Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Бобур номли вилоят театрида "Ибратли оила" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 намунали оила ғолиблик учун ўзаро беллашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида оила жамиятнинг асосий бўғини экани, юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
- Оила тинч бўлса - жамият мустаҳкам бўлади, оиланинг бахти юртнинг келажагидир, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими раҳбари Лазокатхон Жалолова. - Оиладаги соғлом ижтимоий-маънавий муҳит камолга етаётган ёшлар таълим-тарбияси, тафаккур ва дунёқараши шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда ёшларни оилага тайёрлаш, оилани муқаддас қадрият сифатида асраб-авайлашга, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кўрик-танловнинг мақсади ҳам оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, инсоний муносабатларни мустаҳкамлаш, фарзандларни гўзал ахлоқ, илму маърифатли қилиб камолга етказиш, қўни-қўшничилик, қариндошлар ўртасидаги оқибат, маҳалла қадриятларини эъзозлаш ҳамда мамлакатимизда аҳил, маънавиятли оилаларни шакллантириш борасидаги ислоҳотларни тарғиб этишдан иборат.
Танловда иштирокчиларнинг оилада соғлом муҳитни шакллантириш, ота-она ва фарзандлар муносабати, қўни-қўшнилар билан оқибатли бўлиш, таълим муассасалари билан ҳамкорлик ва китобхонлик маданияти ҳақидаги чиқишларига, шунингдек, оила аъзоларининг бандлиги, аҳил-иноқлиги, тадбиркорлик, томорқадан самарали фойдаланиш борасидаги тажрибаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Якуний натижага кўра, Олтинкўл тумани Марказ маҳалласида яшовчи Абдужаббор Маҳкамов оиласи энг ибратли оила, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
Танловда иккинчи ўрин Избоскан туманидаги Тўрткўл маҳалласида яшовчи Fуломжон Бойбобоев оиласига, учинчи ўрин Асака туманидаги Гумбаз маҳалласида яшовчи Орифжон Турғунов оиласига насиб этди.
Шунингдек, танловда "Китобсевар оила", "Ишбилармон оила", "Зиёли оила", "Аҳил оила" каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Булоқбоши туманидаги "Зарғалдоқ" маҳалла фуқаролар йиғинида "Биз - ажримларга қаршимиз" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
"Меҳнатобод" маҳалласининг фаол хотин-қизлари ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, маҳалла отинойи ва дастурхончилари, кайвони онахонлар, ибратли хонадонлар соҳибалари иштирок этди.
Давра суҳбати аввалида жорий йилнинг ўтган даврида мавзу доирасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Тадбирда иштирк этган туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнорахон Худойбердиева ажримларнинг олдини олиш борасидаги муҳим вазифалар хусусида гапирди.
"Зарғалдоқ" маҳалла фуқаролар йиғинида 1301 нафар оила истиқомат қилади, шундан 125 таси ёш оилалардир. Маҳаллада йилнинг ўтган даврида 6 ажримнинг олди олинди, 3 оила тикланди, 11 та шаръий никоҳ қонунийлаштирилди. Шунингдек, 2 та қийин шароитда яшаётган оилага моддий ёрдам кўрсатилди.
Давра суҳбатида мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларни оилага тайёрлаш, турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизларга оиланинг муқаддаслиги, уларнинг оиладаги бурч ва масъулият, келин ва куёвнинг вазифалари, қайноналар билан ишлаш, катта ҳаётий тажрибага эга буви ва момоларнинг оилани мустаҳкамлаш борасидаги тажрибаларини оммалаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
- Ҳар бир маҳаллада ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш курсларини ташкил этиш керак, - дейди "Зарғалдоқ" МФЙ мутахассиси О.Исраилова. -Турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизларимиз оила илмидан сабоқ олса, ўйлайманки, бу билим ва малака уларнинг оиласи мустаҳкам бўлиши ва бахтли ҳаёт кечиришлари учун замин бўлади.
Бу йил қўлда терилган 1 кг. пахта учун қанча ҳақ тўланади?
Жорий йил вилоятимизда етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш, йиғим-теримда иштирок этадиган теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ва пахта етиштирувчи хўжаликларнинг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоятимизда етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш учун сафларига 250 минг кишини жамлаган 1052 та терим отряди тузилди. Теримни уюшқоқлик билан ўтказиш учун зарур барча чоралар кўрилди.
Маълум қилинишича, жорий йилда қўлда терилган бир килограмм пахта учун биринчи босқичда контрактация шартномаси мажбурияти 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда 60 фоиздан 80 фоизгача 850 сўм, учинчи босқичда 80 фоиздан ортганда 1000 сўм меҳнат ҳақи тўланиши белгиланган.
Бундан ташқари, вилоятимиздаги 7 та - Булоқбоши, Пахтаобод, Олтинкўл, Шаҳрихон, Хўжаобод, Марҳамат ва Избоскан туманларида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча 100 сўмдан устама ҳақ тўланади. Яъни теримчига биринчи босқичда ҳар килограмм пахта учун 750 сўм, иккинчи босқичда 950 сўм ва учинчи босқичда 1100 сўмдан пул берилади.
Шунингдек, пахта йиғим-терими олдидан Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда жорий йилда 18 ёшга тўлмаган ёшлар, умумтаълим мактаблари ёки бошқа таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари, тиббиёт ходимларини пахта йиғим-теримига жалб этилмаслик белгиланган.
Қашқадарё вилоятининг қадимий Шаҳрисабз шаҳрида 6-10 сентябрь кунлари юртимиз тарихида илк бор Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу анжуманда дунёнинг элликдан ортиқ давлатларидан мақом ижрочилари қатнашаётганлиги анжуманнинг қанчалик юқори нуфузга эга эканлигини, дунё халқлари орасида мақом санъатига бўлган эътиборнинг нақадар юксаклигини кўрсатади.
Ана шундай юксак анжуманда иштирок этиш ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Зеро, мазкур анжуман мумтоз меросимизни асраб-авайлаш, уни ёшларга безавол етказиш, халқаро миқёсда тарғиб этиш, мақом йўналишидаги мусиқа санъати ютуқлари, турли халқларнинг миллий анъаналарини ўрганишда катта аҳамият касб этади.
Халқимизнинг қадим қадриятларидан бири бўлган мақом санъатини беназир гулшанга ўхшатиш мумкин. Унинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу санъат VII-VIII асрларда халқ мусиқаси негизи ва махсус профессионал ижрочилик анъаналари асосида ривожланди. Шу аснода йирик туркумли жанрлар шаклланди. IX-X асрларда эса мақомсимон чолғу ва ашула-чолғу асар ва туркумлари ривож топди. XI-XIII асрлардан бошлаб, то XVII асргача Яқин ва Ўрта Шарқда "Дуваздаҳмақом"-12 мақом туркуми кенг тарқалди. XVIII асрга келиб Бухорода янги туркум - "Шошмақом" бўй кўрсатди. XIX асрда "Хоразм мақомлари" туркуми ва Фарғона-Тошкент мақом йўналишлари вужудга келди. Кейинроқ "Шошмақом" ва бошқа туркумлар негизида мақом санъатининг янги услублари ва кўринишлари замонавий талқинда ривож топди. Миллий маданий меросимизнинг ажралмас қисмига айланган мақом ана шу тарзда асрлар оша сайқалланиб бизгача етиб келган.
2003 йилда "Шошмақом" ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерослар рўйхатига киритилди. 2007 йилда эса Исоқ Ражабийнинг "Мақомлар" номли рисоласи ушбу халқаро ташкилот томонидан нашр этилди.
Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ўзбек миллий мақом санътини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори нафақат биз санъаткорлар, балки, барча мумтоз санъат шайдоларининг кўнглидаги иш бўлди. Қолаверса, бу миллий мақом санъатига юксак эътиборнинг намунасидир. Ушбу ҳужжат мақом санъатининг халқаро нуфузини ошириш, ёш авлод тарбиясидаги ҳамда маънавий ҳаётимиздаги аҳамиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Анжуманда вилоятимиздан 120 нафар санъаткор иштирок этмоқда. Вилоятимиз мақом санъати усталари, янги ташкил этилган намунали мақом ансамбли, "Мерос" ва бошқа академик халқ бадиий жамоалари хонанда, созанда ва раққосалари, шунингдек, Андижон санъат коллежи бадиий жамоаси ўз санъатларини намойиш этади. Дастуримиздан "Сарахбори бузрук" тароналари билан "Талқинчаи мўғулчаи бузрук", "Бузрук" каби шошмақом шўъбаларига кирувчи мақом қўшиқлари ва тароналари ўрин олган. Фестивалда мен Муқимий ғазали билан айтиладиган "Фарғонача Шаҳноз" қўшиғим билан иштирок этаман.
Вилоятимиз мақом ансамблларига таниқли мутахассис Равшанбек Ҳожиқулов, мақом устаси Бобуржон Йўлдошев раҳбарлик қилмоқда. Ишонаманки, вилоятимиз вакиллари мазкур халқаро анжуманда муносиб иштирок этади. Энг асосийси, мазкур анжуман орқали миллий мақом санъатимиз, унинг гўзал ва бетакрор жозибасини бутун дунёга намойиш этамиз.
Мунаввархон ЧОВАРОВА,
"Мерос" академик халқ бадиий жамоалар бўлими яккахон хонандаси.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" шиори остида бўлиб ўтган "Энг улуғ, энг азиз" танловининг республика босқичида босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ижодкорларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича Балиқчи тумани "Fалаба" газетаси таҳририяти мамлакатимиз, хусусан, туман ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёнлари ёритилган ижодий ишлари билан 2-ўринга сазовор бўлди. Таҳририят жамоаси танлов ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шаҳзодахон Каримова раҳбарлигидаги "Fалаба" газетаси жамоасини ушбу муваффақият билан муборакбод этамиз. Жамоанинг келгуси ижодий ишларида омадлар, бундан-да юқори ютуқларга эришишини тилаймиз.
Кейинги пайтларда кўпчилик болажонлар тиш хасталикларидан азият чекмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, болалар ўртасида тиш касалликлари, айниқса, уларнинг тишларида қора доғ пайдо бўлиши, кариес юзага келиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Оналарга: "Нега болангизнинг тиши қорайиб кетибди?" деб савол берсангиз, "Экологияданми, билмадим, қорайиб кетяптида", дея бепарво жавоб қайтаришади. Аммо мана шу арзимаган деб ўйлаётганимиз - тиш касалликлари кейинчалик организмда бошқа хасталикларнинг илдиз отишига сабаб бўлиши мумкинлигини кўпчилигимиз яхши билмаймиз.
Андижон вилоят болалар стоматология поликлиникаси врач-стоматологи Абдумутал Аҳмедовга болалардаги тиш хасталиклари ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилдик.
- Кейинги йилларда нафақат катталар, балки болаларнинг кўпчилиги тиш касалликларидан азият чекмоқда. Айтингчи, болаларда учрайдиган тиш касалликларининг келиб чиқиш сабаблари нимада?
- Тиш касалликларининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, у тезда оғриқ бермай, бир неча ой, ҳатто йиллар мобайнида тишни емириб боради. Шу боис кўпчилик тиш касалликларининг бошланғич даврини эътиборсиз ўтказади. Бугунги кунда болалар ўртасида кариес, айниқса, кенг тарқалган. Олти-етти ёшли болаларнинг 80-85 фоизида мазкур касаллик кузатилмоқда.
- Ота-оналар кариесни болаларнинг нотўғри овқатланиши, ширинликларга ўчлиги туфайли пайдо бўлади, деб ўйлашади. Аслида ҳам шундайми?
- Бу - касалликни чақирувчи омиллардан фақат биттаси холос. Кариесни келтириб чиқарувчи сабаблар жуда кўп. Бола она қорнида ривожланаётган вақтлардаёқ болаларнинг тиш касалликларига замин яратилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки ҳомила ривожланишининг иккинчи ярмида сут тишларининг минераллашуви амалга ошади. Агар она соғлом бўлса ва тартибли овқатланса, кейинчалик бола туғилгандан кейин сут тишларида ҳеч қандай касаллик кузатилмаслиги мумкин. Агар онанинг токсикози оғир кечса, бола чала туғилса, туғруқ пайтида жароҳатланса, рахит, диспепсия хасталиклари бўлса, тиш касалликлари пайдо бўлишига мойиллик ҳам кучаяди. Шунингдек, ҳомиладорлик пайтида онанинг инфекцион касалликлар билан оғриши ва унга эътиборсизлик ҳам кейинчалик боланинг сут тишлари касалланишига олиб келади. Шунингдек, болани сунъий овқатлантириш, экологик носоғлом муҳит (сув ва ҳавонинг тоза бўлмаслиги) ҳам кариесни чақирувчи омиллардан ҳисобланади. Ҳозирги пайтда бир ярим, икки ёшли болаларнинг 20-30 фоизи, уч ёшдан ўтган болаларнинг 50-60 фоизида кариес учрамоқда.
Бундан ташқари, сўлак ёпишқоқлигининг ошиши, айрим гуруҳ тишларнинг ишлатилмаслиги, (яъни фақат бир тарафда овқат чайнаш), оғиз бўшлиғи гигиенаси бузилиши натижасида ҳам кариес пайдо бўлади.
Кариесни ўз вақтида илғаб тўғри даволанса, тишга катта нуқсон етказмай, унинг олдини олиш мумкин. Бу касаллик аввал юза босқичда пайдо бўлиб, кейин ўрта босқич, сўнг чуқур кариесга айланади ва шундан кейингина оғриқ бера бошлайди.
- Болаларда кариесдан ташқари яна қандай тиш касалликлари кузатилади?
- Ҳомилада тиш тўқималарининг ривожланиш даврида она ёки боланинг организмида туз ва сув алмашинуви бузилиши натижасида гипоплазия касаллиги келиб чиқиши мумкин. Бу касаллик гарчи ҳали бола туғилмасидан олдин бошланган бўлса-да, сут тишлари чиққандан кейингина билинади. Гипоплазияда тишда доғлар, чуқурча, дўмбоқча пайдо бўлиши, ёки аплазия (эмалнинг умуман бўлмаслиги) кузатилади. Агар она ҳушёр бўлса, бола тишидаги мана шу нуқсонларни сезиб, шифокорга мурожаат этади. Аммо кўпчилик бу борада ҳам эътиборсизлик қилади.
Бундан ташқари, флюрроз касаллиги ҳам мавжуд. Бу хасталик тишларда оқ чизиқлар пайдо бўлиши билан характерланади. Хасталик сув таркибида F (фтор) миқдори ошиб кетганда пайдо бўлади.
Гарчи жуда кенг тарқалмаган бўлса-да, тетрациклин хасталигига учраган тишлар ҳам мавжуд. Агар она ҳомиладорлик пайтида тетрациклин қабул қилган бўлса, боланинг тишида кейинчалик сариқ доғлар пайдо бўлади ва секин-аста емирилиб боради.
Умуман олганда, ҳомиладор аёлнинг тўғри овқатланиши, мутахассислар билан маслаҳатлашиб, керакли пайтда зарур муолажаларни олиб туриши боланинг ҳар тарафлама соғлом туғилишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳомиладорлик вақтида аёл ўзига ва туғилажак фарзанди саломатлигига қанчалик эътибор билан қараса, кейинчалик келиб чиқиши мумкин бўлган хасталикларнинг олдини олишга эришади.
Аёли қадрланган юртнинг келажаги буюк бўлади. Негаки, аёлга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликлар самараси оилалар мустаҳкамлиги, фарзандларимизнинг билимли ва юксак салоҳиятли бўлиши, юрт ободлигида ўз аксини топади.
Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони юртимизда хотин-қизларга бўлган эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин намунаси бўлиш билан бирга, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатда хотин-қизларнинг оиладаги, жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, соғлом, фаровон ҳаёт кечиришлари, ҳар томонлама баркамол, юксак маънавиятли фарзандлар тарбиялаш, ўз имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган.
Айни кунда туманимиздаги 63 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 89 минг нафарга яқин опа-сингилларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, қолаверса, Президентимизнинг юқоридаги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тумандаги мавжуд 34 минг оилага кириб, бевосита суҳбатлар ўтказилди, оилалардаги муҳит, мавжуд муаммолар ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммонинг аксарияти жойида бартараф этилди.
Маҳаллаларимизда ҳар бир оила, айниқса, турли муаммолари бўлган, нотинч оилалар билан бевосита иш олиб борилмоқда. 44 та ана шундай оилага маҳалла фаоллари, катта ҳаётий тажрибага эга отахон ва онахонлардан иборат мураббийлар бириктирилди.
Ногирон, қийин ижтимоий шароитда яшаётган аёлларнинг 6 нафарига уй-жой, 101 нафарига маиший техника жиҳозлари, 10 нафарига тикув машиналари берилди.
Туманимизда жорий йилнинг ўтган даврида 109 та оилавий ажрим қайд этилди. Ажримларнинг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар белгиланиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ажрим ёқасида турган, турли муаммолари бўлган оилаларда тинчлик-хотиржамлик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган давра суҳбати, мулоқот ва маънавий-маърифий тадбирлар доимий равишда ўтказилмоқда.
Маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари, Қайноналар кенгаши жамоатчилик тузилмалари, ота-оналар университетлари фаолиятини жонлантиряпмиз. Негаки, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда уларнинг роли ниҳоятда катта. Ана шу тузилмалар, маҳаллалардаги бошланғич ташкилотларимиз етакчилари ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ҳамкорлигида шу йилнинг ўзида ажрашиш ёқасида турган 119 та оила яраштирилди.
Агар аёл жиноят қилса, оила ҳам, жамият ҳам азият чекади. Шу маънода хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, айниқса, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маҳалла фаоллари билан хамкорликда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жойларда мулоқот ва учрашувлар ўтказилмоқда.
Туманимизда "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Обод қишлоқ" дастурлари доирасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлик, ҳунармандлик, деҳқончилик билан шуғулланиб, аввало оиласини, қолаверса юртни бой қилиш иштиёқида яшаётган ғайратли, шижоатли опа-сингилларимиз кўп. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 21 нафар хотин-қиз банклардан 2 млрд. 201 миллон сўмдан зиёд кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Умуман, туманда тадбиркорликни йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ҳунармандлик ва касаначиликни ривожлантириш ҳисобига 825 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Бир сўз билан айтганда, туманимиз хотин-қизлари ўз оиласининг тинчлиги, барқарорлигини таъминлаш, даромадини ошириш, маҳалласи, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиш, оилада, жамиятда муносиб ўрин топиш иштиёқи билан яшаб, меҳнат қилмоқда. Уларнинг интилишлари, қалбидаги орзу-умидлар, албатта ижобат бўлади. Чунки юртимизда улар учун барча шароитлар яратилган, улар ҳамиша эъзоз-эҳтиромда.
Андижон давлат университетида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон вилояти бўлими қошида ташкил этилган "Махсус ўқув курси"нинг "Оилаларда маънавий аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш" мавзусидаги малака ошириш дастури доирасида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иштирок этди.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги "Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур ўқув курслари 12 кун давом этади, - дейди "Оила" илмий амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими раҳбари Лазокат Жалолова. - Унда мутахассисларнинг оилалар билан ишлаш борасидаги ишларни самарали ва тизимли ташкил этиш, билим, тажриба ва малакаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Семинарда дастур доирасидаги ўқув машғулотларида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларнинг олдини олиш, маънавий аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, демографик ривожланишини, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, намунали оилани шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Ўқув курсининг дастлабки кунида "Оиладаги низолар: омил, сабаб, ифодаланиш формалари, турлари, асоратлари ва олдини олиш йўллари", "Ўсмирлик даврида психологик ва ижтимоий ўзгаришлар. Ўсмирларнинг репродуктив саломатлиги" каби қатор мавзуларда мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, янада юқори босқичга кўтариш, бу борадаги тажриба ва илғор иш услубларини фаолиятга татбиқ этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этиб, малака ошириш дастури доирасидаги амалга оширилиши зарур муҳим вазифалар хусусида гапирди.
"2018 йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион Fоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"
Ёшим ўттиз бирда. Юртимизнинг фаол ёшларидан бири сифатида шахсий ҳаётимда ҳам, иш фаолиятим давомида ҳам кўп ютуқларга эришдим. Ўрта мактабни, касб-ҳунар коллежини, сўнг Андижон давлат университетининг хорижий тиллар факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаганман. Эришаётган ютуқларимда менга таълим-тарбия берган инсонлар - ҳам отам, ҳам онам Тўпахон ая, устозларим, қайнона ва қайнотамнинг ҳиссалари беқиёс.
Уларнинг қўллаб-қувватлаши, мадади туфайли оилада, жамиятда ўз ўрнимни топдим, ҳаётга, меҳнатга бўлган иштиёқим ошди. Қолаверса, тақдир мени тушунадиган, меҳнатсевар, бир сўз билан айтганда, ўзим орзу қилган умр йўлдошга рўбарў қилди. Ҳозирда турмуш ўртоғим Нуриддин Камолиддинов билан бирга тадбиркорлик фаолиятини олиб боряпмиз. 2 нафар фарзандимиз бор.
Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган давлатлари билан рақобат қила олиши, гуллаб-яшнаши халқимизнинг билим салоҳияти ва касб-малакаси билан чамбарчас боғлиқ масала. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу юртимиз эртасининг янада нурафшон бўлиши учун катта имкониятдир. Шу маънода ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпман.
Болаларни жуда яхши кўраман. Уларнинг ҳар бир ютуғидан хоҳ у кичик, ё катта бўлсин, қувонаман. Шунинг учун 2015 йилда "Вilli" болалар марказини ташкил этганман. Ўшанда 2 ўқитувчи ва 40 нафар ўқувчи билан иш бошлаган бўлсак, ҳозирга келиб 30 нафардан ортиқ ходим, 1000 га яқин ўғил-қизлардан иборат жамоа шаклланган. Марказимизда ўқувчиларга ментал арифметика, инглиз, рус тиллари ўргатилади. Спортнинг каратэ, таэквандо, қизлар учун бадиий гимнастика йўналишлари бўйича тўгараклар фаолият олиб боради. Машғулотлар малакали мутахассислар томонидан олиб борилади. Ўқувчиларимиз билимлар беллашуви, вилоят ва республика миқёсидаги спорт мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритишмоқда.
Президентимиз Ш. Мирзиёев ташаббуси билан бугун юртимизда хусусий таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган қарор ва фармонлар хусусий таълим муассасаларига кенг имтиёз ва имкониятлар эшигини очиб берди, десам муболаға бўлмайди. Биз ҳам ана шу имкониятлардан руҳланган ҳолда келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш орқали юртимиз равнақига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшиш ниятида турмуш ўртоғим билан биргаликда "Инновацион таълим мажмуаси"ни ташкил қилиш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Унга кўра, мажмуа хусусий мактабгача таълим муассасаси, ўрта таълим мактаби ҳамда "Она ва бола" марказини ўз ичига олади. Марказда оналар учун ҳам махсус ўқув курслари ва соғломлаштириш тўгараклари, шунингдек, касб-ҳунар коллежи ва бошқа ўқув муассасаларини битирган, лекин етарли малака кўникмасига эга бўлмаган ёшлар учун турли йўналишларда "Мутахассислар тайёрлаш" маркази ташкил этишни ҳам режалаштирганмиз.
Вилоят ҳокимининг кўмаги билан бизга Андижон иқтисодиёт коллежининг фойдаланилмай турган ётоқхонаси берилди. Бу ерда қурилиш, реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Куни кеча, бинонинг тайёр бўлган қисмида "Она ва бола", "Мутахассислар тайёрлаш" марказлари очилиб, фаолият юрита бошлади. Марказларимиз зарур жиҳозлар билан таъминланди, малака ошириш истагидаги ёшлар, оналарнинг билим олиши, турли машғулотлар билан шуғулланишлари учун зарур барча шароитлар яратилди. Галдаги вазифамиз 300 ўринли нодавлат мактаби ҳамда 200 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасамизни ишга туширишдир. Насиб этса, янги йилга қадар болалар боғчасини ишга туширамиз.
Мақсадимиз, ёшларни замонавий, ҳам юқори маош тўланадиган соҳалар бўйича ўқитиб, уларга ўзимиз иш топиб, келажак йўлини танлашларида кўмаклашишдир.
"Инновацион таълим мажмуаси" лойиҳасини амалга оширилиши натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Фарзандларимиз, ёшларимиз ва оналаримиз инновацион таълим олиш имкониятига эга бўладилар.
Бугун улкан мақсад ва режаларни амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қиляпман. Бу йўлда юртимизда мен каби тадбиркор ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилган. Ана шу имкониятлар, қолаверса, Президентимизнинг биз ёшларга бўлган ишончи менга куч ва шижоат бағишлайди. Энг асосийси, фаолиятим билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.
ЎШ ШАҲРИДА ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҚУРУВЧИЛАР ТОМОНИДАН БУНЁД ЭТИЛГАН МАКТАБ-ГИМНАЗИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ
Ўш шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н. Йўлдошев раҳбарлигидаги мамлакатимиз парламенти делегациясининг Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик мустаҳкамланиб, кенгайиб бораётганлиги, биргина жорий йилнинг январь-июль ойида ўзаро савдо айланмаси 88 фоизга ўсиб, қарийб 215,7 миллион АҚШ долларига етганлиги таъкидланди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Ўш шаҳрида ўзбекистонлик қурувчилар томонидан барпо этилган янги мактаб-гимназиянинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Икки қўшни давлат ўртасида маданий, таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистондаги 90 та мактабда 7,5 минг нафарга яқин ўғил-қиз қирғиз тилида сабоқ олмоқда. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданиятини, Қирғизистонда эса ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўш шаҳри марказидаги Алишер Навоий номли 630 ўринга мўлжалланган уч қаватли мактаб-гимназия қурилиши Андижон вилояти ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси буюртмаси асосида мамлакатимизнинг қатор қурилиш ташкилотлари томонидан амалга оширилди. Қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар Ўзбекистондан келтирилди.
Кенг ўқув ва лаборатория хоналари, катта томоша саҳнасига эга фаоллар зали, спорт зали, футбол майдони, тиббиёт хонаси, 150 ўринли ошхонаси бўлган мазкур мактабда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Мактабнинг қарийб 1 гектар ҳудудига турли манзарали дарахтлар ўтқазилди, ободонлаштириш ишлари бажарилди.
Дўстлик ва биродарлик байрамига айланиб кетган тадбирда ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тинчлик, миллатлараро дўстликни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар янгради. Мактаб-гимназиянинг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўш области губернатори Ўразбек Жилқибаев иштирок этди.