Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
"Мустақилликнинг 15 йиллиги" - Қорасув шаҳридаги обод, намунали маҳалла фуқаролар йиғинларидан бири. Ҳудуддаги 350 оилада 2 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. "Зиё", "Бўрилик", "Табассум", "Тинчлик", "Мустақилликнинг 15 йиллиги", "Чаманзор", "Навбаҳор", "Мирзо Улуғбек" каби кўчалардан таркиб топган йиғин аҳолиси асосан ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, деҳқончилик, ишлаб чиқариш соҳаларида меҳнат қилади.
Оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, хонадонлар фаровонлигини ошириш, кам таъминланган оила вакиллари ҳамда ногиронларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажримларга қарши курашишда маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Моҳирахон Хўжамованинг алоҳида хизматлари бор.
- Маҳалламизда турли миллат вакиллари истиқомат қилади, қирғиз миллатига мансуб фуқароларимиз кўпчиликни ташкил қилади, - дейди Моҳирахон Хўжамова. - Шу сабаб аҳоли ўртасида миллатлараро дўстлик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, тинчлик-хотиржамликни таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Одамларимиз меҳнаткаш, маънавиятли, меҳр-оқибатли. Оилалар билан ишлашда ҳар бир оиладаги муҳит, мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратамиз.
Маҳаллада 200 дан зиёд ёш оила бор. Оилалар билан иш олиб боришда Моҳирахонга йиғин раиси Тўлғаной Сиддиқова бош-қош бўлади, узоқ йиллик тажрибалари ўртоқлашади. Маҳалладаги жамоатчилик тузилмалари вакиллари Маҳбубахон Турсунова, Муҳаррамхон Йўлдошева, профилактика инспектори Азизбек Нурматовлар фуқаролар тинчлик-осойишталиги, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда яқиндан ёрдам бериб келмоқдалар.
- Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда маҳалламизда қайнона-келин, куёв-қайлиқ муносабатлари, оила тинчлигини сақлаш, бахтли яшаш сирлари мавзусида тез-тез давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказиб турамиз, - дейди мутахассис. - Яқинда "Ибратли ҳаёт мактаби" деб номланган тадбир уюштирдик. Унда намунали оила соҳибалари бўлмиш қайноналар ёш келинларга ўз тажрибаларидан сўзлаб бердилар, оилада юзага келадиган нохуш вазиятлардан қандай қилиб чиқиб кетиш, қайнонанинг кўнглига йўл топиш, турмуш ўртоғига суюкли бўлиш, оиланинг бошқа аъзолари билан чиройли муносабат ўрнатиш борасида маслаҳатлар бердилар.
Мутасаддилар ва кенг жамоатчиликнинг саъйи-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда. Яъни, маҳалла ҳудудида жорий йилда биронта ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарлик, оилаларда ажрим ҳолатлари қайд этилмади. Турли келишмовчиликлар оқибатида аразлашган 18 та оила яраштирилди.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш, ногиронларни қўллаб-қувватлаш анъанага айланган. Жорий йилда кам таъминланган оилаларга духовка, газ плитаси, маиший газ баллонлари берилди.
Ҳудудда ёшлар бандлигини таъминлаш, қизларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам қувонарлидир. Тадбиркор Рустамжон Нишонов ўз хонадонида рўмолча ишлаб чиқариш цехи ташкил қилди ва маҳалладаги 20 нафар қиз-жувонни иш билан таъминлади. "Интер Агро Стар" фермер хўжалигида 100 дан зиёд фуқаролар чорвачилик, боғдорчилик йўналишида самарали меҳнат қилмоқда.
Моҳирахон Хўжамова маҳалланинг, оилаларнинг тинчлиги, осойишталигини сақлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб бораётган самарали меҳнатлари учун яқинда туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Ҳа, Моҳирахон Хўжамова сингари ўз ишининг фидойиси бўлган мутахассислар фаолияти ҳар қанча таҳсинга муносибдир.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан Қўрғонтепа, Булоқбоши ҳамда Хўжаобод туманидаги умумтаълим мактабларида "Ҳушёрлик - соғлик гарови" мавзусида учрашувлар ўтказилди.
Ўқувчи ёшларда ис газидан заҳарланиш ва фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича билим ва кўникмани шакллантириш мақсадида ўтказилган тадбирларда умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирок этдилар.
Учрашувда вилоятимизда ис гази билан заҳарланиш ҳолатлари, ис газининг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари, келтирадиган моддий зарарлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Тадбир давомида қўлбола иситиш жиҳозлари, сифатсиз кўмир маҳсулотларидан фойдаланиш оқибатида юзага келган вазиятлар, айрим фуқароларнинг тан жароҳати олганлиги ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Иштирокчиларга ис гази билан заҳарланишининг белгилари ва заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш юзасидан кенг тушунчалар берилди.
- Ис газидан заҳарланганларга ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатилса, заҳарланган инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлади, - дейди вилоят ФВБ бошлиғининг ўринбосари Ойбек Тоштемиров. - Шу боис, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган бу каби учрашувлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Инсон ҳаёти турли балою-офатлардан холи эмас. Шундай экан, фавқулодда вазиятлар рўй берганда қандай йўл тутиш кераклигини ҳар бир киши билиши керак. Энг муҳими, доимо ҳушёр ва эътиборли бўлиб, зарур бўлганда ҳаётимиз ва соғлигимизни муҳофаза қила олайлик.
Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида "Ёш китобхон" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги "Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини, мутолаа ва китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган танловнинг саралаш босқичларида вилоят бўйича 37,5 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.
Дастлабки саралаш босқичи онлайн тест синови асосида ташкил этилганлиги холислик, шаффофликни таъминлаш, натижаларни ўша заҳоти билиш имконини берди. Саралаш босқичларида ғолиб чиққан 136 нафар ёш китобхон танловнинг туман ва шаҳар босқичларида иштирок этди.
Танловнинг вилоят босқичида учта ёш тоифаси доирасида қатнашган 46 нафар ёш китобхон ўзбек ва жаҳон адабиёти, буюк аллома ва адибларимиз ҳаёти, ижоди бўйича билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, 10-14 ёшли иштирокчилар ўртасида Балиқчи туманидаги 6- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Дилбарой Сирожиддинова, 15-19 ёшли иштирокчилар ўртасида Пахтаобод туманидаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилнавоз Неъматуллаева, 20-30 ёшли иштирокчилар ўртасида Андижон шаҳридан Шоҳсанам Каримова ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
- Танловда хаяжон ва катта қизиқиш билан иштирок этдим, - дейди танлов ғолибаларидан бири Дилнавоз Неъматуллаева. - Саралаш, туман ва вилоят босқичида ғолиб бўлганлигимдан жуда хурсандман. Ушбу муваффақият менга куч, шижоат, зиммамга катта масъулият юклайди. Эндиги мақсадим, танловнинг мамлакат босқичида ҳам ғолиблар қаторидан жой олиш. Юртбошимиз, ота-онам ва устозларим ишончини оқлаш.
Fолиб ва совриндорлар китоблар жамланмалари билан тақдирландилар.
Муаллималар ўртасида "Заковат" беллашуви ўтказилди
Избоскан туманидаги 8-умумтаълим мактабида муаллималар ўртасида "Заковат" интеллектуал беллашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда туман халқ таълими бўлими мутасаддилари, мактабларнинг маънавият ва маърифат бўйича директор ўринбосарлари, илмий бўлим мудирлари, фан ўқитувчилари иштирок этди. Ўқитувчиларнинг тафаккури, билим салоҳияти ва касбий малакасини юксалтиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган беллашувда умумтаълим мактабларининг 8 нафар зукко, билимдон муаллималари фан, таълим, сиёсатга оид савол-жавоблар доирасида ўз билим ва салоҳиятларини намойиш этди.
- Бугунги кун ўқитувчиси изланувчан, юксак билим ва иқтидор эгаси бўлмоғи лозим, - дейди 34-умумтаълим мактаби директори Муқаддам Ҳусанова. - Ана шундагина у бугунги ўқувчининг талабига жавоб бера олади. Нафақат ўқувчи ёшлар, балки, ўқитувчиларнинг ҳам билимларини турли викторина, беллашувлар орқали тез-тез синовдан ўтказиб туриш фойдадан холи бўлмайди.
Беллашувда саволларга энг кўп жавоб топган 34-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Маҳлиё Содиқова ғолиб деб топилиб, ҳомийларнинг эсдалик совғаси, туман халқ таълими бўлимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
БАХТ ВА ФАРОFАТ ҚАСРИНИНГ СОҲИБАСИ БЎЛАЙ ДЕСАНГИЗ, ҚУЙИДАГИ ЎГИТЛАРГА АМАЛ ҚИЛИНГ!
Келинларга маслаҳатлар
Оила бахтини ушлаб, асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё "ҳуқуқ" талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтларига зомин бўлиб қоладилар. Кейин афсус-надоматлар ичра идорама-идора юриб, "ҳақиқат" излашга тушадилар.
Қайнона билан тил топишиш, унга ёқишнинг ҳеч қандай яширин йўллари, сир-синоатлари йўқ. Фақат донишмандларнинг пандларига қулоқ солиш, катталарнинг насиҳатига кўникиш, қайнонани она ўрнида кўриб, у билан низо чиқаришдан, ихтилофга боришдан қочиш керак. Келинг, яхшиси қуйидаги ўгитларни ўқиб, унга риоя қилишга урининг:
1. Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари бисёр.
2. Рўзғорнинг бор-йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутаҳҳарлари Ойша онамизнинг гапларини эсланг: "Муҳаммад (с.а.в.) хонадонидагилар Мадинага келгандан то ул зот вафот қилгунларига қадар ҳам лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони ейишмаган. Расулуллоҳ хонадонидагилар бир кунда икки маҳал таом емагандирлар. Биз бир ойда бир марта бўлса ҳам ўчоққа ўт ёқолмас эдик, агар аҳёнда ҳадя қилинадиган озроқ гўштни ҳисобга олмасак, ейишимиз нуқул хурмо, ичишимиз сув эди".
3. Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқчилик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлғай", дейди.
4. Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг. Маблағингизни қайнона билан келишиб сарфланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила сарфиётини, қаттиқ-қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги ишонч ва ҳурматни барбод қилади.
5. Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган сўзлар билан дилозорлик қилманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): "Одамларни юзлари билан дўзахга ташланишларига фақат тиллари сабаб бўлади!" деганлар. Бир марта ёлғон гапириш билан бир умрга ишончдан чиқиб қолишингиз мумкин.
6. Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор жойга бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ота-онага итоат этмоқни намозни вақтида ўқишдан кейинги Аллоҳ таолога энг маҳбуб (севикли) амал, деб ҳисоблаганлар.
7. Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда "Эгилган бошни қилич кесмас", деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўйингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқли ва суюклироқ бўласиз.
8. Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу "қилди-қилмади"лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. Бир саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломдан "Эй Расулуллоҳ, менинг касалманд онам бор, уни ўзим овқатлантираман, сув ичираман, таҳорат қилдириб қўяман, орқамда опичлаб юраман, ҳаққини тўла адо қилибманми?" деб сўраганида, Расулуллоҳ: "Йўқ, юздан бирини адо этибсан, холос", деган эканлар.
9. Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқ-чапоқ бўлиб кўринманг. Ўғлининг сизнинг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, "Болам иккита бўлди", деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг сабабчиси бўлган ўғлини "оғдириб олган" келинни ёқтирмай қолади.
10. Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангиз-у, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдонлашиб кетган келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, ўша оилада ўз ўрнингизни топишингиз қийин кечади.
Бахт ва фароғат қасрининг соҳибаси бўлай, эримникида иззат ва ҳурмат топай, ҳаётим осойишта ўтсин десангиз, юқоридаги ана шу панд-насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, келиндан ёлчимадим, дея хафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбини ёритарсиз. Аллоҳ таоло ҳар бир қайнона ва келинни бир-бирларига иссиқ кўрсатсин, қалбларида меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини ўстирсин.
Шаҳрихон қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежида "Ёшлар ва мутолаа" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўқувчи ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, китобсеварларни кўпайтириш, иқтидорли ва тафаккурли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси мутасаддилари, касб-ҳунар коллежларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, Ахборот-ресурс марказлари раҳбарлари, ўқувчи ёшлар қатнашдилар.
Тадбирда сўз олганлар китоб ва унинг ёшлар камолоти, маънавиятининг юксалишидаги ўрнига алоҳида тўхталдилар. Шундан сўнг ахборот-ресурс маркази ходимлари ва ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий дастур йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди. Савол-жавобларга бой баҳсу мунозара, фаол китобхон ёшлар мушоираси, қизиқарли саҳна кўринишлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
- Китоб - тафаккур машъаласи, - дейди коллежнинг ахборот-ресурс маркази раҳбари М. Раҳмонова. - Инсоннинг энг катта бойлиги бу унинг ақл-тафаккури, китоб эса ана шу ақлни, фикру тафаккурни ифодалаш воситасидир.
Бу каби тадбир Шаҳрихон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ҳам бўлиб ўтди. "Китоб эзгуликка етаклайди" мавзусида бўлиб ўтган тадбирда коллеж директори А. Йўлдошев сўз олиб, китобнинг ҳаётимиз, жамиятдаги ўрни ва роли хусусида гапирди. Ўқувчилар томонидан бадиий дастур намойиш этилди.
Тадбирларда фаол ва аълочи ўқувчиларга китоблар совға қилинди.
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда "Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни ва ҳарбий қисм хизматчилари оилаларининг зиммасидаги масъулият" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги жамоатчилик тузилмалари вакиллари, депутатлар, ҳарбий қисм хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи, катта лейтенанти О. Аминов тадбирни очиб, юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бу борада ҳарбий қисмда ҳам зарур ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Хусусан, хотин-қизлар қўмитасининг ҳарбий қисмдаги бошланғич ташкилотининг самарали фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда сўз олган вилоят "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари Замирахон Тиллаева, Қўрғонтепа тумани "Тадбиркор аёл" уюшмаси раиси Муҳаббатхон Юлдашева, "Меҳримиз сизга" аёллар ва уларнинг оилаларига ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари Холидахон Мирзараҳимова ўзлари фаолият юритаётган тузилмалар фаолияти, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги вазифалари, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилани мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, шунингдек, ҳарбий қисм хизматчиларининг оилалари зиммасидаги масъулият хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
- Бундай тадбирлар ҳарбий қисм хизматчилари оилаларида маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жамият ва оила олдидаги бурч ва масъулиятларини янада теранроқ ҳис этиш, тадбиркорлик қилиш ниятидаги аёлларни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради, - дейди Х. Мирзараҳимова. Қолаверса, оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси борасидаги билим ва кўникмаларини янада бойитади.
Тадбирда психолог Нилуфар Асқарова томонидан асабийлашиш, унинг оила муносабатларига салбий таъсири, оқибатлари мавзусида машғулот ўтказилди.
Оиладаги тотувликка кўп ҳолларда қайнона ва келин ўртасида пайдо бўладиган келишмовчиликлар, муросасизликлар раҳна солади.
Келин айбдор
Нима учун қайнона-келин муносабатлари муаммоси ҳаётимизда тобора бўй кўрсатиб, кўплаб оилаларни парокандаликка олиб келмоқда? Бир хонадонда яшайдиган икки аёл нимага муроса қилиб яшолмайди? Бунинг сабаби нимада? Айни пайтда бу каби саволлар кўпчилик юртдошларимизни ташвишга солаётгани аниқ. Ихтилоф абадийми? Келинг, ана шу хусусда мулоҳаза юритиб кўрайлик.
Фаолиятим давомида кўплаб қайноналар, келинлар билан суҳбатлашаман, айниқса, "қайнона-келин можаролари" муҳокамасида иштирок этаман. Ана шу жараёнларда уларнинг ҳар биридан нимадир олишга, нимадир ўрганишга ҳаракат қиламан. Яхши жиҳатларни оммалаштиришга, салбий ҳолатларни эса "бу ишнинг охири хайрли бўлмайди", дея ибрат тариқасида айтишимга тўғри келади. Агар эътибор қаратсак, бугун юз бераётган оилавий жанжалларнинг деярли ярми қайнона-келин ўртасидаги можароларга тўғри келади. Қанчалик ачинарли, ташвишли бўлмасин, бундан кўз юма олмаймиз.
Ана шу можаролар ўрганилганда, қайнона бутун айбни келинга тўнкайди. Келинининг ношуд, уқувсизлигидан нолийди, келинлик вазифасини кўнгилдагидек бажармаётганлигини айтиб, ўзини фариштадек оппоқ кўрсатишга уринади. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта. Тўғри, келин ёшлик қилиб, хато ва камчиликларга йўл қўяётган бўлиши мумкин.
...Хонадонга янги келин тушди. Янги оила, келин ушбу оилага мослашиши зарур. Бунинг учун эса маълум вақт керак. Лекин, келин тўйдан уч кун ўтмаёқ ўзини хизматга уради. Қайнонанинг кўнглини олиш, оила аъзоларига ёқиш, эрини хурсанд қилиш, яна тўйдан кейин кўнгил сўраб келгувчи меҳмонларга елиб-югуриб хизмат қилиши лозим. Бу ишлар ёш келинни толиқтириб қўяди. Толиқиш кишини асабийлашишга, хато қилишга мажбур қилади. Кўрибсизки, келин субҳи содиқдан ярим тунгача тинмасин, ўзини минг алпозга солмасин, айланиб-ўргилмасин, барибир қайнонасига ёқмайди.
Яхши тарбия кўрган келин нима бўлганда ҳам қайнонасига мулозамат қилади, ширин гапиради. Қайнона бунга нисбатан: "Илоннинг ёғини ялаган, айёр-да!" дея унинг ҳаракатларини сунъийликка йўяди. Елиб-югуришини кўриб хуноби ошади: "Бирам шошилиб юрадики, худди ёв қувгандай". Хуллас, ўтирса - ўпоқ, турса - сўпоқ, юрсаям - ёмон, турсаям - ёмон кўринади. Қайнонанинг бундай эгоистик ҳаракати можароларнинг янада урчишига йўл очиб беради.
Келин бечора бу ҳолатни асло тушунолмайди. У ёқда эр ҳайрон. Бирор нарса деса, онаизорнинг дили оғрийди. Демаса, бу ёқда айбсиз хотини ноҳақ зулм кўряпти.
Қайнонанинг зулмкор тушунчаси туфйли тўйдан бир йил ўтмаёқ, ёш оила бузилиб кетди.
Хотинимни ҳимоя қилишга журъатим етмади
Яқинда ана шундай ҳолатлар сабаб ажрашиш ёқасига келиб қолган нотинч оила вакиллари - келин-куёв, қайнона билан суҳбатлашдим. Суҳбат давомида келиндан оиладаги ноаҳиллик сабабини сўрадим. У анча сукут сақлаб турди, кейин секингина: "Эр-хотин яхши эдик. Аммо қайнонамлар билан муросамиз келмади", деди. Кейин куёвдан уриш-жанжалларнинг сабабини сўрадим. У бўлса: "Тўйдан уч ой ўтиб, онам келинини ёмонлай бошлади. Сен ёқтириб уйланган бу келин оиламизга мос эмас, мени ҳурмат қилмайди" деган гапларни айтиб, бўлар-бўлмасга жанжал чиқарадиган бўлди. Аслида хотинимнинг муомала-муносабатида онамга нисбатан ҳурматсизликни кўрмадим. Онамга буни тушунтиришга уриндим. Лекин у тушунишни ҳам, эшитишни ҳам истамади. Хотинимнинг ёнида "онамнинг ноҳақлигини" тушунтириб қўйишга ғурурим йўл бермади. Хотинимни ҳимоя қилишга ҳам ўзимда журъат тополмадим.
...Жанжал, бақир-чақир тинмай қолди. Хотинимни, десам, у ёқда боқиб катта қилган онам. Икки ўт орасида қолдим. Охири турмушдан файз кетди, можаролар жонимга тегди. Бундай пайтда айниқса, дадамнинг йўқлиги билиниб қолди, у киши ҳаёт бўлганида балки бундай ҳолат бўлмасмиди, балки онамни йўлга солармиди?" Хуллас, хотинимнинг жавобини беришга тўғри келди.
Шу тариқа кўп қайноналар ўзларининг худбинлиги, манманлиги билан фарзандининг тинч оиласини бузмоқда. Энг ачинарлиси, унинг хатоларини қанча тушунтирманг, тушунмайди, ўзини ҳақ деб билади.
Бундай оналар билиб қўйсин! Келини ўғилга никоҳлаб берилган ва унинг зиммасига энг аввало, эр олдидаги бурчларни адо этиш юкланган. Эрнинг ота-онаси, яъни қайнона-қайнотасига, оиланинг бошқа аъзоларига хизмат қилиши келиннинг эрга бўлган ҳурмати, муҳаббати туфайлидир. Шундай экан, рўзғорнинг ҳамма юкини келиннинг елкасига ортиб қўйиш, уни оилани барча аъзоларининг истак-хоҳишини бажартиришга уриниш нотўғри. Минг афсуски, баъзи хонадонларда келинларни эрлари қолиб, турмушга чиқиб кетган соппа-соғ, тўрт мучаси бут қайнсингиллари хизматини қилишга, боласини боқишга, уйига келганида ҳатто овқатини тайёрлаб, кирини ювиб беришга мажбурлаш келинга нисбатан зулмдан бошқа нарса эмас.
келинга зулм қилиш жоҳилликдир
Бундай ҳолатларга барҳам бериш керак. Кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар бунга бош-қош бўлиши зарур. Зотан, қайнона келинни қизидай қабул қилса, билмаганини яхши гап билан ўргатса, тарбияласа, ишонаманки, ўша оиладаги келин ҳам қайнонасига қиз бўлиб қолади, оилада хотиржамлик, тотувлик, файз-барака бўлади.
Туманимизда 79 мингга яқин оила истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган даврида туман бўйича 45 та ажрим қайд этилган бўлса, олиб борилган мулоқот, тушунтириш ишлари самараси ўлароқ, 150 га яқин оилани яраштиришга эришдик.
Келинга зулм қилишлик жоҳилликдан нишона. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша келин билан ёвлашиб, олишиб юриш оналик мақомига асло тўғри келмайди. Қайноналаримиз кўнглини кенг қилсин, фақат яхшилик йўлини тутсин.
Токи оиламизда раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат сингари юксак инсоний фазилатлар ҳукм сурмас экан, ҳаётимизда хотиржамлик бўлмайди. Ҳурматли қайноналар! Оилангиз, фарзандларингиз хотиржамлигини ўғирлаб, қандай ҳаловат, ҳурмат, савоб топишингиз мумкин. Шуни танангизга ўйлаб кўринг, тўғри йўлдан адашманг.
Мавлудахон АБДУРАҲМОНОВА,
Асака тумани "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раиси.
Афсуски, кейинги пайтларда ҳаётимизда гўё меҳр камайиб бораётгандай. Айниқса, онанинг фарзандларига, фарзанднинг ота-онага меҳри, жигарларнинг бири-бирига бўлган самимий туйғулари аста-секин унутилаётгандай. Ўйлаб кўрсак, бунга энг аввало, ўзимиз сабабчи бўляпмиз.
...Узоқ бир қариндошим - эр-хотин ёлғизгина фарзандини ота-онасига ташлаб ишлагани хорижга кетди. Бола гўдак эди, бобо-ю бувиси қарамоғида вояга етди, мактабга борди. Ўн йил деганда ота-она бойлик орттириб уйга қайтишди. Она фарзандини бағрига босиб эркаламоқчи, бола унга ёвқараш қилади, ўпса юзини артади. Ота боласи билан ўйнамоқчи, лекин бола бобоси билан айланишга чиқишни хоҳлаяпти. Кўникиб қолар дейишди, катталар. Йўқ, бола ўрганмади, ота-онасига меҳри иймади.
Бу ҳам майли. Ахир эр-хотин, тирикчилик деб биргаликда ишлаб келишибди-ку. Лекин бугун эр уйда қолиб, аёл боши билан хорижга ишлагани кетаётган аёлларни қандай тушуниш мумкин?! Уларнинг деярли кўпчилиги фарзандларини ташлаб бир неча йил йўқ бўлиб кетадилар. Янада ачинарлиси, хорижга чиқиб, дунё кўриб келган оналарнинг дунёқараши ҳам ўзгарган. Энди улар фарзанд тарбиясида ҳам ўша ёқда кўрганларига тақлид қилади. Бу қайсидир даражада миллий қадриятлардан узилишга, маънавий саёзликка, меҳрсизликка олиб келади.
Бу оилаларда энди пул, мол-дунё бор. Лекин меҳр-оқибат, ўзбекона тарбия мезонлари йўқ.
Пул ишлаб топиб, оилани моддий томондан яхшиларсиз, аммо халқимизга хос муносабатларни, унутилаётган меҳр-оқибатни тиклаб бўлармикан?
Уйингизнинг, рўзғорнинг кам-кўстини бутларсиз, кемтигини тўлдирарсиз, аммо йўқотилган меҳрнинг ўрнини нима билан тўлдирасиз?
Ёзганларимни ўқиб баъзилар мендан ёзғириши мумкин. "Ахир яхши яшаш учун, тирикчилик учун юрибмиз-ку", деб. Аммо, халқимизда "осмонга тупурсанг юзингга тушади", деган мақол бор. Бугун фарзандларимиз бизга кўрсатаётган меҳр - бир пайтлар биз ота-онамизга кўрсатган меҳрдай қайноқми? Эркак кишининг йўриғи бошқа. Эркак киши кўчанинг одами. У пул топиб аҳли аёли ва фарзандларини таъминлаши лозим. Аммо, нима бўлишидан қатъи назар, аёлнинг ўрни оилада, фарзандларининг ёнида бўлиши керак. Аёл - болалари учун қўрғон, эри учун остона. Эркаги топганини тежаб-тергаб сарфлаган аёлнинг оиласида барака бўлади, оиласида ҳеч қачон меҳр йўқолмайди.
Ҳафтанинг жума кунида чор-атрофимиздаги кишилар бир-бирларини муборак кун билан қутлаётганига гувоҳ бўласиз. Жомъе масжидларида намоз фарзини адо этишга бораётган оқсоқолларнинг юз-кўзларидан нур ёғилади. Бу мамлакатимизда диний бағрикенгликка асосланган оқилона ва одилона сиёсат олиб борилаётганлигидан далолатдир. Илгари кўплар учун армон бўлган Ҳаж ва Умра зиёратлари, қутлуғ Каъба дийдорига мушарраф бўлишдек саодат бугун оддий ҳақиқатга айланиб қолди. Халқимизнинг тафаккур чаманида Қуръон мусобақаларини ташкил этишдек хайрли ҳаракат юз очди. Мамлакатимизда ўрта махсус диний таълим муассасалари, пойтахтимизда Ислом академияси фаолият юритяпти.
Аммо... мана шундай ибодат эркинлиги, дунёвий ва диний билим олиш имкониятлари қарор топган юртимизда гурунч орасидаги курмакдек айрим ноқонуний хатти-ҳаракатлар учраб турганлиги ачинарли, албатта. Айрим кимсалар ҳали муқаддас динимиз илмлари борасида етарлича тасаввур ва тафаккурга эга бўлмай туриб, муллаликни даъво қиладилар.
Ҳар бир хатти-ҳаракатнинг ўзига яраша талаблари, тартиб-тамойиллари борлигини биласиз. Қолаверса, барчамиз жамиятимизда қарор топган қонунларга риоя этмоғимиз шарт. Хонадонлари ёхуд ҳужраларда «диний сабоқ бераман» дея ёшларни, айрим ҳолларда аёлларни эргаштириб, ўзи чаламулла бўлатуриб, мударрисликни даъво қиладиган шахслар ҳам учраб турибди.
Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ маҳалласидаги Назокатли кўчасида яшовчи Мунтазамжон Азимов айни навқирон 41 ёшда. Махсус диний маълумоти ҳақида тегишли рухсатномаси йўқ. Хонадонида ҳудудда яшовчи мактаб ўқувчиларини атрофига чорлади. Эрталаб соат 6 дан 7 га қадар диний таълимотдан «сабоқ» беришга киришди. Шу туманнинг Намуна маҳалласи, Намуна кўчасида яшовчи Хурихон Кавланованинг беш нафар фарзанди бор. Ўзи иккинчи гуруҳ ногирони, нафақада. Ўрта махсус маълумотга эга бўлган бу аёл таталаб ўрганган «билим» ларини бошқаларга «ўргатиш» ҳаракатига тушиб қолди.
Бундай йўналишда сабоқ бериш учун, аввало, махсус диний маълумот бўлиши керак. Шунингдек, диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсати ҳам талаб қилинади. Ўзбошимчалик билан бериладиган таълимотга асосланган ноқонуний ҳаракат учун энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади. Суд ҳуқуқбузарлар М. Азимов ва Х. Кавлановаларга жазо тайинлашда уларнинг шахси, қилмишларидан қаттиқ пушаймонлиги, моддий аҳволи, яшаш жойидан берилган тавсифномаларни ҳисобга олиб, ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси белгилади.