+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

КЕЛИНЛАРИМИЗГА ИККИ ДУНЁ САОДАТИ ЁР БЎЛСИН

ҳаёт - ибрат мактаби

Бир пири бадавлат фарзандларига: "Мен сизларга туғилмасларингдан олдин ҳам яхшиликлар қилганман", деган экан. Фарзандлари қизиқиб сўрашибди: "У қандай яхшилик эди?". Оталари "Сизлар учун қалбан меҳрли, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан доно онангизни танладим!", деб жавоб берган экан. Ҳатто, буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам келин танлаганларида етти авлодини суриштирар эканлар.

Дарҳақиқат, бугун соғлом оилани шакллантириш, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама соғлом, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш жамиятимиз олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу маънода оилаларда, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш вилоятимизда фаолият олиб бораётган 492 нафар отинойи зиммасига улкан масъулият юклайди.

Бугунги кунда ҳар бир отинойи нафақат диний, балки  дунёвий илмларни пухта билиши, дунёда бўлаётган жараёнлардан яхши хабардор бўлиши керак. У одамларнинг саволларига аниқ жавоб бера оладиган салоҳиятга эга бўлиши зарур.

Минг афсуски, айни кунда айрим опа-сингилларимизнинг билиб-билмасдан турли диний оқимлар ғоялари таъсирига тушиб қолаётганидан, шаръий никоҳ асосида оила қуриб яшаётган аёлларимиз борлигидан кўз юма олмаймиз. Бу ҳолатлар энг аввало, ана шу аёлларимизнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмаслиги, диний билимлари етарли эмаслиги оқибатида келиб чиқмоқда. Демак, отинойилар бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришлари зарур.

Аллоҳга шукр, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Лекин орамизда кимлардир мана шу тинчлик ва фаровонликнинг қадрига етмасдан тўю маъракаларда дабдаба, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўймоқда. Унутмайлик, Аллоҳ кибрга берилувчи ва исроф қилувчиларни ёқтирмайди. Давлатимиз зиёда бўлса, ҳаммага овоза қилиб эҳсонлар қилмасдан маҳалламиздаги ночор, кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатайлик. Ногирон, бева-бечоралар ҳолидан хабар олайлик. Яратган ризқимизни улуғ, давлатимизни зиёда қилади.

Ўзбек аёлининг жиноят қилиши миллатимиз шаънига доғ. Афсус, айрим аёлларимиз жиноят кўчасига киряпти. Яна ажримлар юз беряпти. Арзимаган сабаблар билан Аллоҳ муқаддас ҳисоблаган оилалар пароканда бўляпти. Баъзан оилавий можароларга гувоҳ бўлганимда очиғи, оила бузилишига сабаб бўладиган тайинли сабабни кўрмайман.  Барчаси арзимаган майда-чуйдалардан келиб чиқади. Шундай пайтларда, ҳаммадан ҳам ўша оилалардаги кўзлари жовдираган болаларга ачиниб кетаман. "Ҳеч бўлмаса, болаларингиз учун тилингизни тийинг", деб келинларга насиҳат қиламан.

Юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатларнинг сабабларини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Буларнинг бари билимсизлигимиз, димоғдорлигимиз, динни яхши билмаслигимиз натижасидир. Шунинг учун ҳам отинойиларимиз энг аввало, ёшларни оилага тайёрлаш, оиланинг, никоҳнинг муқаддаслигини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратишлари керак.

Нафақат қонунларимизда, балки муқаддас динимизда келин-куёв, қайнона-қайнота, умуман, оиланинг ҳар бир аъзоси зиммасида муайян бурч, масъулият ва вазифалар бор. Буларни билишимиз, уларга амал қилишимиз лозим.

Пайғамбаримиз замонларида бир хотин яшаган экан. У эрига меҳрибон, ниҳоятда итоаткор эди. Эри уйга келиши билан истиқболига очиқ қиёфа билан пешвоз чиқиб, "Хуш келибсиз, уйимнинг улуғи, султоним" деб эгнидан кийимларини ечиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, кўрпачага ўтқазар, ҳол-аҳвол сўрар, қайғули, маъюс ҳолда кўрса, "Аллоҳ сизни бу қайғуга сабаб бўлган ғамдан қутқарсин" деб таскин, тасаллилар берар, пойабзалларини ечиб, артиб, тозалаб қўяр экан.

Пайғамбаримиз: «Мендан ўша хотинга салом етказинглар ва у аёлга Аллоҳ таоло шаҳид савобини берганлигининг хушхабарини етказинглар», деб   марҳамат қилган эканлар.

Қиссадан ҳисса шуки, келин ўз зиммасидаги вазифаларни чин кўнгилдан бажарса, куёвига, қайнота-қайнонасига гап қайтармаса, яхши гапирса, унинг оиласи тинч ва бахтли бўлади. Илойим, келинларимизга икки дунё саодати ёр бўлсин.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир юртдошимиз маънавиятини юксалтириш, оилаларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларимиз самарадорлигини оширсак, ёшларимиз онгига шарм-ҳаё, меҳр-оқибат, дину диёнат сабоқларини сингдириб борсак, ишонаманки, барча эзгу-ниятларимиз ижобат бўлади.

 

Саодатхон РАСУЛОВА,

 

вилоят бош отинойиси.

ХОТИН-ҚИЗЛАРИМИЗ ҲАМИША ЭЪТИБОРДА

қарор ва ижро

Туманда Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги. "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини  мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.

Фармонга биноан, 76 та маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимига билимдон, жонкуяр аёллар ишга қўйилди, шунингдек, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими, қўмита қошида "Истеъдодли ёшлар авлоди" ўқув маркази, "Зулфияхоним қизлари", "Раҳбар аёллар", "Иқтидорли қизлар" тўгараклари ташкил этилди.

Қўмита фаоллари ҳамда қўмитанинг 278 та бошланғич ташкилоти етакчилари, маҳалла мутахассислари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги нуфузини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, оилаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишларни олиб бормоқда.

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Биргина 2018 йилнинг ўтган даврида банклар томонидан тадбиркор аёлларга 4,5 млрд. сўм, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун 320 млн. сўм кредитлар ажратилди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида  соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, соғлом оилаларни шакллантириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тиббий ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга кўрсатилаётган ёрдамлар кўлами кенгаймоқда. Биргина жорий  йилнинг 9 ойи давомида 116 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари тарқатилди, 195 нафар ногирон ва кексаларга сиҳатгоҳда дам олиб, даволанишлари учун йўлланмалар берилди. 15 нафар ногирон аёлга тикув машиналари берилди. Шунингдек,  ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга муҳтож 7 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди.

Туманда 76 мингга яқин туғиш ёшидаги аёллар бўлиб, 2018 йилнинг ўтган даврида уларнинг 98 фоизи, шунингдек, 165 минг нафар ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Умуман, кейинги беш йил давомида туманда оналар ўлими ҳолати қайд этилмади, аёллар ўртасидаги экстрагенитал касалликар, болалар ўлими ҳолатлари камайди.

Никоҳдан ўтаётган ёшлар учун туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида "Оила мактаби" хонаси ташкил этилди. Бу ерда никоҳдан ўтаётган ёшларга репродуктив саломатлик, оилани мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг маълумотлар берилади.

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни    мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, уларни турмушга тайёрлаш, хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни ўтказиш бўйича "Ёнбош дўрман", "Бувайдо", "Бешариқ", "Маслаҳаттепа", "Абдубий" каби маҳаллаларда ишлар намунали йўлга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, қўмита хотин-қизларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмушини яхшилаш бўйича барча ишларни олиб бормоқда.

 

Нигорахон ЮЛДАШЕВА,

Шаҳрихон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

 

АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИГА ХАЙРИХОҲМИЗ

партия ва аёллар

"Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши, партиянинг "Аёллар қаноти" ҳамда туман-шаҳар кенгашлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишларни олиб бормоқда.

Айни кунда вилоятимиздаги 15 минг нафарга яқин партиямиз аъзоларининг 9,5 минг нафарга яқинини хотин-қизлар ташкил этади. Партиямиз фаоллари, депутатлик гуруҳлари томонидан аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий билим саводхонлигини юксалтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.  Жумладан, партиямизнинг "Адолат: қонун устуворлигига хайрихоҳмиз" лойиҳаси доирасида вилоятдаги 465 маҳалла фуқаролар йиғинидаги 8435 оилага кириб, ўша оилаларнинг яшаш шароитлари, муаммолари ўрганилди. Умуман, ўрганиш жараёнида 1 минг 238 та мурожаатлар бўлди. Мурожаатлар бўйича кўтарилган муаммо ва масалаларни ҳал этиш юзасидан давлат ва бошқарув идораларига 85 та депутатлик сўрови юборилди, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имконига эга бўлган 2 минг оиланинг кредит олиши учун банкларга тавсияномалар тақдим этилди.

 "Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик" лойиҳаси доирасида эса оилаларда, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолининг тиббий билим ва саводхонлигини, маданиятини юксалтириш мақсадида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали олиб боришда фаолларимиздан партиянинг Асака, Избоскан туман кенгашлари раислари Меҳринисо Каримова, Дилфуза Аҳмедовалар фаолияти алоҳида эътирофга муносиб.

Ҳозирда партия аъзоси бўлган хотин-қизлардан 2 нафари вилоят, 21 нафари туман, шаҳар кенгашлари депутатлари ҳисобланади. Партия электорати, хотин-қизларимиз манфаатларини ҳимоя қилишда Шоҳидахон Валиева, Зуҳрахон Комилова, Зарифа Яқубова, Дилфуза Болтабоева сингари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари жонбозлик кўрсатмоқдалар.

 

Малоҳатхон МУСАЕВА,

"Адолат" СДП вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" раҳбари.

 

 

Андижонлик олималар Ҳамиша фаол

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Илм-фан ва аёл" уюшмаси фаолияти давомида олималарнинг юртимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишлари, олиб борилаётган бунёдкорлик, маънавий-маърифий, сиёсий ишлар самарадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларнинг илмий изланишларини, ташаббускор олималарни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли, ижодкор аёллар билан ишлаш, уларнинг турли танловларда фаол қатнашишларини таъминлаш бўйича тизимли ишларни олиб бормоқда.

Айни кунда вилоятимизда 150 нафар турли илмий даражага эга олималар фаолият юритмоқда. Уларнинг 19 нафари фан доктори, 131 нафари фан номзодларидир.

 Олималарнинг аксарияти олий ўқув юртларида фаолият кўрсатиб, фаннинг турли соҳаларида илмий, назарий, илмий-услубий, амалий, фундаменталь тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, табиий, тиббий, гуманитар, қишлоқ хўжалиги, техника ва аниқ фанлар бўйича илмий ихтиро, хулоса ва ғоялари, амалий тадқиқотлари халқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ривожига ҳамда инсон маънавий тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Кейинги икки йил давомида вилоятимизда фаолият юритаётган олималар томонидан 6 та фан доктори, 14 та фалсафа докторлиги бўйича   диссертациялар ҳимояси амалга оширилди. Жумладан, Андижон тиббиёт институтидан Нелли Узбекова, Дилфуза Мамарасулова, Ойсулув Ўроқова, Андижон давлат университетидан Зиёдахон Азимова, Муқаддас Тожибоева, Лолахон Қурбоновалар  докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, тиббиёт, педагогика, ижтимоий йўналишлар бўйича доктор илмий даражаси соҳибаси бўлдилар.

Бундан ташқари, Андижон давлат университети профессори Шоҳидахон Шаҳобиддинованинг фаолиятини алоҳида эътироф этиш жоиз. Олима тилшунослик соҳасидаги илмий тадқиқотлари, ёш олималарни тайёрлашдаги, жамоат ишларидаги фаоллиги учун  "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи" фахрий унвонига лойиқ топилди.

Андижон давлат университетидан доцентлар Зиёдахон Азимова, Муҳайё Ортиқова, Азиза Имирсинова, Насиба Норалиева, Фарида Юлдашева, Дилдора Абдуллаева, катта ўқитувчилар Раъно Алиева ва Зуҳра Думаевалар эълон қилинган турли танлов, амалий ва фундаменталь илмий лойиҳаларда иштирок этиб, ғолиб чиқдилар. Айни кунда улар томонидан 361 миллион 648 минг сўм ва 16500 АҚШ доллари ҳажмидаги ишлар бажарилмоқда. Шунингдек, фундаменталь тадқиқот лойиҳалари доирасида Андижон давлат тиббиёт институти олималари Светлана Бабич 100 миллион сўм, Иқболой Зулунова 76 миллион сўм      ҳажмдаги ишларни бажармоқда.

Тошкент давлат аргар университети Андижон филиалидан Махфузахон Юсупова, Моҳидил Баратова, Саидахон Мирзаева, Ҳурриятхон Абдуллаева, Андижон Машинасозлик институтидан Мавлудахон Умарова сингари фаол олималаримиз ўзларининг илмий тадқиқотлари, самарали педагогик фаолияти ҳамда турли танловларда ғолиб бўлганликлари билан  кўпчиликка намуна бўлмоқда.

2017-2018 йилларда андижонлик олималарнинг 60 га яқин дарслик, монография, ўқув-услубий қўлланмалар, илмий журналларда эса 200 дан ортиқ мақола ва тезислари чоп этилди.

Шоҳидахон  ЮСУПОВА,

 "Илм-фан ва аёл" уюшмаси раиси,

педагогика фанлари доктори.

 

Интилиш бор жойда юксалиш бўлади

Асака туманидаги йирик корхоналардан бири саналган "Уз Донг Вон Ко" Ўзбекистон - Жанубий Корея ҳамкорлигидаги қўшма корхонада "JM-Uzbe-kistan"да тайёрланадиган автомобиллар учун овоз (шовқин) сўндирувчи жиҳозлар ва  бошқа бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади.

Ҳозирда корхонамизда 550 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилади, уларнинг 67 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг самарали иш олиб боришлари учун барча шароитлар яратилган. 39 нафар касаначи аёлларимиз бор. Касаначиларимиз қўлқоп, фартук, махсус иш кийимларини тикади.

Корхона маъмурияти, касаба уюшма ташкилоти билан ҳамкорликда опа-сингилларимизнинг иш шароитларини яхшилаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳуқуқий билимларини бойитиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда.

Корхонада "Пайшанба - маънавият куни" деб белгиланган. Шу куни маънавият машғулотлари ўтказилади. Фуқароларни огоҳликка, хушёрликка чақирувчи видеофильмлар намойиш этилади. Прокуратура, суд, ФХДЁ бўлими,  тиббиёт ва бошқа қатор соҳалар мутахассислари иштирокида  навбатма-навбат ўтказиладиган машғулотлар, мулоқот ва суҳбатлар ишчи-хизматчиларнинг ана шу йўналишдаги билим ва тушунчаларини бойитишга яқиндан ёрдам бермоқда. Маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ходималаримизнинг куч-ғайратини оширмоқда.

Жамилахон Мамиталиева, Жасура Абдулазизова, айниқса, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Дилфуза Собирова сингари ходималаримиз, шунингдек, Насибахон Қурбонова, Гавҳарой Каримжонова сингари касаначиларимиз ўзларининг фаолликлари билан ҳамкасбларига намуна бўлмоқда.

Интилиш, ташаббускорлик, рағбат бор жойда шубҳасиз, юксалиш бўлади. Фаолиятимизда ана шу масалаларга эътибор албатта, биринчи ўринда туради.

Шоирахон ТОЛИПОВА,

Асака туманидаги "Уз Донг Вон Ко" Ўзбекистон - Жанубий Корея қўшма корхонаси хотин-қизлар қўмитаси  бошланғич ташкилоти раиси.

Туманимиз пахтакорлари йиллик режани уддалади

Тантана

Жорий йилда 6 минг 591 гектар майдонда ғўза парвариш қилган туман пахтакорлари давлатга 19 минг 333 тоннадан зиёд сифатли пахта ҳосили топшириб, белгиланган йиллик режани вилоятда биринчи бўлиб бажарди.

Эришилган ана шу муваффақиятда, қолаверса, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ўтишида опа-сингилларимизнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Тумандаги 67 маҳалла фуқаролар йиғинларидан уй бекалари, уюшмаган аҳоли вакилларидан иборат 20 минг нафардан ортиқ аҳоли 76 та терим отряди таркибида теримга жалб этилди.

Энг асосийси, пахта ҳосили четдан келадиган ёрдамчилар кўмагисиз териб олинди. Терилган пахта учун пул кунма-кун бериб борилди. Шунингдек, теримчиларга тушликка иссиқ овқат ва бошқа барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

Бу каби эътибор ва рағбат, яъни иш ҳақи берилишидаги янгича тизим, илғорларни моддий ва маънавий тақдирлаш, маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш теримчиларни фаолликка, фидойилликка ундади. Кўплаб оилалар вакиллари 9,5-10 тонна пахта териб пахта хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшди. Жумладан, Файзобод маҳалласидан Фотимахон Парпиева, Сойбўйи маҳалласидан Камола Жонпўлатова, Ёлғизбоғ маҳалласидан Одинахон Эргашева, Тўққизбоғ маҳалласидан Осиёхон Абдуллаева, Санграобод маҳалласидан Мавлудахон Сатторова, Тўпажувоз маҳалласидан Муқаддасхон Раҳмонова, шунингдек, 63-терим отряди аъзоси Гулбаҳор Тўхтасинова сингари теримчилар ҳозирга қадар 5-6 тоннадан пахта теришга эришиб, барчага намуна бўлди.

 

Тумандаги мавжуд 287 та фермер хўжалигининг  225 дан ортиғи йиллик режани ортиғи билан адо этди. Гулистон массивидаги Зебо Абдураҳимова раҳбарлик қилаётган "Шаҳноза-Зебо" фермер хўжалиги эса аёл фермерлар орасида биринчи бўлиб режани бажарди.

Йиғим-теримни уюшқоқлик ва юқори савияда ўтишида теримчиларни моддий рағбатлантириш билан бирга, уларнинг бўш пайтларини мазмунли ташкил этиш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. Дала-шийпонларда  олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар билан ўтказилган учрашувлар теримчиларга куч-ғайрат, шижоат бағишлади.

Тумандаги аксарият фермер хўжаликлари пахта далаларида хали ҳосил мўл. Шу боис туман пахтакорлари қўшимча 2 минг тонна ҳосил топширишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйди. Ишонамизки, миришкор, аҳди қатъий пахтаободликлар қўшимча режани ҳам бажариб, юртимиз пахта хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшади.

Одинахон ХАЙИТАЛИЕВА,

 

Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Қизим сенга айтаман…

Аёл соғлом, хотиржам, оиласи тинч бўлсагина у яшаётган жамият юксалади, ёш авлод баркамол, юксак салоҳиятли бўлиб камолга етади. Ана шундан келиб чиқиб, фаолиятимизда оилаларни мустаҳкамлаш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Минг афсуски, оилаларни  мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жорий йилда ажримлар сонининг ортганлиги барчамизни жиддий ташвишга солади. 

Таҳлилларга кўра, ажримларнинг асосий сабаблари қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар, оилада юзага келаётган турли муаммолар эканлиги маълум бўлмоқда. "Қайноналар кенгаши" тузилмаси фаоллари томонидан маҳаллаларда нотинч оилалар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Нотинч оилаларга маҳаллалардаги ибратли турмуш кечираётган, катта ҳаётий тажрибага эга инсонлар мураббий сифатида бириктирилмоқда. Бу каби ишлар натижасида ажрашиш арафасида турган қатор оилалар яраштирилмоқда.

 Қайноналар, келинлар билан оиланинг муқаддаслиги, уни мустаҳкамлигини таъминлашдаги халқимизнинг ўзига хос қадриятлари, оиланинг ҳар бир аъзосининг бурч ва вазифалари хусусида суҳбатлар, шунингдек, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш,  никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, тўйлардаги ортиқча олди-бердиларни йўқ қилишга қаратилган тарғибот ишларимиз ҳам ижобий самаралар бермоқда. Кейинги вақтларда юқоридаги каби иллатлар бир мунча камайди.

Халқимизда "Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит!" деган ибратли гап бор. Ана шунга амал қилиб, насиҳат, маслаҳат ва тавсияларимиз билан оилаларимизни янада мустаҳкам ва   тинч-осойишта бўлишига баҳоли қудрат ҳисса қўшяпмиз.

Замирахон ТИЛЛАЕВА,

 вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги

"Қайноналар кенгаши" жамоатчилик мактаби директори.

Аёл - Ҳаётимиз гултожи

Хўжаобод туманида бугун 107 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 56 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Хўжаобод халқи тадбиркор халқ. Бу ерда ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлар кўп, ишсизлар, айниқса, ишсиз ёшлар жуда кам. Ёшларимиз касб-ҳунар коллежларини тамомлашлари билан аввало, мутахассисликлари ёки қизиқиши, эгаллаган ҳунаридан келиб чиқиб, бандлиги таъминланмоқда. Бундан ташқари, тумандаги ишга эҳтиёжманд ёшлар, хотин-қизлар рўйхати тузилиб, туман бандликка кўмаклашиш маркази кўмагида уларни ишга жойлаштириш бўйича ишлаб чиқариш корхоналарига таклифлар юбормоқда.

Томорқадан самарали фойдаланиш, оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш масаласи ҳам доимий эътиборимизда. Кўплаб оилаларга, хусусан, 28 нафар хотин-қизга ўз хонадонида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Туманимиздаги мавжуд 37 маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, қўмитамизнинг бошланғич ташкилотлари раислари фаоллигини, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича алоҳида  дастур тузилган. Ана шу асосда турли соҳалар мутахассислари томонидан  уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар борасидаги билим ва тушунчалари юксалтирилмоқда. Таъкидлаш керакки, уларнинг ана шу йўналишларда юқори салоҳиятга эга бўлишлари аввало, оилалар мустаҳкамлигини, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёллар, ёшлар билан иш олиб боришда муҳим аҳамият касб этади.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, айниқса, ажримларга йўл қўймаслик ҳам фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари саъйи-ҳаракати билан тумандаги ажрашиш арафасида турган 56 та оила тикланди.

Ана шу оилалар билан ишлаш, ўрганиш таҳлиллари шуни кўрсатдики, биз ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим экан. Чунки ёш оила вакилларида оиланинг нақадар муқаддас эканлиги, оталик, оналик масъулиятини тўлақонли англаб етмаётганликлари кўринди. Айрим ёшлар ўта эркин, қизиққон, сабрсиз, алоҳида яшашни хоҳлашади. Афсуски, бу ҳаёт. Ҳамма вақт ҳам кўнгил майлига қулоқ тутиб яшаб бўлмайди. Биз шуларни ёшларга тушунтиришга, ота-она дуосини олиб яшашнинг саодати тўғрисида "Қайноналар кенгаши" аъзолари, маҳалладаги тажрибали, кўпни кўрган онахонлар кўмагида тушунчалар беряпмиз.

"Аёлнинг қирқта жони бор", деган мақол бор халқимизда. Аммо, бу дегани аёлни авайлаб-асрамаслик керак, дегани эмас. Аёл барча нарсага чидаши мумкин, аммо эътиборсизлик, меҳрсизликка чидолмайди. Шу боис, аёлларга эътибор, эҳтиром кўрсатайлик. Шунда у ҳаётимиз гултожига айланади, ҳаётни янада нурафшон қила олишга қодир бўлади.

 Моҳидилхон НИШОНОВА,

 

 Хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

УЛУFЛИК МЕЗОНИ

Сен Момо Ҳавонинг наслидан бир из,

Вафо-садоқатнинг жонли тимсоли.

Сен ўша, онажон, мўътабар, азиз,

Меҳрдан мунаввар бахти, иқболи.

 

Агар хонадонда бўлмасанг бир кун,

Кунми-тун, фарқига бўлмагай бориб.

Сени излар дастлаб нигоҳлар мамнун,

Келганда ҳаётий ташвишдан ҳориб.

 

Бизлар билан мудом елкама-елка,

Қадам-бақадам сен босиб илгари -

Комил фарзандларни қўшасан элга,

Йўллайсан мунаввар истиқбол сари.

 

Андижон аёли, деган нисбатни,

Оқлайсан меҳнатинг, ибратинг билан.

Юксакка кўтариб элу миллатни,

Fурурдасан, тақдир-қисматинг билан.

 

Турсуной каломи нодир, сафоли,

Байтида юртию севгиси ширин.

Сиёсатхон учун дала шамоли,

Қандай азиз эди, ҳаётбахш, саррин.

 

Қайси бир таърифга сиғар мақоминг,

Ҳаётидан мамнун эй, муниса аёл.

Дилларга ишқ ила битилмиш номинг,

Улуғликка мангу мезон бўлиб қол.     

   Икромжон АСЛИЙ,

Ўзбекистон "Юрт келажаги"

 

танлови ғолиби.

МЕН ЁҚТИРГАН ТОМЧИЛАР

Дил туFёни

Ёмғир осмоннинг ҳасратларидир, у ер юзига кўз-ёшларини ёғдиради.

Томчилар майсаларга, гулларга, дарахт баргларига тушиб, рақс тушади гўё. Уларнинг рақсига мафтун бўлган қушлар пана-паналарда чуғурлашади.

Ёмғир ширин хотираларни ёдга солади. Кимларгадир ҳаёт шу ондан бошланади. Айниқса, севишган диллар ёмғир баҳона диллашади. ёмғир майсаларга жон бахш этганидай, севишган дилларга ҳам узилмас ришталарни боғлайди.

Ёмғир ёғяпти. Бугун жуда муҳим кун. Ушбу танлов бутун хаёлимни ўғирлаб олганди. Бунга қаттиқ тайёргарлик кўрганман. Барибир, негадир ҳаяжонланяпман…

Шукр, олий ўринни эгалладим. Онамга қўнғироқ қилиб, мени табриклашини сўрадим. Волидам дуо қилиб, янада юксак марраларни забт этишимни тилади. Мен шу куни ўзимда йўқ хурсанд бўлиб, ёмғирнинг қўшиғини    тинглаб, уйга етиб бордим.

Ёмғир ўша куни кечгача тинмади. Йўл четида кетиб борардим. Хаёлим тезроқ уйга бориб дам олишда эди. Ногаҳон кўнглимни чулғаб олган ҳисдан ўзимни ўнглолмадим. Соатга қарадим, кечки соат 18 эди. Ахир бугун онамнинг таваллуд куни. Хаёлимдан кўтарилгани учун ўзимни койидим. Гуллар дўконига қайтиб бордим. Ўша куни онамни ёмғир томчилари билан чўмилган гуллар билан табрикладим.

Ёмғир ширин хотираларимга гувоҳ бўлган. Аччиқ ва аламли кунларимда мен билан қўшилиб йиғлаган. Бахтиёр чоғларимда мени қутлаган неъмат.

Ҳаётда топган ва йўқотганларимга гувоҳ бўлган ҳам ўша, мен ёқтирган ёмғир томчиларидир. Нимагадир ёмғир, ёмғир томчилари қалбимга яқин бўлиб қолган.

 

Феруза МАТКАРИМОВА,

 

Улуғнор тумани.