, профессор-ўқитувчилардан бошқарувга оид кўп нарсаларни ўргандик, - дейди Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мухтасар Хошимова. - Ўрганганларимиз, олган билимларимиз, шубҳасиз, келгусидаги фаолиятимизни янада самарали бўлишига ёрдам беради.
Шу куни вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Захира кадрлар мактабини тамомлаган бир гуруҳ тингловчиларга ҳам сертификатлар топширилди.
Вилоятимизда "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлови якунига бағишланган фестиваль бўлиб ўтди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида белгиланган вазифалар ижроси, қолаверса, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш борасидаги илғор ташаббусларни, олиб борилаётган ибратли ишларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, юрт ободлиги йўлидаги хайрли ҳаракатда аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини фуқароларимиз онгига чуқурроқ сингдириш, қишлоқлар, маҳаллалар, гузарлар, бозорлар, зиёратгоҳлар, ташкилот ва муассасалардаги тозалик, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини кенг оммалаштириш борасида амалга оширилган ишлар мазкур кўрик-танлов доирасида атрофлича кўриб чиқилди.
Танлов якунига бағишланган фестиваль доирасида қатор тадбир ва танловлар ўтказилди.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг биринчиси ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодлариини юзага чиқаришга қаратилган. Мазкур йўналиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳокими соврини учун энг яхши "Андижон полкаси" рақси ижрочиси ва жамоаси танлови ўтказилиши ёшларнинг санъатга қизиқишларини ошириш, иқтидорларини аниқлаш ва рағбатлантиришга қаратилган.
"Андижон полкаси" ўзига хос феъл-атвор, мардлик, тантиликни ифода этувчи рақс. У ижро этилганида кўнгилларга жўшқинлик, хуш кайфият ва кўтаринкилик кириб келади. Миллий қадриятлардан бирига, санъат дурдонасига айланган, ўзига хос тарихга эга ушбу бетакрор рақс неча йиллар ўтса ҳамки, охори тўкилмади, одамларнинг қалбидан жой олиб, янада сайқалланиб, оммалашиб бормоқда.
Маълумки, ушбу рақс мусиқаси Ориф гармон Тошматов томонидан басталанган, уни саҳналаштиришда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғаффор Қодировнинг меҳнатлари катта. Рақснинг ҳар бир ҳаракати ўзига хос маънони англатади.
Андижоннинг сўлим ва обод Боғи Бобур дам олиш масканида ўтказилган энг яхши "Андижон полкаси" рақси ижрочиси ва жамоаси танловининг саралаш босқичида вилоятдаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, маданият бошқармаси тасарруфидаги рақс жамоалари бўлган мингдан ортиқ ҳаваскор ҳамда профессионал раққослар иштирок этди. Айниқса, уларнинг жўрлигида ижро этилган рақс барчани хайратга солди.
Туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган "Зилола", "Бедана", "Гавҳар", "Отуш" ва бошқа фольклор-этнографик ансамбллар, бадиий жамоалар томонидан ижро этилган миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган лапар, ўлан, айтишувлар барчага кўтаринки кайфият улашди.
- Президентимизнинг бешта ташаббуси бўйича туманимиздаги мавжуд маданият марказларининг барчасида биринчи йўналиш асосида бадиий ҳаваскорлик жамоалари тузилди, - дейди Пахтаобод тумани маданият бўлими раҳбари Адолатхон Раҳмонова. - "Бойчечак", "Ифтихор", "Парвоз" деб номланган ушбу ансамблларга 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли йигит-қизлар жалб этилди.
Шу куни "Андижон полкаси" рақс танловининг тизимлар доирасидаги саралаш босқичида энг яхши деб топилган ижрочилар ва жамоалар вилоят босқичида қатнашиш учун тавсия этилди.
- Жамоамиз ижро этган "Андижон полкаси" рақси юқори баҳоланиб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдик, - дейди Андижон шаҳридаги "Андижон йигитлари" рақс гуруҳи раҳбари Алишер Тожибоев. - Энг асосийси, жозибадор рақс ижроси билан инсонларга хушнудлик, хуш кайфият улашаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Насиб этса, танловнинг вилоят босқичида ҳам юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз.
Шундан сўнг фестиваль тадбирлари Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида "Ободлик кўнгилдан бошланади" шиори остида гуллар байрами билан давом этди.
Боғ дарвозаси олдидаги фаввора нафис куйлар оғушида кўкка бўй чўзди. Боғнинг ҳар бир қадами турфа гуллар билан безанди. Айниқса, шеърият мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий хазратларининг ҳайкали ва унинг "Хамса" китобига жамланган беш достони номлари турли ранглардаги гуллар билан ёзилгани, гуллардан миллий рамзларимиз - байроқ, герб, Конституция китоби яратилганлиги Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббуси билан рамзий боғлиқликни мужассам этди. Бундан ташқари, шоҳ ва шоир З.М. Бобур ҳайкалининг гуллар билан безатилиши, халқимизнинг ардоқли ижодкори Муҳаммад Юсуф сиймосининг яратилганлиги барчада унутулмас таассуротлар қолдирди.
Бундай ўзига хос композициялар юрт тинчлиги, хотиржамлигига шукроналик, ёшларни одоб-ахлоқли, илмли, ҳалол, меҳнатсевар ва жасур бўлишга, юртни ардоқлашга, юрт учун фидойи бўлишга ундаш билан бирга, қалбларида улуғ аждодларга ҳурмат, улардан, қолаверса, озод ва обод Ватандан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шунингдек, тадбирда миллий либослар, ўқувчиларнинг қўл меҳнати буюмлари, иқтидорли ёшларнинг инновацион лойиҳалари, мусаввирлик асарлари, яратилган веб-сайт, электрон дарсликлар, китоблар, Ватан манзараларини акс эттирувчи видеороликлар, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш доирасида намойиш этилган кўргазмалар ҳамда ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
- Бугунги кун ёшларига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, - дейди "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ўктамжон Охунов. - Ёшларга ўз иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Қалбида шижоат, интилиш, юксак марраларни забт этишга иштиёқи баланд ёшларимиз эришаётган ютуқлар ҳам жуда кўп. Бу юртимиз эртаси янада порлоқ бўлишининг ёрқин намунасидир.
Боғ марказидаги амфитеатрда "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи давомида белгилаб берган вазифалар хусусида гапириб, умумий қиймати 25 триллион сўм бўлган 910 та лойиҳа амалга оширилиши, натижада 46 минг 600 дан зиёд янги иш ўринлари яратилишини таъкидлади. Қурилиш ва ободонлаштириш соҳасига 1 триллион 846 миллиард сўм йўналтирилаётгани ҳам бунёдкорлик борасидаги ишлар кўлами нечоғли катта эканлигини айтиб, айни кунда Марҳамат ва Бўз туманларини намунали туманга айлантириш бўйича ишлар бошланганлигини қайд этди.
Тадбирда бунёдкорлик ифодаси бўлган "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" шиори остида ўтказилган кўрик-танловнинг "Энг обод туман" номинацияси бўйича ғолиб деб топилган Қўрғонтепа тумани, "Энг кўркам маҳалла" деб эътироф этилган Пахтаобод туманидаги Учкўза маҳалласи вилоят ҳокимлиги томонидан муносиб тақдирланди. Шунингдек, танловдаги фаол иштироки учун мактабгача таълим, касб-ҳунар таълими, маданият ва соғлиқни сақлаш бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, давлат санитария-эпидемиология назорати марказига ҳам рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.
Фестиваль тадбирлари пойтахтдан ташриф буюрган Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри ҳамда таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида Қизлар форуми бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган беш ташаббусни амалга оширишда қизлар фаоллигини ошириш мақсадида ўтказилган тадбирда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, умумтаълим мактаблари, коллеж ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фаол ва иқтидорли, шунингдек, профилактика ҳисобига олинган қизлар ҳамда уюшмаган ёшлар вакилалари иштирок этди.
Форумда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўз олиб, мамлакатимизда барча соҳаларда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, тенгдош-тенгдошга тамойили асосида фаол қизлар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш, бу борада Зулфия мукофоти соҳибалари етакчи бўлишлари зарурлигини таъкидлади.
Дастлаб Зулфия номидаги Давлат мукофоти мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло хулқи, зукколиги, донолиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари, истеъдоди, шунингдек, истиқлол ғояларини тарғиб этишдаги фаоллиги учун 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги алоҳида ютуқлари учун берилиши белгиланган бўлса, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги "Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Фармонига асосан эндиликда ушбу мукофот билан ҳар бир вилоятдан икки нафар 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли қиз 7 та йўналиш бўйича тақдирланади.
Ушбу танловда қатнашиш истагидаги қизлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳар йили мукофотга номзодлар саралаш жараёнининг қуйи босқичларида 30 минг нафардан ортиқ қизлар иштирок этади. Ана шу жараёнда қизлар тенгдош дугоналари эришаётган натижалар билан бевосита танишадилар, ўзаро тажриба алмашадилар, ўз истеъдодларини янада ривожлантиришга ҳаракат қиладилар.
- Бугун вилоятимизнинг 22 нафар истеъдодли қизлари ушбу нуфузли мукофотга лойиқ деб топилган, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Уларнинг 3 нафари фан, 3 нафари таълим, 5 нафари адабиёт, 5 нафари санъат, 6 нафари маданият йўналишида мукофотга сазовор бўлган. Бундан ташқари, Фарғона вилоятидан ана шу мукофот соҳибаси бўлган 2 нафар қиз ҳам бугун вилоятимизда яшаб, меҳнат қилмоқда.
Мукофот соҳибаларининг кейинги фаолияти, олиб бораётган илмий, ижодий ишлари самаралари, фаол ва иқтидорли қизлар сафини кенгайтиришга қўшаётган ҳиссалари, умуман, уларнинг фаолияти бўйича мониторинг йўлга қўйилган.
Турли йилларда мукофот соҳибаси бўлиб, ҳозирда турли соҳаларда меҳнат қилаётган Жамила Сотқинова, Рушана Рустамова, Эркиной Рўзиматова, Дурдона Қорабоева, Саидабону Абдусаломова, Нилуфар Дадахўжаева, Саида Қулматова, Нилуфар Саматова каби қизларнинг бу борадаги фаолияти эътиборга молик.
Юлдузой Ўрмонова, Гўзалой Абдуллаева, Муҳаббат Каримова, Севара Фозилжонова, Илтижо Тоштемирова, Эъзоза Обиджонова, Дилрабо Аҳмедова сингари мукофот совриндорлари эса айни пайтда мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида таҳсил олиш билан бирга, жамиятдаги жараёнларда фаол иштирок этмоқда.
Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган форумда тенгдош-тенгдошга тамойили асосида мукофот совриндорларининг жамоат ишларидаги фаоллиги, ташаббускорлигини янада ошириш, иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, ёшлар ўртасидаги салбий ҳолатларни бартараф этишга қаратилган ишлардаги иштирокини кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
- Айни кунда Андижон давлат университетида меҳнат қиламан, - дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони Дурдона Қорабева. - Қизларни спортга, хусусан, гимнастикага кенгроқ жалб этиш, уларнинг юқори натижаларга эришишларига ёрдам беряпман. Мақсадим, фаол ва иқтидорли қизлар сафини кенгайтиришга кўмаклашиш, юксак мукофот соҳибаси сифатида жамиятдаги жараёнларда фаол иштирок этиш.
Форум доирасида иқтидорли қизлар томонидан тайёрланган миллий либослар, уларнинг ижодий, мусаввирлик ва инновацион лойиҳалари кўргазмалари намойиш этилди.