+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ҳали қиладиган ишларимиз кўп

Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбиясида аёлларимизнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони аёлларга оид давлат сиёсатини янги     босқичга кўтарди. Мазкур фармон хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлашнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди.

Айни кунда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда туман ва шаҳар ички ишлар бўлимларида 76 нафар ходима фаолият юритмоқда. Ходималаримиз жиноятчиликка қарши курашиш, содир этилган жиноятларни очиш ва фуқаролардан келиб тушаётган ариза ва шикоятларни ўз вақтида қонуний кўриб чиқиш, касбий вазифаларини бажариш борасидаги ишларда фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Аёл ходималаримиз томонидан шаҳар-туманларда истиқомат қилаётган кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам тариқасида Халқ қабулхоналарида учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилган.

Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, опа-сингилларимизнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган  кенг кўламли тарғибот ишлари ҳам амалга ошириб келинмоқда. Бу борадаги ишларда вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори, подполковник Гулнора Абдувоҳидова, мазкур бошқарма кичик инспектори, катта лейтинант Нодира Алихонова, вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими, майор Жумагул Болтабоева, Ташкилий инспекторлик ва АТБ канцелярияси бошлиғи, сафдор Манзура Хотамхонова, молия-иқтисод бўлими бошлиғи, капитан Ирода Муҳаммедовалар ибратли фаолиятлари билан ҳамкасбларига намуна бўлмоқда.

Ютуқлар ўзимизники, улар ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди. Лекин хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш борасида қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп. Ана шундан келиб чиқиб, ходималаримиз зиммасига юкланган вазифаларни бекаму кўст адо этиш учун астойдил меҳнат қиладилар.

Маъмурахон ЖАЛИЛОВА,

 

вилоят ИИБ хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Тадбиркор юртни бой қилади

Муқаддасхон СУЛТОНОВА, Олтинкўл  тумани  ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Туманимизда хотин-қизлар тадбиркорлиги йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Айниқса, томорқадан самарали фойдаланиш, ана шу ҳисобдан оила даромадини кўпайтириш борасида илғор тажриба мактаби яратилган.

Қўмитамиз ташаббуси билан туман "Ягона дарча" маркази, банк, солиқ идоралари, "Тадбиркор аёл", "Ҳунарманд" уюшмалари туман бўлимлари мутахассислари иштирокида маҳаллалар, таълим муассасаларида хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш, тадбиркорлик йўналишлари бўйича бизнес-лойиҳалар ишлаб чиқиш, банклардан кредит олиш, солиқ имтиёзлари хусусида кўплаб семинарлар, мулоқот ва суҳбатлар ўтказилди.

Кейинги йилларда  ўз тадбиркорлигини ривожлантириш ва йўлга қўйиш учун 172 нафар аёлга банклар томонидан 5 млрд. 326 млн. сўмдан зиёд миқдордаги кредитлар ажратилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркор аёлларимизга 2,5 млрд. сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-лойиҳаларини амалга ошириш учун 103 млн. сўм кредит маблағлари тақдим этилди. 

"Устоз-шогирд" анъанаси асосида ҳунармандликни ўрганган 50 нафардан зиёд қизлар, уй бекалари ҳам мустақил равишда иш бошлаб, оилаларига қўшимча даромад киритмоқда. Айниқса, томорқадан самарали фойдаланиш жуда кўп маҳаллаларимизда намунали йўлга қўйилган.

 

Мухтасар айтганда, тадбиркор юртни бой қилади. Шу боис ҳам тадбиркорликни ривожлантириш фаолиятимизни асосий йўналишларидан бирига айланган.   

Нотинч оилалар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда

Ферузахон АБДУЛЛАЕВА, Қўрғонтепа тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Туманимизда 51 минг 900 дан зиёд оила бўлиб, уларнинг 10 минг 300 га яқинини ёш оилалар ташкил этади. Қўмита ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тумандаги мавжуд 74 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказган ўрганишлар натижасида нотинч ва эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилди.

Рўйхатга киритилган 81 та оила билан тизимли ишлар олиб борилди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Жумладан, ана шу оилаларнинг 43 нафар вакили ишга жойлаштирилди, 52 нафари даволаниб, саломатлигини тиклади, 8 нафари имтиёзли уй-жой билан таъминланди, 21 нафарига ногиронлик гуруҳларига чиқиши учун кўмаклашилди, 65 нафарига газ плитаси ва суюлтирилган газ баллонлари берилди. Бундан ташқари, 84 оилага рўзғорда ишлатиш учун маиший техника жиҳозлари топширилди.

 

Турли муаммо ва низолар туфайли ажрашиш ёқасига келиб қолган 179 оиладан 177 таси яраштирилди. Шунингдек, қўмитамиз фаоллари, имом-хатиблар, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида эрта ва шаръий никоҳларга йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган ишларимиз ҳам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Хусусан, туманимизда шаръий никоҳ асосида яшаётган 169 оиладан 137 тасининг никоҳи расмийлаштирилди.

Эътибордан кўнгиллар обод

Равшаной ЖЎРАБОЕВА, Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

Сир эмаски, Андижон шаҳри вилотимизнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудуди ҳисобланади. Фуқароларни уй-жойга бўлган талабидан келиб чиқиб, қолаверса, қийин шароитда яшаётган аҳолининг турмушини яхшилаш мақсадида Андижон шаҳрида янги уй-жойлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртбошимиз ташаббуси билан янгиланган лойиҳа асосидаги арзон уй-жойлар барпо этилмоқда. Қўмитамиз кўмагида қийналган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган,  ногирон, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож шаҳримиздаги 80 нафар хотин-қизларга Ҳукуматимизнинг тегишли қарорига асосан ана шундай уй-жойлар ажратилди. Бундан ташқари,  20 дан ортиқ оиланинг уй-жойлари таъмирлаб  берилди.

Мустақиллик байрами муносабати билан уй-жойга муҳтож оилаларга топширилган 53 та уйнинг қиймати яшаётган оилалар имкониятларидан келиб чиқиб белгиланганлиги фуқароларимизни беҳад қувонтирди.

 

Бугун шаҳримизда вилоят ҳокимининг ташаббуси билан яна қўшимча 1000 дан ортиқ хонадонли кўп қаватли ва 2 сотихли коттежлар барпо этилмоқда. Амалга оширилаётган бу ишлар, албатта, юртимизда фуқароларга, хусусан, хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг намунасидир.

Кенг имкониятлар фаолликка ундайди

Вилоят халқ таълими тизимида 33 мингга яқин педагог ходим фаолият кўрсатса, шундан 25 мингдан зиёди хотин-қизлардир. Вилоятдаги 741 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган  533 минг  нафар ўқувчининг 277 минг нафарини қизлар ташкил этади.

Тизимда фаолият олиб борувчи хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, ўқувчи қизларнинг иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, касб-ҳунарга йўналтириш, ютуқларини рағбатлантириш, муаммоларини ўрганиш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, тизимдаги хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш энг устувор вазифаларимиздан саналиб, мазкур йўналишлардаги ишлар белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.

Мактабларимизда "Қизларжон" клублари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, барча ўқувчи қизлар клубларга жалб этилган.  Клуб машғулотларини самарали ўтказиш, бундан ташқари, қизларимизнинг фаоллигини оширишга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг февралида умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида ўқувчи-қизлар саммитини ташкил этиш ҳақидаги ташаббус илгари сурилган эди. Жорий йилнинг 23-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ўқувчи-қизлар Республика саммитида 16 нафар иқтидорли, билимли ўқувчи-қизларимиз иштирок этиб, 4 та диплом, 16 та сертификатни  қўлга киритдилар.

Жорий йил вилоятда биринчи марта Балиқчи туманида "Қизлар сайли" ташкил этилди. Ушбу тадбир ўқувчи қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги ишлар самрасини оширишга хизмат қилди. Шунингдек, вилоятдаги барча мактабларда юқори синф ўқувчиларидан "Қизларни турмушга тайёрлаш ҳамда уларнинг фаоллигини ошириш" бўйича сўровномалар олиниб, таҳлил қилинди.

Умуман олганда, бугунги кунда хотин-қизлар нафақат таълим тизими, балки, барча соҳаларда илғор, етакчи кучга айланиб бормоқда. Бу ҳам бўлса, мамлакатимизда биз - аёлларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир. Бу бизни янада фаол ва фидойи бўлишга ундайди.

 

Каримахон ҚОЗОҚОВА,

 

вилоят халқ таълими бошқармаси хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Мақсадимиз - опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш

Институт хотин-қизлар қўмитаси қошида "Раҳбар аёл", "Қайноналар мактаби", "Тадбиркор аёл", "Олима аёл", "Фахрийлар кенгаши" сингари қатор жамоатчилик кенгашлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Қўмита бу борада, албатта, фаол аёлларимизга, кўпни кўрган онахонларимизга, уларнинг тажриба ва маслаҳатларига суяниб, улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради.

 

Қўмитамиз фаоллари институт ва хотин-қизлар жамоаси салоҳиятини кўтариш борасида доимо изланиб меҳнат қилиб келаяпти. Жорий йилда ўтказилган "Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси" I -Республика танловида институтимиздан 4 нафар олима фаол иштирок этди. Даволаш факультети талабаси Моҳинур Усмонова Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндори бўлди.

 

Институтимиз да тез-тез учрашувлар, тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилади. Кенг кўламдаги тарғибот тадбирларимизда хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилаётган "Жону-дилимсан - Ватан", "Оила ҳаловати", "Ахлоқий қоидалар ва ҳуқуқий бурчингизни биласизми?", "Оилада аёлнинг ўрни",  "Қизларни ёт ғоялар, зарарли оқимлар таъсиридан сақлашда таълим -тарбиянинг ўрни" сингари жуда кўп мавзулардаги мулоқот ва давра суҳбатлар алоҳида ўрин эгаллайди.

 

Талабалар турар жойида эса "Соғлом она - соғлом бола", "Она тимсоли", "Келин одоби-оила ҳаловати", "Қизлар сариштаси - уй фариштаси", "Соғлом турмуш тарзи",   "Ёшларни турмушга тайёрлаш: ютуқлар, муаммолар"  каби мавзуларда  тадбир ва кечалар ташкил этилди. Мазкур тадбирларда талабаларимизга оилани мустаҳкамлаш омиллари, қонуний никоҳнинг аҳамияти, репродуктив саломатлик хусусида кенг тушунчалар берилди.

 

Қўмита томонидан жамоамиз хотин-қизларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами янада ортади.

 

 Моҳигул  Жўраева,

Андижон давлат тиббиёт институти хотин-қизлар қўмитаси раиси.

 

 

СЕНГА СОДИҚ ФАРЗАНД БЎЛСАМ, БАС!

Спортимиз юлдузлари

Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида эришган ғалабам учун юртимиз байроғи кўтарилганида кўзимга беихтиёр ёш келди, фахр-ифтихордан, мендай оддий бир қишлоқ қизи ўзбекнинг, ўзбек ёшларининг нималарга қодир эканлигини дунёга кўрсата олганлигидан вужудим титраб кетди.

... Ана шундай ҳаяжонли лаҳзаларда энг аввало, кўз олдимга  биз - ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб бераётган она юртим келади. Хаёлимдан ота-онам, қадрдонларим, Марҳаматнинг, Андижонимнинг файзли кўчалари, кенг далалари, гўзал боғлари ўтади. Меҳридарё халқ вакиласи эканлигимдан фахрланиб кетаман. Беихтиёр ёдимга халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги мисралари тушади:

Кўҳинурдан кўҳлигим,

Онам - Ўзбекистоним.

Ўзбекман, ўзбеклигим,

Менинг олий унвоним.

Спорт - миллатни, Ватанни дунёга танитишда шубҳасиз, муҳим ўрин тутади. Ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб тарбиялашдаги аҳамияти эса ундан-да баланд-дир. Шу боис ҳам юртимизда ёшлар, хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган.

 Мен Марҳаматнинг Шукурмерган қишлоғида туғилиб ўсдим. Болалигимдан спортга қизиққанман. Ўзим таҳсил олган мактабда ташкил этилган спортнинг Ушу-санда тўгарагига қатнай бошлаганимда ушбу жанг санъатининг чиройли ҳаракатлари, қилич, турли қуроллар ёрдамида бажариладиган машқлар менга афсонавий Тўмарису Барчинойларни эслатарди. Улардек мардонавор  бўлиб,  ушбу спорт тури бўйича албатта чемпион бўлишни орзу қилган бўлсам-да, спортнинг бошқа- оғир атлетика тури билан шуғулланиш, муваффақиятларга эришиш хаёлимга ҳам келмаган.

2011 йилда Андижон олимпия захиралари коллежига ўқишга кирдим. Ушбу даргоҳда спортнинг оғир атлетика тури билан шуғуллана бошладим. Коллежда ўқиш билан бирга, устозим Наимжон Турғунов раҳбарлигида машғулотларда тинимсиз қатнашдим. "Муваффақиятларга эришиш учун меҳнат ва машаққатларни бошдан кечиришим керак, ҳеч нарса ўз-ўзидан, осон келмайди", деган ўй хаёлимдан кетмасди. Шу боис, ўз устимда кўп ишладим, машқларда чиниқиб, тобланиб бордим.

 Вилоят, республика миқёсидаги турли мусобақаларда ўз вазн тоифам бўйича бирин-кетин ғалабаларни қўлга кирита бошладим. Кейинчалик халқаро мусобақаларда ҳам муваффақиятларга эришдим. Тинимсиз машқлар, ғалабаларим бесамар кетмади, Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилиндим.

Индонезиядаги Осиё ўйинларида 75 кг. вазн тоифасида иштирок этиб, даст ва силтаб кўтаришда 237 кг. натижани қайд этдим. Эътиборлиси, Осиё ўйинлари тарихида мамлакатимиз оғир атлетикачи аёллари томонидан қўлга киритилган биринчи медаль - кумуш медални айнан мен олганлигимдан фахрланаман.

Айни пайтда устозларим раҳбарлигида 2020 йили Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган  Олимпиада ўйинлари лицензиясини қўлга киритиш учун ўтказиладиган мусобақаларга астойдил тайёргарлик кўряпман. Машғулотлар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Олимпиада ўйинларида ғолиб чиқишни, юртимиз байроғини баланд кўтариб хилпиратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Ишонаманки, ана шу мақсадимга албатта, эришаман. Чунки мени қўллаб-қувватлагувчи она  халқим, Ватаним, дуолар қилиб турадиган яқинларим бор.

Бешигимни тебратган ўзинг,

Алла айтиб ухлатган ўзинг.

Уйдан чиқсам остона хатлаб,

Ҳар лаҳзада сўратган ўзинг.

Юрагимда бир орзу, ҳавас -

Сенга содиқ фарзанд бўлсам бас!..

Зеро, шоир айтганидай, мақсадга эришиш, юртимга муносиб фарзанд бўлиш учун юрагимда умид, ишонч ва иштиёқ бор. Булар менга куч, шижоат бағишлайди, мен албатта, чемпион бўламан.

Омадой ОТАҚЎЗИЕВА,

Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпиони, Осиё ўйинлари

 

совриндори.

АЖРИМЛАРНИНГ ТУБ САБАБЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятида асосан оилаларнинг демографик ривожланиши, фаровонлиги ва хотиржамлиги даражаси бўйича маълумотлар базасини шакллантиради, оиланинг ички муносабатлари, бой маданий-тарихий мерос ва оилавий қадриятларни сақлаш, оила институтини мустаҳкамлашга, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларда маънавий-аҳлоқий муҳитни соғломлаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ишларни олиб боради.

Олтинкўл туманида жорий йилнинг 9 ойида 166 та ажрим қайд этилди. Ажримларнинг сабаблари таҳлил қилинганда, 2 фоиз характерларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги, 7 фоиз оиладаги келишмовчиликлар, 22 фоиз бефарзандлик, 69 фоизи эса қайнона-келин, эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги оқибатида содир бўлганлиги аниқланди. Демак, бу биз билан ҳамкорликда иш олиб борувчи маҳалла мутахассислари, отинойи, имом-хатиблар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакилларига келгусида ана шу таҳлиллар асосида фаолиятимизни йўлга қўйишни тақозо этади.

Туман бўйича 25 та нотинч оила рўйхатга олинган. Ҳар бир оиланинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб чиқдик. Жанжал нимадан келиб чиқаяпти, оиладаги нотинчликнинг туб сабаблари нимада? Таҳлил қилиш асносида бу оилаларга ҳудуддаги энг намунали оилалар бириктирилди. Марказимиз қошида тарғибот ишчи гуруҳини ташкил этганмиз. Гуруҳга отинойи, имом-хатиб, психолог, шунингдек, маҳаллалардаги ибратли оилалар вакиллари  жалб этилган. Ҳозирда ўрганилган муаммоларни бартараф этиш, оилалар мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, кам таъминланган оилаларга ёрдам беришга  ҳаракат қиляпмиз. Бу бўйича маҳаллаларда тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда.

Келинлар, қайноналар учун брошюралар, тарқатма материаллар ишлаб чиқдик, тадбирлар давомида уларни ҳар бир аёлга тарқатяпмиз. Шунингдек,  "Биз оилавий ажримларга қаршимиз!", "Аёл - назокат соҳибаси, фидойилик тимсоли" каби мавзуларда маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Оила - жамиятнинг бир бўлаги. Жамиятнинг обод ва фаровон бўлиши, аввало, оиланинг тинч ва тотувлигига боғлиқ. Бинобарин, аҳил оиладагина    соғлом муҳит қарор топади, одоб-ахлоқли, меҳнатсевар,  халқининг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарига ҳурмат билан қарайдиган ёшлар камолга етади. Бизнинг бош мақсадимиз ҳам жамиятимиздаги ҳар бир оилада ана шундай муҳитни шакллантиришдан иборат.

Зилола

ТОШТЕМИРОВА,

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази

 

Олтинкўл туман бўлими раҳбари.

РАҒБАТ - ФАОЛЛИККА УНДАЙДИ

Андижон тумани хотин-қизлар қўмитасининг Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалидаги бошланғич ташкилоти томонидан жамоада фаолият юритаётган опа-сингилларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда филиалда 200 нафардан зиёд хотин-қиз меҳнат қилади, 750 нафардан зиёд талаба қизлар таҳсил олади. Жамоамиз тумандаги энг катта, муайян тажриба мактабига эга, ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтган таълим муассасаси бўлиб, асосан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун малакали мутахассислар тайёрлайди.

Филиалда ўқитувчи-профессорлар, иқтидорли талабаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, айниқса, улар олиб бораётган илмий-тадқиқот ишларини самарали амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу талаба ва ўқитувчиларимиз эришаётган ютуқлар салмоғини янада ошишига замин яратмоқда. Жумладан, жорий йилда уч нафар ўқитувчимиз "Аёлларнинг энг инновацион лойиҳалари" кўрик-танловининг республика босқичида қатнашди. Фалсафа фанлари доктори Хуррият Абдуллаева Ўзбекистон касаба уюшмаси федерацияси томонидан ўтказилган  "Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси" танловининг республика босқичида "Энг фаол ёш олима" номинациясида 2-даражали диплом билан тақдирланди. Қўмита қошидаги "Иқтидорли талаба", "Бибихоним издошлари" клублари ҳам намунали фаолият олиб бормоқда.

Мухтасар айтганда, бутун юртимизда бўлгани каби филиалимизда ҳам хотин-қизларнинг самарали иш юритиши учун зарур барча шароитлар яратиб берилган. Бу албатта, бизни янада фаол бўлишга, изланиб ишлашга, фидойиликка ундайди.

 

Нодирахон МЎМИНОВА,

Тошкент давлат аграр унивеситети Андижон филиали хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

АЁЛЛАРИМИЗ ҲАЁТИДАН РОЗИ БЎЛИБ ЯШАШСИН

сарҳисоб

Кейинги йилларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, бандлигини таъминлаш,  оилаларда соғлом маънавий муҳитни яратиш борасида хотин-қизлар қўмиталари ва уларнинг бошланғич ташкилотлари зиммасига улкан вазифалар қўйилган. 

Айни кунда туманимизда 111 минг нафардан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади. Қўмитамиз ва унинг жойлардаги 200 дан ортиқ бошланғич ташкилотлари томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар тизимли олиб борилмоқда.

Туманда 63 та маҳалла фуқаролар йиғини, шунингдек, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида Президентимиз, ҳукуматимизнинг хотин-қизлар ҳаёти ва фаолиятига оид қарор ва фармонлари ижроси доирасида, хусусан, оилаларда, хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, уларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, эрта ва шаръий никоҳларга йўл қўймаслик, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногирон ва ногирон фарзандлари бўлган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Жорий йилнинг 9 ойида 2 минг 300 нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 100 нафар хотин-қиз касбга ўқитиш курсларида ўқитилди. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 200 дан ортиқ хотин-қизга ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ривожлантириши учун 2 млрд. сўмдан ортиқ кредит ажратилди.

Аёлларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи ҳам қўмитамиз диққат марказида бўлди. Тумандаги туғиш ёшидаги аёллар, шунингдек, никоҳланувчи шахслар  тўла тиббий кўрикдан ўтказилди.

Таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзи, тиббий маданиятни ошириш, эрта турмушнинг олдини олиш, никоҳ ёшидаги қизлар ўртасида оила муқаддаслиги ҳақида кенг тушунча бериш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган тарғибот ишлари ҳам самарали олиб борилмоқда.  Таълим муассасаларидаги "Қизларжон" клубларига барча ўқувчи қизлар жалб этилган. 

Хотин-қизлар спортини ривожлантириш, аёлларни спортга жалб этиш борасидаги ишлар самараси ўлароқ, туманда 20 минг нафардан зиёд хотин-қиз оммавий  спорт турларига жалб қилинган. Олиб борилаётган ишларга қарамасдан, туманимизда нотинч оилаларнинг мавжудлиги, оилавий ажримлар,  ёлғиз оналар камаймаётганлиги, ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик, енгил даромад кетидан хорижга чиқиб кетиш каби ҳолатларнинг ортганлиги ана шу йўналишдаги ишларимиз самарадорлигини янада оширишни тақозо этади.

Келгуси фаолиятимизда юқоридаги каби салбий ҳолатларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратамиз. Опа-сингилларимизнинг муаммоларини ҳал этиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

Саидахон АБДУСАЛОМОВА,

 

Избоскан тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.